Юртимиз мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошлаб жамиятимизнинг барча жабҳаларида ўзгаришлар юз берди. Бу ўзгаришлар халқимиз маънавияти, маданияти ва унинг бой қадриятларига сезиларли таъсир қилмоқда. Мамлакатимизда яшаб келаётган жами аҳолининг 60 фоиздан зиёдини 24 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади, яъни Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Давлатимиз томонидан ёшлар таълим-тарбияси ва маънавиятига доир кўплаб амалий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 1992 йил 28 февралдаги “Республикада янги олий ўқув юртлари ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва бошқа ҳужжатларни кўрсатиб ўтиш мумкин.
Ёшлар фаолияти, тарбияси, саъй-харакати ҳаётимиз мезонидир. Ҳозирги кунда эътибор берадиган бўлсак, асосан, ёшларнинг калби ва онги учун кечаётган ғоявий курашларнинг кучайганини кўрамиз. Ёшлик даври дунёқарашнинг шаклланиши, эътиқоднинг мустаҳкамланиши учун ўта муҳим босқич ҳисобланади. Жамоатчилик фикри бўйича, мафкуравий бўшлиқни йўқ қилиш борасида, инсон учун энг адолатли ва маънавий бой, жамият учун энг қулай одил мафкура босқичига ўтиш лозим. Инсонни, халқни, давлатни мафкурасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, миллий қадриятлар, пок дин, умуминсоний қадриятлар асосий босқичлари ҳисобланар экан, бу борада миллий ўзликни англаш, янгича тафаккур кенг шаклланишги зарур.
Ёшлар онгига соғлом мафкурани сингдириш жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олиши даркор. Миллий мафкурани шунчаки ҳаётга татбиқ этиб бўлмайди. Миллий мафкуранинг асосий йўналишларини, унинг ўзига хос хусусиятларини мутафаккир олимлар ва тарбия ишлари билан шуғулланувчилар бевосита ишлаб чиқади. Лекин бу мафкура шу мамлакатда яшайдиган барча аҳолининг, зиёлининг, айниқса иқтидорли ёшларнинг юрагига ғоялар, туйғуларни мужассам этиб, унга бунёдкорлик руҳини бахш этади. Ёшларда миллий истиқлол ғояларининг асоси ҳисобланган Ватан равнақи, халқ фаровонлиги, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, юрт тинчлиги, комил инсонни тарбиялаш каби масалаларнинг иқтидорли талабаларимиз онгига сингани анча сезиларли даражада ижтимоий ҳаётда ва амалиётда ўз аксини топиб бораяпти. Фақат билим маърифатли жамиятгина демократик тараққиётнинг афзалликларини қадрлай олади. Демократик жамиятнинг моҳиятига етмасдан туриб, жамият аъзоларининг ҳуқуқий савиясини юксалтирмай туриб, демократик давлат қуриб бўлмайди.
Ёшлар ўртасида миллий-маънавий кадриятларни юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқ зарур. Ҳозирги кунда фуқароларимиз, жумладан, ёшларимиз ўртасида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Миллий ва маънавий мерос ва қадриятлар тушунчаси кенг қамровли тушунча бўлиб, унинг таркиби қуйидагилардан иборат:
— тарихий мерос ва тарихий хотира
— илм-фан ютуқлари
— ахлоқий фазилатлар
— диний қадриятлар
— маданий ёдгорликлар, осори-атиқалар, қадимий қўлёзмалар
— урф-одат, анъана, маросимлар
— маърифат, таълим-тарбия.
Энг муҳими, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини юксалтиришда ёшларимиз онгига мустақилликнинг буюк неъматларини мазмун-моҳиятини сингдириш салмоқли ўрин тутади.
Ватанга муҳаббат туйғусини ёшлар қалбига сингдириш концепцияси қуйидагича бўлмоги лозим:
— чуқур миллий, умуминсоний, тарихий, ғоявий-сиёсий, илмий-назарий дунёқарашни сингдириш
— ёшларда миллий тафаккур, ғурур ва ўзликни, миллий виждон ва умуминсоний баркамолликни тарбиялаш
— ёшларда оташин ватанпарварлик ва ҳарбий жасоратни, Ватанга садоқатни тарбиялаш
— ёшларни Ватан ва халқ, миллат ва жамият олдидаги муқаддас бурчларни чуқур ҳис этиш ва уларга садоқат руҳини сингдириш.
Мамлакатимизда кечаётган иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва маънавий ислоҳотларда фаол қатнашиш, ёшларга Ватан озодлиги учун кураш олиб борган фидоий аждодларимиз жасорати, уларнинг тарихий меросини чуқур ўрганиш, зиёлилар олдида турган долзарб вазифага айланди.
Ҳар қандай фанни ўқитиш жараёнида қуйидаги масалаларга алоҳида ўрин бериш мақсадга мувофиқдир:
— умуминсоний қадриятларга содиқлик
— миллий анъаналар, дин ва маданиятни қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш
— тарихий шахслар тимсолида Ватанга муҳаббат ва Ватанпарварлик туйғуларини сингдириш
— буюк мутафаккирларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш
— халқимиз маънавий меросини янада ривожлантириш.
Буюк ватандошимиз Абу Наср Форобий айтганларидек: «Инсоний вужуддан мақсад – энг олий бахт-саодатга эришувдир, аввало у бахт-саодатнинг нима ва нималардан иборат эканлигини билиши, унга эришувини ўзига ғоя ва энг олий мақсад қилиб олиши, бутун вужуди билан мафтун бўлиши керак. Кейин у бахт-саодатга олиб борадиган иш – амал ва воситаларининг нималардан иборат эканлигини билиб олиши зурур. Сўнгра эса бахт-саодатга эриштирадиган ишларни шахсан бажаришга киришмоғи лозим бўлади».
Хулоса қилиб, шуни айтиш лозимки, ҳалол ва пок, маънавий етук, миллий ғурури юксак, халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўядиган, озод ва обод Ватан тараққиёти учун кураша оладиган ва керак бўлса олижаноб мақсад йўлида ўз жонини қурбон қилишга тайёр ёшларни тарбиялаш олий ўқув юртларининг асосий вазифасига айланиши лозим. Бундай авлод ўз келажагини ярата олади. Бугунги кунда жамиятимиз маънавиятини юксак даражага кўтариш учун етарли шарт-шароитлар мавжуд. Бунинг натижаси ўларок, миллатимиз ғурури ва ифтихори жаҳон узра юз тутмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов таъкидлаганидек: “Мазкур минтақанинг қадимий тарихи ва маданияти бунда яшаб ўтган Шарқ мутафаккирлари ва файласуфларининг жаҳон маданиятини ривожлантиришга қўшган ғоят катта ҳиссалари ҳам бу ерда яшаётган одамлар турмушнинг барча томонларига сезиларли таъсир ўтказмоқда. Ўтмишдаги алломаларнинг бебаҳо мероси қанчадан-қанча авлодларнинг маънавий-руҳий онгини ва турмуш тарзини шакллантирган эди ва у ҳамон таъсир кўрсатмоқда”. Ўрта Осиё мутафаккирларининг бебаҳо маънавий мероси, умуминсоний мазмунга эга бўлган гуманистик қарашлари ҳозирги кунда инсонпарварлик қадриятлари ва миллий ғояни ёшлар онгига сингдиришда, баркамол авлодни тарбиялашда ғоявий манба бўлиб хизмат қилмоқда.