//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

“Мен нега отамга болта урдим?”

“Мен нега отамга болта урдим?”


 

Баҳор. Кечагина изғириндан дийдираган дарахтлар бугун вужудини иссиққа бериб жимгина туришибди. Қуёш эса уларга ҳазиллашганча булутлар ортига ўтиб яшинмачоқ ўйнаётгандек, гўё. Кимдир қўшнисидан кўчат сўраган, кимдир қиш бўйи кўрмаган яқинларининг ҳолидан хабар олгани йўлга отланган.

 

Бекатда автобус кутарканман, ғимирлашга тушиб қолган одамларга қараб шулар хаёлимдан ўтди.

Автобус келди. Орқа ўриндиқларнинг бирига жойлашдим. Рўпарама-рўпара қўйилган ўриндиқларнинг бирида гулдаста ушлаган аёл ўтирарди. Унинг билинар-билинмас доғ тушган юзи негадир жуда таниш. Тикилиб ўтирганимни кўриб бироз ўнғайсизланди ва менга қараб кулимсираб қўйди. Унинг чаккасида кулгичи бор эди. Шунда беихтиёр унинг ким экани ёдимга тушди.

... Қорлар эриб, энди кунлар исий бошлаган. Ҳамма далага ошиқадиган пайт. Бирданига қишлоққа совуқ хабар оралади. Бир қиз отасини ўлдириб қўйибди. Кеч­қурун эса йиғиси қишлоқни тутаётган қизни милиция олиб кетди. Барча тенгдошларим қатори ҳали болалик беғуборлиги кетмаган хотирамда бу муҳрланиб қол­ди...

Беихтиёр титраб кетдим. У қўрқиб кетганимни сезди, шекилли, мен томонга бошқа қарамади. Мен эса ундан кўзимни олмасдим. Унга қараб ўтириб хаёлимдан «наҳотки, шу аёл қотил бўлса», деган ўй ўтарди. Унинг меҳр балқиб турган чеҳрасида, беозор қарашида ҳеч қандай ёвузлик шарпаси йўқ эди. Борган сари бунга иқрор бўлаётгандек эдим. Кутилмаганда у менга савол бериб қолди.

— Шу қишлоқданмисиз?

— Ҳа.

— Шунча йил ўтса ҳам, қишлоқ ўша-ўша, ўзгармабди, — у чуқур хўрсинди. — Бу ерлар менинг кўп кунларимга гувоҳ бўлган.

Энди бу ўша қиз эканига шубҳам йўқ эди. У дераза томонга кўз тикканча оҳиста гапира бошлади.

— Онам синглим иккимизни ўгай ота қўлига ташлаб кетди. Биз онам қаерга кетиб қолганини билмасдик. Отам эса бизга текинхўрлар дея кун бермасди. У ҳар доим тажанг, нимадандир аламзада  юрар, бутун заҳрини бизга сочарди. Синглим жудаям нимжон эди. Тез-тез касал бўлар, баъзида бошини кўтаришга ҳам мадори етмасди.

Бир сафар у ҳушидан кетгудай бўлиб чўзилиб қолди. Нима қиларимни билмай ҳовлида зир югураман, аммо чора йўқ эди. Касалхонага олиб борай десам пулим йўқ, бунинг устига у ерга қандай боришни билмасдим. Синглим шу ётишида кун бўйи туз тотмади. Ҳеч бўлмаса, очиқ ҳавода ўтирсин деб, ташқарига олиб чиқдим-да, супага ётқизиб қўйдим. Бир маҳал ташқаридан отам хўмрайиб кириб келди. Кирдию бақира кетди.

— Мен сенга қанча айтишим керак, товуқларингга қара деб. Қўшниларнинг томорқасига ўтиб кетибди, энди сени деб қўшни хотинлардан гап эшитишим қолувди.

У бақирганча жазавага тушиб мени калтаклай кетди. У ҳар доим нимадандир жаҳли чиқса, мени ёки синглимни калтакларди. Гоҳида шундай жазавага тушардики, қўлидан зўрға қочиб қутулардим. Бу сафар ҳам қочмоққа интилдиму, ҳеч иложини қила олмадим. Отам шундай важоҳатга мингандики, супада ётган синглим қўрққанидан чинқириб йиғлаб юборди. Отамнинг бундан баттар жини қўзиди. Мен қолиб, синглимга ёпиша кетди. Жон ҳолатда синглимни ҳимоя қилишга уриндим, аммо ҳарчанд уринмай, унинг чангалидан синглимни қутқара олмадим. Ичим нафратга тўлиб борар, қани энди кучим етса-ю бир зарб билан отамни қулатсам, деган истак ичимда ғалаён қиларди. Шу пайт кўзим ўчоқ бошида ётган болтага тушди. Югуриб бордиму уни чангаллаб олдим. Зарб билан отамнинг икки курагининг ўртасига болта билан урдим. Зарбадан у ерга йиқилди...

Синглим эса калтаклар зарбидан ҳушсиз ётарди. Ўша вақтда хаёлимга фақат бир нарса келди: энди мен учун ҳеч қандай йўл йўқ эди.

Суд залида ҳукм ўқилаётганида синг­лимнинг йиғлаб, зорланиб менга қараб турган нигоҳлари ҳали-ҳанузгача кўз олдимдан кетмайди. Белгиланган жазони ўтаётганимда менга хат келди. Қўшнимиз синглимнинг вафот этганини ёзганди. Бу хабарни ўқигач, кўзимга дунё қоронғи кўриниб кетди. Чунки мен синглимнинг борлиги, унга кераклигим учун ҳаммасига дош бериб келаётгандим. Бу хабардан сўнг эса ҳаёт билан боғлаб турган ҳамма ришталар узилганди...

Гўёки менинг ҳеч нарсага ҳақим йўқ эди. Орзу қилишга ҳам, бахтли бўлишга ҳам. Ҳаммаси тугади деб ўйлардим. Бу хаёл жазони ўтаб озодликка чиққанимдан кейин ҳам миямга ўрнашиб қолди. Аммо Яратган меҳрибон экан. Озодликка чиққанимдан кейин қишлоққа қайтмадим. Одамларнинг қўлларини бигиз қилиб кўрсатишларидан андиша қилдим. Бош­қа жойдан қў­ним топдим. Яхши инсонлар кўмаги билан жамиятда аста-секин ўз ўрнимга эга бўлдим. Ҳозирги кунларим, бахтли онларим қачонлардир мен учун шунчаки орзу эди.

Баъзи инсонлар ўтмишини эсласа ғурурланади, суюнади, мақтанади. Мен эса даҳшатга тушаман. Ўтмишимдан арзирли хотирам биргина синглим эди. Шугинани айт­маганда ўтмишим йўқ. Ҳозир эса ёнимда суянчиғим — турмуш ўртоғим, вужудимда эса дунёга келишга шошилаётган фарзандим бор...

Аёл шундай деганча, кулимсираб қўйди. Мен эса унинг қўлидаги бир даста ранг-баранг гулларга, кейин эса билинар-билинмас доғ тушган юзига қараганча жим ўтирардим.

Навбатдаги бекатда аёл гулдастани қучоқлаганча автобусдан тушди. Автобус яна қўзғалганда қайрилиб, қабристон томонга аста-секин одимлаётган аёлга қарадим. У гулдастани синглиси қабрига элтаётгани аниқ эди.

Раъно АБДУЛЛАЕВА

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (20.05.2015)
Просмотров: 837 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz