
Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги Чаманзор қишлоғилик Ойбаҳор Ҳасанова нафақага чиқдим, фарзандларим уйли-жойли бўлди, энди бемалол дам олсам ҳам бўлади, деб оёқ узатиб ўтиролмади. Шу кунларга етказганига шукур қилиб, умри давомида яна нималардир яратиш илинжида яшади. 30 сотих ер олиб, кўчат етиштирди, мўъжазгина боғ яратди. Шу йўл билан ҳам оиласига, ҳам жамиятга фойдаси тегадиган оилавий тадбиркорликни йўлга қўйди.
Юзларидан нур, кўзларидан меҳр ёғилиб турган бу куюнчак аёл ўзи бошлаган тадбиркорлик ишлари самарасини кўриб, янада куч-ғайрат, шижоатга тўлади.
— Давлатимиз томонидан хотин-қизлар фаолиятига шунчалик эътибор қаратилган экан, биз бу ишончни, албатта, оқлашимиз керак-да, — дейди у. — Кўчатларимизни ҳар икки йилда кўчириш учун тайёр ҳолга келтириб, бозорга чиқарамиз. Боғимизда эса меваларнинг ҳамма туридан бор. Шуларнинг ўзидан ҳар йили 10-12 миллион сўм соф атрофида фойда қиламиз.
Оилада икки ўғилни ўстириб, вояга етказган, ҳозирда саккиз нафар набира ардоғида бўлган Ойбаҳор Ҳасанова турмуш ўртоғи билан биргаликда уларни ҳам меҳнатсеварликка ўргатмоқда. Тиниб-тинчимас онахон паррандачилик ва чорвачиликни ҳам йўлга қўйган. Баҳорда оила аъзолари билан биргалашиб ипак қурти ҳам боқади. Шу сабабли бу хонадонда қишин-ёзин иш қайнайди. Ҳар бир ишдаги саранжом-саришталикда аёлнинг диди, аёлнинг қўли борлиги яққол намоён бўлади.
Турмуш ўртоғим Тилла Эминов Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тугатган, — дейди онахон. — Касби агроном. Даладаги асосий ишларни юритади. Шу билан бирга, келинларим Ирода ва Гўзал ҳам ҳар бир юмушимга яқин кўмакчи. Уларнинг ҳар бири ўзининг зиммасига юкланган ишни ўз вақтида бажаришга улгуради.
Дала ишларидан ортиб, 4-5 тадан сигир соғишади, 80 та куркага қарашади. Бу, ўз ўрнида, менга бошқа ишларимни хотиржамлик билан бажаришимга имкон беради. Бизда ҳеч ким меҳнатдан қочмайди. Шунинг учун бўлса керак, меҳнатнинг нони ширин, оши тотли. Маҳалладаги эҳтиёжманд оилаларга бепул кўчат тарқатиб, уларга боғда етиштирилган турли хил мевалардан тортиқ қиламиз.
Ойбаҳор Ҳасанова узоқ йиллар тумандаги 28-ўрта мактабда ўқитувчи, директор бўлиб ишлади. Шу билан биргаликда “Тонг юлдузи” фермер хўжалигини бошқарди. 2004 йилгача “Ширин” маҳалласига диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи вазифасида ишлади. Шу йиллар давомида маҳалладаги ёши улуғ инсонлар билан маслаҳатлашиб, бир қатор хайрли юмушларни амалга оширди. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олди олиниб, қизларни эрта турмушга узатиш, ҳуқуқбузарлик, оилавий ажримлар каби ҳолатлар сўнгги йилларда қайд этилмади.
Маҳалла ҳудудидаги “Ширин” қишлоқ врачлик пункти билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани хотин-қизлар, айниқса, кексалар саломатлигини доимий назорат қилиб бориш, зарур ҳолларда уларга тиббий маслаҳат, даволаш муолажаларини кўрсатишга хизмат қилмоқда. Ҳафтанинг сешанба куни “Нуронийлар куни” деб эълон қилинган. Шу куни ҳамширалар, шифокорлар, маҳалла фаоллари кексаларнинг уйига бориб, саломатлигини назорат қилади, керакли маслаҳатлар беради.
— Кексалари бор оилалар файзли, қут-баракали, ёшлари одобли, меҳрибон бўлади, — дейди суҳбатимиз сўнггида қаҳрамонимиз. — Қизлар, келинлар режали бўлиш, оила тутиш маданияти, қайнота-қайнонага, турмуш ўртоғига, фарзандларига муносабатни улардан ўрганади.
Ҳаётимдан мамнунман. Шундай замини тинч, осмони мусаффо, халқи фаровон, кексалари эъзозланаётган юртда, яшаётганимдан фахрланаман. Нолиб юрадиган “нони ярим”ларга бунинг ўрнига меҳнат қилинг, илм изланг, ҳунар ўрганинг, атрофингиздаги гўзал нарсалардан баҳра олишни, шукур қилишни одат қилинг, дейман. Чунки доим ҳаракатда бўлган, меҳнатдан қочмаган одам ҳеч қачон ютқазмайди.
Шоҳиста БОЗОРОВА,
“Туркистон-пресс”
ЎзА олган сурат.