МАЪНАВИЯТ КЎЗИДАГИ ТИКОН
Қўлингизга бехос тикон кириб кетсами? Ҳамма нарсани унутасиз – ўй-хаёлингиз, ташвишингиз уни чиқариб ташлаш бўлиб қолади. Ҳатто ривоятларда оёғига чўкиртак кирган йўлбарс тўқайда бир одамни тутиб олиб, у қўрқувдан ҳушига келганида, фасод бойлаб юргизмай қўйган оёғини чўзиб, инграб ялинганини, одам тиконни чиқариб, йўлбарсни бу азобдан қутқаргач эса ваҳший ҳайвон уни соғ-омон қўйиб юбориб, орадан бир-икки ҳафта ўтгач, яна ов қилишга ярагудек бўлганида яхшилиги эвазига уйига тунда бир кийикни бўғизлаб ташлаб кетгани айтилади. Ҳа, оёғига тикан кирса, ҳатто ваҳший ҳайвон ҳам чидай олмайди. Энди тасаввур қилинг, тикон… кўзингизга кирди! Йўлбарсдай ўкирганингиз билан, фойдаси йўқ. Ягона чора – уни чиқариб ташлаш, бўлмаса кўздан ажрайсиз. Мактабларда, лицей, гимназия, коллеж, институт, университетларда Ўзбекистоннинг қарийб саккиз миллион боласи таълим олади. Бу қоракўзларнинг ҳар биттаси ўзи ўқийдиган ўн-ўн бешта фан бўйича камида иккитадан дафтар сотиб олади. Бу, Республика бўйича йилига қарийб юз миллион дафтар дегани. Худога шукр, дарслик ва зарур бадиий асарлар етишмагани билан, дафтардан қийналиб қолган жойимиз йўқ – эпчил савдогарлар буёғи Туркия, уёғи Россия ва ҳоказо юртлардан дафтар опкелиб бозорларни тўлдириб ташлашган. Жужуқларимиз ўнлаб хил дафтарлар орасидан ўзига ёққанини – энг алвон ранглисини, ҳатто, энг «ҳалигидай» расмлисини танлаб сотиб олиш имконига эга. Бу дафтарларнинг муқовасида эса ҳамма нарса бор: аллақайси мулт¬фильм персонажларининг сурати, Ҳолливуду Болливуддаги ўнлаб «юлдуз»ларнинг ярим ялан-ғоч, ҳатто… деярли яланғоч тушган рангли расмларигача бор. Йўқ расмнинг ўзи йўқ. Ғафур Fулом айтганидай, ирвит дейсиз, ирвит! Лекин мен бу «безак»ларни ирвит эмас, иркит, деб атаган бўлар эдим. Гўдак болаларимизнинг шуурига доғ соладиган, зилол тасаввурини лойқалатиб, пок туйғуларини ифлослантирадиган фаҳш суратлар улар. Болалар дарс чоғида сабоқ тинглайдими ё шу ахлоқсиз суратларни дафтар алмашиб томоша қиладими? Дафтар муқовасидаги бўлмағур расмлар болаларимизнинг руҳиятини издан чиқариши энди айтилаётгани йўқ. Ота-оналар, муаллимлар, зиёлилар матбуотдаги чиқишларида, турли йиғин ва учрашувларда шу масалани ўртага қўйишаяпти, бу шармандали аҳволга барҳам беришни талаб қилишаяпти. Аммо нима дейсизки, натижа йўқ. Нега? Негаки, қулоғига пулдан бош¬қа гап кирмайдиган савдогарга маънавиятдан гапириш – ҳўкизнинг қулоғига танбур чертиш билан бир. Бу ишингиз болаларимизнинг ахлоқига ёмон таъсир қилади, биродар, деб кўринг – тушунмайди. Азбаройи худо, ажабланиб елкасини қисади, холос. «Ахир бу пул топиш воситаси-ку. Солиғини тўлаб турган бўлсам. Шундай экан, кимнинг ҳадди бор тўғаноқ бўлишга?!» Бизнингча, Халқ таълими вазирлигининг, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг, умуман, Ўзбекистон болаларининг тарбиясига масъул барча идораю ташкилотларнинг ҳадди ҳам, ҳаққи ҳам бор. Тўғрироғи, бу уларнинг вазифаси. Аммо таажжубки, масъул маҳкамалар гўё бундан хабари йўқдай, бир четда томошабин бўлиб турибди. Ишбилармон шоввозлар эса қандини уриб ётибди. Кеча – жамоатчилик мактаб боласи қандай кийиниши кераклигини муҳокама қилиб, ҳар ким форма ўрнига алмойи-алжойи ажнабий либосни эгнига илиб келиши нотўғри деган хулосани айтсаю бу идоралар оғзига талқон солиб, миқ этмай тура берса, бугун – бундай уятсиз ва фаҳш расмлар болаларимиз ахлоқини бузади, дея ҳамма хитоб қилсаю улар буни кўрмаслик учун кўзини юмиб олса… Таълим-тарбия соҳасида майда, аҳамиятсиз нарса бўлмайди. Ҳаётимизга кириб келаётган ҳар бир янгилик ўзбек ахлоқига, миллий менталитетига тўғри келиш-келмаслиги – бу майда нарса эмас. Шунинг учун масъул ташкилотларнинг барчаси бундай «жозибали» товарлар юртимизга қандай кириб келяпти – контрабандами ё қонунийми, башарти қонуний бўлса, ким шундай фаҳш расм¬ларни мактаб болалари учун атайин чоп этиб, миллионлаб нусхада тарқатаяпти, бундан кўзлаган туб мақсади нима, бир суриштириб кўрса, зиён қилмас эди. Афсус, бу маънавий бузғунчиларнинг мушугини пишт дейдиган мард йўқ. Дафтар – шунчаки ёзиш воситаси эмас, у ҳам худди дарслик сингари, ўқув қуроли. Унда ҳам шу давлатнинг мафкураси акс этади. Бунинг исботи – бояги шаҳвоний муқовалар. Демак, хорижий юртларда тайёрланган, бемаъни расмли дафтарларнинг Ўзбекистонга бемалол кириб келишига йўл қўйиш мафкура соҳасида ўзибўларчиликдан ўзга нарса эмас. Илгари дафтар чиқаришда бир яхши анъана бор эди. Хирагина яшил муқованинг ўртасида Навоий, Беруний, Ғафур Ғулом каби алломаларнинг сурати, ҳикматли сўзи, ибратли бирон байт ё рубоийси битилган бўлар, булар болаларни энг яхши ахлоқ ва одоб руҳида тарбиялашга зўр ҳисса қўшар эди. Эски идеология маҳв бўлиб, миллий қадриятларимиз қадр топа бошлаган, ҳатто илгари дафтар жилдига битиш мумкин бўлмаган диний-ахлоқий пандларга ҳам йўл кенг очилган бир пайтда, таажжубки, бу яхши анъана кучайиш ўрнига, йўқолиб кетди, ҳатто дафтар чиқаришнинг ўзи ҳам деярли паторат топди (бу ишнинг моддий фойдаси камроққа ўхшайди). Аммо ҳозир дафтар нархи илгаригидай 2 тийин эмас, 200 сўмдан 5000 сўмгача (ундан ҳам қимматлари бор). Даромад қилаётгандирки, чет эллик жаноблар миллион-миллион нусха дафтар босишаяпти, фойдаси чиқаётгандирки, чайқовчи акалар уларни минг ташвиш билан бўлса ҳам опкелиб сотишаяпти. Ўртада қанча йўлкира, бож харажатлари, қўшимча қиймат солиғи деганлар қўшилади. Ҳозир Ўзбекистонда мингга яқин босмахона бор. Бундан йигирма йил илгари уларнинг ярми ҳам йўқ эди. Бори ҳам янги, замонавий технология асосида эмасди. Демоқчимизки, бирон мард матбаачи ўзбек дафтарини чиқаришни йўлга қўйса. Бежирим муқоваларда юртимизнинг муқаддас қадамжолари, энг сўлим гўшалар, бебаҳо меъморий ёдгорликлар, чиройли манзаралар, улуғ боболаримизнинг расм¬лари ва улардан қолган ҳикматлар, шоир ва ёзувчилар, таниқли ўзбек санъаткорлари, миллий нақш намуналари, юзида ўзбекка хос ҳаё балқиб турган ўғил-қизларимизнинг расмлари… акс этса. Ўшанда харидор жаноби олийлари шарманда расм¬ли дафтарни сотиб оладими, ё номус-ҳаёси бориними? Менимча, нафақат ўзбеклар, ҳатто бош¬қа халқ вакиллари ҳам фарзандига биз таклиф қилаётган дафтарларни олиб беради. Ҳозир эса, бошқаси йўқ бўлгач, ноилож харид қилиняпти улар. Яхши муқовали, замонавий дафтар чиқариш йўлга қўйилса, қўшимча харажатлар ҳам ёнга қолиб, бу ишнинг нафи хийла катта бўлиши тайин. Дафтарфурушларни қувғин қилиб, бозорларда эл кўзига «рейд» ўтказишдан фойда йўқ. Негаки, дафтар керакли нарса. Шундай экан, беҳаё ва бемаъни расмли дафтарни бир бозордан йўқотсангиз, бошқасида пайдо бўлади, эшикдан қўймасангиз тешикдан кириб келади. Элимиз айтганидай, зирапчани игна билан чиқариш керак. Ўзбекистоннинг ўзида дафтар босиш йўлга қўйилса, бу ишга маънавиятнинг муҳим бир жабҳаси деб қаралса, четдан айнима суратли дафтар опкелиб сотиш ўз-ўзидан касодга учрайди, дафтарлар арзонлашади, энг муҳими, беҳаё расм¬ли дафтарлар болалар сумкасидан йўқолади. Ҳозир эса норасида болаларнинг дунёга пок назар билан боққан чўлпондай кўзларига савдогарлар фаҳш ва бадахлоқ нарсаларни тутишяпти, улардаги пок туйғуларни хиралаштиришяпти, биз эса бунга йўл қўйиб беряпмиз, лоқайд қараб турибмиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг: болаларнинг саводи чиққани сари ахлоқи айниб бораверса. Бу маънавиятимиз кўзига санчилаётган тикон эмасми? Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ
|