//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 3
Гостей: 3
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

МАЪНАВИЯТ МИНОРАЛАРИ

МАЪНАВИЯТ МИНОРАЛАРИ

E-mailPrintPDF

Бир пайт билдирган фикримни яна такрор айтаман: моддий нуқтаи назардан биз энг ривожланган давлатлардан балки ҳали орқададирмиз. Лекин, биз ўз йўлимизни танладик ва бу йўлдан қайтмасдан, қатъий ишонч билан айта оламиз: моддий нуқтаи назардан ҳам бу марра албатта бизники бўлади, аммо маънавий нуқтаи назардан қараганда, энг енгилмас куч ўзи нима? Юксак маънавиятли халқ эмасми? Ўзингиз айтинг, бундай халқни енгиб бўладими?

Ислом Каримов

 

 

Маънавий бойлик индекслари

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекис­тон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган табрик сўзида “ўзбек модели” натижалари мамнуният билан тилга олинди. Мамлакатимиз тараққиётида янги босқич ва уфқларни забт этишда барчамизни қувонтирган энг катта мезон - маънавият билан боғлиқ қадриятлар эканлиги эътироф этилди. Булар аввало:

барқарорлик, осойишталик ва ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити;

ватандошларимизнинг тобора ўсиб бораётган дунёқараши ва онгу тафаккури, ҳуқуқий ва сиёсий маданияти ва фаоллиги эканлиги айтилди.

Бу сўзларни тез, қаторасига ўқиб кетиб бўлмайди. Чунки улар оддий сўзлар эмас, калит сўзлардир. Уларнинг ҳар бири халқимизнинг кайфиятини, мамлакатимиздаги маънавий муҳитнинг бир қиррасини англатади. Эътибор берсак, бу сўзлар дунёнинг ўнлаб минтақаларида бой берилган, халқлари орзу қилаётган меҳрибон маънавий муҳитни кўрсатади.

Биз 1991 йилгача бемеҳр давлатда яшадик. Акс ҳолда бизлар “иккинчи даражали одамлар” бўлмас эдик. Елкамиз қисиқ, бўйнимиз эгик, оғзимиз бекик эди. 23 йилки ўзимизнинг, меҳрибон давлатимизда яшаяпмиз. “Ўзбек модели” барқарорлик, осойишталик ва ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатмуҳитини таъминлади. Шунинг учун бугун биз учун бу сўзлар оддий сўзлар эмас. Бу сўзлар юртимиздаги маънавий муҳитнинг кўрсаткичлари, бошқача қилиб айтганда:

- 20 йилда Ўзбекистонни, ўзбекистонликларни дунёнинг кўз олдида юксалтирган;

- Ўзбекнинг елкасидан қучиб, эгик қаддини тик қилган, заъфарон юзларига қизил ранг киритиб, кўзларини чақнатган;

- қашшоқ мамлакатни бой, мулксизларни мулкдор қилган;

- совет империясидаги иккинчи даражали одамларни “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, Инсон учун”, деб, биринчи даражага кўтарган;

- уларнинг болаларини жаҳон шоҳсупаларига кўтариб, шода-шода олтин медалларга муносиб қилган маънавий бойликнинг индексларидир.

 

Глобал даъват

Жамоа бўлиб яшаш — бизнинг азалий, миллий  анъанамиз. Жамоавийлик - одамларни бир-бирига яқинлаштиради, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшашга замин туғдиради. Қўллаб-қувватлаш эса аввало меҳрдан ва меҳрга оқибатдан бошланади. Демак, меҳр-оқибатни фуқароларнинг кундалик муносабатларида ҳам, халқаро муносабатларда ҳам маънавият минораси(маёғи)деса бўлади. Чунки у бир-бирини қўллаб-қувватлаш, дўстлик, ҳамкорликнинг энг инсонпарвар тарзини кўрсатар экан.

Глобаллашув XXI аср одамларининг хулқини кескин ўзгартириб бормоқда. Одамлар орасида атомлашиш тобора тезлашиб бораётир. Атомлашиш бу — одамларнинг бир-биридан автономлашиши, ҳар кимнинг ўз ҳаёти билан яшаши, бошқаларга мутлақо бефарқлиги. Эгоцентризм, худбинлик, ксенофобия. Одамнинг жамият­ билан алоқаларини узиб, ўзининг тор оламида ўзи учун яшаши. Лоқайдлик, “менга нима”нинг легитимлашиши.

Бундай вазиятда инсондаги инсонийликни, меҳр-оқибатни ҳимоя қилиш, сақлаб қолиш керак. Лекин дунёда бу гуманитар инқирозни тушунадиган, ҳал қиладиган давлат, халқаро ташкилот чиқмади. БМТ “Инсоният инсонийлигини сақлаб қола оладими?” деган муаммони 1989 йилда дунёнинг 31 мамлакати олим ва арбобларини тўплаб, илмий тадқиқ қилиб кўрди. Лекин ҳал қила олмади. Чунки саҳролашув, минтақавий можаролар, ҳарбий асирларга меҳрибонлик каби иккиламчи масалалар билан ўралашиб қолинди. Чунки асосий сабаб — инсон маънавияти эътибордан четда қолдирилди.

Орадан 19 йил ўтди. 2008 йилда Ўзбекистон Президентининг “Юксак маънавият — енгилмас куч” китоби ҳақидаги хабар оламга ёйилди. Китоб халқаро жамоатчиликнинг катта қизиқишини уйғотди. Бугунги кунда бу китобнинг Шар­қу ўарбнинг қатор тилларига таржима қилингани ва қилинаётгани қуйидаги уч ҳақиқатни очиб берди:

биринчидан, дунёнинг инсонпарвар намояндалари жаҳонда кечаётган маънавий инқироздан ташвишланиб, ундан чиқиш йўлларини қидиришаётганлигини;

иккинчидан, бу инқироздан чиқишнинг маърифий воситаларидан бири сифатида “Юксак маънавият — енгилмас куч”ни кўраётганликларини;

учинчидан, “оламни маънавият қутқаради”, деган бундай даъват аждодлари азалдан илм-фан, маънавият ва маърифат бобида пешқадам, дунёнинг цивилизация марказларида яратилишини кўрсатди. (Бу ҳақда АҚШнинг Ж.Хопкинс университетининг Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр: “Ҳозирги Ўзбекистон заминидаги интеллектуал салоҳият минг йиллар давомида Европа ва Осиё қитъаларини ҳаракатга келтирди”, деди ва ўша олтин давр тарихини жаҳон жамоатчилигига етказиш жуда зарурлигини таъкидлади).

Таъбир жоиз бўлса, бу китоб чиққанидан кейинги йилларда Ўзбекистон эришган ютуқлар бу заминнинг қайта уйғонганидан дарак берди. XXI асрда инсониятни маънавий  юксалишга, ўзаро меҳр-оқибатга чорлаган янги, глобал даъвати бўлди.(Ҳурматли ўқувчи. Мабодо бошқа мамлакатлар раҳбарларининг мана шундай маънавий ташаббуслари битилган асарларини билсангиз, давомига ёзиб қўярсиз:

— 1. “Юксак маънавият — енгилмас куч” (Ўзбекистон).

— 2..................................................................

— 3. .................................................................

 

Меҳр — қуёш демак

Бир неъмат бор, олувчи одам учун жуда қиммат. Бир неъмат, берувчи учун текин. Инсон уни доим, кутади, ҳеч қачон “бас, етарли”, “тўйдим”, демайди. Бу — меҳр.

Меҳр — ўзбек маънавиятининг гавҳари. Шунинг учун бу сўз қўшиқларимизда кўп айтилади, куйланади. Меҳр сўзига энг ёқимли сўзларини қўшиб: меҳр-шафқат, меҳр-муҳаббат, меҳр-оқибат, меҳр-мурувват дейди ўзбек. Бунда меҳр — яхши кўриш маъносида келади. Оқибат эса меҳрга жавобан — натижа, кейинги ишлар, давомат. Шунинг учун халқимиз айрим кишиларни “Фалончими? У жуда яхши, оқибатли одам”, деб алқайди. Мурувват — олийжаноблик, мардлик, яхшиликка сабаб бўладиган хайрли иш, очиқ қўллик, беғараз сахийликни англатади.

Меҳрда сеҳр бор, ҳарорат, ёруғлик бор. Чунки “меҳр” сўзининг маъноларидан бири “қуёш”­ни англатади. Қуёш эса эвазига ҳеч нарса талаб қилмай оламни ёритади, иситади. Табиатда кун билан тун бир йилда икки марта тенглашганида баҳордагисини Наврўз, десак, куздагисини Меҳржон деймиз. Шунинг учун ҳам устозларни, улуғ инсонларни қуёшга ўхшатиб улуғлашган:

Меҳр нури ёғар доим,

Юзингиздан устозлар, деб куйлайди меҳрли хонандамиз Санобар Раҳмонова.

Ёки

Эй шоҳ, карам айлар чоғи, тенг тут ёмону яхшини,

Ким меҳр нури тенг солур вайрону обод устина,

деб наъра тортади Огаҳий бобомиз ўзининг Феруз ашуласига асос бўлган ғазалида. Унда шоир меҳр, яъни (қуёш) ўз нурини вайронага ҳам, обод жойларга ҳам бир хил сочади, дейди. Ҳаммани, ҳамма жойда, ҳаммага меҳрибон бўлишга чақиради.

Худди шунингдек, биз “меҳрибон” деган сўзни ҳаммага ҳам айтавермаймиз. Кимки бизга табассум билан боқиб, сўзлаб, ўзидан иссиқлик ва ёруғлик таратиб, бизга яхшилик қилишга шайлигини билдириб турса, ўша кишини меҳрибон деб биламиз. Лекин огоҳ бўлайлик-ки, бундан айрим ёт ғоялар гумашталари, фирибгарлар, рекруеторлар фойдаланиб қолмасин.

Нимаики бор бўлса, у билинади. Нимаики билинса, у бор. Меҳр-чи? Меҳр ҳам. У қаршингизда турган кишининг табассуми бўлиб кўзга кўринади. Очиқ чеҳра, табассум одамнинг одамга “мен сизга яхшилик тилайман”, деган ишораси. Шунинг учун табассумингиз-қаршингизда турган одамга садақангиздир, дейилади ҳадиси шарифда. Меҳр сўз бўлиб қулоққа эшитилади, нарса, буюм, ёрдам бўлиб бериб, олинади. Меҳр — қилинаётган амалий ишларда, берилаётган ёрдамда кўринади, билинади.

Оқибат-чи? Оқибат - меҳрнинг давоми, жавоби. Оқибат бирор сўз айтилганидан, иш қилинганидан кейин ўтган вақт, ишнинг орқаси, давоми, кейини, дегани. Бухорода Баҳовуддин Нақшбанд мажмуидаги қудуқ ёнида бир кичикроқ минора бор. Ана шу миноранинг тепасига “Оқибати хайрли бўлсин”, деб ёзиб қўйилган.

Маънавият тадқиқотчиси Эргаш Даминовнинг айтишига қараганда бу ҳикмат мажмуанинг икки жойига ёзилган. Биринчиси,Нақшбандий ҳазратларининг оналари Биби Орифа номи билан юритилувчи масжид ичида тўрт марта(!) ёзилган. Масжид XVII асрда қурилган. Демак, ўтган 400 йил давомида бу ерга ҳар куни камида 100 нафар киши зиёратга келган бўлса, тахминан 15 миллионга яқин киши бу ҳикматни кўнглига жо қилган. Ундан сўнг, Нақш­бандий шарафига XIX асрда қурилган мақбара минорасига тахминан 1885 йилда битилган. Бу ерга ҳар куни тахминан 200 киши ташриф буюришини инобатга олсак, ўтган 129 йилда 10 миллионга яқин одам келган. Хуллас, икки обидага жами — 25 000 000 нафардан ортиқ киши келиб, бу ҳикматни ўқигани маълум бўлади. Бу маънавият минораси эртага, кейинги асрларда бизнинг невара, чевараларимизга ҳам бу ҳикматни тарғиб қилаверади. Юртимизнинг бундан кейин ҳам меҳр-оқибат юрти бўлиб қолишига ўз ҳиссасини қўшаверади.

Меҳрга оқибат ярашади. Акс ҳолда халқимиз бундай одамни “оқибатсиз” дейди. Бу худди салом берган кишига алик олмасликка, чанқаб турган кишига муздек сув тутган кишига раҳмат айтмасликка, қийин аҳволга тушиб қолганда бир халоскор келиб уни қутқазгач, эртасига озод бўлган киши ўзининг халоскорини кўриб кўрмасликка олиб ўтиб кетишига ўхшайди. Меҳр-оқибатли бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун киши  фидойи, меҳрибон бўлиш керак. Худди қуёшдек, оналардек.

 

Энг меҲрибон инсон ким?

Ривоят қилишларича, худо одамни яратиб, 99 меҳрни ўзида қолдириб, 1 меҳрни одам қалбига жо қилибди. Одамга берилган меҳрнинг 99 фоизини онага, аёлга бериб, қолганини бошқаларга берган экан. Шунинг учун оналарнинг меҳри чек-чегара билмайди, дейдилар.

Ҳа. Дунёда ҳар биримизнинг энг меҳрибон кишимиз бор(эди). Онамизнинг меҳрини бизга ҳеч ким бера олмайди. Чунки “фарзанд” сўзининг маъноси — “аёл бахти”, деганидир. Ёшимиз улғайиб, ўйласак, оналаримиз бизга “ўзимнинг бахтим”, деб бир умр тўймай тикилиб яшаган экан. Худди Мустақиллик майдонига файз бериб турган “Бахтиёр она” монументидаги фаришта юзли она каби. Унинг нигоҳида она меҳри худди қуёш нуридек иссиқлик, ёруғлик эканлиги кўриниб туради.

Она меҳри — маънавий сут. Оналар бир умр, кечаю-кундуз, ўзларининг сўнгги нафасларигача олдимизга меҳрларини тутиб, пешвоз чиқадилар. Баъзан, ярим тунда, ишдан чарчаб келган кунларимизда бизни кутиб ухламай ўтирган онамизни койиганмиз. Онамиз эса бироз тин олиб, барибир... меҳрибонлик қилаверган. Вақт ўтгач, кўпчилигимиз “қани эди онам бўлса-ю, хизматларини қилсайдим”, деб хўрсиниб қўямиз. Чунки онамизнинг тафти ва нуридан кўнглимизни бир иситиб, ёритиб олиш илинжимиз бор. Шуни қўмсаймиз. Бироқ, бунинг иложи йўқ.

Ҳар бир киши ортига қараб, мушоҳада қилиб кўрса, минглаб таниш кишиларнинг қиёфалари кўз олдидан ўтади. Агарда уларнинг сизга муносабатларини “меҳрибонлик” индекси орқали таснифлаб кўрсангиз, атрофингизда дунёга келиб топган, меҳри сизга  энг қайноқ, меҳрибон кишиларингиз даврасини кўрасиз. Меҳри, ҳарорати илиқ ёки сезилмайдиган таниш-билишлар чеҳралари сал нарироқдан кўринади.

Меҳрибонларингизнинг телефон рақамларини ёддан биласиз. Уларни кўп эслайсиз. Уларни кўргингиз, гаплашиб ўтиргингиз келади. Бугун ҳам, эртага ҳам... Уларни қўмсайсиз. “Қорнингни ўзинг тўйдирасан, кўнглингни бош­қалар тўйдиради”, деганларидек, улар билан кўришиб, гаплашганингиздан кейин кўнглингиз тўяди. Ўзингизни мамнун, тўкис ҳис қиласиз. Бироқ, бир-икки кун ўтгач, бу тўкислик камайиб бораверади. Худди телефонингизнинг батареяси жонсизланиб борганидек. Ва сиз яна ... ўша, кўрганда, гаплашганда яйрайдиган кишиларингиздан бирининг телефон рақамини терасиз. Чунки қалбингизни “тўйинтириб” олишингиз керак.

Меҳр-оқибат ўзбекона маънога эга. Меҳр — ўзбекчадан бошқа тилга таржима қилса, таъми бузиладиган, ширин сўз. Чунки бошқа жойларда бу сўзларга маъно берадиган ўзбекона маънавий муҳит йўқ. Шунинг учун ҳам меҳр билан боғлиқ фазилатлар ҳақида “Юксак маънавият — енгилмас куч” китобида: “...тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат деган, бир-бирини чуқур маъно-мазмун билан бойитадиган ва тўлдирадиган ибораларни олайлик. Қанчалик ғалати туюлмасин, бу ибораларни бошқа тилларга айнан таржима қилишнинг ўзи мушкул бир муаммо.

Шуни айтиш лозимки, бу тушунчалар кимдир шунчаки ўйлаб топган ширин калом, қулоққа хуш ёқадиган сўзлар эмас. Бундай тушунчалар асрлар мобайнида эл-юртимизнинг дунёқараши, маънавий ҳаётининг негизи сифатида вужудга келган, онгу шууримиздан чуқур жой олган буюк қадриятларнинг амалий ифодасидир”, дейилган.

Китобда меҳр-оқибат тушунчаси батафсил таҳлил қилиб берилган. У теран тарихий, миллий, диний илдизларга эга. Меҳр-оқибатнинг намоён бўлиш даражалари бор: “Бу аввало инсоннинг инсон билан, қўшнининг қўшни билан, қариндошнинг қариндош оиланинг оила билан, энг муҳими, шахснинг жамият билан уйғун бўлиб яшашини, етим-есир, бева-бечора ва ногиронларга, мусофирларга саховат кўрсатиш, сидқидилдан, беғараз ёрдам беришни англатади ва бундай хусусият халқимизнинг маънавий оламига сингиб кетганини ҳеч ким инкор эта олмайди”.

 

Шукроналар

Ушбу сатрларни ўқигач, халқимизнинг маънавий оламига сингиб кетган меҳрибонлик фазилати мустақил Ўзбекистон давлатининг ижтимоий сиёсати тамойилига айланганини сезасиз.  Келинг, биз ҳаётда одамлар айтаётган, газеталаримиз ёзаётган, телеканалларимиз кўрсатаётган шукроналикнинг ҳаётий фактларини эслатайлик. Халқимиз ичида кўп юрадиган кишилар буни кўп айтадилар. Одамларимизнинг содда қилиб айтадиган:

— “Давлатимиз меҳрибон. Раҳмат. Ерсиз эдик, ер берди. Ерли бўлдик; уйсиз эдик. Намунали уй-жой, “Камолот” уйларини берди. Уйли бўлдик”;

— “Болаларимизга халқаро спорт саройларининг эшиклари ёпиқ эди. 74 йилда ўзбекнинг атига бештагина боласи халқаро спорт мусобақасида қатнашибди. Қолганининг етган жойи нари борса, Тошкент бўларди. Давлатимизга раҳмат. Болаларимиз учун жаҳон спортига йўл очди. Охирги беш йилда 400 га яқин Ўзбекистон болалари жаҳон мусобақаларида қатнашибди. Жуда кўпи — ғолиб”;

— “Таълим “қолдиқ” соҳа эди. Давлатимизнинг устувор сиёсатига айланди. Дунё бизнинг тажрибамизни ўрганаётир. Бўлар экан-ку”;

— “Оналар ва болалар ўлими кўплиги бўйича собиқ Иттифоқ республикалари ичида Ўзбекис­тон 1-2 ўринларда турар эди. Кескин камайди. Умримизга 7,5 йил умр қўшди. Дунё бизнинг тажрибамизни ўрганаётир. Бўлар экан-ку. Давлатимизга раҳмат”;

— “Мустақил бўлганимизда хавф-хатар кўп, нотинч эдик. 23 йилда Ватанимизга неча-неча душманлар чанг солиб кўрди. Давлатимиз бизни ҳаммасидан қон тўкмай, сиёсат билан, Президентимизнинг матонати билан тинчлигимизни мардона ҳимоя қилиб қолди”;

— “25 йил олдин Ўзбекистондан ҳаж зиёратига борувчилар бир йилда 5 тага ҳам етмас эди. Ҳозир ҳар йили 5000 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳожи бўлаётир. Бу 1000 карра кўпайди, дегани-ку!”;

— “Шўро даврида маҳалламизда битта бой хонадонда енгил машина бўларди. Ҳозир эса маҳалламизда битта хонадонда енгил машина йўқ. Қолган ҳаммада бор. Ҳамма бой бўлиб кетди. Давлатимизга раҳмат”;

— “Ота-боболаримизнинг руҳи шод. Мақбаралари обод. Уларнинг шуҳрати қайтадан оламга ёйилаётир. Шунинг учун ҳам Оллоҳ ўзи асраяпти. Юртимизга кўз тегмасин. Давлатимизга раҳмат...”, деган гапларни кўп эшитамиз. Чунки “Ким эдигу ким бўлдик?” деган савол мамнун жавобларимизни баралла айтишга ундаётир. Жавобларимиздан меҳрга оқибатнинг миллий изҳори янграмоқда.  Чунки ҳар соҳада “Ким эдик” деганда ерга қарасак, “Ким бўлдик”, деганда минорадек баландликни кўраяпмиз. Буларнинг барчасига Президентимиз айтганларидек, барча марраларни забт этишда асосий мезон бўлиб хизмат қилаётган юксак маънавий қадриятларимизга таяндик.

Кўринадиган нарсаларнинг сабаби — кўринмайдиган нарсаларда. Қаттиқ нарсаларнинг сабаби — юмшоқ нарсаларда. Маънавият — кўринмайдиган, юмшоқ куч. Келинг, юқоридаги маънавий қадриятларимизнинг ҳар бирини бир маънавий минорага ўхшатиб кўрайлик.

Қадимий шаҳарларимиздаги оламга машҳур миноралар боболаримизнинг юксак маънавиятидан моддий гувоҳлик бериб туришибди. Шу бугун ҳам қуёш нурлари эрталаб бизга ва Бухоро, Самарқанд, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши ва Тошкентнинг заррин минораларига тушди. Демак улар биз билан яшаяпти. Улар эртага ҳам, ХХII, ХХХ асрларда ҳам жим, салобат билан сўзлайди: «Боболарингизнинг қудратини, юксак маънавиятини билмоқчи бўлсангиз, бизларга боқинг». Амир Темур ҳазратлари Оқсарой пештоқига ёздирган машҳур башорат бежиз эмас экан-да!

Минора деган сўз “нур таратиб турган иншоот”,­ “маёқ” деган маънони билдиради. Ўзбекис­тон — пешоналарига эзгу ғоялар ёзилган маҳобатли миноралар мамлакати. Бу миноралар аввал боболаримизнинг ғояларида, ғоялардан — қоғоздаги чизмаларга, чизмалардан чиқиб — майдонларда қад кўтарган. Самар­қанд, Бухоро, Хивадаги энг баланд минораларнинг пойдевори 20 метргача ер қаърига кириб кетган экан.

Миноралар ҳам моддий (архитектура) ҳам маънавий (ёзувларидаги маъно) объект. Моддий ва  маънавий қадриятларимиздаги бу уйғунлик маънавий илдизларимизнинг қанчалик теранлигини тасдиқлайди. Бу минораларни қуриш ҳам “эзгу фикрларни тарғиб қилайлик”, деган эзгу фикрдан бошланган. Яъни юқорида келтирганимиз “минора — ўзидан нур таратиб турадиган иншоот, маёқ” деган таърифдаги нур бу — улардаги ҳикматлар. Мана шу қисқача таҳлилнинг ўзи ҳам минораларимиз уларга кўзи тушган, улардаги эзгу фикрларни ўқиган одамларга эзгу ғояларни ёювчи маънавий тарғибот воситаси бўлганини кўрсатади. Чунки  мутафаккир аждодларимиздан бирлари Маҳдуми Аъзам айтганларидек: “Фикр кўринмайди, аммо у кўринадиган улуғ ишларни бажаради”.

Мамлакатимизда амалга оширилган мислсиз бунёдкорликлар барқарорлик, осойишталик ва ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити, ватандошларимизнинг тобора ўсиб бораётган дунёқараши ва онгу тафаккури, ҳуқуқий ва сиёсий маданияти ва фаоллиги каби маънавий тушунчалар заминида юксалди. Уларни маънавият миноралари, деб айтсак арзийди. Чунки бу миноралар бугун жаҳон келиб кўраётган улуғ ишларимизнинг мезон-маёқлари бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,

педагогика фанлари доктори, профессор,

ЎзМТДП Марказий Кенгаши аъзоси

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (25.09.2014)
Просмотров: 1021 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz