МЕҲНАТ УЛУҒЛАГАН АЁЛ
- Нафақага чиқдим, фарзандларим уйли-жойли бўлди, энди бемалол дам олсам ҳам бўлади, деб оёқ узатиб ўтиролмадим, - дейди Миришкор тумани Чаманзор қишлоғилик Ойбаҳор Ҳасанова. - Шу кунларга етказганига шукур қилиб, менга берилган умр давомида яна нималардир яратиш илинжида яшадим. 30 сотих ер олиб, кўчат етиштирдик, мўъжазгина боғ яратдик. Шу асосда ҳам оиламизга, ҳам жамиятимизга фойдаси тегадиган оилавий тадбиркорликни йўлга қўйдим. Давлатимиз томонидан хотин-қизлар фаолиятига шунчалик эътибор қаратилган экан, биз қайси ҳудудда яшашимиздан қатъи назар, бу ишончни, албатта, оқлашимиз керак-да.
Шоҳиста БОЗОРОВА.
Юзларидан нур, кўзларидан меҳр ёғилиб турган бу куюнчак аёл ўзи бошлаган тадбиркорлик ишлари самарасини кўриб, янада куч-ғайрат, шижоатга тўлади.
- Кўчатларимизни ҳар икки йилда кўчириш учун тайёр ҳолга келтириб, бозорга чиқарамиз, - дейди Ойбаҳор Ҳасанова. - Боғимизда эса меваларнинг ҳамма туридан бор. Шуларнинг ўзидан ҳар йили 10-12 миллион сўм атрофида соф фойда қиламиз.
Оилада 2 ўғилни ўстириб, вояга етказган, ҳозирда 8 нафар набира ардоғида бўлган Ойбаҳор Ҳасанова турмуш ўртоғи билан биргаликда уларни ҳам меҳнатни севишга ўргатмоқда. Тиниб-тинчимас онахон паррандачилик ва чорвачиликни ҳам йўлга қўйди. Баҳор келиши билан оила аъзолари бирлашиб ипак қурти ҳам боқади. Шу сабабли бу хонадонда қишин-ёзин иш қайнайди. Ҳар бир ишдаги саранжом-саришталикда аёлнинг диди, аёлнинг қўли борлиги яққол намоён бўлади.
- Турмуш ўртоғим Тилла Эминов Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тугатган, - дейди онахон. - Касби агроном. Даладаги асосий ишларни юритади. Шу билан бирга келинларим Ирода ва Гўзал ҳам ҳар бир юмушимга яқин кўмакчи. Уларнинг ҳар бири ўзининг зиммасига юкланган ишни ўз вақтида бажаришга улгуради. Дала ишларидан ортиб, 4-5 тадан сигир соғишади, 80 та куркага қарашади. Бу эса ўз ўрнида менга бошқа ишларимни хотиржамлик билан бажаришимга имкон беради. Бизда ҳеч ким меҳнатдан қочмайди. Шунинг учун бўлса керак, меҳнатнинг нони ширин, оши тотли. Дала ишларидан ортиб, ёзда мураббо, помидор, бодринг тузламаларини ёпамиз. Ортиқча меваларни қуритиб, қишда фойдаланамиз. Маҳалладаги эҳтиёжманд оилаларга бепул кўчат тарқатиб, уларга боғда етиштирилган турли хил мевалардан тортиқ қиламиз.
Ойбаҳор Ҳасанова узоқ йиллар тумандаги 28-ўрта мактабда ўқитувчи, директор бўлиб ишлади. Шу билан биргаликда "Тонг юлдузи" фермер хўжалигини бошқарди.
Ўн йил давомида Ширин маҳалласида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи вазифасида самарали фаолият кўрсатди. Айни пайтда ҳам кайвони онахон сифатида маҳалла тадбирларида фаол иштирок этади.
- Ҳаётимдан мамнунман, - дейди Ойбаҳор Ҳасанова. - Шундай замини тинч, осмони мусаффо, халқи фаровон, кексалари эъзозланаётган юртда яшаётганимдан фахрланаман. Нолиб юрадиган "нони ярим"ларга бунинг ўрнига меҳнат қилинг, илм изланг, ҳунар ўрганинг, атрофингиздаги гўзал нарсалардан баҳра олишни, шукронани ўрганинг, борига шукур қилишни одат қилинг, дейман. Доим ҳаракатда бўлган, меҳнатдан қочмаган одам ютқазмайди.
Катталардаги ана шундай шижоат, ҳаракатни кўрган ва айни пайтда уларнинг атрофида ва бевосита назоратида ўсаётган ёш авлод вакилларида ҳам бу хислатлар анча эрта шаклланишига шубҳа йўқ.
|