//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

НАБИЖОН БОҚИЙ “УКАЖОН, МЕН АФСУСЛАНМАЙМАН...”

НАБИЖОН БОҚИЙ

“УКАЖОН, МЕН АФСУСЛАНМАЙМАН...”

Кунлар қанот ёзиб,
суриб борар от,
Йўллар узоқ, баланду пастдир.
Сен дунёнинг мулки, хотирот,
Сенсиз яшаш
мумкин эмасдир,

Ердан кўкка сапчиган, Ғирот,
Парвозингдан
кўнгиллар мастдир.
Сен борки, биз бормиз, хотирот,
Сенсиз яшаш
мумкин эмасдир.
Омон Мухтор

1968 йилда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида Омон Мухторнинг “Нигоҳ” номли ҳикоялар, лавҳалар тўплами чоп этилади. Мўъжазгина тўпламдан гўё Бухоро нафаси уфуриб турарди. Йигирманчи асрнинг биринчи чорагида рўй берган воқеалар оддий халқ хотирасида қандай из қолдирган бўлса, шундай акс эттирилади. Масалан, амир Олимхон ва унинг амалдорлари нақадар уқувсиз, хушомадгўй, ожиз бўлганини муаллиф зўриқмасдан кўрсатиб беради. Албатта, халқнинг моғор босган хотираси тарихий ҳақиқатни тўла акс эттирмайди, фақат чўлтоқ фаросати билан англаб етган тарихнигина хотирасида сақлаб қолади. Ғалати ҳол: ёзувчи қоғозга туширган ҳикоя тарихий ҳақиқатни ифодалайди, бироқ ўша тарихнинг ўзи тўғри ҳақиқат эмас, аксинча, бузилган ҳақиқат, сохта ҳақиқатдир.
“Нигоҳ” тўплами тарихий ҳақиқатни хаёлан жонлантиришга хизмат қилади. Архив материаллари кўздан кечирилса, жонсиз рақамларга ва маҳкама котиблари томонидан ёзилган қоқшол баёнларга дуч келинади. Рақамлар ва баёнлар остида қолиб кетган инсон ҳам, инсоний муносабатлар ҳам ҳадеганда кўз ўнгимизда гавдаланавермайди.
Евгений Березиков кейинчалик ёзган “Қизил Бухоро” романида тарихий ҳақиқатни бузиб, рост билан ёлғонни аралаш-қуралаш этиб юборади. Бу китобни ўқиган одам калавасининг учини йўқотиб қўяди. Алданиб қолади. алданишни истамаган ўқувчи эса нима қилишини билмасдан бошини чангаллаб ўтираверади.
Омон Мухторнинг мўъжазгина “Нигоҳ” тўплами тарихнинг жинкўчаларида адашиб қолган ўқувчини тўғри йўлга қўймаса ҳам, ҳартугул, уни баттар чалғитиб, халта кўчага киритиб, кўзига қон тўлган ўғри-каллакесарлар қўлига топшириб қўймайди. Ваҳоланки, 1968 йилда дунёнинг олтидан бир қисмида истиқомат қиладиган “онгли совет халқи” доҳий Лениннинг 100 йиллик юбилейини муносиб кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўраётган эди.
“Нигоҳ”ни талабалик чоқларимда тасодифан ўқиганман. Тўпламнинг муаллифи Омон Мухтор эканига эътибор ҳам бермаганман. Чунки Омон Мухтор эътиборни тортадиган адиблар сирасига кирмасди – у ниҳоятда камсуқум бўлган.
“Ёшлик” журналида ишлаб юрган кезларим (1984–1989 йиллар) Наср бўлимининг мудири устоз Эркин Аъзам битта қўлёзмани менга бериб: “Навбатдаги сонга тайёрлаш керак”, дейди. Бу қўлёзма “Вазифа” деган қисса экан. Муаллифи Омон Мухтор. Адашмасам, 1985 йил эди (ўша йилнинг охирига бормай “Ёшлик” Қатортол кўчасига кўчиб кетади, унгача “Шарқ юлдузи” журнали жойлашган ўн олти қаватли “Матбуотчилар уйи”да турганмиз). Ўқидим қиссани. Маъқул келди. Агар маъқул келмаганда, “Э-э, бу нарсани мен тайёрламайман!” деб тутун қайтарардим. Тутун қайтармадим. Ўзимча “таҳрир” қилган бўлсам керак. Уни оққа кўчиргач, босмахонага тушириб юборилади. Корректура нусхаси эса ўқиб кўриш учун муаллифга берилади. У пайтлари Омон ака “Шарқ юлдузи” журналида ишларди. Бир куни қўнғироқ қилиб, катта бошини кичик қилиб мен ўтирган хонага корректурани кўтариб тушади.
– Укажон, таҳрирга асосан розиман, – дейди, – фақат икки-уч жойида оригинал матнни тиклаб қўйдим. Қаранг, менимча, аслият ўзгармай қолса, яхши бўлади.
Омон ака, қиссанинг қирқ саҳифа корректура нусхасини эринмасдан бир-бир варақлаб кўрсатади. “Икки-уч жойида оригинал матнни тиклаб қўйдим” деган бўлса-да, аслида, фақат икки-уч жойида муҳаррирнинг “тузатиши”ни қолдирган эди, холос.
Бир соат чамаси давом этган жараён охирида кулимсираб:
– Укажон, уч нуқта ўрнига ёзиб қўйган изоҳингиз менга маъқул бўлди, – дейди.
– Мен уч нуқта остида турган сўзларни кўринарли жойга чиқариб қўйдим, холос.
– Раҳмат, – дейди Омон ака.
Сўнг хайр-хўшлашдик.
“Вазифа” қиссасидаги уч нуқта ўрнига “Ҳофизнинг сўлим ғазали” деб ёзиб қўйган эдим. Яъни, аслиятда “Бухоро...” дейилган бўлса, мен “Бухоро – Ҳофизнинг сўлим ғазали” деб “тузатиб” қўйганман.
Қисса китоб ҳолида чоп этилганда Омон ака ўша тузатишни қолдирганми-йўқми, аниқ билмайман. Лекин журнал вариантида у бор эди.
Кейин биз тасодифан кўришиб қолардик, холос. Омон ака астойдил ҳол-аҳвол сўрарди: “Укажон, бир келинг, янги китобим чиққан, дастхат ёзиб бераман. Мен сизнинг дидингизга ишонаман”, дерди. Мен атайлаб Омон акадан дастхат ёздириб янги китобини олиш учун “Шарқ юлдузи”га бормаганман. Лекин бошқа иш билан ўша бинога йўлим тушиб қолса, бирров Омон ака ўтирадиган хонага кириб салом-алик қилардим. Ўшандай чоқларда хурсанд бўлиб кетарди: чой дамларди, сигарет таклиф қиларди ва албатта тўрга ўтқазарди. Ўзи чой дамларди. Умр бўйи “бошлиқ” бўлишни орзу қилиб, ниҳоят, орзуси ушалган айрим акахонларга ўхшаб стол остига ўрнатилган тугмачани босиб котибаними, хатибаними чақириб, чой дамлатмасди. Умуман, Омон ака йиллар давомида ҳам ўзгармасди, доим бир хилда юрарди. Фақат кийим-боши эмас, ўзи ҳам доим одмигина бўларди.
Афсуски, Омон ака дастхат ёзиб берган китоблари тўғрисида матбуотда тақриз эълон қилмаганман. Негадир кейинги романлари менга нотабиий туюларди. Шу боис тилёғламалик қилиб Омон аканинг ўзига ёлғон гапириб, янги романларини мақтамаганман. Лекин ёқмаганини ҳам айтмаганман. Индамаганман. Омон ака ҳам атайлаб фикримни сўраб, мени хижолат қилмасди. Биз бир-биримизни сўзсиз тушунардик, шекилли.
2002 йилда дўстим Аҳрор Аҳмад: “Йигирманчи аср ўзбек ҳикояларидан гулдаста тайёрлаб берсангиз, уч-тўрт сўм гонорар ёздириб берардим”, деб таклиф қилади. “Хўп”, дейман. Бир ой уриниб Қодирий бободан бошлаб, бу ёғи “Анойининг жайдари олмаси”гача тўпланади. Улар орасида Ғафур Ғуломнинг “Ҳасан Кайфий”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Бошсиз одам” ҳикоялари ҳам бор эди. Тўплам “Шарқ” нашриётининг наср бўлими муҳарририга топширилади-ю, бироқ ҳаракатдан тўхтаб қолади. Охири “сир” ошкор бўлади: наср бўлимининг Муҳаррири Аҳрор Аҳмадни “ҳимоя” қилиш мақсадида тўпламни ушлаб ўтирган экан.
– Кечирасиз, окохон, Аҳроржонни нимадан ҳимоя қиляпсиз? – деб сўрадим.
– Келинг, қўйинг, Набижон, ўзимизни гўлликка солмайлик! – деди нашриёт Муҳаррири. – Биз ёзувчимиз, ҳаммасини яхши тушунамиз, лекин Аҳроржон бизга ишониб “Ҳасан Кайфий”ни ўтказиб юборса, китоб чиқиб кетса, балога қолади.
– Нима учун? – дедим ажабланиб.
– “Ҳасан Кайфий”да ҳар нарсага бурнини тиқадиган подшо тўғрисида гап боради...
– Хўш-хўш?
– Ҳа, энди, Набижон, ҳадеб ўзимизни гўлликка солавермайлик! – деди Муҳаррир куюниб. – Гап тўппа-тўғри Додамизга бориб тегади! – деб Аҳроржоннинг бош тарафида илиғлик турган портретни кўрсатади.
– Қўйсангиз-чи! – дедим ишонқирамай. – Ахир Ғафур Ғулом бу ҳикоясини 1965 йилда ёзган бўлса, ҳозир 2002 йил, салкам қирқ йил бўляпти. Устига устак, Ғуфур Ғуломнинг ўғли Мудофаа вазири, у Додамизни ҳимоя қилиб олса керак? – дейман ўсмоқчилаб.
– Агар отаси шунақа ҳикоя ёзиб кетганини Додамиз билиб қолса, Абдулқодирни ҳам ишдан ҳайдаб юборади...
– Ол-а! – деб юбордим ва юзимга фотиҳа тортиб Аҳроржоннинг хонасидан чиқиб кетдим.
Кейин ўша ҳушёр Муҳаррир Аҳрор Аҳмаднинг юрагини ёриб, ахийри Ғафур Ғулом билан Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикояларини тўпламга киритмайди. Ҳатто девонданми, бир гўрлардан погонли ходимларга қўнғироқ қилдириб: “Аҳроржон, қўйинг энди шу даҳмазаларни! Ундан кўра биз ҳам тинч ўтирайлик!” деб огоҳлантиради.
Ҳангомани устоз Эркин Аъзамга айтиб бериб кулдирдим. Сўнг: “Шу ҳикояни “Тафаккур”да эълон қилсангиз бўлмайдими?” дедим. Эркин Аъзам ўйланиб қолади.
– Ахир сиз Ғафур Ғуломнинг жиянчалари билан яхши танишсиз-ку!
– Э-э, бунақа нозик масалада ҳар қандай таниш ҳам ўзини панага олиб қочади.
– Келаси йили Ғафур Ғулом юз ёшга киради, катта тантана бўлса керак. Шу баҳонада “очко” олиб қолиш мумкин.
– Шунақа-ю, лекин боғида пашша қўриб ўтирадиган қаҳрамонларимиздан бирортаси сўзбоши ёзиб бермасмикан? – деб мулоҳаза юритади устоз.
– Шу таклифни эшитган заҳоти улар юрагини чангаллаб, “Вой-вой, яна инфаркт бўлдим!” деб ҳукумат касалхонасига ётиб олади, – дедим.
– Тўғри айтасиз, – дейди устоз оғир ўйга ботиб.
Устозни ўй-хаёллар гирдобида қолдириб Дўрмонга жўнайман.
Орадан бир ҳафта ўтгач, устозни ижобий қиёфада учратиб ҳайрон бўламан.
– Бўлди, “Ҳасан Кайфий”ни “Тафаккур”да берамиз, – деди. – Ўша ҳикояни радиода Ғафур Ғуломнинг оғзидан Омон ака ёзиб олган экан. Радио раиси Фахриёр архивни кўтариб, ҳақиқатни аниқлаб берди. Омон Мухтор сўзбоши ёзиб беришга жон-жон деб рози бўлди.
– Ишқилиб, Омон ака ҳам “Ҳасан Кайфий”нинг пинҳоний ўқлари Додамизга тегиб кетишидан чўчимасмикан?
– Йўқ, чўчимайди, – деди устоз ишонч билан. – Омон ака лафз қилдими, тамом, ҳеч қачон лафзидан қайтмайди.
Дарҳақиқат, Омон ака лафзига вафо қилади: “Тафаккур” журналининг 2003 йилги биринчи сонида Ғафур Ғуломнинг “Ҳасан Кайфий” ҳикояси Омон Мухторнинг “Йигирманчи аср Насриддини” номли сўзбошиси (“яшинқайтаргич” дейиш мумкин) билан қўшиб эълон қилинади. Омон ака хотирасидан айрим парчалар келтирмасам мавзу тўғрисида тўлиқ тасаввур пайдо бўлмаса керак.
Иқтибос:
“Ғафур Ғулом умри сўнгида тўқиб ташлаган (худди шундай!) асарлар, уларни радиога ёзиб олиниши тарихини ҳикоя қилмоқчи эдим. Аммо шулар, айниқса, “Ҳасан Кайфий” тўғрисида ўйлаётиб, узуқ-юлуқ яна баъзи бир нарсаларни эсладим...
Бизнинг авлодимиздан кўпчилик мактабда ўқиб юрган пайтидаёқ Ғафур акани кўрган. Ғафур ака бот-бот Бухорога (бошқа вилоятларга ҳам) бориб турар эди. Бир учрашувда раҳматли Максим Карим шеър ўқиётганда Ғафур ака ўша шеърга мос тўрт сатр ёзиб, буни ҳам шеърингга қўшиб қўй, дегани кўз ўнгимда.
У кайфият одами эди. Маврид-бемаврид безовта қилган баъзи бир талаба ёш ҳаваскорларни эшикдан ҳайдаб солганини ҳам эшитганман... Менинг омадим чопган. Ўша йиллари (балки, дорилфунунда ўқиган Олмос опам сабаб) Ғафур аканинг уйини кўриб, суҳбатидан баҳраманд бўлганмиз...
Бухорода Лабиҳовуздаги Насриддин Афанди ҳайкалига разм солсангиз, Ғафур акани эслатади: ҳайкалтарош ундан нусха олган, дейишади. Умуман, Хўжа Насриддинга хос деярли барча хислат – эзгулик, донолик, топқирлик, ҳатто шумлик – бу одамда мужассам эди. Шунинг баробарида у ниҳоятда жиддий, юз-кўзида бир маҳзунлик акс этар, кўпинча осойишта эмас, ташвишланиб тургандек таассурот қолдирарди. Гоҳида тоқатсизланиб, асабийлашганини ҳам сезиш мумкин эди. Қизиқ жойи, бу ҳолатларга лутфкорлик, ҳазил-мутойиба ҳам эш келаверарди. Халқ ичида юриш, гап-гаштак – Ғафур аканинг жону дили эди. унинг учун чойхона, бозор, ҳаммомсиз ҳаёт йўқ эди гўё...
Радиодаги ёзув баҳона кўп нарса хаёлимдан кечди... Қисқаси, Ғафур ака радиони яхши кўрарди. Адабиёт бўлимига тез-тез қўнғироқ қилиб турарди. Бўлимда Ўлмас Умарбеков, Фарҳод Мусажон, Насиба Эргашева, Баҳодир Абдуллаев ва камина ишлар эдик. Баҳодир ака Олмас опам билан бирга ўқиган, баъзан Ғафур акани чақиртириб, ёзиб олар эди. бир куни у банд бўлиб қолиб, бу иш менга юкланди.
Ғафур ака келди. Латифанамо икки асарини ўқиб берди. Бериги хонага чиқиб, ўқиганини шошмай эшитди.
– Қалай? – деб сўради ҳар галгидек.
– Зўр! – дедим. – Бошқа йўқми?
– Бор. Бор! – деди Ғафур ака завқланиб. – Лекин ўзимда нусха қолмади. Нашриётга берганман. Эринмасанг, келтириб кўчириб қўй, жума куни соат бирда келиб ўқиб ташлайман.
– Хўп бўлади, – дедим.
Жума куни эрталаб – барвақт қўнғироқ қилди:
– Тайёрми?
– Тайёр, Ғафур ака!
– Қалам ҳақини ҳам ёздирганмисан? – Унинг одати шу, нимадир ўқиса, бирйўла ҳақини ҳам олиб кетар эди. Юксак обрў-эътиборига қарамай, пулга эҳтиёжи йўқ эди деб бўлмасди.
– Ҳаммаси тайёр.
Роппа-роса соат бирда келди.
Студияга кириб, ўқишга тутинди.
Булар “Афанди ўлмайдиган бўлди” ва “Ҳасан Кайфий” деган, аввалгиларидан ҳажми каттароқ асарлар эди (Жуда ўзига хос, тенгсиз маҳорат билан ўқиган).
Қайтиб ёзув хонасига чиқди.
Ўқиганини эшитди.
– Қалай?
– Зўр, Ғафур ака! – дедим. – Хафа бўлмасангиз, бир гап айтаман.
– Айт!
– Сиз буюк шоирсиз. Шеърларингиз зўр. Лекин менга қолса, насрий асарларингиз ундан ҳам кучли. Тенги йўқ.
Ғафур ака кўзларини катта очиб қаради.
– Шунақами? Шунақами? – деди. Кейин, бир нуқтага тикилиб, ўйчан пичирлади: – Балки! Балки...
Икки оғиз хотима.
“Тафаккур” журналимиз Ғафур Ғулом таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Ҳасан Кайфий”ни нашр этаётгани хайрли ишдир. Бугунги авлод Ғафур аканинг ҳаёти ва ижодини яхши билмайди. Менинг ниятим уни бироз таништириш эди, холос”.
Иқтибос тугади.
Омон ака шунчаки ўз вазифасини адо этади. “Қандоқ бўлар экан, Эркинжон?”. Мен ҳам сизга ўхшаб раҳбарман, “Шарқ юлдузи” журналининг бош муҳаррири ҳазилакам пост эмас” деганда нима бўларди? Ҳеч нарса бўлмасди. “Тушунаман, Омон ака, тушунаман”, дерди устоз Эркин Аъзам ва “Ҳасан Кайфий” ҳам босилмасди. Ғафур Ғулом тўғрисидаги ширали хотира ҳам ёзилмасди.
Йўқ, Омон ака “Шарқ” нашриётининг “тақводор” Муҳаррири шамолнинг қаёққа қараб эсишига қараб салом беришни билмасди. Юқорига хушомад қилишдан ор қиларди.
2004 йилда Омон ака “Чингиз афандига мактублар” номли ҳужжатли китобимни (Туркияда “Анвар пошонинг васияти” номи билан нашр этилган) “Шарқ юлдузи”да эълон қилади. Китобнинг ярмини биринчи сонида нашр этиб, “Давоми келгуси сонда” деб журнал тиражини кўтармоқчи бўлади. Гонорар учун менга ўн дона журнал тегади. Ҳадеганда журналнинг иккинчи сони чиқавермайди. Баҳор ўтади, ёз келади. Ёз ўтади, куз келади. Гоҳ-гоҳ Омон ака билан тасодифан учрашиб қолсак (мен атайлаб таҳририятга бориб, “Асаримнинг давоми қачон чиқади?” деб сўрамаганман), “Укажон, яқинда журнал чиқиб қолади, арзимаган саволлар пайдо бўлиб қолди”, деб қўярди Омон ака. “Арзимаган саволлар” нима эканини тахмин қилардим-у, лекин нақадар жиддий эканини хаёлимга ҳам келтирмасдим.
Бир куни “Шарқ” нашриётида Эркин Маликов хонасида тасодифан девонда ишлайдиган Абдулла Аъзамни учратиб қолдим. У айқириб юрган чоқлар эди: ҳаммага ақл ўргатиб, “Жомий бобонинг Навоийга устоз ёки дўст-ўртоқ бўлганини зинҳор эслатмангизлар!” деб тарихни қайта яратмоқчи бўларди. Хуллас, профессор девонбеги бирдан бақир-чақир қилиб қолди:
– Бу қандоқ гап?! Нега тарихий асарингизни аввал Тарих институтига олиб бориб ўқитмасдан журналда эълон қиляпсиз? Нега Озод Шарафиддиновга сўзбоши ёздирмадингиз? Нега касал одамни жанжалга жалб этасиз?..
Абдулла Аъзам ярим соат дўқ-пўписа қилгач, ғўнғиллаганча хонадан чиқиб кетади. Эркин Маликов уни лифтгача кузатиб қайтади.
Орадан яна бир-икки ой ўтгач, 2004 йил ҳам охирлаб қолади. Янги йил келади. Янги йилгача ҳам журналнинг иккинчи сони ҳам, “Чингиз афандига мактублар”нинг давоми ҳам чоп этилмайди. Қизиғи шундаки, бу пайтда Абдулла Аъзам “Ўзбекистон тарихи” журналида бир гуруҳ тарихчиларнинг ҳали давоми босилмаган ҳужжатли асар тўғрисида бемаъни “тақриз”ини эълон қилдиради (тақриз муаллифлари Алимова, Мажидова, Ражабова деган олималар эди).
Янги йилдан “Шарқ юлдузи” журналининг янги сони чиқади. Бош муҳаррир ўзгаради: Омон аканинг ўрнига Минҳожиддин Мирзо тайинланади.
Бир куни Омон ака билан учрашиб қолдим.
– Э-э, Омон ака, чатоқ бўпти-ку! – дедим. – Ахир мен Абдулла Аъзамнинг онасини сўкмаган эдим-ку, нега сизни ишдан олади?
– Майли, қўяверинг, укажон, мен ишдан кетганимга асло афсусланмайман. Ҳа, укажон, мен афсусланмайман. Асарингиз барибир бир куни чиқади. Унга кўп меҳнат сарфлагансиз. Ҳозир уни тушунишмади, кейин тушунишади. Сиз кайфиятингизни туширманг, яхши асар ёзсангиз...
Кейин ҳам салкам ўн йил давомида Омон ака билан ҳар хил жойларди, турли хил тадбир ёки маъракаларда учрашиб қолсак, албатта менга таскин берарди: “Укажон, яхши асар ёзгансиз, у вақти келиб этилади, мен ҳеч бўлмаса ярмини биринчи бўлиб эълон қилинишига ҳисса қўшганимдан фахрланаман”, дерди.
Омон ака виждон амри билан ижод қиларди.
Омон ака виждон амри билан ҳаёт кечирарди.
Омон ака фақат виждонига ҳисоб бериб яшарди.
Унинг адабиётдан бошқа ҳаёти йўқ эди.

***
Бир кун олдин Дўрмондаги Ёзувчилар боғи депарасида сайр этиб, Иброҳим Ҳаққул: “Омон акага айтиб, ундан Тўра Сулаймон тўғрисида хотираларини ёздириб олиш керак”, дейди. Келаси йил Тўра Сулаймон саксон ёшга тўлган бўларди, юбилейга ҳозирдан тайёргарлик кўриб бориш лозим. Омон ака Тўра Сулаймон билан сирдош бўлган экан.
Афсуски, Омон акага айтиб, унинг Тўра Сулаймон тўғрисидаги бетакрор хотираларини ёздириб олишга улгурмадик. У хотираларини охиратга олиб кетди. Дийдор ҳам охиратга қолди. Илойим, охиратингиз обод бўлсин, Омон ака!

Дўрмон,

2013 йил, 20 май.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (17.11.2015)
Просмотров: 1352 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz