//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

МАЪРИФАТ ЖОНКУЯРИ

                           5 ОКТЯБРЬ ЎҚИТУВЧИЛАР КУНИ
    МАЪРИФАТ ЖОНКУЯРИ


   Чорак асрдан  зиёд умрини  устозликка бағишлаб, меҳнат, ижод завқи, эл-юрт ишига камарбасталик билан ўтказиб келаётган  камтарин инсон  Махсуда Мирҳакимовани Тўлебий тумани ўзбекларидан   билмаган киши бўлмаса керак. Кимларгадир у таълим-тарбия, маънавият ва маърифат жонкуяри,  ёки синф раҳбари сифатида танилган бўлса, бошқалар уни бадиий ўқиш устаси, моҳир воиз, давраларга завқ-шавқ киритадиган ҳозиржавоб инсон деб билади. Ана шу қобилият ва фазилатларнинг бир кишида мужассамлашиб, унинг серқирра истеъдод соҳиби бўлиб етишишига ўзи ўқиган Киров номли (ҳозирги Ал Форобий)мактабнинг ўқитувчиларидан Раҳмонали Раҳимбоев, марҳум Ўлжавой Исмоилов, Раҳмонали Сайдазимов,Аъзам Ниёзов ва бошқаларнинг ҳиссаси катта бўлганини қайд этади Махсуда Азимқизи.
Мактабнинг илмий мудири  сифатида фаолият кўрсатар экан,  ўқувчиларида Ватан тақдири, унинг бугуни ва эртасига дахлдорлик туйғусини камол топтиришда маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор берди.У ёшларга ижтимоий фанлардан ўтиладиган машғулотлар самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида ўқув жараёнига ноанъанавий интерактив усулларни кенг жорий этди, Абу Али ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд сингари алломалар ҳақида мультимедия воситаларини ва ўқув видеофильмларини яратди,  барча қатламдаги аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борди ҳамда 2010 йилда "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" туман танловининг ғолиби бўлди.
 Ёшлигидан шеъриятга меҳр қўйган  Махсуда Азимқизи ўзбек адабиёти намояндаларининг ижоди ва ҳайтига бағишланган ўнлаб тадбирларни ўтказиб, уларни мактаб анъанасига айлантира олди. 
—Замонавий устоз, мураббий,ўқитувчи деганда кимларни кўз олдимизга келтирамиз?—дейди М.Мирҳакимова.— Менимча, ҳар томонлама камолга етган баркамол инсонни тарбиялашга бел боғлаб,ўзида иймон-эътиқод, меҳр-шафқат, ватанпарварлик, дўстлик, мурувват, қаноат ва сабр-тоқат, сахийлик, миллий ғурур каби фазилатларни шакллантира олган одамни.Болаларга мустақил диёр фарзандлари эканлигини, маънавиятимиз ва қадриятларимиз тиклангани, она тилимизни асраб авайлаш кераклигини тез-тез уқтириб туришимиз керак.Зеро, асрлар давомида инсон ақл-заковати ила бунёд этилган бой маънавият туфайли,халқимиз мағрур яшади, меҳнат қилди, доимо ҳуррият ва эрк сари интилди. Буюк алломаларимиз томонидан яратилган оғзаки, ёзма ижодиёт, ҳадиси 
шариф, халқ китоблари, пандномаларида авлоддан-авлодга ўтиб 
келаётган иймон-эътиқод сирларининг назарий ва амалий жиҳатлари 
ҳақидаги билимлар билан ёшларни қуроллантириш лозим.
   —Демак,  замонавий ўқитувчи баркамол инсон учун зарур бўлган қуйидаги хусусиятларни шакллантиришга эришиш лозим?
 —Ҳа.Ўқувчилар қалбини одоб-ахлоқ нурлари билан ёритмоқчи бўлган 
тарбиячи — ўқитувчи чуқур билим, юксак маҳорат ва тарбиячилик санъатини 
эгалламоғи, бунинг учун маънавий-тарбиявий ишларни ташкил қилишда ўқитувчи—тарбиячи 
назарий ва амалий асослар ҳақида билимга эга бўлиши. оммавий ахборот воситалари материаллари билан таниш бўлиши ва улардан керакли жойда унумли фойдалана олиши,таълим тўғрисидаги ахборотлардан, янги педагогик технологиялардан  воқиф бўлиши, инсонни маънавий баркамол қилиб тарбиялашда ўзбек халқининг миллий  ва маънавий қадриятларидан, манбашунослиқдан хабардор бўлиши ва унга амал қилиши, маънавий-тарбиявий тадбирларни режалаштиришда ўқувчи ёшларнинг 
руҳияти, қизиқиши, жамоадаги ижобий ва салбий сифатларининг мавжудлиги 
даражасига эътибор бериши, ҳар бир масалага, воқеа-ҳодисага ижодий ёндашиши, тарбиявий 
тадбирларнинг сифат ва самарадорлигини оширишда янгича ишлаш методи ва 
шаклларидан фойдаланишда ҳам маҳоратга эга бўлиши керак.  
  —Булар мактабнинг, устозларнинг асосий вазифаси.Энди оилада болага бериладиган маънавий-ахлоқий тарбия ҳақида нима дейсиз? 
  —Оила муаммоси кишилик жамиятининг ҳамма босқичларида 
умумдавлат аҳамиятига эга бўлган. Абу Райҳон Беруний башорат этганидек: 
«...Болаларнинг юз чиройлилигига она қорнидаёқ замин тайёрланади. Бундан 
кейин у чиройлиликни ўзгартирадиган куч йўқ» («Минерология» асар). 
Фақатгина ота-она тарбия орқали боланинг одоб-ахлоқини янада нафосатли 
қилиш мумкин.
Ота-она фарзанд туғилишидан олдин ёмон ҳаракатлардан тийилиши, аёл 
учун ёқимли шарт-шароит яратилиши лозим. Шундагина албатта соғлом 
фарзанд туғилади. Соғлом туғилган фарзанд ота-онанинг бахти, жамият 
кўркидир.
Халқимизнинг асрий орзуси ёшлар қалбига «Нима яхшию, нима ёмон» 
эканлигини муҳрлашдир. Халқимиз «яхшилик»нинг «ёвузлик», «ёмонликдан» 
ғолиб келишини ўзига яратган оғзаки ижодиёти-эртак, ривоят, ҳикмат, урф-
одат, маросим ва ёзма ёдгорликларда мерос қилиб қолдирган. Бу ғоялар 
мутафаккир, маърифатпарвар педагог ва олимлар ижодиётида янада сайқал 
топган.
Мустақиллик шарофати туфайли ҳар бир миллат ўз тили, ота-боболарининг
 меросини ўрганишга кенг имконият яратилган бир шароитда Президентимиз 
Нурсултан Назарбаевнинг  қозоғистонликларни ватанпарварлик руҳида 
тарбиялаш ҳақидаги қонунида қайд этилган  : «Мустақил, озод Қозоғистоннинг
 келажаги, истиқболи ёшлар қўлида, равнақи теран 
билимли, юксак маданиятли авлодларимиз қўлида» чақириғига амал 
қилиш дастлаб оила ота-онанинг Ватан олдидаги бурчи эканлигини таъкидлаш 
лозим.
Инсоннинг умри узлуксиз, босқичма-босқич ривожланиш хусусиятига 
эга. Лекин ҳаётнинг мазмунли бўлишида бериладиган таълим-тарбиянинг 
дастлабки пойдевори оилада-ота-она томонидан яратилади. 
  —Айтингчи,бола қандай одоб-ахлоққа доир билимни оилада олиши керак, бу билимларнинг салмоғи 
нима билан ўлчанади? 
  —Уларни яхши хул-атворни ўргатиш ва тарбиялашда,авлод ва қариндошлар ҳақида меҳр уйғотувчи икки оғиз ширин сўзда, меҳнат-инсон кўрки эканлигида,халқ ўйинларида, боболар ўгитларида кўриш ва илғаш мумкин.Ота-она фарзандларини билимли, маълум касб-ҳунар эгаси, комил инсон 
бўлиб етишишини орзу қилади.«Фарзандингиз жамоат тарбияси даражасидаги етарли билимга эгами? У 
нималарни билади? Нималарни ўргатиш керак?» деган саволга жавобни фарзанд 
қиёфаси, ички дунёси, хатти-ҳаракатларидан қидирмоқ лозимдир.
  —Яъни, бу хусусиятларни шакллантириш учун ота-оналар нималарга аҳамият 
беришлари лозим?  
  — Ота-онанинг оилавий ҳаётда кўрган-билганларига суянган ҳолда болани тарбиялаш (оилавий анъана, урф-одат, расм-русумлар, бува-бувиларнинг панд-насиҳатларига амал қилиш).Кундалик ҳаётда учрайдиган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдириш (фарзандингизни телевизор орқали кўрган кино, ахборот ва эшиттиришга ўргатиш муҳимдир). 
  —Оилада фарзандларни баркамол қилиб тарбиялаш учун ҳамма ота-оналар 
ҳам педагогик билим ва маҳоратга тўлиқ эга дея оласизми?
  —Йўқ, албатта.Шу сабабли мактаблар  маъмурияти маънавий ва маърифий тарбия ишлари раҳбарлари томонидан ёш ота-оналар учун қисқа курс, семинар, баҳслар уюштиришлари ва илғор оилавий 
тажрибаларни оммалаштиришлари лозим. Яхши хулқ-атворни болага ўргатиш осон иш эмас.
Буюк мутафаккир олим Абу Райҳон Беруний айтганидек: «...Одамлар 
турмуши ва ҳаётида ҳар хил ҳолатлар бўлади, буларнинг бир тури билан улар 
мақталадилар, бир тури билан эса қораланадилар... Бу табиий ҳолдир. Бу ҳолат 
албатта, бола тарбиясига ҳам муҳим даражада таъсир этади. Оиладаги руҳий 
ҳолатни сақлашда ўз ақли билан иш қилиш, ёмонни яхшидан ажратиш ҳар бир 
ота-она ва катталарнинг вазифасидир». 
«Фарзанд-оила бахти, қувончи ва ширин жигарбандидир». Оила 
қувончини элга манзур қилиш кўп жиҳатдан болаларимизга ўргатган одоб, 
хулқ-атворда ўз аксини топади. Дарҳақиқат, жамиятимиздаги узвий таълим-
тарбиянинг негизи, илдизида шулар ётади. Шу сабабдан ёш ота-оналар 
катталар тажрибасига суянган ҳолда бола тарбиясида ҳалқимиз яратган олтин 
меросимиз, яъни урф-одат, расм-русум, анъаналарни асос қилиб олишлари, 
бола туғилган кунидан бошлаб оилада қандай маънавиятга эга бўлишини кўз 
олдиларида ёрқин гавладалантириб амалга оширишлари учун уларга юксак 
хулқлиликни ўргатиш ва тарбиялашга доир маърузалар ўқиб эшиттириш 
мақсадга мувофиқ деб биламан.Маърузаларда фарзандга муносиб от 
қўйишнинг каромати, она алласидаги меҳр торларининг бола қалбига таъсири,
болага сеҳрли сўзларни  ўргатиш,кўча ва жамоат жойларида юриш-туриш одоби каби 
масалалар доимий мавзу бўлиши керак.
  —В.А.Сухомлинскийнинг «Болаларга жоним фидо» китобида болани 
меҳнатга руҳий жиҳатдан тайёрлаш ҳақида кўп фикр билдирилган.Миллати 
бошқа бўлса ҳам бизнинг менталитетимизга тўғри келадиган тавсиялар бор...
  —Дарҳақиқат,инсон меҳнати билан руҳан шод ва ҳаёти мазмунлидир. Ота-оналар 
болаларни руҳан меҳнат қилишга ўргатса, уни кундалик ҳаётида зерикиш, 
хуноб бўлиш, инжиқлиш ва тажанг бўлиб юриш ҳолатига мубтало бўлишдан 
халос қилган бўлади.Болага ёшига мос меҳнат турларини берса, 
у ақлий ва жисмоний соғлом бўлиб ўсади. Оила аъзоларининг меҳнати 
тақсимотига кўра топшириқлар берилиши зарур. Бу топшириқлар доимий 
бўлиб боланинг эхтиёжи, кўникмасига айлансин. Ўғил болалар оила 
хўжалигида дадасининг ишига кўмаклашиши,қизлар эса онасининг яқин 
ёрдамчиси бўлиб, уй рўзғор ишлари билан шуғулланса,
бундай жисмоний меҳнат турлари болаларни шодлантириб, меҳнат-кундалик эҳтиёжига айланади.
Зеро, меҳнат-инсон кўрки,меҳнат-тарбия воситаси. 
Халқимиз азалдан меҳнатни улуғлаган. МЕҲНАТСЕВАРЛИК кишиларни 
энг яхши фазилатларидан бири, деб ҳисобланган. Кишилар ҳалол меҳнат қилиб 
топган даромадлари ҳисобига яшамоқлари ва болаларини боқиб катта 
қилмоқлари лозим. «Пешона тери билан топган бир қора чақа ўзгаларнинг 
эҳсон этган хазинасидан яхшироқдур», деб ёзган эди Алишер Навоий:
Бир дирам олмоқ чекибон дастранж,
Яхшироқ андинки, биров берса ганж.
Шунинг учун ҳам улуғ аждодларимиз ёшларни касб-ҳунар эгалламоққа 
чақирганлар. «Ҳунар-ҳунардан унар», «Ҳунари йўқ кишининг, мазаси йўқ 
ишининг», «Йигит кишига етмиш ҳунар оз» каби эзгу ўгитлар халқ ўртасида 
ёйилган. Миллий тикланиш жараёнида бизда деҳқончилик, ишлаб чиқариш, 
ҳунармандчилик ривожланади. Жисмоний меҳнат ҳар бир соғлом киши учун 
фарз ва қарздир.Маънавий баркамолликнинг кўринишларидан бири ҳам 
меҳнатсеварликдир. Ҳалол меҳнат кишиларни маънавий юксакликка кўтаради, 
инсон ҳаётининг туб моҳиятини ташкил этади.
Маънавий жиҳатдан пок ва юксак даражадаги одам таъмадан ҳазар 
қилади, ундан нафратланади. Ҳақиқий саховат ҳеч қачон бирор нарса таъма 
қилмасликдадир. Алишер Навоий ёзади:
Они сахий англагил, эй хушманд,
Ким ани давлат қилибон сарбаланд.
Ҳоли агар яхшидур табоҳ,
Кимсадан этмас таъмаи молу жоҳ. . .
Маънавий баркамол инсоннинг яна бир фазилати КАТТАГА ҲУРМАТ, 
КИЧИККА ШАФҚАТЛИ бўлиш. Бу масалада, хусусан, ота ва онага бўлган 
иззат алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақида Алишер Навоий таълим бериб ёзган эди:
Бошни фидо айла ато қошига,
Жисмни қил садақа ано бошига.
Икки жаҳонингга тиларсан фазо,
Ҳосил эт ушбу иккисидан ризо.
Тун кунингга айлангани нур фош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш!
  —Сиз ишлаётган мактабда "Саждагоҳимсан, Ватан", деб номланган турли 
тадбирлар  доимий равишда ўтказилиб келмоқда...
  —Албатта.Баркамолликнинг биринчи намунаси Ватанга муҳаббат, Ватан туйғуси, ғурури ва уни саждагоҳ сифатида ардоқлашдир.Ватанга муҳаббат заминида инсонпарварлик туйғуси тарбияланади.
Буюк давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур: «Ўз юртни қўйиб, 
Ҳинд сари юзланмоқни юзи қаролиқ», деб ҳисоблаган эди.
Миллий тикланиш кишиларда ИНСОНПАРВАРЛИК, ўзлигини англаш 
туйғуларини тарбияламоқда. Одамлар бир-бирига дўст, меҳрибон бўлсалар 
ИНСОНПАРВАРЛИКДАН БАЙНАЛМИЛАЛЛИК ва БИРДАМЛИК келиб 
чиқади. Мактабимиз ўзбек-қозоқ мактаби.Туманимизда 18 миллат вакиллари тинч-тотув умргузаронлик қилиб келишмоқда. Бас, шундай экан, биз ҳаммамиз бир оиланинг 
фарзандларимиз, бир-биримиз билан дўстона ва тотув яшаб, севимли 
диёримизнинг истиқболини ярата бормоқдамиз. Авлодларимиз тарихини ва 
улар қолдирган меросини ўрганиш лозим.Ва буни ибратли тимсоллар орқали амалга 
ошириш кераклигини унутмаслигимиз керак. Бундай тимсоллар бадиий 
адабиётда етарли. Масалан: Алишер Навоийнинг Фарҳод, Ширин, Қайс, Лайли, 
Дилором, Саъд, Искандар, Меҳрноз, халқ оғзаки ижодининг Алпомиш, Барчин, 
Қоражон, Қалдирғоч, Равшан каби қаҳрамонлари, бадиий адабиётимизнинг 
Отабек, Кумуш, Анвар, Раъно, Ғофир, Жамила, Гулнор, Саида сингари 
образлари шулар жумласидандир.
Бу қаҳрамонлар қалбидаги чин севги туйғулари қанчадан-қанча авлод 
қалбини мафтун этган: 
Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасин,
Дема жаҳон балки бу жон бўлмасин,
деб ёзган эди Алишер Навоий. 
Демак, бахтнинг. Жаҳондаги ҳаётнинг чин асоси севгидир. Севги бор 
жойда ёвузликнинг томири қурийди.
  —Болалар китоб ўқимай қўйди, деган фикрлар кейинги пайтларда кўп айтиладиган бўлди.Сиз меҳнат қилаётган мактабда болаларнинг китобга бўлган қизиқиши ва интилиши қандай?
  —Китоб-шахс шаклланишида жуда муҳим ҳисобланади. Кўпгина ота-оналар боласига ўқиб берадиган китоблар учун  кун аро вақт ажратишар экан.  Бу болакайлар учун нима яхши-ю, нима ёмонлиги ҳақида тушунчага эга бўлиш билан бирга китобнинг мақсади нима эканлиги тўғрисида хулоса қилишга имкон беради.   Иложи борича, болага доимо бир вақтда  китоб ўқиб бериш лозим, шундагина улар шу пайтни  интиқлик билан кутишади.   Ўқитиш эса интизом талаб қилади. Агар бола буни хотиржамлик билан қабул қилса, демак бу яхши фойда беради. Китоб уларнинг тафаккур доирасини кенгайтиради, тассавур қилиш қобилиятини ўстиради, иқтидорини ривожлантиради. Мутахассисларнинг фикрича, боланинг иқтидорини ривожлантириш учун ҳомила давридаёқ ота-оналар китоб ўқиб беришни одат қилишса, фойдадан ҳоли бўлмайди, чунки уч ойлик ҳомила эшитиш қобилиятга эга экан.   Фред қизчасига ҳар куни уйқу олдидан китоб ўқиб беришни одат қилган ва буни унинг чақалоқлик давриданоқ бошлади. Қизча катта бўлгани сари у ўз отасининг айтаётган ҳикояларини давом эттирар, унинг талаффузи орқали сўзларни кузатиб қайси қаторни ўқиётганини билиб оларди. Бу ҳолат отани ҳайратга соларди.  Болаларни китобга қизиқтириш учун, расмлар орқали ҳикоя қилиш ва уларни жонлантириб гапиртиш, ҳатто энг кичик деталларни ҳам ётдан чиқармаслик керак.  Ота-оналар эртак ўқиётганида тўғри талаффуз қилиб ҳар бир сўзга аҳамият бериб ўқишлари лозим, чунки бола тилни ота-онасининг қандай гапираётганига қараб ўрганади. Китоб болаларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириш билан бирга тарбия қилишнинг энг яхши усули ҳисобланади.Бизнинг мактаб болалари китобни қадрлашади.
   —Ишларингизга ривож,байрам муборак бўлсин!
                             Б.ДЎСМАТОВА.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (25.09.2014)
Просмотров: 920 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz