 |
Исломда Қуддуси шариф шаҳри, ал-Ақсо, Қуббатус-Саҳро масжидлари, "муаллақ тош" ҳақида, Исро ва Меърож сайри ҳақида кўпгина ривоятлар мавжуд. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг Маккадан Қуддусга қилган тунги сайрлари "Исро" ҳамда Қуддусдаги ал-Ақсо масжидидан осмонга кўтарилиб, Оллоҳ билан бўлган суҳбатлари "Меърож" деб юритилади. Бу ҳодиса илоҳий мўъжизалар турига киради.
Бу меърож, яъни Оллоҳ ҳузурига кўтарилиш қиссаси бўлиб, у пайғамбар алайҳиссаломнинг Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқеъ бўлгандир. Расулуллоҳ айтадилар: "Бир кеча Масжид ал-Ҳарамда эканман, баногоҳ ҳузуримга Жаброил Буроқ исмли оқ улов(яшин тезлигида учувчи)ни етаклаб келди ва мени ўша уловга миндириб самога олиб чиқиб кетди. Бир зумда Қуддус шаҳрига етиб келдик. Бу ердаги Масжид ал-Ақсода икки ракаат нафл намозини ўқигач, яна Буроққа миниб Жаброил билан осмонга йўл олдик… ("муаллақ" тош ал-Ақсо масжиди яқинидаги Қуббатус-Саҳро масжиди ичидаги тош. Ривоятларга қараганда, Русулуллоҳ тош орқали Буроққа чиққанлар ва осмонга кўтарилганларида тош ҳам орқаларидан эргашиб, ҳавога кўтарилган-у, "тўхта" деганларида, у ердан 2 метр кўтарилганича муаллақ бўлиб қолаверган).
Табаррук заминни зиёрат этишни ният қилиб юрардим. Жияним Жумабек хизмат юзасидан Исроилга бориб келгач, сафар қилишга иштиёқим янада ошди. Ниҳоят, ниятим амалга ошиб, Қуддуси шарифни зиёрат қилиш насиб этди.
Денов шаҳрида яшаб, кўп йиллар бирга ишлаган тиббиёт хамширамиз Рая (Роҳила)Жўраева ва турмуш ўртоғи, сураткаш Давид Завуровлар таклифига биноан, Исроилга бордим.
Улар Тел-авив шаҳри билан туташ, аэропортга яқин Азур шаҳрида яшашар экан. Мени жуда яхши қабул қилиб, аэропортда кутиб олишди. Уйларидан жой, туз бериб, қадимий Исроил давлатини ўз автомашиналарида томоша қилдириб, тўйларга олиб бордилар, зиёратларда иштирок этишга муяссар бўлдим. У ерда Ўзбекистонимизнинг гуллаб яшнаётгани ҳақида сўзладим.
Исроил давлати 1948 йил 14 майда ташкил этилган бўлиб, асосан яҳудийлар ва араблар яшайди. Давлат тили иврит ва араб тилидир.
Исроил давлатига келганимнинг эртасига орзу қилган Қуддуси шариф шаҳрига, ал-Ақсо масжидига, Муқаддас тош, Қуббатус-Саҳро масжиди зиёратига отландим. Бу манзил Сулаймон қасри, Сулаймон саройи ҳам деб аталади. Қуддуси шариф шаҳри ва Сулаймон Тел-Авивдан 100 километр масофадаги қадимий шаҳардир. Шу шаҳар жуда кўп урушлар, можаролар, емирилишларни бошидан кечирган. Бу ерда азал-азалдан кўп улуғ шахслар туғилган, яшаган, қадами теккан макон бўлганлиги туфайли ҳам муқаддаслигини сақлаб қолган.
Муқаддас қаср майдони (ал-Ақсо масжиди,Муқаддас тош,Қуббатус-Саҳро масжиди)га фақат мусулмонлар киритилади ва ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд. Муқаддас қаср майдонига киришимда қуролланган кишидан иборат соқчилар гуруҳи ҳужжатимни эринмай текшириб кўришди, сўнгра менга юзланиб: "Мусулмонмисиз?"-дея савол беришди. "Алҳамдулиллоҳ, мусулмонман"-деб жавоб бердим. Улар Қуръони каримдан бирор сурани ўқиб беришни сўради. Мен "Фотиҳа" сурасини ўқий бошладим. Паспортдаги Ҳажга борганим ҳақидаги маълумот, бошимдаги ўзбек дўпписи, тўхталмасдан ўқишим таъсир қилдими, сурани тугатмасимдан туриб, "Марҳабо, марҳабо"-деб, майдонга киришимга рухсат беришди. "Бисмиллоҳир Раҳмонир-Роҳим" деб сарой майдонига қадам босар эканман, Каъбатуллоҳга қилган биринчи қадамимдан қандай ҳаяжонланган бўлсам, шу ҳолат яна такрорланди.
Шу ерда Оллоҳга, мени яратгани, униб-ўстиргани, оила, бола-чақа ато этганлиги, барокатли умр берганлиги, Ўзбекистондек бетакрор юртнинг фарзанди бўлганим учун шукроналар айтдим ва дуолар қилдим.
Кўҳна тарихдан маълумки, Қуддуси Шариф кўп асрлик тарихнинг, сон-саноқсиз воқеа-ҳодисаларнинг шоҳиди бўлган заминдир.
Довуд алайҳиссалом (эрадан аввалги 1083-1013 йиллар)кўпгина урушларни бошидан кечирган бани исроил (фаластинликлар)ва яҳудий қабилаларини бирлаштириб, ягона подшоликни барпо этди ва Қуддуси шарифни пойтахт қилиб белгилади. Муқаддас қаср майдонида Байт ул-Муқаддас-ал-Ақсо биноси қуришни бошлади.
Довуд алайҳиссалом вафотидан сўнг, тахтга унинг кенжа ўғли Сулаймон алайҳиссалом (эрадан аввалги 1033-973 йиллар)ўтирди.
Сулаймон алайҳиссалом подшоликни одиллик, адолат, моҳирлик билан олиб бориш, донишмандларча хукм чиқаришда тарихда чуқур из қолдирган.
Ривоят қилишларича, Сулаймон алайҳиссаломга Оллоҳ номи ёзилган олтибурчакли, сеҳрли зумрад кўзли узук ато этилади. Бу узукнинг хосиятидан инсонлар, инсу жинс, деву парилар, ҳайвонот олами, паррандаю даррандалар, қуш, қурт-қумурсқалар, унинг фармонига итоат этувчи бўлдилар. Жумладан, шамоллар ҳам унинг тасарруфига ўтди, унинг фармони билан, у зот қаерга хоҳиш билдирса, ўша ерда эсар эди. Бундан ташқари, тоғу тошлар, ердаги олтин, кумушлар ўзларининг турган жойларини маълум қилар эдилар. Девлар ва инс-жинслар денгиз тубидан қимматбаҳо тошлар, инжулар, ер остидан ва тоғу тошлардан олтин-кумушлар топиб келтиришиб, маҳобатли бинолар, саройлар, қасрлар бунёд этдилар.Ҳукмдор пайғамбар ўзи учун бағоят катта, қимматбаҳо тошлар, инжулар билан безатилган, тоза қизил олтиндан мисли кўрилмаган ажойиб тахт ясаттирди. Довуд алайҳиссаломнинг васиятига кўра, Қуддуси шарифдаги қурила бошланган Байт ул-Муқаддас биноси 7 йилда қуриб битказилди, шунингдек, қадимий шаҳарда кўплаб баланд, осмонўпар қасрлар, иншоотлар қурдирди.
Сулаймон алайҳиссалом муҳрининг рамзи бўлмиш сеҳрли, олтибурчакли юлдуз тасвири бинолар, идишлар, тангалар ва бошқа шу каби нарсаларга туширилар эди. Балки, шунинг учун бугунги кунда Исроилнинг давлат байроғида олтибурчакли юлдуз тасвири қўйилгандир.
Яна ривоят қилишларича, Сулаймон алайҳиссалом умрининг охирги йилларида пайғамбар итоатидаги жинлар, девлар, "Биз эртага нима бўлишини ва ғайб хабарларини билурмиз" дея кибрга кетишган эди.
Уларнинг бу даъволари пуч эканлигини инсонлар билиб қўйишлари учун Сулаймон алайҳиссалом: "Ў Парвардигоро, менинг вафот этганимни қўл остимдаги жинлар ва девлар сезмай қолсинлар"-деб, Оллоҳга дуо билан юзланди.
Дуо ижобат бўлиб, 40 йил подшоҳлик қилиб, 60 ёшида ҳассасига таяниб, тахтга ўтирган ҳолда дорилфанодан дорилбақога рихлат қилди. Жинлар ва девлар ўз хожаларининг ҳамон тахтда ўтирганини кўриб, вафот этганини билмай юравердилар. Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳассаларини қуртлар кемираётганини кўрган жинлар ва девлар аввалига ҳайрон бўлишди, кейин унинг анча илгари вафот этганини билиб, ўзларининг такаббурона даъволари пуч эканлигига иқрор бўлдилар. "Сулаймон ўлди, девлар қутулди"-деган ибора ҳам бизга ўша даврлардан қолган.
Сулаймон алайҳиссалом томонидан қурилган қаср-Байт ул-Муқаддас, Вавилония қироли Новохудоносор томонидан, эрамиздан аввалги 586 йилда, Иеруссалимни ишғол қилгач, вайрон этилади. Орадан 50 йил ўтгач, Буюк Ирод томонидан Байт ул-Муқаддас қайта тикланади. Эрамизнинг 70-йилларида қаср римликлар томонидан яна вайрон этилади.
Муқаддас тош устига, эрамизнинг 691 йилларида Халифа Ал-Валид ибн Абдулмалик томонидан Қуббатус-Саҳро масжиди бунёд этилади. Бу масжид жуда чиройли қурилган бўлиб, Самарқанддаги муҳташам тарихий ёдгорликларни эслатади. Бу масжид бунёд этилгандан буён ҳеч қандай талофат кўрган эмас.
1994 йили Иордания қироли Ҳусайн томонидан 80 кг соф олтин ҳадя қилиниб (шахсий туҳфа), масжид гумбази тўлиқ олтин билан ёпилиб, бугунги кунда узоқдан ярқираб кўзга ташланади.
Ал-Ақсо ва Қуббатус-Саҳро масжидларига кириб, аҳли оилам, элу юртим ҳаққига 2 ракаатдан номоз ўқиб, дуолар қилдим. Шундан сўнг, Давиднинг видеокамерасини олиб, иложим етгунча ҳар иккала масжид, Муқаддас тош, музей, кутубхона ва муқаддас майдонни видео тасвирга туширдим.
Ҳаммани қизиқтирган мавзу-бу "Муаллақ" тош масаласи.
Қисқа қилиб айтганда, Муқаддас тош бор.
Қуббатус-Саҳро масжидига кириб намоз ўқигач, Деновдан олиб борган жойнамозимни масжид имомига, масжид учун туҳфа, деб топширдим, имом Бухорий, Имом Термизий (араблар бу кишиларларни яхши билишади) ҳақларига ва Ўзбекистон халқига дуо олдим.
Қуббатус-Саҳро масжиди меҳробининг қарама-қарши томонида Муқаддас тош жойлашган. Муқаддас тош ҳар томони ерга ёпишган, катталиги тахминан 15х20 метрлар келади.
Тош масжиднинг меҳроби томонида… кичик эшиги бор. Шу эшикдан 16 та зинапоядан пастга тушиб, тош ичидаги ғорни кўрдим. Ғорнинг узунлиги (тахминан) 7 метр, эни 5 метр, баландлиги 3-3.5 метр. Зинапоянинг тушишда чап томонида мармар тошдан ясалган супачада Қуръон китоби, ўнг томонда кичик китоб жавонида ҳам Қуръон китоблари ва кичик меҳроб, ғорнинг орқа-ўнг бурчагида икки киши намоз ўқийдиган супача, қолган қисмида намозхонлар учун тўшалган жойнамозли-гилам, ғорнинг тепа қисмида тешик бўлиб, унга электр ёритқич ўрнатилган.
Ўзим кўрган нарсаларга тўлиқ гувоҳлик бераман. Баъзи бир ҳамюртларимиз: "Кўрган бўлсангиз-да, муаллақ деб айтинг, шунча вақтдан буён муаллақ деб келинган", дейишди.
Мен уларга: "Ўзимни ҳам, Оллоҳни ҳам алдаш нима учун керак! Муаллақ тош йўқ, Муқаддас тош мавжуд", дедим.
Довуд алайҳиссаломнинг қабрини зиёрат қилдим. Қуддуси шарифдаги тарихий биноларни, масжидларни, қабрларни, кўчаларни томоша қилдим.
Навбатдаги зиёратимиз, Қуддуси шарифнинг жанубида жойлашган (40 км) Хеврон-Ал-Ҳалил номли, араблар яшайдиган шаҳар эди. Бу шаҳар ҳам жуда қадимий маконлардан бири бўлиб, асосан араблар, қисман яҳудийлар ва бошқа миллат вакиллари яшайдилар. Бу шаҳар ҳам уч диннинг (яҳудий, насроний, мусулмон) марказларидан бўлиб, барча дин вакилларининг ибодатхоналари (синагог, черков, масжид) мавжуд.
Иброҳим алайҳиссалом номидаги мусулмон масжиди ҳам бор экан.
Бу ерда ал-Ҳалил номи билан аталувчи жуда катта ибодатхона мавжуд бўлиб, яҳудийлар бугунги кунда ҳам ўша ерда ибодат қилишади.
Шу ердаги Маҳпелло ғорида Иброҳим алайҳиссалом ва у киши аёли Сора онамизнинг, Исҳоқ, Яъқуб алайҳиссалом ва хотини ҳамда Исҳоқ (а.с) нинг ўғли Эсовнинг мақбараларини кўриб, зиёрат қилдик.
Зиёрат қилиб қайтаётган пайтимизда шу ердаги зиёратчилардан бири: "Одам Ато ва Момо Ҳаволарнинг қабри ҳам шу ерда, 50 метр чуқурликда, лекин у ерга ҳеч ким қўйилмайди", деб айтиб қолди.
Мен бу гапга иккиланиб, уйга қайтгач, қўлимда бор манбаларни қараб чиқдим. Манбаларда айтилишича: "Одам Ато Макка яқинидаги Абу Қубайс тоғининг ғорига дафн этилган. Момо Ҳавво Одам Атодан кейин яна етти йил яшаб вафот этади ва Одам Ато ёнига дафн этилади. Нуҳ алайҳиссалом замонидаги тўфондан олдин Одам Ато ва Момо Ҳавволарнинг жасади Фаластиндаги машҳур шаҳар Қуддуси шарифга кўчирилади. Кўзи билан кўрган, зиёрат қилган мулло Исмоил: "Буларнинг қабри Жидда"да, деб айтди.
Шунингдек, Юсуф алайҳиссалом (эрадан аввалги 1934-1824) Мисрда вафот этади. У кишини тобутга солиб, Мисрда дафн этадилар.
Таассуротларнинг чеки йўқ.
Айтишларича, Исроилда 8 миллион аҳоли бўлиб, шундан 3 миллиони араблар, 5 миллиони яҳудийлардир. Қайси шаҳарга борсангиз, араб билан яхудийлар бир-бирига қўшни яшаяпти. Кўчанинг бир тарафи яҳудий бўлса, иккинчи томонида араблар яшайди. Ҳар бир шаҳарда масжид ва синагоглар мавжуд ва сони ҳам кўп. Шаҳарда ва кўчаларда ҳамма ёнма-ён юриб савдо қилиб, яшаб юришибди.
Шаҳарлар тоза, ҳар бир мавзеда бир неча болалар ва катталар спорт майдонлари бор. Кўчаларнинг гулзорлаштирилганлиги, йўлларнинг жаҳон андозалари асосида барпо этилгани ва текислиги, аэропорт, автомобил, темир йўл транспортлари бекатларида навбатнинг йўқлиги, аҳоли чиқиндиларини йиғиш ва олиб кетиш яхши ташкил этилгани, автомашиналарнинг тўхташ ва сақлаш ишлари юқори даражада ташкил этилгани, барча-барча яхши ишлар инсон руҳиятига ёруғлик бағишлайди.
Исроилнинг гўзал шаҳарларидан бири Хайфага икки қаватли вагонлари бор поездда бордик. Тоғ тепасига чиқиб, тоғ ён-бағридаги гўзал гулзорларни, Ўрта ер денгизининг мавжларини кўриб, гапнинг рости, роса завқландим.
Ўлик денгизга бориб-келишда йўл бўйидаги хурмозор, бананзор, лимонзор, мандаринзор майдонларини кўриб кўз қувонади.
Бу ерлар субтропик зона бўлгани учун, ҳар бир хонадон ҳовлисида лимон, хурмо дарахтларининг мевалари, шу хонадонга ўзгача чирой, тароват бағишлайди.
Ўлик денгизга бориб, унинг ўта тўйинган тузли сувида чўмилиб, бемалол чалқанча ётиб (одам чўкмайди) китоб ўқиш мумкинлигининг гувоҳи бўлдим.
Бу денгиз ўзининг денгиз сатҳидан 408 метр пастлиги билан ҳам дунёда ягоналигини исботлайди.
Мен Ўзбекистонда туғилиб-ўсган, ўзбекона урф-одатларни яхши ўзлаштирган Бухоро яҳудийлари хонадонларида яшадим, меҳмондорчиликда, тўйларида бўлганимда доимо Ўзбекистон нафасини ҳис қилиб, вақтни ҳеч бир зерикмай, зиёрат ва саёҳатлар билан ўтказдим.
Ўзбекистонда туғилиб- ўсган яҳудий ватандошларимиз, Ўзбекистон ҳақида оғизларидан бол томиб гапиришганини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Қанчалик қуюқ меҳмондорчилик бўлмасин, ўзимнинг содда барпо этилган уйимни, бағри кенг, камтарин, меҳнаткаш ўзбек халқимни кўп соғиндим. Ўзбекистонда халқ учун барча нарсалар мавжудлиги, лаззатли ширин таомларининг таъми, бозор ва дўконлардаги мўл-кўлчилик ва арзончилигини ҳис этиб, солиштириб, юртим билан янада фахрландим.
Равшан ҳожи МИРЗАЕВ,
|
|