Менинг исмим Парта
Салом. Менинг исмим парта. Ўқувчи ва талабаларга хизмат қиламан. Мен уларни жуда ҳам яхши кўраман. Улар ҳам мени… яхши кўришармикан? Мен уларнинг хурсандчиликларию, қайғуларига шерик бўламан. Афсуски улар қадримга етишмайди. Устимга алламбалоларни ёзиб кетишади. Кимдир яхши кўрган инсонига севги изҳор қилса, яна кимдир расм чизиб, турли хил рекламаларни ёзиб кетишади. Кейинги пайтлари агентдаги логину, Watsappдаги номерларга тўлиб кетдим. Хўп, буларнику тушуниш мумкин, улар ўзларини кўрсатишни яхши кўришади. Лекин ҳақоратлаб, турли хил бўлар-бўлмас ёмон сўзларни ёзиб кетадиганларни қандай тушуниш керак? Ўзлари кўйлаги ёки бирор кийими озгина кир бўлса кийишармикан? Йўқ асло. Ҳечқачон! Ҳар куни янги кийимда, камида ювилиб дазмолланган кўйлагу, шимларда келишади. Ҳамманинг хавасини келтириб. Менчи? Бирортаси ҳеч бўлмаганда устимдаги ёзувларни ўчириб, тозалаш ҳақида ўйлашмайди? Наҳотки менинг қадрим йўқ бўлса?
Мана ёз фасли ҳам яқинлашмоқда. Барча ўқув ўринлари таъмирланади. Мени ҳам янги ҳолатга келтириб қўйишади. Худди янгидан заводдан чиққандек ҳис қила бошлайман ўзимни. Бироқ қувончим узоққа чўзилмайди. Куз келиб, ўқиш бошланганидан сўнг, яна ҳаммаси қайтадан бошланади. Эҳҳ, қачон мени ҳам тоза тутиб, устимга ҳеч нарса ёзишмас экан-а?
Юсупов Фурқат
Манба: Furkat.uz
|