Халқимизда мерос қадар эъзозланадиган маънавият аталмиш тушунча, хазина борки, бу бисот ҳамиша миллат фарзандлари учун тўтиё булоғдек куч-қувват, қудрат ато этиб туради. Уларнинг комил инсон бўлиб вояга етишида, маънан баркамол фарзандлар бўлиб юрт корига бел боғлашида муҳим омил бўлиб келаётир.
Ўзбек халқи менталитетида маънавиятнинг ўқ илдизи бўлиб ҳисобланган адабиёт эса ҳамиша мангу қадрият саналгандир. Ўтган йигирманчи асрнинг бошларида буюк маърифатпарвар, ҳассос шоир Чўлпон: «Адабиёт яшаса — миллат яшар!» дея нидо қилган эди. Ушбу миллат, эл-юрт истиқболи учун айтилган сўз замиридаги ҳақиқат бугун ҳам ўз долзарблигини, ростлик кўламини йўқотмай турибди. Ўз ўрнида Юртбошимизнинг «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» номли рисоласи эса ХХI асрда ўзбек адабиётининг равнақи, келажаги, пировардида, миллат маънавиятининг истиқболи хусусидаги ниҳоятда муҳим бўлган жиддий ҳужжатдир, десак муболаға бўлмайди. Ушбу китобда кўзда тутилган ишлар, ўртага ташланган ғоялар натижасини бугун барчамиз кўриб турибмиз. Жумладан, ушбу китобда ёш ижодкорларнинг ижодий ишлари хусусида Президентимиз ўзига хос долзарблик касб этиб турган муҳим жиҳатларни айтиб ўтаркан, шундай дейди: «Истеъдодли ёшларни излаб топиш ва уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришда чуқур ўйланган усуллар, яъни аниқ механизм зарурлигини бугун адабиётимиз манфаатлари талаб этмоқда. Ёш адиб ва шоирлар, адабий танқидчиларнинг ҳар бири ўз асарлари билан адабий жамоатчилик назаридан, ижодий танловлар, жиддий тақризлардан ўтиб, тегишли эътирофга сазовор бўлиб, шундан кейингина адабиёт майдонига ва Уюшма аъзолигига кириши лозим. Авваламбор, устоз адибларни, Ёзувчилар уюшмасининг тажрибали ва нуфузли аъзоларини ёшлар билан ишлашдек муҳим жараёнга кенг жалб қилишимиз даркор.
Ёш ижодкорлар ўртасида ўтказиладиган танловларда қатнашаётган қаламкашлар орасидан энг истеъдодлиларини танлаб олишда Ёзувчилар уюшмаси асосий ташаббускор бўлиши, бу ишларни «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати билан биргаликда амалга ошириши зарур».
Дарҳақиқат, ушбу сўзлар замиридаги ҳақиқат шундаки, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш маълум бир анъанага айланиб, ёшлар масаласи давлат аҳамиятига эга бўлиб бораётган мамлакатимизда адабиётга, ёшлар адабиётига кўрсатилаётган эътибор ҳар бир ёш авлодни қувонтиради.
Ўтган 2011 йил сўнгида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Ижод» фонди ҳомийлигида «Адиб» нашриётида ўндан зиёд китоблар нашр қилинди. Бадиий адабиётнинг барча жанрларини қамраб олган ушбу нашрлар ижодкорларимиз учун ҳақиқий туҳфа бўлди десак, муболаға бўлмайди. Шеърият, наср, драматургия ҳамда адабиётшунослик соҳалари бўйича ижодкорларнинг илк китоблари нашр қилинди. Бундан ташқари, «Кафтдаги ниҳол» номли ёш ижодкорлар алманахи ҳам шу нашриётдан чиқиб ўқувчилар қўлига етиб борди. Ушбу ютуқлар эса адабиётсевар халқимиз учун ҳукуматимиз томонидан катта туҳфа бўлди деб бемалол айтиш мумкин. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Ижод» фонди ҳомийлиги доирасида қилинаётган ушбу хайрли ишлар бошланган янги йилимизда ҳам давом этиши кўзда тутилган. Ёзувчилар уюшмасининг мажлислар залида бўлиб ўтган илк китоблар тақдимоти айнан шундай руҳда ўтди. Тадбирни Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Иқбол Мирзо олиб борди. Унда сўз олган Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ёш қаламкашларни илк китоблари билан табриклаб шундай деди:
— Бугунги кунда шеър ёзиб, ҳикоя машқ қилиб адабиётга кириб келаётган ҳар бир ёш йигит, қиз чин маънода бахтлидир. Юртбошимизнинг шахсан ўзи адабиёт аҳлига бағишлаб китоб ёзиб, соҳадаги ютуқ ва камчиликлар устида бош қотириб турган бир пайтда ҳазрат Навоийнинг авлодлари бўлган сиз — азизларнинг масъулиятингиз ҳам, имкониятингиз ҳам жуда юқори бўлмоғи зарур. Ватан, элу халқ сиздан ёниқ бир сўз кутаётганини ҳис этиб яшамоқ бахти сизларга насиб этган. Буни теран ҳис қилиш шарт. Илк китобларингиз давлат нашриётидан 20000 нусхада босилиб чиқишининг ўзиёқ барчамизни қувонтиради. Бу — адабиётимизнинг катта воқеасидир.
— Тенгдошларим қаторида менинг ҳам илк шеърлар тўпламим нашрдан чиқди. Бу мен тенги барча ёшларни қувонтирадиган ҳолатдир. Бу китоб барчамизга катта масъулият юклаши билан биргаликда катта адабиётга қадам қўяётган ҳар бир кишини илҳомлантиради, — дейди ёш ижодкор Ориф Толиб.
Ҳар бир ёшнинг юз-кўзидан кўриниб турган бу каби дил сўзларини илғаб олиш қийин эмас.
Донишманднинг, «қайси халқнинг ўзига хос томонини билмоқчи бўлсангиз, унинг адабиёти билан танишинг», деган сўзларини эслаб туриб, адабий ҳаётимиздаги улкан ўзгаришларни кўриб унинг келажагига катта умид боғлашимиз мумкин. Зеро, адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибордир.
Шодмонқул САЛОМ,
«Turkiston» мухбири