//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

МАКТАБ ЯРАТГАН ҲОФИЗ

МАКТАБ ЯРАТГАН ҲОФИЗ
Мана, ярим асрга яқин Фахриддин Умаров номи диёримиздаги барча санъат мухлисларини мафтун этиб келади. У киши — халқимизнинг севимли ҳофизи, ижрочилик санъатининг ёрқин, жозибали намояндаларидан бири. Тоғ этаклари ёки олис чўл бағридаги хонадонларга бориб, ёшу қаридан бир сўраб кўринг: Фахриддин Умаров кимлигини сизга ўзингиздан ҳам зиёда қилиб тушунтириб беради. Бу — санъаткор учун катта бахт. Элу юрт эъзози — юксак мукофот.
Ҳофизга бўлган ҳурмату эҳтиромнинг туб негизини англаб етишга ҳаракат қиламан. Аниқки, бу энг аввало худо юқтирган табиий — илоҳий истеъдод, кўркам ва мардона овоз, юракнинг ич-ичидан сирқираб келадиган катта  дард, маъно, ҳаяжон... Фақатгина ўзига хос йўли, ўз услуби, ўз овози борлиги. Фахриддин акани ҳеч ким билан аралаштириб ёки алмаштириб бўлмайди.
Иккинчидан, ҳар қандай мураккаб, оғир шароитда ҳам, ноўрин таънаю дашномларни енгиб, ўз сози, ўз овозини синовлардан матонат билан, гард юқтирмай олиб ўтиш. Учинчидан, ўз санъатига энг олий мезонлардан келиб чиқиб муносабатда бўлиш... Бундай қирраларни янада санаш мумкин.
Янглишмасам, 1961 йилнинг май ойида, Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги ижодий боғида анъанавий бир учрашув бўлди. Кўп машҳур адиблар, санъаткорлар, истеъдодли ёшлар давралар қуриб, ўзаро мулоқотга, мушоирага киришган. Катта чинорлар тагида, анҳор бўйида, кўм-кўк чимзор устида, гулзорлар атрофида ажойиб суҳбатлар, сўзу соз базми авжда эди. Эсимда, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Комил Яшин, Ғанижон Тошматов каби устозлар аския, сўз пайровини гуллатиб, кўнгилларга ҳузур бағишларди. Шунда Фахриддин Умаров ҳам боғимизга меҳмон бўлиб келдилар. Бу вақтда Фахриддин ака номи халқимиз тилига тушган, радио орқали қўшиқларини эшитиб мафтун бўлиб юрган пайтларимиз. Ниҳоят, ҳофизнинг ўз оғизларидан дилрабо ашулаларни эшитадиган бўлиб турибмиз... Фахриддин ака созларини қўлга олиб, сеҳрли овоз билан куйлай бошлади.
Ниҳоят, биз орзиқиб кутган Бобур ғазалларига навбат етди:
“Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен,
Не кун бўлғай висолингга мени дилхаста етгаймен... ”
“Сочининг савдоси тушди бошима бошдин яна,
Тийра бўлди рўзғорим ул қаро қошдин яна... ”
Мен ўша пайтдаги ҳаяжонларимизни тасвирлаб бермоқчи эмасман. Ҳозирги вақтда ҳар биримизга ёд бўлиб кетган бу ғазалларни кимдир дастлаб ўз маромига етказиб ижро этиб, қонимизга, жонимизга киритганлигини унутмаслик керак. Бу қўшиқлар буюк Бобуримизни халқимизга жуда яқинлаштириб қўйди. Бобурнинг жаҳоний армоняарини бизга ажиб бир дардли талқин билан ҳикоя қилиб берди.
Ҳозирги вақтда Бобур ҳаёти ҳақида кўп салмоқли бадиий асарлар — роман, қисса, достон, пьесалар яратилганлигини биламиз. Уларни мароқ билан ўқиб, ҳурматини жойига қўямиз. Лекин инсоф юзасидан айтиш керакки, бу ишга дастлабки олтин ғиштларни қўйганлардан бири Фахриддин Умаровдир. Бобурнинг ички оламига чуқурроқ кириб боришимизда Фахриддин ака санъати ўзига хос олтин калит бўлганлигини миннатдорчилик билан тилга оламиз.
Ҳали кўпчилик учун шоҳ ва шоир Бобурнинг ҳаёти, ижоди яхши маълум бўлмаган, айрим ҳолларда “қандай бўларкин?” деб ҳадик олиб юрилган вақтларда Фахриддин Умаров қўшиқлари ўзига хос жасорат бўлди.
1965 йилда республика газеталаридан бирида бир туркум шеърларим босилган эди. Турли мавзулардаги ушбу туркум ичида “Дўстлар ” деган ғазалим ҳам бор эди. Мен бу ғазални ранг-баранглик учунгина туркумга киритган эдим. Кунлардан бир кун Фахриддин ака телефон қилиб, “Дўстлар ”ни қўшиқ қилмоқчиман. Лекин айрим таҳрирлар киритишга тўғри келади, деб қолди- лар. Ўша пайтдаги хурсандчилигимни ифода этолмайман.
Ғазал:    Мен деяй    ишқим достонини,
Тингланг, дўстлар”,
деб бошланарди. Фахриддин ака: “Айтайин ишқимни достонини, тингланг дўстлар” дейилса, фикр ва оҳанг равшанроқ бўлишини айтдилар. Жон-дилимдан рози бўлдим. Ҳазилми, машҳур ҳофиз шеъримни қўшиқ қилиб айтмоқчи!
Ўттиз беш йилдирки, ушбу ғазал “Севгини асранг, дўстлар ” номи билан ҳамон радио тўлқинларида янграб келади. Айтмоқчиманки, Фахриддин Умаров ғазал, қўшиқ матнига — унинг маъносига катта талабчанлик билан ёндошади. Ҳар бир сўзнинг алоҳида бир урғу билан юрак зарбларига ҳамоҳанг бўлишини таьминлайди. Пўлат Мўминнинг “Эй, муҳаббат ”, Эркин Воҳидовнинг “Хаёл ”, Тўра Сулаймоннинг “Умр ўтмоқдадир ” каби ўнлаб кўркам қўшиқлар гулдастаси ана шундай юксак дид билан сараланган. Фахриддин ака мумтоз адабиётимизни яхши билади, арузнинг назокатини юракдан ҳис этади. Юракдан ҳис этилган саньатгина қалбларга йўл топади.
Ўзбек қўшиқчилигида ўз мактабини яратганлардан бири — Фахриддин Умаров. Сўз ва сознинг моҳир заргари бўлган ҳофизимизга бўлган ҳурматимни қуйидаги ғазалимда ифода этишга интилганман: 
ҲОФИЗГА
Куйла, ҳофиз, садқа бўлсин бу ширин жонлар сенга,
Эл қувончи ҳадя этгай шавқ ила шонлар сенга.
Сен ёниб ўртанганингда дил эриб, сувдек оқар,
Тожу- тахтин бахш этар не шоҳу султонлар сенга.
Бу овозу бунча санъат сенга Оллоҳ неъмати,
Жон қулоғин тикди мафтун еру осмонлар сенга.
Тоғу дарё, водийларни бағрига олмиш наво,
Таслим этмиш ҳурматин кўп шаҳру бўстонлар сенга. 
Гоҳ жаранглаб бахту шодлик, гоҳ маъюс инграр алам, 
Кўксин очмишдир тамоман васлу ҳижронлар сенга. 
Бул гўзал қалбингда дунёлар мужассам айланур,
 Дардин изҳор айлабон ободу вайронлар сенга.
Руҳ олиб аждодлардин, Фахриддин, юксал баланд,
Ёр бўлсин халқ меҳридан бу унвонлар сенга.
Жуманиёз ЖАББОРОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Халқ шоири.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (23.01.2016)
Просмотров: 844 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz