Ёшлигимда рўй берган бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Якшанба куни эди. Дарвозамиз зарб билан очилди-да, қўшнимиз Самандар ака ва унинг хотини Салима опа кириб келди. Иккаласининг важоҳатидан, улар орасида низо чиққани равшан эди. Отам уларни ичкарига таклиф этди. Аввал келинойимиз оғиз жуфтлади, унинг гапига кўра, дунёда иккита ёмон эркак бўлса, шулардан бири унинг эри, агар битта бўлсаям, айнан шу... Самандар ака ҳам хотинидан қолишмади: аёлининг барча «фазилат»ларини бирма-бир, эринмай санаб чиқди. Кейин эр-хотин «монологи» тугаб, улар ўртасида «диалог» давом этди.
Шундай қилиб, бир оиланинг ички ҳаёти, турмуш тарзи, бутун сир-асрори оила аъзолари томонидан тўлиқ очиб ташланди. Охир-оқибат, икковининг ҳам гаплари тугаб, ким ҳақ ва ким ноҳақ эканлигини эшитиш учун отамга юзланди. «Умр, — дея секин сўз бошлади отам, — одамзодга ҳаёт ташвишларидан қўрқиб ортга чекиниш учун берилмаган. Сиз шириндан-ширин икки фарзанднинг ота-онаси бўлдингиз. Оила ҳам ўз навбатида, эр-хотин елкасига қатор масъулият, вазифалар юклайди, уларни фақат аҳилликда енгиш мумкин.
Орага жимлик чўкди. Сўнг отам: «Энди уйингизга боринг, болалар бахтини кўринглар», дея уларни кузатиб қўйди...
Яқинда қишлоққа йўлим тушганди, Самандар бобо хонадонида нишонланаётган қўшалоқ байрам устидан чиқиб қолдим. Набирасининг хатна тўйига қўшиб, фермер ўғли Фозилжон пахта ҳосили даромадидан сотиб олган «Дамас» автомашинасини ҳам «юваётган» экан. Қўшнимнинг қувончини кўрарканман, кўз ўнгимда бундан йигирма йил олдинги воқеа гавдаланди. Ўшанда жанжал бошқача тус олиб, оила ажралиб кетганда борми, икки фарзанд етим бўлиб вояга етар, бугун эса, Самандар бобоникида бундай шоду хуррамликлар бўлмас, ҳовлини тўлдириб набиралар ўйнаб юрмас эди.
«Халқингизга таъзим қиламан!»
Яқинда юртимизга ташриф буюрган бир хорижлик сайёҳ билан суҳбатлашиб қолдим. У қуйидагиларни сўзлаб берди. «Мен ҳамиша ўзбек халқига таъзим қиламан. Бу гўзал диёрга еттинчи маротаба келишим. Илк бор ташриф буюрганимдаёқ, ўзбеклардаги хислатлар — меҳр-оқибат ва самимийлик, катталарга ҳурмат, айниқса, ота-онани қадрлаш, улар кексайганда ғамхўрлик қилишни кўриб ҳайратланганман. Мен шуни тушундимки, сизлардаги бу қадриятлар айнан оилада шаклланиб, сўнг жамиятнинг маънавий ривожига ҳисса қўшар экан. Ушбу ҳаётий мулоҳазаларим турмуш тарзимнинг қайсидир маънода ўзгаришига туртки бўлган. Ватанимда бўлган пайтларимда мана шундай инсонийлик фазилатларни қўмсаб, Ўзбекистонга яна келгим келаверади. Аминманки, ҳар қандай қудратли давлат яратилишининг асосларидан бири чуқур маънавий илдизларга, тарихи бой халқига бориб тақалади».
Дарҳақиқат, биз аждодларимизга муносиб бўлишга ҳаракат қилиб яшаётган халқмиз. Дину диёнат, ор-номус, сабр-тоқат, тинчликпарвар ва эрксеварлик, меҳнатсевар ва бунёдкорлик каби тушунчалар миллатимиз қон-қонига сингиб кетган. Барчамиз жамоат транспортида, метрода юрганимизда, қулоғимиз остида мунтазам равишда «Ҳурматли йўловчилар! Ногирон, ёш болали ва кекса кишиларга жой беришингизни сўраймиз», деган сўзлар янграйди. Бу овозга шунчалик кўникиб қолганмизки, агар ушбу ибора янграмаса ёки кечикиб айтилса, худди бирон нарса етишмаётгандек туюлади, кишига. Мен кўплаб хорижий давлатларда сафарда бўлганман. Лекин ҳали бирон-бир жойда одобга, кишиларни бир-бирларига нисбатан ҳурматга чорлайдиган бундай таъкидларни учратмадим.
Юксалиш сари мақсадли ҳаракат
Дунёда шундай қонуният бор: мақсадли ҳаёт мазмунли ва баракали бўлади. Худди шу сингари, ўз олдига буюк мақсадлар қўйиб ривожланаётган давлат ҳам тарих зарварақларида ўчмас из қолдиради. Масалан, Германия ёхуд Хитой каби мамлакатларни олайлик. Уларнинг қудратли мамлакатга айланишлари ўз-ўзидан бўлмаганини, ривожланиш йўлида қанчадан-қанча муаммо ва қийинчиликларга дуч келинганини кўрамиз. Ягона мақсад йўлида фақат бир ёқадан бош чиқариш, ўзаро аҳилликкина мана шундай натижа берганига гувоҳ бўламиз.
Ёхуд хитойликларни олайлик. Улар бошқалардан ўзларининг ҳар қандай шароитда яшовчанлиги, меҳнаткашлиги билан ажралиб туради ва ҳаёт тарзини ҳам шунга мослаштиришган. Бу эса, бугунги қудратли Хитой давлати тимсолида ўз аксини топмоқда.
Бугун ана шундай буюк давлатлар билан ўзаро манфаатли, тенг шериклик асосида муносабатлар олиб бораётган мустақил давлатимиз тараққиёти ҳам осон кечаётган эмас. Синалмаган, турли тўсиқ ва синовли йўллардан мамлакатимиз ўзига хос ва мос ҳолда ривожланиб бормоқда. Шу маънода, Президентимиз томонидан мустақил Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотларнинг янада изчиллигини такомиллаштириш мақсадида, 1997 йилдан бошлаб ҳар бир кириб келаётган йилга расман ном берилиб, шунга монанд эзгу ишлар амалга ошириб келинмоқда.
2012 йилнинг Мустаҳкам оила йили, деб аталиши ҳам ушбу йўналишдаги ишларнинг узвий қисми ҳисобланади. Зотан, мустаҳкам оила жамиятда миллатимиз маънавий қиёфасини кўрсатувчи, ўтказилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва танлаган йўлимизнинг нурли манзилларга олиб борувчи асосий омилларидан биридир.
Шахс-оила-жамият ва давлатнинг ягона мақсад ҳамда манфаатлар йўлида жипслашуви, бунда якдил, ҳамфикр ва меҳр-оқибатли бўлиб, амалга оширилаётган ислоҳотларга босқичма-босқич ўтилишидир.
Биз айнан муқаддас деб қадрлаб, авайлаб келаётган оилаларда маънавий қадриятлар ва миллий бозор иқтисодиёти асослари уйғунлиги таъминланди, бу орқали жаҳон ҳамжамиятида «ўзбекча ривожланиш»га замин яратилди. Миллий иқтисодий тизим ва унинг мафкуравий қурилмаси — миллий иқтисодий тафаккур шаклланди; фуқароларнинг мулкка, хўжалик юритишга бўлган ўзаро муносабатлари сифат ва таркиб жиҳатидан тубдан ўзгарди. Бу ўз навбатида, давлат мустақиллиги, жамият равнақи, оила фаровонлиги, шахсий етукликни бирлаштиришга хизмат қилмоқда.
Обиддин МАҲМУДОВ,
иқтисод фанлари номзоди