//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

МУАММОНИНГ “ЎҚ ИЛДИЗИ”
МУАММОНИНГ "ЎҚ ИЛДИЗИ”

Аёл – улуғ зот. Тангри таоло аёлни гўзаллик, ўткир ақл-заковат, нозик туйғулар, узоқни кўра билиш ва олдиндан ҳис этиш, мулойимлик, сертавозелик сингари илоҳий ҳадялар билан эркак зотига қараганда кўпроқ сийлаган. Дунёнинг не-не соҳибқирону жаҳонгирлари, юрт сўраган паҳлавонлари оқила, доно, зийрак ва вафодор аҳли аёлларининг маслаҳати ила иш кўрганлар. Тангри таоло аёлнинг нозик жуссасига шу қадар катта жасорат, матонат, айрича бир куч-қувватни жо айлаганки, агар истаса, у ҳар бир соҳада эркакларга елкадош бўлиши, барча оғирликларни тенгма-тенг кўтара олиши мумкин. Унинг улуғлиги яна шундаки, ҳаётда, турмушда жуда кўп нарсалар аёлга, аёл ахлоқига, унинг ўзини тутишига, сабру қаноатига ва қўллайдиган тадбирларига боғлиқ. Аёлнинг ҳаётга муносабатлари учун илоҳий меъёр мавжуд. Агар шу меъёр бузилса, жамиятда кўз илғамас фожиалар шакллана бошлайди. Фожеаларнинг оқибати қандай бўлиши эса ҳаммага маълум…
Қўрқинчлиларнинг энг қўрқинчлиси…
Биз анча вақтлардан буён оммавий ахборот воситалари орқали ҳам, йиғинларда ҳам, одамлар орасида ҳам маросимларимизнинг ўта дабдабали, серисроф, сохта удумларга тўла ўтаётгани борасида бонг уриб келяпмиз. Аммо натижа кўнгилдагидек эмас. Ҳаммамиз бунинг оқибати яхшилик билан тугамаслигини англаб турибмиз, лекин барибир бу удумлардан воз кечаётганимиз, тўй ва шунга ўхшаш маросимларни қатъий бир тартибга сололганимиз йўқ. Маросимларни ундай ўтказиш керак, тўйларни бундай ўтказиш керак, бу ҳақда шариатда ундай дейилган, ота-боболаримиз бундай қилишган, деган гаплар билан иш битмайди. Бу муаммоларнинг «ўқ илдизи» битта – маросимлар масаласида эркакларнинг хотинларга гапи ўтмаяпти!
Тўй ва бошқа маросимларни айрим савияси саёз одамлар бойлигини элга кўз-кўзлаш учун дабдабали ўтказаётган бўлса бордир (шундай эркаклар борки, енгил-елпи фикр қилиш, давлату зийнатларини кўз-кўзлаш масаласида энг калтафаҳм хотинлардан ҳам ўтиб тушадилар). Аммо ўртаҳол ёки қўл учида тирикчилик қиладиган оилаларнинг чираниб, қарз кўтариб ёки оила эркакларининг чет давлатларда йиллаб мардикорлик қилиб бўлса ҳам дабдабали тўй қилаётганига сабаб битта холос, яъни, одамларнинг гап-сўзидан қўрқиш, элдан қолмаслик!
Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, тўй дастурхони ёки сеп-сидирғаларни, латта-путта, тоғора-ю саватларни гап-сўз қиладиганлар кимлар? Албатта, эркаклар эмас. Демак, не-не забардаст эркакларнинг «элдан қолмаслик учун» чиранишлари хотинлар даврасида урчийдиган икки пулга қиммат гап-сўзлар учун экан-да, а? Маросимларга элнинг номидан хотинлар баҳо бераётган экан-да? Фикрларимга қўшилмасангиз, менга жўялироқ бошқа асосни топиб кўрсатинг-чи!
«Вой дадаси, қизингизнинг сепига фалон турдаги мебель қилишингиз керак, пардалар ҳам янги урфда тикилган бўлиши шарт! Куёвга қилинадиган устки ва ички кийимлар фақат «импортний» бўлиши керак. Фалончи қўшиқчини олиб келиб «қиз базми» уюштирмасангиз, қизингиз ўксийди. Ҳали тўйдан кейинги йўқловлар турибди, уларга ҳам салкам битта тўйнинг харажати кетади. Бир йилга қолмай, қизимиз туғиб берса, бешик беришнинг ўзи бўлмайди. Одамлар қизи туғса, куёвига автомашина совға қиляпти. Ҳаракатингизни қилинг! Дўст-душманнинг олдида шарманда бўлмайлик!» дея лаби-лабига тегмай буйруқ бераётган хотинига бирорта эркак:
- Бу уйнинг эркаги менман! Менинг айтганим бўлади! Одамлар нима деса дер, мен ҳолимга яраша тўй қиламан! Биз қиз узатяпмиз, куёв сотиб олаётганимиз йўқ! – деса эди, «Боламнинг кўнгли ўксимасин. Ҳамма қилаётган экан, бизнинг ҳам бошқалардан кам жойимиз йўқ», деган ўйда «қайдасан, Россия» деб пул ишлагани жўнамаса ёки миясида ҳар қандай йўллар билан бўлса ҳам бойлик орттиришнинг режасини пишитишга тушиб кетмаса эди, эркак сифатида хотинига, ота сифатида «Менинг сепим дугоналаримникидан кам бўлмаслиги керак» деб оёқ тираб туриб олган қизига гапини ўтказа олса эди, бемаъни одатлар анча камайган, орзу-ҳавасларга пул тополмагани учун тўй бошлолмай турганлар енгил нафас олган бўлардилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Эй умматим, сиз учун қўрққанларимнинг энг қўрқинчлиси иккитадир:
1.Ҳою-ҳавас.
2.Ҳавойи нафсга берилмоқ.
Ҳою-ҳавас охиратни унуттиради. Ҳавойи нафсга берилмоқ эса кишини тўғри йўлдан адаштиради», деган эканлар. Бутун борлиғини бойлик орттириш ва уни орзу-ҳаваслар йўлида сарфлашга қаратган кимса билан бахтсизлик изма-из юради. Негаки, унинг хотиржамлиги бўлмайди. Қанчалик бойлик орттирган бўлмасин, ўзини бой кўрмайди. Назарида бошқалар ундан кўра ҳашаматлироқ уй қураётган, ундан дабдабалироқ тўй қилаётган, ундан кўра тўкисроқ яшаётгандек туюлаверади. Ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймайди. Бу нарса одамни пул топишга шунчалик боғлаб ташлайдики, унда на бир ибодатга, на бир хайрли ишга бўш вақт ёки хоҳиш қолдирмайди. Бу одамда таскин берадиган нарсанинг ўзи йўқ. У фақат молига мол қўшиш, дабдабали маросимлар орқали элга ўзини кўрсатиб қўйиш илинжида югуриб-елади ва бора-бора одамийлик қиёфасини йўқотиб қўйганини сезмай ҳам қолади.
Тарихга назар ташласангиз, кўрасизки, биздан олдин яшаб ўтган одамлар ҳам биздан кўра кўпроқ мол-дунё тўплагандилар, худди биз каби орзу-ҳаваслар билан овора бўлгандилар. Аммо шундай кун келдики, уларнинг дабдабали бинолари мозорга айланди, орзу-ҳавасларидан асар ҳам қолмади, нодонликлари уларни йўлдан адаштирди ва дунёдан ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетдилар. Охиратда аҳволлари қандай бўлиши ёлғиз Худога аён! Буларни кўрмаслик, англамаслик, хулоса чиқармаслик учун киши кўр ва кар, гунг ва анқов бўлиши керак.
Жуда кўп оилаларда айни шу бемаъни орзу-ҳаваслар туфайли жанжаллар, дилхираликлар келиб чиқади. «Қўли калта» эр ҳам, «пешонаси шўр» хотин ҳам («Пешонам шўр бўлмаса, сизга тегармидим!» деган ёзғириш хотинлар тилида урфда эканини биласиз) бор аламини болалардан олишади. Айни мана шу ўринда ота-она ўзлари билиб-билмаган ҳолда бола қалбига, унинг соф дунёқарашига дарз етказадиган, тарбиясини бузадиган, ҳидоятдан адаштирадиган, шукрни унуттирадиган зарбани бериб қўядилар. Бола тинч ва хотиржам яшаш, одамлар орасида обрў олиш учун кўп пул топиш, дабдабали тўй қилиш, ҳашаматли уй қуриш, фақат ва фақат бойлик орттириш керак экан, деган бемаъни хулосага келиб қолади.
Одам алайҳиссаломнинг хатоси
Одам алайҳиссалом ўғли Шитга насиҳат қила туриб: «Ўғилларингга айт, хотинларининг ҳавойи нафсига асир бўлмасинлар. Мен ўз хотинимнинг ҳавойи нафсига асирлигим туфайли тақиқланган мевадан едим ва кейин умр бўйи қаттиқ афсус ва надомат ичида қолдим», деган эканлар. Шайтоннинг қутқусига учган хотинининг гапини икки қилолмай, Тангри таоло маън этган мевадан еган Одам алайҳиссаломнинг жаннатдан қувилганларини биласиз. Айни шу тарих ҳозирги кунларда айрим оилаларда сал бошқачароқ кўринишларда қайтарилаётгандек, назаримда.
Барча ҳавойи орзулар инсоннинг душманидир. Улар гуноҳ бўлган нарсаларни инсонга савоб суратида кўрсатади. Аёллар эркакларга қараганда ҳавойи орзуларга берилувчанроқ бўлганлари туфайли шайтон уларнинг айни шу заиф томонларидан устомонлик билан фойдаланади, уларнинг кўзига бесамар дунёвий истак ва орзуларни чиройли кўрсатиб қўяди. Ҳар қандай аёлнинг ҳам ўз эрига гапини ўтказа олиш «қобилияти» жуда юқори эканини эътиборга олсак, кўп эркакларнинг орзу-ҳавас масаласидаги қарашлари нега хотинларнинг қарашларига ўхшаб қолаётгани сабабини тушунгандек бўламиз. Хотин бор ҳунарини ишга солиб, эрини кўпроқ пул топиш учун чет давлатларга бориб ишлашга кўндиради. Ёки эрта-ю кеч турмушидан нолиб, чакаги тинмай қарғаниб юрадиган хотинининг дийдиёлари туфайли асаблари қақшаб кетган эр пул топишнинг қинғир йўлларига киришга ҳам гоҳида мажбур бўлиб қолади. Ҳар икки ҳолда ҳам унинг аҳволи яхши томонга ўнгланиб кетиши хомхаёл. Кимдир олис бегона юртларда қуллик тузоғига илиниб, ҳаёти хавф остида қолади, кимдир эса кўп пул топаман деб, қинғир йўл тутгани, қонунан тақиқланган ишларга бош қўшгани учун панжара ортига равона бўлади. Демакки, жаннатдек осойишта оилавий ҳаёт насиб этмай, азобли ва аламли ҳаётга гирифтор бўлади. Айни шу ҳолатлар ўша азалий воқеанинг янгича кўринишлари эмасми? Инсоният отасининг жаннатдан қувилиб, бутун умр афсус ва надомат ичида яшашга мажбур этган хатосини такрорлаб яшашдан нима маъно, эркаклар?!
Ривоят этилишича, «Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларидан сўрадилар:
- Ҳаммангиз жаннатга киришни истайсизми?
- Ҳа, ё Расулуллоҳ! – дейишди саҳобалар.
- У ҳолда чексиз орзу-ҳавасларингизни қўйинг! – дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.)».
Чиндан ҳам бизнинг мана шу бемаъни орзу-ҳавасларимиз, қадимий қадриятларимизга ҳам, одамийлигимизга ҳам путур етказадиган сохта урф-одатларимиз ва уларни адо этиш учун бесамар югуриб-елишларимиз бўлмаганида эди икки олам саодатига эришишимиз осонроқ кечарди балки.
Имом Ғаззолий ҳазратлари «Мукошафат ул-қулуб»да ёзадилар: «Қадимда солиҳа аёллар эрлари тижорат мақсади билан йўлга чиқар чоғида дер эдилар:
- Отаси, ҳаром топиш-тутишдан сақланинг! Биз очликка ҳам, бошқа етишмовчиликларга ҳам чидаймиз. Лекин қиёмат куни жаҳаннам оташига чидолмаймиз!..
Қизлари ҳам оталарига шу сўзларни айтишарди…».
Ҳозирги айрим оилаларда эркаклар бу гапларнинг аксини эшитадилар. Эрига: «Эркак бўлсанг, пул топ!», «Мени тергагунча пул топишни ўйласангиз бўлмайдими?», «Аввал катта-катта пул топинг-да, кейин катта гапиринг!» дея ўдағайлайдиган ношукр хотинлар, камхарж отасига: «Фалончи дугонамнинг отаси унга автомашина совға қилди, сиз мен сўраган арзимаган пулни ҳам топиб беролмайсиз», «Мен билмайман, нима қилиб бўлса ҳам менга тилла «тросс» олиб берасиз!» дея талаб қўядиган тарбиясиз қизлар, «Менга уй қуриб бериш вазифангиз! Вазифангизни нима қилиб бўлса ҳам бажарасиз-да!» дейдиган сурбет ўғиллар бор. Бу кўргуликларнинг боши яна айланиб бориб оиладаги ҳукмронлик кимнинг қўлида эканига бориб тақалади.
Муҳтарам эркакларимизга ақл ўргатиш фикридан йироқмиз. Демоқчи бўлганимиз шуки, эркак киши хотинининг нафс кўйидаги васвасаларига учиб қолмаслик учун би-ир фикр қилиб кўриши керак:
- Бу иш менинг соғлом ақлимга тўғри келадими? Мен фақат атрофдаги воқеалар ва хотинимнинг таъсири остида шу ишни қилишга эҳтиёж сезяпман, холос. Аммо мен эркак кишиман, нима бўлганда ҳам номаъқул ва бефойда бу ишларни қилмайман!
Эркакда ана шундай соғлом ақл, эркакча қатъият ва ўз-ўзига ишонч ҳеч қачон сўнмаслиги керак.
Ҳеч эътибор берганмисиз, гўдаклар бир ниманинг талабида, илинжида бўлганларида бақириб-чақирадилар, инжиқланиб йиғлайдилар, ўзларини ҳар кўйга солиб, атрофдагиларнинг эътиборини ўзига қаратиш ва талабларини бажаришга мажбур этишни хоҳлайдилар. Агар шунақа ҳолларда уларга ён берсангиз, инжиқлиги ёки йиғиси босилиши учун унинг айтганларини бажарсангиз, бу ҳол гўдак учун одатга айланади. Энди унинг талаблари ошиб боргани сайин ғалвалари ҳам каттароқ бўла бошлайди. Негаки, у сизни айтганига кўндириш учун тоқатингизни тоқ қилиши кераклигини билиб олди-да. Агар бошиданоқ сиз унинг инжиқликларига, ноўрин талабларига бефарқ бўлганингизда, бесабаб бақириб ёки йиғлаб қолса, атрофида парвона бўлиб, юпатишнинг ўрнига, айтганини бажаришдан ўзингизни тийиб, болага (ҳар қанча ёш бўлса ҳам) бу қилиқлари нотўғри эканини тушунтирганингизда ва бола жанжал ёки бақир-чақирлар, талаб ва кўз ёшлари билан ҳеч нарсага эришолмаслигини англаб қолганида эди, ишингиз енгил кўчарди. Буларни айтишдан мақсад шуки, эр-хотиннинг оилавий муносабатларида ҳам айнан шундай ҳоллар бўлади. Ноўрин талаблари эътиборсиз қолаётган, жанжаллар-у ярашиқсиз инжиқликлари билан ҳеч нарсага эришолмаслигига кўзи етган хотин ўзини ўнглаб олади. Агар унинг оғзи юмилсин учун, айтган ҳар бир ҳавойи тилаклари ижобат этилаверса, у ҳам сизни ўз йўриғига юргизиши учун тоқатингизни тоқ қилишни одат қилади. Нафс илонига емиш берилмаса, ҳолдан кетади, аммо уни боқсангиз, етилиб, аждаҳога айланиб боради, кейин бутун умрингиз нафснинг тилакларини бажариш билан бесамар ва хунук ўтиши тайин.
Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас каломида «Эрлар хотинлар устидан раҳбардирлар!» деб буюради. Раҳбарнинг обрўси, салобати, сўзининг салмоғи бўлмаган идораларда парокандалик, ўзаро ҳурматсизлик авж олганидек, эркакнинг гапи ўтмайдиган оилаларда ҳам тинчлик, хотиржамлик, тотувлик ва рўзғорда барака бўлмайди. Эркак ҳар қандай ҳолларда ҳам ўзининг ғурури ва салобатини сақлаб туриши керак. «Хотинининг нафсоний орзуларига бўйсунган ҳар бир эркакни Аллоҳ жаҳаннам оташига отмай қўймайди», дейди Ҳасан Басрий. Негаки, бемаъни ҳою-ҳавасларга бўйин эгган эркак аслида Аллоҳнинг бераётган неъматларига шукр қилмай, уларни инкор этган ва Худонинг ҳукмига зид иш қилган бўлади.
Ҳарқалай, эркаклар Одам алайҳиссаломнинг хатосини такрорламасалар, афсус ва пушаймонда умр ўтказмасликлари аниқ.
Эркаклар қўмитаси керакми?
Юртимизнинг энг юқори органидан тортиб, ҳар бир вилоят ва туманларда хотин-қизлар қўмиталари мавжуд. Маҳалла қўмиталарида ҳам хотин-қизлар ишлари ва диний масалалар бўйича маслаҳатчи аёллар фаолият юритадилар. Бу қўмита ва маслаҳатчи аёлларнинг эришаётган ютуқлари озмунча эмас. Улар аёлларни иш билан таъминлаш масалаларидан тортиб, оиладаги майда-чуйда жанжаллар, келишмовчиликлар, қайнона-келин муносабатларидаги нозик жиҳатларгача муваффақиятли таҳлил қилиб, муаммоларнинг амалий ечимини топиб, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Лекин ҳали ҳеч бир юртда эркаклар қўмитаси борлиги ҳақида эшитганимиз йўқ. Хўш, бугунги кунда бунга эҳтиёж борми? Бизнингча, бор! Майли, у қўмита деб аталмасин, энг юқори органларда қўмита сифатида фаолият юритмасин, лекин маҳалла қўмиталари қошида ёши улуғ, кўпни кўрган, ҳаётий тажрибага эга эркакларнинг уюшмалари ёки оталар кенгаши ташкил этилса, ёмон бўлмас эди. Чунки, юқорида айтганимиздек, оиладаги эр-хотин муносабатларидан тортиб, маросим-у урф-одатларимиз, тўйларимизда забардаст, бир сўзли, қатъиятли оталарнинг, оқсоқолларнинг, ҳурматли эркакларнинг аралашуви, ҳал қилувчи сўзи керак бўляпти.
Маҳалла қўмиталаридаги мутасаддилар ўзларига қарашли ҳудудлардаги ҳар бир маросимларни, оилалардаги ҳолатларни ҳамиша ҳам назоратда ушлаб тура олмайдилар. Бундан ташқари, маҳалла қўмитасига исталган бир аёл эрининг устидан ёки оиласидаги келишмовчиликлардан шикоят қилиб келиши, дардини айтиши мумкин. Аммо эркаклик ғурури ҳар қандай эркакда ҳам топилади ва улар энг нобакор хотиннинг устидан ҳам шикоят қилиб юришни ўзларига эп кўрмайдилар. Агар маҳалла қўмиталари қошида эркаклар уюшмалари ёки оталар кенгашлари ташкил этилиб, оталаримиз ёш йигитларга ҳаётий сабоқлар берсалар, эркак бўлмоқ илмини ўргатсалар, оталар фарзандлар томонидан беқадр этилаётган, хотинлар илоҳий меъёрни бузиб, эрларига ҳурматсизлик қилаётган оилалар билан тушунтириш ишларини олиб бориб, шарқона муносабатларни, муомалаларни йўлга қўйишга кўмакчи бўлсалар, қандай яхши бўлар эди. Улар ўз маҳаллаларидаги тўйларнинг ортиқча дабдабасиз ўтказилишини доимий назоратга олиб, содда ва камчиқим қадимий қадриятларимизни қайта тиклашга кўмаклашсалар, бу борадаги муаммолар анчагина камайган бўларди. Содда қилиб айтадиган бўлсак, ҳар қандай эркак ҳам хотинининг гапига кириб, тўйларда ортиқча дабдаба ва ҳою-ҳаваслар учун зўр бергани туфайли маҳалланинг энг ҳурматли ва катта ҳаётий тажрибага эга эркаклари, маҳалла оталари, оқсоқоллари олдида ҳисоб беришини ўйласа, анча ўзини тийган ва хотинига ҳам ўз ҳалол ҳукмини ўтказган бўларди. Агар ажрашган хотинида қолган болаларига алимент тўлашдан қочиб, суднинг ҳукмини ҳам писанд қилмай юрган зўравон, номард оталарнинг масалалари эркаклар уюшмасида кўриб чиқилиб, ундайларга эркаклик ори, оталик бурчи ҳақида эркакчасига эслатилса, бу муаммоларнинг ечимида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлса керак, деб ўйлаймиз.
Тўғрисини айтиш керак, ҳамма эркак ҳам оиладаги бошқарувчилик мавқеини хотинига бой бериб қўйганидан қайғуравермайди. Орамизда хотинини «хўжайин» деб чақирадиган, оиласида ҳамма масалани хотини ҳал қилаётганидан ҳатто хурсанд юрадиган, хотини топган пулларга томоғини мойлаб, «топармон» хотинининг айрим ахлоқсизликларига ҳам кўз юмиб кетадиган даюслар, тайёрга айёр бўлиб яшашни эркаклик ғуруридан устун қўядиган кимсалар ҳам бор. Бундайлар билан ҳам эркаклик шаъни масаласида гаплашиб оладиган вақт аллақачон етган.
Оила қонунлари бузилса…
Ҳар қандай муаммонинг ҳам албатта, ечими бўлади. Фақат ҳамма гап муаммонинг асл илдизи қаерда эканини аниқлаш ва беҳуда масалалар билан ўралашиб, вақтни йўқотмасликдадир. Агар оилавий муносабатлардаги муаммолар тезроқ бартараф этилмаса, ёмон муомала ҳам бора-бора одатга, табиий бир ҳолга айланиб қолади. Бир ҳаётий ҳақиқат бор. Агар эркакнинг тили аччиқ, қўли югурик бўлса, аёлига кун бермаса, ҳар қандай сабр-тоқатли аёл ҳам бир куни кетади. Аммо эркаклар ёмон хотинлар билан узоқ вақт муроса қила олар эканлар. Улар ҳатто ҳамиша аччиқ гап, киноя эшитиб яшашга ҳам кўникиб кетадилар.
Жуда кўп эркакларнинг энг катта исёни эса «бошқасини топиб олиш» бўлади. Ношаръий муносабатлар гуноҳи кабиралардан ҳисобланади ва бу ҳолда ҳеч ким ҳақ эмас, Парвардигорнинг олдида «бу ошни пиширганлар»нинг барчаси гуноҳкор, яъни зино қилган эркак ҳам, унга ошно бўлган маъшуқа ҳам ва эрини шу йўлга юришига бемаъни хулқи билан сабабчи бўлган хотин ҳам!
Агар киши лаззатли таомлар билан қорнини тўйдириб олган бўлса, кўчадаги бошқа таомларга қарамайди. Шунинг каби, уйида аёлнинг меҳр-муҳаббатига, эътиборига, эъзозига қониб яшайдиган эркак ҳам (агар нафсини тиёлмайдиган бадбахт кимса бўлмаса) бошқа аёлларга қарамайди. Одатда эрини ўзидан, уйдан бездириб, уни бошқа аёллардан меҳр-муҳаббат, таскин излашга мажбур бўлишига сабабчи бўлган хотин бунақа пайтларда ўзини «жабрдийда» қилиб кўрсатади. Ҳаммага, ҳатто болаларига ҳам ўз оталарини ёмонотлиқ қилиб, унинг ҳурматини тўкади, эл ичра шарманда қилади. Атрофда гап-сўзлар урчийди, ғийбат давралари қизийди. Аммо ҳеч ким эркакни хотинига хиёнат қилишга мажбур этган, ҳатто гуноҳдан қўрқмайдиган даражага етказган ҳолатлар ва уларнинг асл сабаблари билан қизиқмайди. Натижада фарзандлар отага қарши исён қилиб, осий бўладилар, хотин эрининг айбларини ошкор қилгани учун гуноҳкор бўлади, ғийбатчилар ҳам гуноҳи кабирадан ўз «улуш»ларини оладилар. Бу шармандаликларни эшитиб, ичига ютиб кетишнинг ўрнига, бировларга етказиб юрадиганлар ҳам гуноҳкор. Хуллас, оиладаги можаролар чуқурлашиб кетса, атрофга касри урмай қолмайди. Аёлликнинг залвори шу даражадаки, у яхши хулқи билан эрини икки дунё жаннатига дохил қилиши ҳам мумкин ёки ўз ахлоқсизлиги билан унинг ҳаётини бу дунёда заҳарлагани етмагандек, гуноҳкор бўлиб қолишига замин яратиб, у дунёда ҳам дўзахга рўпара этиб қўйиши ҳеч гап эмас.
Бу гапларни айтишдан муддао ҳам юқоридаги фикрларимизга тааллуқлидир. Йигитлар уйланиш, хотин танлаш масаласида яхши бир маслаҳатгўй, ақлли, тажрибали эркакнинг маслаҳатига муҳтождирлар. Агар оталар ўзаро уюшиб, йигитлар учун маслаҳат марказлари ташкил этсалар ҳам ёмон бўлмасди. Ёмон хотин бутун бир наслнинг бузилишига сабабчи бўлиб қолади. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ўғилларига хотин танлаш масалаларига қаттиқ эътибор берганлари, бу борада ғоят синчков ва эҳтиёткор бўлганлари бежиз эмас эди.
Кўп йигитлар уйланишдан ҳам қўрқадиган бўлиб қолдилар ҳатто. Нега? Чунки улар муросасиз хотинга уйланиб қўйиб, умри азобда ўтаётган акалари ёки айрим дўстлари, таниш-билишларининг аҳволини кўриб турибдилар. Кўнгилларида «Менинг ҳаётим ҳам шунга ўхшаш бўлиб қолса, келажагим қандай кечади?» деган хавотир улғаймоқда. Айни шу масалада уларга тўғри маслаҳат бера оладиган инсон керак. Агар жуда кўп оталарнинг бўй етган ўғиллари билан сирдош бўлишга вақт ва тоқатлари ёки хоҳишлари йўқлигини ҳисобга олинса, йигитлар учун маслаҳат марказларининг нақадар зарур эканлиги яққолроқ аён бўлади.
Инсон ҳаётини тартибга солиб турувчи мезонлар бор. Жумладан, эр-хотин бўлиб яшашнинг ҳам алоҳида қонун-қоидалари борки, уларни теран англаб олиш оилавий ҳаётнинг бахт-саодатини таъминлайди. Жамиятдаги деярли барча кўнгилсизликлар оиладаги илоҳий меъёрнинг бузилиши, яъни эркак ва аёлнинг оилавий бошқарув масаласида ўрин алмашиб қолиши оқибатида келиб чиқади.
Оиладаги мавқени қўлдан бермаслик ҳар бир эркакнинг ўзига, ахлоқи ва ақлий савиясининг нечоғлик юксаклигига боғлиқ. Аммо бир имкон борки, у эркак ҳаётида ҳеч қандай кўнгилсизликларга, келишмовчиликларга йўл бермайди, уни оиладаги ўз мавқеини бир умр талашиб ўтишдан, қадр тиланиб, ҳурмат кутиб кун кўришдан асрайди, унга хотиржамлик бағишлайди. Бу имкон Аллоҳнинг суйган эркак бандаларига берадиган ҳадясидир. У – солиҳа аёл!
Дилфуза КОМИЛОВА
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (18.08.2013)
Просмотров: 995 | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz