
Роппа-роса 32 йил аввал «Ёшлик» журнали ёш ёзувчи Набижон Боқий ҳикояларини ушбу кириш сўзи билан тақдим этган эди: «Ёш ижодкорнинг адабиётга кириб келиши ҳар хил бўлади. Биров ҳеч кимни ажаблантирмайдиган, синашта йўлдан юришни маъқул кўради, биров эса, дастлабки қадамлариданоқ ўзига хосликка – воқеликни идрок этишда, объект танлашда, ифода усулида бошқаларга ўхшамасликка тиришади; бундай қаламкаш матбуотда тенгдошларига нисбатан кечроқ кўринади, лекин бир-икки нарсаси биланоқ дарров эътиборни тортади.
Набижон Боқиев, бизнинг назаримизда, ана шу тоифага мансуб – мураккаб йўлда изланаётган қаламкашлардан. Унинг машқлари биз билган, биз ўрганиб қолган одатдаги ҳикояларга унчалик ўхшамайди. Ёш ёзувчи воқеликнинг бир қарашда аҳамиятсиздек туюладиган қирраларини янгича назар билан кашф этиб, уни янги бир нафасга йўғириб тасвирлашга интиладики, бу адабиётга энди қадам қўяётган ижодкор учун жуда муҳим, унинг келажагига умид уйғотади.
Ёш авторнинг изланишлари ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил бўлиши учун, унинг турли мавзудаги, турли савияда ёзилган асарларидан намуналар эълон қилмоқдамиз (“Ёшлик” журнали, 1983 йил, № 12)».

Набижон Боқий
ЁШЛИК ҲИКОЯЛАРИ

ИЗҲОРИ ДИЛ
Мен ҳеч қачон “Ҳуснияни бошқалар ҳам яхши кўришини, ҳатто кимдир мендан-да қаттиқроқ, самимийроқ яхши кўрган бўлиши мумкин-ку!” деб ўйламаган эдим. Ўйлай олмас эдим… Бир дамгина, нафас ростлаш учунгина маконимга қўниб ўтган қушчам! Армоним менинг… Учиб кетдинг… Шунчалар шошдингки… Сендан фақат жажжигина, ширингина, тилсиз-забонсиз беғубор бир қўшиқ қолди. Бу қўшиқни қандай тинглаш керак – билмайман, бу қўшиқни қандай овутишни ҳам билмайман…
Ҳусния ташлаб кетган китобларни тартибга солаётиб, муқоваларидан саҳифаларидан унинг бармоқ изларини қидираётиб… жавоннинг тубидан бир даста хат топиб олдим.
Сирингни, ҳатто мендан пинҳон тутган сирингни ошкор этаётгани учун кечир, Ҳусния! “Мендан тонди”, деб ўйлама, Ҳусния! Қаршингда яна бир бор тиз чўкмоқчиман, изларингни кўзимга суртмоқчиман, жоним-жонажоним!..
БИРИНЧИ МАКТУБ
Саломалайкум, Ҳусния!
Нега менга бундай қарайсиз? Бегонадек, етти ёт бегонадек! Айбим нима, ахир? Ёшлигимизда бизни “бешиккетди” қилиб қўйишганими? Наҳотки, мени сарқитларга ишонади, деб ўйлайсиз? Наҳотки, даҳрийлигимни исботлаш учунгина сиздан воз кечишим, сизни севмаслигим керак?! Тушунинг, бу мумкин эмас, мумкин эмас, ахир! Орамизда ўша лаънати ғов бўлмаганда, кўнгилдаги дардимни Сизга аллақачон айтган бўлар эдим. Кеча-кундуз миямни бир савол кемиради: “Яхши кўраманми? Яхши кўраманми?..” Одамнинг ақлдан озиши ҳеч гап эмас экан. Етар, хавотирлар жонга тегди! Менга атаб рўмолчага тугиб қўйган сўзингизни айтинг, ўтинаман. Эҳтимол тош тугилгандир, эҳтимол гавҳар – билмайман, лекин билишни истайман. Яширманг дилингизни, “Севмайман!” деб айтсангиз ҳам майли. Шунда яхши бўлса керак…
Саттор
ИККИНЧИ МАКТУБ
Ҳусния!
Бу гал Сизга хат орқали мурожаат қиляпман. Юзма-юз туриб берган саволимга жавоб бермадингиз. Уялдингизми? Майли, қиз боланинг иболи бўлгани яхши. Ерга қўйсанг, осмонга сапчийдиганларидан худо асрасин!
Мана, институтни тугатяпман. Аввал айтганимдек, “қизил диплом” билан, албатта. Аспирантурада қолдиришмоқчи. Яқинда домламнинг ёрдами билан оилавий ётоқхонага кўчиб ўтдим. Икки йилдан кейин квартира ҳам беришмоқчи.
Ҳусния, ўзингизга маълум, ҳозирги замонда техникумнинг дипломи билан оёқ остида қолиб кетиш ҳеч гап эмас. Очиқ ёзаётганим учун хафа бўлманг, Сизни камситмоқчи эмасман, ачинганимдан куйиб-пишяпман, холос. Ўсиш ниятингиз бўлса, келинг: энг яхши лабораториядан иш топиб бераман. Қўлимдан келади, мақтаняпти, деб ўйламанг. Сиз мени биласиз-ку!
Хўп десангиз, тўйимизни ёзда ўтказиб қўя қолардик. Мамашка ҳеч қўймаяпти. Қарияларни ўзингиз биласиз-ку… Сиз хавотирланманг, ўқишингиз тўхтаб қолмайди. Домлалардан танишларим кўп, дарров сиртқи бўлимга жойлаб қўяман. Агар бир-икки йил сабр қилайлик десангиз, унга ҳам розиман. Фақат, келсангиз – бас. Квартирамда бемалол яшайверасиз. Ижара ҳақи олмайман (ҳазил.) Яна бир карра ўйлаб кўринг. Интизорлик билан кутаман, деб
БАХТИЁРОВ.
УЧИНЧИ МАКТУБ
“Зим-зиё тун. Зоғ учмайди…” каби ибораларни китоблардан кўп ўқингансиз. Тўғрими? Лекин, бу ҳолатни бутун даҳшати билан тасаввур эта оласизми?.. Мен авваллари ҳис қилмасдим. Ҳозир эса, барханлар узра кезиб, ҳар хил товушларга қулоқ тутиб, бирор нима тушуниб олишга уринар эканман, эртаклардаги тасвирларнинг нақадар қўрқинчлигини аниқ-тиниқ сезяпман…
Нимадир чирс этиб синади. Ўйлайсан: бирор қаттол оёғи остида топталдимикан ёки тун хўжайини – кўрсичқоннинг бемаъни ҳазилими бу?.. Вужудинг қулоққа айланиб кутасан, кутаверасан, токи навбатдаги шарпани сезмагунингча чидайсан. “Чий-й!” Юрагинг ҳаприқиб кетади! Ўзинг билмаган ҳолда пешонангдаги совуқ терни артиб оалсан-да, “Хайрият-э, сичқон экан”, деб қўясан. Худо ҳаққи, бундай пайтлари кўксимда биттагина нажоткор тумор бўлишини жуда-жуда истайман.
Ҳусния, эсингиздами, болалигимизда ҳаммамиз тумор осиб юрардик? Ичига седана солинган. Шундай тотли ҳид таратардики… У бизни гўё оч кўзлардан асрарди.
Ҳусния, илтимос, менга жавоб ёзиб юборинг. Шунчаки хат бўлса ҳам майли. Хатингиздан тумор ясаб олмоқчиман. Одам ўзини ўзи енгиб яшайдиган паллада тумор шунчалик зарурки… буни ўзингиз ҳам тушунасиз. Айтмоқчи, хатга қўшиб битта, учу тўрт бўлсаям майли, расмингизни юбора олмайсизми?..
Самимий истаклар билан
АКБАР
ТЎРТИНЧИ МАКТУБ
Сўлим-сўлим шеърий мисраларга ўхшайсан. Ҳусни! Шоир эмасман, таърифингни мунчоқдек тиза олмайман, лекин гўзаллигингни шоирдан кўра кучлироқ ҳис қиламан.
Ҳусния, шундайлигингни биласан-а! Мен ўзимнинг хунуклигимни биламан-ку! Тўғри, менга кўпинча илтифот қилишга уринасан. “Инсоннинг гўзаллиги қалбида, Иброҳим ака”, дейсан. Эҳтимол шундайдир. Эҳтимол, ўзинг бунга ишонмасанг ҳам, шундай деб ўйлашга ҳаракат қиларсан… Ростини айт-чи, кўнглингнинг бир четида, бир бурчагида миттигина ўтинч – “Инсон сиртдан ҳам чиройли бўлиши керак!” деган ўтинч ғимирламайдими? Ғимирласа керак. Менинг юрагимда ғимирлайди-ку, ахир! Балки бу худбинлигимдандир. Нима қилай, шунақаман. Мўғулбашаралигим гўё сенга ёқмаётгандек туюлади. Овозаси асрлар оша етиб келган Чингиз ваҳшатидек жирканч кўринсам керак, деб ўйлайман…
Яширма, сен мукаммал инсонни кутяпсан. Кутавер, кутишга ҳаққинг бор. Чунки сен чиндан ҳам гўзалсан! Бекам-кўстликни орзу қилмаган одам борми дунёда? Лекин, табиатда инсон иродасидан ташқарида яшайдиган азалий ва абадий қонунлар борки, уларни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Менимча, шулардан бири – ирсият қонуни, азизим. Ҳусния, мен сендан кечмоқчи эмасман, йўқ, юрагингда бир умрлик армон қолишини истамайман, холос. Мени бошқа ҳеч ким билан алмаштириш мумкин эмаслигини аниқ ишонган кўйи сева оласанми – шуни билмоқчиман.
Сўнгги сўзни айтиш пайти келди, Ҳусния. Сени яхши кўраман, жудаям. Сен-чи?..
ИБРОҲИМ
БЕШИНЧИ МАКТУБ
Ассалому алайкум, Ҳусния!
Ушбу хатим етиб маълум бўлсинки, қўшнимиз Ҳуснияга деб билурман.
Асса-лом-алай-кум, Ҳуснияхон! Қалай, тан-жонингиз соғми?.. Нега булоққа қатнамай қўйдингиз? Ёки уйингиздагилар қўлингизни ушлаганимни кўриб қолибдими? Жудаям қўрқяпман. Очиғи, унчалик қўрқаётганим йўқ, соғиниб кетдим.
Ҳусния, Сизга олдиндан бир гапни айтиб қўймоқчиман (сўзимиз бир жойдан чиқиши учун): душанба куни онамни уйларингга киритаман – совчиликка. Илтимос, йўқ деманг, қаттиқ хафа бўламан. Девор-дармиён қўшниларнинг гаплашмай қўйиши – уят, қишлоққа кулги бўламиз. Шунинг учун рози бўлақолинг. Кейин нима десангиз, қаршингизда қўл қовуштириб тураман, отамга ўхшамайман, Сизни ҳеч қачон бўкиртириб урмайман.
Бугун Сизнинг олдингизга чиқолмайман. Исфарага бодринг олиб кетяпман. У ердан “бўлиштирар”нинг миёнчасини қилиб келаман. Хатни синглим олиб кириб беради (қайнсинглингизга мен тўғримда оғиз очакўрманг, отамга айтиб қўяди).
Хўп, хайр, шошяпман. Дуойи салом билан
АБУБАКР.
ОЛТИНЧИ МАКТУБ
Салом, Ҳусния!
Қоғозга ўралган чучмал имо-ишоралар билан бошингизни қотириш ниятим йўқ: Сизни яхши кўраман! Кулманг. Жиддий ёзяпман. Бу гапим алдамчи эҳтироқ бўлганда, икки йилдан бери кўксимда олиб юрмаган бўлар эдим…
Ўша учрашув ёдингиздами?
Қўқон… Худоёрхоннинг собиқ кошонаси… Автобус бекати… Изғирин… Ниҳоят, акангиз Қаҳҳор иккаламиз иссиққина “Икарус”га чиқамиз, Сиз очиқ ҳавода турибсиз. Лабларингиз гезарган. Совқотяпсиз. Мен ойнадан “михдек” ишорасини қиламан. Қаҳҳор қўлини силтайди: “Кетаверсангчи!..” Мотор гувиллайди.
Қўзғалдик ва беихтиёр “Хат ёзаман, Ҳусния!” деб юбордим. Эҳ, суяксиз тил! Сизларнинг иборангиз билан айтганда, “қовун туширган” эдим. Қаҳҳор хўмрайиб олди. Юзларим қизариб кетди, чамамда. Тошкентга етгунимизча гап гапга қовушмади. Ўзимни худди жиноят устида қўлга тушган товламачидек ҳис қилардим. “Наҳотки шундай бўлсам?..” Бу савол мени ўшандан бери қийнайди. Ниҳоят, хат ёзишга аҳд қилдим…
Сизни яхши кўраман. Нима учун? Билмайман. Эҳтимол, бошқалардек, мўридан чиққан чумчуққа ўхшамаслигингиз учундир. “Шугинами?”, дерсиз… Шугина бўлмаса керак. Ахир, юракдаги ҳар қандай туйғуни сўз билан ифодалаб бўлмайди-ку.
Ҳусния, ростдан ҳам товламачиманми?
Бир вақтлар, эҳтирос билангина яшаш мумкин, турмуш қуриш мумкин, деб ўйлардим. Эҳтирос сўнгач, пиёла тубидаги бир чимдим шамадек юракда озгина қуйқа қолишини билмасдим. Билганимда, уйланармидим ўшанда!.. Ҳаммаси ўткинчи экан. Юракда эса бир тутамгина армон қолди, холос. Шоир айтмоқчи, бундай юракни “туфлаб” ташлагим келади!
Ҳусния, мен Сизга нолойиқдирман балки? Балки аллақачон Муҳаббатга хиёнат ҳам қилгандирман. Эҳтимол, бу хатом хиёнатга тенг қилиб қолгандир…
Ушбу мактубни Сиздан шафқат сўраш учун ёзаётганим йўқ, Ҳусния. Ўзимнинг ҳақиқий баҳоимни билиш учун, устимдан чиқариладиган адолатли ҳукмни эшитиш учун ёзяпман.
Томошахонада чироқ ёнди. Актёр юзидан гримни сидириб ташлаб, Сизга таъзим қилмоқда.
ВОҲИД
ЕТТИНЧИ МАКТУБ
Салом, Ҳусния!
Аслида, Сизга хат (проза) ёзмасам ҳам бўлаверади-ю, лекин ёзяпман. Чунки, муҳаббат ҳақида прозада (дағал тилди) гапириб бўлмайди. Буни шеърдагина ўхшатиб айтса бўлади. Очиғини айтсам, бу мавзуга янги туркум бағишладим. Уни биринчи китобимга киритаман. Нокамтарлик бўлса ҳам, ёзяпман. Сиздан яширадиган сирим йўқ.
Ҳусния, тўғри тушунинг, мен шоирман, шуни учун Сизнинг савиянгиз ҳам каминага яраша бўлиши лозим. Сал-пал тантироқ бўлсангиз, яна яхши. Арзимаган қусурга ёпишиб олиб, мени хуноб қилаверсангиз, ижодим бўғилиб қолади. Ахир, ижодкорни авайлаш, асраш даркор. Ниҳолча остига тез-тез сув қуйиб турилмаса қуриб қолади. Лекин уни сувга бўктириб қўйиш ҳам ярамайди, томири чирийди. Шоли – бошқа гап.
Севгилим, тезроқ дил розингизни маълум қилинг.
Кстати, ушбу хатимни ўзимга қайтариб юбориш эсингиздан чиқмасин. Кейинчалик тадқиқотчиларга тўла асарларимни чоп эттиришда асқотиши мумкин. Эҳтиром билан,
Ҳамид Бўка.
САККИЗИНЧИ МАКТУБ
Ҳусния, менинг хатим дағалроқ чиқиши мумкин. Бунинг сабабини ўзингиз биласиз: қизларга биринчи марта хат ёзишим. Ёлғон гапираётган бўлсам, ҳаром ўлай!.. Касбим унчалик мақтанадиган эмас – ассимляторлик. Колхоз фермасида ишлайман. Лекин топиш-тутишим яхши. Бир юзу саксондан икки юзу ўттизгача оламан. Қишлоқ шароити учун бу катта пул. Беш-тўрт йилда машинали бўлиш мумкин.
Деҳқончиликда бир ҳикмат бор: “Яхши ҳосил олиш учун сара уруғнинг ўзигина кифоя қилмайди, етилган замин ҳам даркор”. Жуда тўғри гап. Тупроқ семиз бўлса, уруғ бехато унади. Бу гапни бизнинг касбимизга ҳам оз-моз алоқаси борлиги учун айтяпман, тағин кўнглингизга бошқа хаёл келмасин.
Ҳусния, гап бундоқ: менга юрагингиз чопадими? Чопса, икки энлик хат ёзиб юборсангиз. Сиздан сўрамай, уйларингга совчи юбориб шарманда бўлгандан кўра, ўзингиздан аниғини билиб қўя қолганим маъқул. Шундай эмасми?
Отангизга салом айтинг. Мен у кишини танийман. Бурноғи йил фермамизга ғунажинларингизни олиб келган эди… “Маъмур акам салом айтибди”, десангиз, ўзлари билади.
Хайр, саломатлик тилайман, деб
МАЪМУР.
ТЎҚҚИЗИНЧИ МАКТУБ
Дилдоргинам, хотиржам бўлинг, Сизни яхши кўрмайман. Кеча шунчаки кўзларимиз тўқнашиб кетди, холос. Қизардимми?.. Нима бўпти, ҳамма ҳам қизаради. Ҳатто, токчада турган ғўр помидор ҳам қизараверади-ку! Хоҳласа, бўзаради.
Бундан кейин дафъатан ортингизга ўгирилмай ўтиринг. Менга ўхшаб, доим домлага қараб ўтиринг.
Наҳотки, ҳалиям шубҳа қилаётибсиз? Гапимга ишонмаяпсизми?.. Ишонмасангиз – ишонманг! Ўзим ҳам ишонмайман.
Жавоб ёзманг, “профессор” кўриб қолса, уришиб беради. Иккаламизни ҳам дарсдан ҳайдаб чиқариши мумкин.
ЮНУС
ЎНИНЧИ МАКТУБ
Яхши қиз, стипендиянгизни олишингиз биланоқ марҳамат қилиб қарзларингизни тўлаб қўйинг. Ортиқ кутолмайман. Бас! Қаро кунларимга атаб қўйган тийинларимни Сизга сарфлаган эдим. Шуни ҳам билмадингиз… Майли, садқаи сар, фақат қарзларни чўзинг. Ён дафтарчамга ҳаммасини ёзиб қўйганман. Мана рўйхати: бир юзу йигирма тийинлик музқаймоқ, олтмиш тийинлик семичка, тўртта қирқ саккиз тийинлик дафтар, бешта йигирма тўрт тийинлик ироқи совун. Жами – тўрт юзу тўқсон икки тийин. Беш сўм берсангиз, Сизга яна битта ироқи совун олиб бераман.
Ҳисобли дўст айрилмас, дейдилар, оппоққиз.
ҲОСИЛБЕК
…Ҳусния! Мана, сенга келган ўн мактуб, ўн изҳори дил!.. Мен не дейин, менга не қолди?
DESPERADO
“Оила қуриш керак”. “Оила қуриш керак!” “Оила қуриш керак!!!”
Хабар. Огоҳлантириш. Буйруқ.
Бош тортдим.
Яна буйруқ… Шундан кейин “буйруқ”лар худди кўкрак нишонларидек бир-бирига мингашиб кетди.
“Оила қуриш керак!..” (Қарсаклар)
“Оила қуриш керак!..” (Гулдурос қарсаклар)
“Оила қуриш керак!!!” (Давомли, гулдурос қарсаклар)
Мен ким биландир бир умр (бир умр!) “бир ёстиққа бош қўйиб” яшашни тасаввур қилолмайман. Наҳотки, шундай яшаш мумкин? Даҳшат-ку!
Мактабга боргунимга қадар эски уйимизда яшардик. Унда бувам тирик эди. Энамнинг талабига кўра, ҳар куни бувамнинг кўчага чиқишини, бирор ёққа отланишини пойлаб турардим. Бувам кўчага чиқиши биланоқ дарвозахонага югуриб борардим-да, энам ҳозирлаб қўйган тошларни дўппига солиб орқасидан ота бошлардим.
– Илойим, изгинанг ўчсин!
– Худоё худовандо, ўлигингни кўрай!
– Худойим имонингдан айирсин!
– Илойим, Алининг қиличига учрагин!
– Дўзахга шалоп этиб тушмасанг, у дунёю бу дунё рози эмасман!..
Дўппидаги тош тугагунча бувамнинг кетидан отаверардим, отаверардим. Энамнинг хоҳиш-талаби шу эди-да.
Бир-бирига қарши, энамнинг пинҳона, бувамнинг эса очиқ-ошкор кураши бир дақиқа тинмасди. “Одамлар бир-бирини тезроқ ўлдириш, ўлигини кўриш, дафн этиш учун бирга яшаса керак”, деб ўйлардим. Ўлимдан жуда қўрқардим. Ҳеч қачон, ҳеч ким билан бирга яшамасликка онт ичиб қўйган эдим ўшанда.
Бувам ўлгач, энам иккаламиз янги уйга кўчиб ўтдик. Бу ерда дадам билан бувим ўртасида ўшандай азалий ва абадий жанг давом этди. Мен энди дадамнинг кетидан тош отмас эдим: мактабга қатнардим, бунга вақтим бўлмасди. Чамамда, бувим менинг “чақиб” қўйишимдан хавфсирарди. Шунинг учун энам билан бувим жойнамоз устида дадамга ўлим тилаш билангина чекланишарди.
Дадамга эса жин ҳам урмасди – ҳар куни маст бўлиб келверар, бувимни ураверар, энамни уйдан қувиб чиқараверар эди…
Нега? Нима учун? Сабаби – ўша, эски гап: улар бирга яшашарди. “Оила шунақа бўлади ўзи”, “Жон бор жойда жанжал бор”. Қиёмат кунининг охири кўринмасди…
Шундай қилиб:
– Оила қуриш керак, – дейди энам, – эски уй хароб бўляпти.
– Оила қуриш керак, – дейди бувим, – неварамнинг қўлидан сув ичгим келяпти.
– Оила қуриш керак! – дейди дадам. – Учраган одам: “Ўғлингни қачон уйлайсан?” деб сўрайди, қишлоқда бош кўтариб юролмай қолдим.
Энамга бувамнинг арвоҳи тинчлик бермайди. Бувимга “тошотар” керак. Дадамга-чи?.. Гўрков!
Мен эса ким биландир, бир умр (бир умр!) ит-мушук бўлиб яшашни тасаввур қила олмайман. Чунки мен… Сенинг, Сенинг, Сенинг, муҳаббат, бахтли бўлишингни истайман!..
БУВАМ БИЛАН СУҲБАТ
Пешонамни тириштириб мундоқ ўйлаб кўрсам, етти-саккиз ёшлигимдаёқ менда мухбирликнинг илк нишоналари пайдо бўла бошлаган экан.
Ўшанда бувам жудаям қариб, барча қишлоқ чолларига ўхшаб “пессимист” бўлиб қолган эди. Ҳар пайшанба оқшомида Қуръондан қиладиган ёдаки тиловати ҳамон қулоқларим остида.
У бирор юмушга уннаётган пайтда кимнингдир халал беришини ёқтирмасди. Ҳадеб атрофида гирдикапалак бўлаверсам, мени рўпарасига ўтқазиб, қандайдир азиз-авлиёлар, пайғамбарлар таърифи билан миямни ачитиб юборарди. Гўё бувам мени доим мазах қилаётгандек туюларди: “Насиҳати чин бўлса, юмушини тўхтатиб, мени тиззасига ўтқазиб оларди”, деб ўйлардим ичимда. Кунларнинг бирида шайтон мени йўлдан урдими, ишқилиб, гапдонлигим қўзиб:
– Бува, худо зўрми ёки Муҳаммад пайғамбар? – деб сўрадим.
Бувам қалашиб ётган темир-терсаклар ичидан эски кетмонни топиб, ўроқранда билан унга соп ясаётган эди.
– Тавба қилдим де, шапшак! Бўлмасам, сенга ким зўрлигини кўрсатиб қўяман! – дея дўқ уриб қолди у, йўнилмаган таёғини бурнимга тақаб.
– Тавба қилдим, – дедим таёқнинг учидан кўз узмай. – Сиззи зўрлигингизни ўзим ҳам биламан… – Қўрқиб кетганимдан овозим аранг эшитилди.
– Бурнингни арт!.. Рўмолчанг қани? Битта гапни неччи марта қайтаришим керак сен пандавақига?! – У бурнимни артмаётганимни кўриб баттар тутақди.
– Рўмолчамни йўқотиб қўйдим, –дея ўзимни оқладим.
– “Йўқотиб қўйдим” эмиш… Қиз бола бўлганингда Ҳидоятип сениям аллақачон бўғиб ўлдирган бўларди… Бери кел, манқа!
Бувамнинг ёнига бордим. У пичан ҳиди анқиб турган чопонининг ўнгири билан бурнимни артиб, кетимга шаппатилаб қўйди – эркалади.
Бувамнинг мурувватидан талтайиб, саволимни қайтардим.
– Худо – битта. Пайғамбарлар эса – кўпчилик. Муҳаммад – шуларнинг орасида энг зўри, билингми? – У чуқур хўрсиниб, яна иши билан машғул бўлди.
– Пайғамбарлар кўпчилик бўлса, худони тутиб олиб дўппослашмайдими? Аҳмаднинг укалари мени тутиб олиб дўппослашди-ку!
– Худога тил теккизиб бўлмайди, аҳмоқ!
– Ёнғоғидан бермаса-чи?
– Худо сенга ўхшаб, қўйнини тўлдириб ёнғоқ олиб юрмайди…
– Ёнғоқларини ютқазиб қўйганми?
– Нима?!
– Ютқазиб қўйганми уларни? Манавинақа… – Мен қўйнимдан боя ютиб олган ёнғоқларимни чиқардим.
– Қўлингни кўрсат-чи!
Кўрсатмадим. Чунки қўлим хина қўйилгандек қип-қизил эди.
– Аҳ, ярамас!
Ўрнимдан туришга ҳам улгуролмай қолдим. Кетмонсоп ҳавода ғув этдию юмшоқ жойимга гуп этиб тушди. Бўкириб юбордим…
Демак, пешонамни тириштириб мундоқ ўйлаб кўрсам, биринчи интервьюни бувамдан олган эканман. Биринчи сабоқни ҳам. Ўшандан бери “қаҳрамонларим” билан телефон орқали гаплашишни афзал кўраман.
ЗАВҚ
Лола сайлига чиқиб, очиқ ҳавода тунаб қолган бўлсангиз, гулхан ёққансиз, албатта. Маза, а? (Кўзларингизни юмиб, “Оҳ!” денг-да.) Гулхан ёниб-ёниб, алангаси сўна бошлайди. Ўтин ҳам тугайди. Шох-шабба теришга эриндиларинг, ундан кўра иссиқ мамлакатлар ҳақида эртак эшитишни афзал кўрдиларинг (кўпинча шундай бўлади), дейлик. Эртакчи йигитнинг оғзига маҳлиё бўлиб, гулхан ёддан кўтарилади. Қип-қизил чўғ устини кул қоплайди… Жунжика бошлайсизлар. Хаёлларингда – қумига тухум кўмса пишадиган Саҳрои Кабир. Маза, а? (“Ҳа!” денг-да.) Шу пайт майингина шабада эсади-да, кулни елпиб ўтади. Лаҳча чўғ милтиллайди. Қуёшни кўргандек чапак чалиб юборасизлар. Кимдир севинчини ичига сиғдира олмай ўйинга тушиб кетади, кимдир магнитофон тугмачасини босади: Ўзбекистон булбулининг шўх-шодон овози янграйди. Маз-за!.. Юраклар ҳаприқади, томирларда қон гупиради. “Яшасин ҳаёт!” деб ҳайқирасизлар…
Энди мажозни бир четга қўйиб турайлик. Фараз қилингки, кўнглингизда жимитдеккина, устини хира ғубор қоплаган хотира бор: ел ана шу хотира устини яллиғлаб кетди… Юрак дукиллайди. Ҳаяжонланасиз. Дарҳол тамакига ёпишасиз, гугурт қидирасиз. Ўпкангизни тўлдириб тутун сўрасиз, қайтарасиз. Қўлингиздан келса, менинг бир танишимга ўхшаб, тутундан ҳалқа ясайсиз ва аввалги ҳалқа орасидан кейинги ҳалқани ўтказиб юборасиз. Бекорчиликдан эмас, хаёлни чалғитиш учун шундай қиласиз. Ҳатто СССР Соғлиқни сақлаш министрлигининг огоҳлантиришини ҳам унутасиз. Маз-за!..
Энди лирик чекиниш ҳам етар, мана шу айтилганларнинг барчасини иккинчи шахсдан биринчи шахсга кўчирамиз.
Демак, гап бундоқ: ёз кунларининг бирида дўкондан рангли журнал сотиб олдим. Муқовада “Завқ” деб номланган сурат босилибди. Рақсга тушаётган қизлар… Эгниларида турли халқларнинг миллий кийимлари – буюк дўстликнинг сийқа намойиши. Ҳамманинг чеҳрасида кулги – бахтиёрлик белгиси. Сураткашнинг буйруғи билан тиржайиб туришгани шундоққина маълум. Сураткаш: “Диққат, оляпман. Кулинг! Кулинг!..” деявериб роса ҳолдан тойдирган бўлса керак. Суратга қайтаман: муқованинг чап томонидаги қиз кўзимга иссиқ кўринди. Юз бичими, тимқора қўнғироқ сочлари, лабидаги хол, кўзлари… оҳ, унинг кўзлари!.. Агар Сирдарёнинг турклар яшайдиган қишлоғида учратганим Муҳаббат исмли қиз ҳам шу суратни кўрган бўлса, беихтиёр “Менга ўхшар экан”, деб ўйлаганига аминман. Қаеридир Кумушга, қаеридир Шарлоттага ва яна қаеридир ҳеч кимга ўхшамайдиган Муҳаббатни ёдимга солди бу нотаниш раққоса…
Ўшанда эндигина университетнинг биринчи курсини тугатган эдим. Курсдошларим ёзги таътилда ўзларини “меҳнат қучоғи”га отишди. Мен командиримизга бетоблигим ҳақидаги дўхтир берган қоғозни рўкач қилиб, “ССО”дан қолдим. Тўғри, менга ҳам пул керак эди, мен ҳам чиниқишим керак эди. Ҳатто, бошқаларга қараганда кўпроқ чиниқишим лозим! Чунки нимжонгина эдим-да. Шунинг учун таътил пайти анча-мунча семириб, кейин туяга ўхшаб ўз ёғимни ўзим е-еб юришни кўпдан бери ният қилиб қўювдим. Сабаби, нима учундир стипендиям ойдан ойга етмасди. Мартин Идендек ҳар куни нонушта ўрнига биратўла тушлик қилсам ҳам, бари бир чўнтагим қаппаймасди. “Пул ҳисобни яхши кўради”. Чамамда, мен пул топиб, ҳисоб топмаган тентак эдим. Ниҳоят, семирадиган пайт келди. Сирдарёга кўчиб бориб, ўша ёқда ўтроқлашиб қолган бир ҳамқишлоғим – болалик дўстим (у политехника институтида ўқийди) мени уйларига таклиф қилиб қолди: “Нима қиласан шаҳарда биқиниб олиб, ундан кўра юр, чўлга чиқиб яйраб келасан. Маз-за!.. Эрта-индин қўшнимиз ҳашар қилади, кирамиз. Бунинг “ССО”дан қаери кам?”
Хуллас, Рустам иккимиз тушдан кейин оддийгина бир қишлоққа кириб бордик.
– Бу ердан шаҳаргача йигирма тийинлик йўл, – деди у.
– Хайрият, фарқ унчалик катта эмас экан. “Сиёсий иқтисод” домламизнинг гапига қараганда, яқин орада шаҳар билан қишлоқ ўртасида тафовут умуман тугатилармиш.
Кечқурун менинг шарафимга зиёфат берилди. Зиёфатга Рустамларнинг қўшниси ҳам чиқди, йўқ, шахсан турк Султони ташриф буюрдилар гўё. Фарғонача мулозамат Сирдарёда ғалатироқ кўринар экан. Шундан бўлса керак, Султон акамлар ўнғайсиз аҳволга тушиб қолдилар.
– Оға, туркмисиз? – деб сўрадим ундан, зиёфат хийла маромига етгач.
– Ҳа, туркман.
Мен Рустамга қарадим, у қошини учириб қўйди.
– Туркманмисиз ёки Азиз Несинми?
– Турк дедим-ку, ўғлон, туркмен деганим йўқ.
– Несин қамоқдан чиқдими?
– Билмадим, ўғлон. Бизникида Анқаранинг қамоқхонасига уланган прямой телефон йўқ…
Шу билан гап узилди.
Икки-уч кун меҳмондорчиликдан сўнг эрталаб Рустам иккаламиз ҳашарга чиқдик.
– Инструментлар тап-тайёр, – деди оғамиз бизни қаршиларкан, тантанали оҳангда.
– Миллий чолғу асбоблари-чи? Уларсиз классик куйни ижро этиб бўлмайди.
Жиддийроқ гап айтяптимикан деб қулоқ солиб турган мезбон ҳафсаласи пир бўлиб, қуруққина “Юринглар!”, деди. У ҳазилга кулмайдиган одам экан. Эҳтимол тушунмас. Азиз Несин ундан кўра менга яқинроқлигидан ичимда суюниб, атрофи қанор билан тўсилган ҳовлига кирдик. Оғамиз олти хонали данғиллама иморатнинг пойдеворини қуйиб қўйибдилар.
– Материаллар тайёр. Фақат ғиштга қараб турибмиз.
– Тўртта тақа топилса, устига битта отни михлаб, улоқ чопиш мумкин…
Рустам енгимдан тортди. Мезбоннинг қошлари чимирилди, пишқириб юборадигандек икки лунжини шиширди. Лекин индамади. Мўйловимни ҳурмат қилди, шекилли. Кейин экскурсоводларга ўхшаб, бизни иш шароити билан таништира бошлади: “Мана – бу кетмон, ўнинчи аср ёдгорлиги. Ноёб топилма. Буниси – қолип, энамиздан аввалги бувимиздан қолган. Мерос. Анави – тупроқ. Икки машина. Ўн мингтача ғишт қуйиш мумкин. Фақат лойни исроф қилмаслик керак. Сув – текин, бақирлаб қуяверасизлар”. Кун қизиб кетса, ўн беш яшар чинорвой елкасига сочиқ ташлаб, қўлимизга сув қуядиган бўлди.
Бу ерларда ҳашар бошқачароқ бўларкан: бутун қишлоқ бирданига ёпирилиб чиқмас, ҳар бир оила вақтига қараб, ишлаб берар экан. Лекин ҳашар қилаётган киши қорасини кўрсатмас эмиш. Ажабо, ўзга сайёрага тушиб қолдимми, дейсан киши.
– Рустам, нега бундай?
– Семириб, қорин қўйиб юборишган. Эгилишга қийналишади.
– Ундоқ бўлса, бошладик…
Оқшомда тупроқни юмшатиб, сув қуйиб қўямиз, азонда лой пиширамиз, чой маҳалигача гуп-гуп ташлаймиз. Иккита қолип хизматда. Бир киши лой солиб туради, бир киши ташийверади… Бир – қолип остига қум сеп. Икки – қўлларни олдинга чўзиб гувала яса. Уч – лойни қолипга чапла-да, устини текисла… Бир – эгилиб, қолипни кўтар. Икки – зинғилла. Уч, икки, бир… Ва ҳоказо. Фақат у ёғига ҳам, бу ёғига ҳам – уч. Уч – чегара. Бир ёзувчи таъбири билан айтганда: “Шу чегарадан ҳатлаб ўтсанг – марра сеники, хоҳласанг, миллионгача ҳам санайверасан”. Лекин чегарадан ҳатлаб ўтиш тақиқланган. Маром бузилади. Маром бузилгач, оҳанг тўғрисида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Тўғрими?
“Тўғри-ку-я, лекин бу гапингиз фақат қўшиққа дахлдор”.
Бир, икки, уч… Чап оёқлаб юришни бошладик: бир… бир.. бир… Ўнг оёғини ташлаётган ким?.. Буржуй, сенми? Ҳозир Маяковский келиб кетингга тепади. Оёғингни мослаб ол! Бир… Бир… Бир… Яхши, яхши! Юришдан тўх-танг… Шундай қилиб, эрталабки бадантарбия машғулотларимиз тугайди. Ювинишга ҳожат йўқ. Қўлимизни, лабимизни чайиб олсак кифоя. Юзларимиз лойлигича чой ичаверамиз. Вақтдан ютиш керак. Акс ҳолда, кун исиб кетади, кучдан ютқазамиз. Механиканинг олтин қоидаси шунақа…
Кунлар шу зайлда ўтарди. Мен бу ерга меҳмон эканимни ҳам унутиб юбордим. Бора-бора оёқларимиз оғирлаша бошлади. Эски шимларимизнинг почасини узиб ташладик. Попукли калта иштонимиз бизни америкалик ҳиндуларга ўхшатиб қўйди. Лекин хийла енгиллашдик. Барибир ибтидоий одамлар бизга қараганда унумлироқ ишлаган бўлса керак, деб ўйлайман.
Эмаклай-эмаклаб тушликка чиқамиз. Чинор соясида чўзи-ли-иб қоламиз. Дастурхон тепасига келиб ўтиришимиз биланоқ, оқи оққа, қизили қизилга ажрала бошлаган момиққина қиз келади:
– Ако, қатуғ опкеллим.
– Раҳмат.
– Гугуртимиз тугаб қолди…
– Ҳозир Баҳром опкела-а.
У кетади. Биз унга термилиб қоламиз. Рустам мени нуқийди:
“Кўрдингми?”
“Ургандан турткан ёмон, бемаза! Шундоқ ҳам кўриб турибман-ку!”
Рустам барибир қилиғини ташламайди. Қиз кўринмай кетгунча нуқийверади. Одати шунақа: ҳаяжонини менга юқтирмаса ўлиб қолади. Олти яшар Баҳром гугурт келтиради. Уни гапга соламиз. Алдаймиз, авраймиз: “Тошкентга борганингда “Пахтакор” стадионига олиб тушамиз Ўшанда “Пахтакор” “Спартак”ни ўну нолга ютади. Мана кўрасан!” деймиз.
Рустамни кўрсатиб, “Уни почча дегин”, деб ўргатаман. Баҳром гапга кўнадиган бола. “Хўп”, дейди. Оғзини тўлдириб “Почча!” деб бақиради.
– Содиқ, шу ерда қолгин, ошна. Бундан зўр қайнотани Маккадан ҳам тополмайсан! – дейди Рустам аламини олиш учун.
– Ўзинг кўчиб чиқақолсанг яхши бўларди. Ҳадемай уй битади. Шундан кейин, манави саройда (қўлим билан чайлани кўрсатаман) ановиларни қўриқла-аб ётасан. Ойига юз сўмдан маош. Овқати текин. Боқчанинг итидек роса семирсанг керак ўзиям!..
Кун қайтгунча узун-узун уҳ тортиб ўтирамиз. Сўнг қолган лойни гуп-гуп ташлаб, янгисини қорамиз. Тунда Унинг кўзларини эслаб, секин-секин гаплашамиз. Тушимизда ўзини кўрамиз (Аслида ҳеч қандай туш-пуш кўрмаймиз). Маз-за…
Бир куни ғалати воқеа рўй берди.
Биз, ҳар кунгидек, ўлиб-тирилиб ишлардик. Мен қолип кўтарардим, Рустам лой чаплаб турарди. Белим увишди. Қаддимни ростлагач, негадир моллар ётадиган бостирмага қарагим келди. Қарадим. Бостирма қўраларига чирмашган палакларда калладек-калладек ошқовоқлар осилиб турибди. Палак ортида бир шарпани илғаб қолдим. Наҳотки, бизни яширинча назорат қилиб туришса!.. Ахир, “ҳашар”га келганмиз-ку! Ёки анави қизмикан?.. Шарпа қилт этмасди. Сув ичиш баҳонасида сояга қараб юрдим. Сув ичиб, белимнинг чигилини ёзиш учун машқ қилар эканман, яна ўша ёққа назар ташладим: шарпа кўринмасди. Атайлаб бостирма томонга бордим.
У бузоқчани қашиб турган экан.
– Исмингиз нима? – деб сўрадим кўйлагимнинг тугилган ўнгирини ўйнаб.
– Муҳаббат.
– Меники Содиқ… Исмингиз чиройли экан.
– Студентмисиз?
– Дадангиз айтдими?
– Йўғ-е, ўзим билдим. “ССО” тўғрисида газетада кўп ёзишади. – Муҳаббат енгимдаги лой чапланган “ССО” эмблемасига ишора қилди.
– Мактабни битирганмисиз?
– Ўнга ўтдим.
– Ўқишга борасизми?
– Билмадим. Опамни юборишмаган… Эрга беришган…
Гап тополмай, бир-биримизга қарадик. Кўз-кўзга тушди. Юраклар жиз этди. У маъсумона жилмайди. Оҳ, унинг лаблари! Мен ўзимни тутолмай, қизнинг қўлларидан ушладим-да, лабидаги холидан ўпиб олдим. Қучоқлашмадик, ҳаммаёғим лой эди.
– Хоҳлайсизми, мен сизни Бахтлар водийсига олиб кетаман, – дедим энтикиб.
– Қаерга?
– Фарғонага.
– Ҳазилкаш экансиз… Қатуғ опкелайми?
– Кейинроқ. Ҳозир ишлаш керак.
Муҳаббат қўлларини бўшатиб, ҳовли томон кетди. Худди мендан кўнгил узолмаётгандек, югуриб келиб бағримга ўзини отадигандек орқасига қараб-қараб, бир-бир босиб кетди…
Аслида-чи! У менга, мен унга бир оғиз ҳам гапирганимиз йўқ. Муҳаббат (исмини Рустамнинг “қайноға”сидан билиб олганман) бир зумгина менга қараб турди-ю, йиғлаши лозимлигини билиб турган одамдек зўрма-зўраки жилмайди. Жилмайганда ҳам менга хайрихоҳлигидан, ачинганидан эмас, жилмаймоқ заруратини яшириш мақсадидагина жилмайди, холос. Мен эса ўзимни овутиш, армонимни сездирмаслик, қолаверса, ҳикоя динамикасини ҳисобга олиб ёлғон гапиряпман. Шунда қизиқроқ чиқади деб ўйлайман.
Рустам ҳаммасини кўриб турарди.
– Оғайни, эсингни едингми?! Отасига айтиб берса, нима бўлади? Сўйиб ташлайди, вассалом.
– Бўлмаган гап. У бизни томоша қилаётган экан, мен ҳам уни томоша қилдим. Биру бир…
Чинор соясига келиб нам тупроққа чўзилдим. Вужудим енгилгина титрарди. Мен Муҳаббатни ҳеч қачон “Бахтлар водийси”га олиб кета олмаслигимдан, унга бир калима ҳам сўз айта олмаслигимдан азобланар, савоғидан узилиб тушган шафтолидек эзилиб ётар эдим. Чунки шу ҳолатда, ҳеч қандай оҳ-воҳларсиз, ўртамизда қатъий бир чегара бор эди. Чегаранинг у томонида ҚЎРҚУВ (“азоб” эмас), мен томонида ҳам ҚЎРҚУВ (“одоб” эмас) ҳукм сурарди. Қўрқув… Хоразм шоҳи шаҳар дарвозаларини ёвга очиб берди, мўғул саркардаси пойига тиз чўкди, Ватанига хиёнат қилди. Нега? Нима учун?.. Қўрқув шоҳни еб қўйди! Шоҳ – қўрқувни…
Кечга яқин Султон оғамиз яна икки машина тупроқ олиб келди. Мен энди бу ердан кетишга қарор қилиб қўйган эдим. Ҳеч нарсага қарамай, Рустамнинг уйидагиларни ҳам ҳайратга солиб жўнаб кетдим. Маз-за!..
Янглишмасам, худди ўша куни менинг “завқли ёшлигим” бўлакча тусга кирди. Олдингиси эса ҳалигача олис-олислардан мени масхара қилиб тургандек туюлади. Эҳтимол, шу боисдан ҳам журнал муқовасидаги қиз илжаяётганга ўхшагандир. Серзавқ одамнинг кўзига дунё ҳам ўзгача кўринаркан. Хафа бўлмайсиз-да, оғайни.