//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Мустақилликнинг 18 йиллиги ҳақида мулоҳазалар

Мустақил журналист
Ўзбекистон

Мустақилликнинг 18 йиллиги ҳақида мулоҳазалар

Одамлар, аввало ўз дунёқарашлари ва биринчи галда жамиятда тутган ижтимоий мавқеига, қолаверса, шу кунгача ўз ҳаётида нималарга эришганию, нималар қила олмаганига қараб фикр юритар экан, жавоблар ҳам айни шу жамият табақаланишидан келиб чиққан ҳолда бир мезонга туша олмайди.

Марказий Осиё республикалари собиқ Совет Иттифоқи қулаши ортидан мустақиллик эълон қилган йиллари посткоммунист ҳудудда жиддий беқарорлик ҳукм сураётган пайт бўлгани ва қўшни Тожикистонда 5 йил давом этган фуқаролар уруши, Фарғона водийсида юз берган миллий низолар ҳамда исломий ақидапарастлар ва экстремистлар деб аталаётган гуруҳлар уюштирган бомба ҳужумлари ортидан ҳукумат сиёсатида барқарорлик ва тинчликни сақлаш энг биринчи галдаги вазифа сифатида кўриб келинмоқда.

Ўз навбатида мамлакатда авж олган "хорижий ёвуз кучларга" қарши тарғибот одамлар онгига жиддий сингиб кетганки, ўрта ёшдан юқори бўлган ҳар бир ўзбек мустақиллик давридаги энг унутилмас воқеа сифатида тинчлик сақлаб қолингани ҳақида гапиради. Албатта, буни ҳар ким ўз ҳолидан келиб чиқиб, ўз тилида сўзласа-да, айтмоқчи бўлган гап битта "Худога шукр, юрт тинч, бундан ортиқ нимага эришиш мумкин?!"

"Юрт тинч бўлса, кўчага чиқиб кетган болангдан хавотиринг бўлмаса, шуда биз эришган нарса," дейди Абдужаббор исмли отахон. "Тарих нима энди, шу тинчлик бўлса тарих бўлади-да," дейди у.

Аксар кишилар шу тахлит жавоб берар экан, бир томонда Тожикистон, бир томонда Афғонистонда уруш бўлиб турган пайт мамлакатда тинчлик сақлаб қолингани энг йирик воқеа бўлганини айтади.

Яқинда ҳукумат қарашларини акс эттирадиган “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти тинчликни мамлакат мустақиллик йилларида эришган асосий ютуқ дея билишини эълон қилди.

Ўзбекларнинг дастурхон ёзишда ва йиғишда ҳам "тинчлик бўлсин" дея юзига фотиҳа тортиши инобатга олинса, бундай хулоса табиий туюлиши мумкин.

Аксар талаба ёшлар назарида мамлакат тарихида юз берган энг муҳим воқеа Ўзбекистоннинг нафақат мустақил давлат, балки кучли ва буюк тарихга эга давлат сифатида дунё томонидан тан олиниши экан.

Иккинчи муҳим воқеа сифатида эса улар мамлакат танлаган иқтисодий йўл дунё инқирози манзарасида ўзини оқлаганини айтишади.

"Биринчи ёдда қоладиган воқеа Ўзбекистоннинг тарихи буюклигини бутун дунё эътироф қилгани деб биламан," дейди 21 ёшдаги Акбар исмли талаба.

"Иккинчиси президент Ислом Каримовнинг иқтисодий инқирозга қарши ёзган китобини америкаю англия, ва ҳатто япон олимлари ўрганаётгани бўлса керак," дейди у.

Бироқ Акбардан 3-4 ёш катта, ўзининг айтишича 17 ёшидан буён отасининг ёнида Россияда ишлаб юрган Отабек ўзбек телеканаллари ва аудиторияларида айтиладиган гапларга ишонмайди.

"Бу давр ўзбекларнинг 21 аср қулчилигига юз тутгани билан тарихда қолса керак," дейди у. "Иккинчи муҳим воқеа, билмадим..." дея елка қисади у.

Кўплаб суҳбатдошлар "ўзбекларнинг ёппасига мардикорга айланаётгани" энг аянчли тарихий воқеа эканини айтади.

Айрим фикр билдирган кишиларнинг айтишича, қўшни мамлакатлар ва минтақаларда "ўзбек эркакларига қул, аёлларига фоҳиша сифатида қаралиши ва бу вазиятни юзага келтирган ижтимоий муаммолар бир кун келиб кўтарилиши ва Ўзбекистон тарихининг шармандали саҳифалари," дея тан олиниши табиийдир.

Исмини айтишни истамаган тошкентлик ўзбек зиёлиси эса шунча йил ўтиб ҳам ҳеч нарса ўзгармади дейди: "Мен узоқ ўйлаб бир фикрга келдим. Мустақилликнинг 18 йили давомида биз фақат бир нарсага эришдик, холос. Бу ҳам бўлса Мустақиллик, бошқа ҳеч нарсага эришмадик. Чунки шунча йил ўтиб ҳам биз худди кечагина мустақилликка эришганга ўхшаймиз, муаммоларимиз ҳали ҳам ўша-ўша, ҳамон мустақилликни мустаҳкамлаш ва ўзимизга хос йўлни топишга уринамиз," дейди у.

Бир неча йиллардан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Ҳожиакбарнинг фикрича, ҳам фахр туйишга, ҳам қайғуга тушишга асос бўладиган воқеалар юз берди.

"Мен мустақиллик берган энг муҳим нарса бу фуқароларимизнинг хорижга бемалол сафар қила олиши дейман. Мен ўзим яқинда Хитой ва Араб мамлакатларига тижорий ишлар билан бориб келдим. Бу биринчи марта хорижга чиқишим эди. Тўғрисини айтсам, Ўзбекистоннинг ўзида шунча йил мустақиллик, мустақилмиз, деб гапирган билан бу нарсани ҳис қилиш қийин экан. Четга чиқиб, хорижликлар билан гаплашсанг, қайси мамлакатдан эканингни айтсанг, шунда улар "ҳа, биламиз бу юртни" деса, ана ўшанда туяр экансан мустақиллик деган сўзнинг маъносини. Айниқса, Уйғуристонга борганимда уйғурларнинг бизга қандай ҳавас билан қарашини кўриб, тўғриси, ана ўшанда сездим мустақиллик нима эканини," дейди Ҳожиакбар.

"Иккинчиси, назаримда ҳокимият одамлардан пул ундиришни, биз эса уларга пул узатиб, яъни ўзимизга ҳам қоладиган қилиб пул ишлаш йўлини топдик. Буни коррупция ҳам дейишади. Бироқ бошқача ишлаш йўлини ҳали кўрганим йўқ. Лўнда айтанда, бир-биримиздан юлиб қорин тўйғазишни ўргандик. Биздан орган ходимлари юлади, биз мижозлардан юламиз, улар ҳам ўз навбатида керакли жойдан чиқариб олади. Мана шу нарса одатга айланди, халқнинг қонига сингди," дейди у афсус билан.

Одамларнинг касби кори ва ижтимоий аҳволи турфалашиб борар экан, уларнинг назарида тарихга ёзилиши керак бўлган воқеалар ҳам хилма-хил тус олади.

"Биринчи тарихга ёзилиши керак бўлган нарса бу давлат бепул тиббий хизмат деган нарсани йўқ қилиб юборди. Шуни ёзиш керак," дейди рўзғор халта кўтарган ўрта ёшли тошкентлик аёл.

"Шифохоналарда ўқловдек қилиб бепул деб ёзиб қўйган бўлса ҳам пул бермасанг, ҳеч ким кетини кўтаргиси келмайди."

"Иккинчиси бепул таълим деган тушунча ҳам йўқолиб боряпти. Болалар мактабга қуруқ бориб келяпти. Ўқитувчининг ўзига репетиторлик пулини берсанг ўқитади, йўқса, бола юраверади қуруқ сумка ва каллани кўтариб," дейди бу аёл бозордан дарғазаб чиқиб келар экан.

"Андижондаги Асака заводи, мана нексияю матизлар ғизиллаб чопяпти, ўзимизда чиққан, мана шу тарихий воқеа," - дейди бозор ёнида мижоз кутиб ўтирган такси ҳайдовчиси. -
"Иккинчи тарихий воқеа эса бизмиз," дейди у ҳазил аралаш ва бошқа такси ҳайдовчиларига ҳам ишора қилади: "Ярмидан кўпимиз олий маълумотли мутахассислармиз, қиладиган ишимиз киракашлик," дейди у.

Бу такси ҳайдовчиси каби айрим одамлар ҳам собиқ шўро давридаги йирик ташкилотларнинг тугаб кетгани, завод-фабрикаларнинг ёпилиши ортидан минглаб иш ўринларининг қисқариб кетганини мустақиллик давридаги энг салбий воқеалардан бири сифатида кўрсатади.

Баъзи зиёлилар шўро даврида эришилган айрим ютуқларнинг бугун эътироф этилмаётгани ва ўша даврга хос обидаларнинг сақланиб қолинмаётганини мустақиллик давридаги тарихий хатолардан бири сифатида кўрсатади.

Баъзи суҳбатдошлар Тошкент билан Фарғона водийсидаги вилоятларни боғловчи Қамчиқ довон йўлининг ишга тушиши ва кенгайтирилиши, умуман эса, мамлакат бўйлаб автомобил ва темир йўллари тармоқларининг ривожланишини энг муҳим воқеа дея тилга олишади.

Ўзбекистон мусулмонлари учун Ҳаж зиёратига боришга имкон туғдирилгани, мамлакатнинг спорт соҳасида қўлга киритаётган ютуқларини ҳам кўпчилик тарихий воқеалар сирасига қўшади.

"Мен учун энг муҳим воқеа қайси давлат ташкилотига ишингиз тушмасин, ўзбек тилида бемалол мурожаат қила олиш имкони туғилгани," дейди тошкентлик ўрта ёш аёл мамнунлик билан.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (01.01.2011)
Просмотров: 980 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz