//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Маҳорат мактаби: Ҳаёт билан ҳамқадам

Маҳорат мактаби: Ҳаёт билан ҳамқадам

Автор  
 
Материални баҳоланг
(1 Овоз)
 
 
.

   Журналист – ҳаётдан бир қадам олдинда юриши керак, деган ақидани кўп эшитганмиз. Устоз журналистлардан бири, журналист – ҳаёт билан ҳамқадам бўлиш лозим, деган фикрни илгари сурган.

   Бизнинг фикримизча, журналист – ўрни келганда ҳаётдан гоҳ бир қадам олдинда, гоҳо ҳамқадам бўлиши зарур. Эзгу фикр, эзгу орзу-ният билан яшайдиган журналист ҳаётни олдиндан кўра билиши лозим. У ҳаётдан бир қадам олдинда фикрлаши ва ёзиши мақсадга мувофиқ. Эртанги кун режалари, ташвишлари билан яшаш журналистга хос фазилатдир. Жамият ҳаёти билан ҳамнафас бўлиб қалам тебратиш янада муҳимроқ. Бугун айнан шундай ҳамнафас бўлиб қалам тебратишнинг мавриди келиб турибди. Яъни, истиқлол шарофати билан мамлакатимизда жуда кўплаб улуғвор ишлар амалга оширилмоқда. Улар ҳақида аввало ҳозиржавоблик билан хабарлар ёритилса, маълум муддат ўтгач, таҳлилий мақолалар ёзилади.

   Сўнгги йилларда юртимизда ижтимоий, иқтисодий, таълим-тарбия, илм-фан, спорт, маънавият ва бошқа соҳаларида беқиёс ўзгаришлар юз берди. Бу жараёнлар ўз вақтида республикамиз оммавий ахборот воситаларида изчил ёритиб келинмоқда. Табиийки, матбуотимизда мустқил мамлакатимизнинг ўзига хос солномаси яратилмоқда!

   Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов Ватанимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида таъкидлаганидек, мамлакатимиз тараққиётида янги босқич ва уфқларни забт этишда барчамизни қувонтирадиган, энг катта мезон аввало юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик, осойишталик ва ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити, ватандошларимизнинг тобора ўсиб бораётган дунёқараши ва онгу тафаккури, ҳуқуқий ва сиёсий маданияти ва фаоллигидир.

   Ватандошларимиз, айниқса ёшларимизнинг дунёқараши миллий истиқлол ғоялари билан шаклланиши, онгу тафаккури, ҳуқуқий ва сиёсий маданияти ошиб боришида таълим тизими билан бир қаторда ОАВнинг ҳам роли беқиёс. Аслида, таълим-тарбия жараёнлари ҳам асосан ОАВда ёритилишини инобатга олсак, журналистларимиз зиммасига қандай улкан масъулиятлар юкланишини тасаввур этиш қийинмас.

   Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг қабул қилиниши таълим-тарбия соҳасида беқиёс ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берган бўлса, журналистика соҳасининг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш ва такомиллаштиришга хизмат қилувчи “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”, “Телекоммуникациялар тўғрисида”, “Реклама тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунлари, шунга монанд Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 26 февралдаги “Журналист кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”, 2006 йил 7 августдаги “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш давлат дастури тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш профессор-ўқитувчиларимиз зиммасига ғоят улкан масъулиятлар юклади. Дунёдаги етакчи мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш миллий тизимининг такомиллаштирилиши ахборот соҳасидаги фаолиятнинг сифати ва савиясини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тизимида кўп жиҳатдан ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.

   Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишларни танқидий баҳолаб, ОАВ фаолияти устидан назорат қилишнинг иқтисодий механизмларини, ахборот манбаларининг ёпиқлигини, шунингдек, таҳририятларга ҳокимият органлари ва маъмурий тузилмалар томонидан бўлаётган маълум даражадаги босимларни бартараф қилиш билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурган эди. Шу аснода 2014 йил 5 май куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни бу борада муҳим қадам бўлди. Бу қонуннинг номидан ҳам кўриниб турибдики, у давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилади, шунингдек, аҳолининг давлат тузилмалари фаолияти ҳақида ахборот олишида, уларнинг бу борадаги масъулиятини оширишда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишларимизни яхшилашда ва албатта, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда катта имкониятларни очади. Жамиятимиз тараққиётида шундай муҳим ўрин тутадиган қонун ижросини таъминлаш биринчи галда Ахборот хизматлари ва ОАВ ходимлари зиммасига улкан масъулият юклайди. Бугун журналистика факультетида таҳсил олаётган талабалар ўзларини эртага қандай масълиятли вазифалар кутаётганини дилдан ҳис этиб, шунга яраша билим олишлари ва етарли даражада малакага эга бўлишлари талаб этилади.

   1993 йилдан буён 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида кенг нишонланиб келмоқда. Байрам муносабати билан давлатимиз раҳбари ўз табригида миллий журналистикамиз соҳасида эришилаётган муваффақиятлар билан бир қаторда галдаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ОАВ учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини ана шу ҳужжатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

   Айтиш жоизки, бундан 25-30 йил илгари журналистика факультетини тамомлаган кадрлар билан бугунги ёш кадрлар ўртасида жуда катта фарқ бор. Ўша даврдаги ОАВ билан бугунги замонавий коммуникация технологиялари ўртасидаги фарқ қанча катта бўлса, уларда фаолият кўрсатишаётган кадрлар салоҳияти ўртасидаги фарқ ҳам ўшанча десак муболаға бўлмайди. Негаки, ўша даврдаги газета-журналлар билан бугунги нашрларни, саноқлигина каналларга эга бўлган телевидение (аксарият хонадонлардаги телевизорлар фақат оқ-қора тасвирда кўрсатгани ҳақида бугун гапиришнинг ўзи кулгили…) билан бугунги ойнаи жаҳонимизни солиштириб бўлмадими! Телевидение ҳақида гап кетар экан, ўша даврда жумлаи жаҳон “иттифоқ” таркибида бўлган Ўзбекистонни билмагани каби унинг телекўрсатувлари ҳам шу республика ҳудудидан нарига чиқмасди. Бугун эса Ўзбекистон телевидениесини дунёнинг исталган жойидан бемалол кузатиш мумкин. Мустақил мамлакатимизда ҳар йили бўлиб ўтадиган Наврўз, Мустақиллик байрамларини, шунингдек, халқаро конференциялар, “Шарқ тароналари” каби анжуманлар сунъий йўлдош орқали бевосита бутун дунёга намойиш этилиши одатий ҳолга айланган.

   Бир пайтлар Интернет журналистикасини тасаввур ҳам қила олмасдик. Бугунги ОАВни эса интернет журналистикасиз тасаввур этиб бўладими! Демоқчимизки, бугунги журналист кадрларимиз зиммасига ўз-ўзидан ана шу замонавий оммавий ахборот воситалари фаолиятини изчил давом эттириш вазифаси юкланмоқда.

   Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бутун дунё ягона ахборот маконига айланган бугунги кунда инсонни камолотга чорлайдиган эзгу таълимотлар билан ёвуз ғоялар ўртасидаги кураш кескинлашиб бораётганидан асло кўз юмиб бўлмайди. Бундай шароитда ёш авлоднинг ахборотга бўлган эҳтиёжини чинакам миллий истиқлол ғоялари, аждодларимизнинг тенгсиз маънавий меросларига ошно қилиб тарбиялаш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этаётган экан, замон билан ҳамнафас миллий журналистикамиз ҳам шунга монанд бўлмоғи лозим. Яъни, ёш журналистлар шунга яраша чуқур билимли, теран фикрли, фаол фуқаролик позициясига эга бўлиши шарт! Давлатимиз раҳбари 2014 йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги маърузасида таъкидлаганидек, ўзининг тарихий, маданий ва интеллектуал меросини асраб-авайлашга, бойитиш ва кўпайтиришга, шунингдек, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга етарлича эътибор қаратмайдиган, ҳар томонлама уйғун ривожланган, мустақил фикрлайдиган, ўз қараш ва ёндашувига, гражданлик позициясига эга бўлган шахсни камол топтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўймайдиган давлат ва жамият тарих ва тараққиёт йўлидан четда қолиб кетишга мажбур.

   Бўлғуси журналистларимиз давлатимиз раҳбарининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференциядаги маърузасини катта қизиқиш билан ўрганмоқда. Бу ёш ижодкорларнинг қандай буюк зотларнинг авлоди эканини янада чуқур англашга, улар билан ғурурланишга ва муносиб ворислар бўлишга ундаш билан бир қаторда фикри теранлик билан қалам тебратишга илҳомлантиради, деб ўйлаймиз. Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида халқимиз маънавияти тобора юксалиб бораётгани ҳақида сўз юритаркан, бу соҳада эришган марраларимиз билан биз ҳеч кимдан кам бўлмасдан, кўпгина манаман деган давлатлардан ўзиб кетганимизни энг муҳим ютуғимиз, деб ҳисоблайман, деб қайд этгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

   Бундан биз тўғри хулоса чиқарган ҳолда бу мавзуни ҳам юксак маҳорат билан ёритиш борасида зиммамизга янада улкан масъулият юкланганини ҳис этдик.

   Спорт мамлакатимиз шуҳратини дунёга ёйишда ғоят муҳим ўрин тутади. Юртимиз истиқлолга эришган дастлабки кунларданоқ спорт соҳасига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1113 болалар спорти иншооти, жумладан, 252 янги спорт комплекси, 861 спорт зали барпо этилган. Уларнинг 84 фоизи қишлоқ жойларда қурилган. 2003-2013 йилларда 1816 та замонавий спорт объектлари фойдаланишга топширилган. Бундай имкониятлардан шаҳару қишлоқларимизда икки миллионга яқин бола, шу жумладан, саккиз юз қирқ икки минг қиз ўттиздан ортиқ спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Яқинда Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида 28 нафар спортчимиз қатнашиб, 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритгани ана шу улуғвор саъй-ҳаракатлар самараси экани барчамизга ғурур бахш этади, албатта. Таъкидлаш жоизки, йигит-қизларимизнинг соғлом улғайиши йўлида мамлакатимизда шунча хайрли ишлар амалга оширилаётган экан, уни янада оммалаштириш журналистлар зиммасига ҳам катта вазифалар юклайди. Сўнгги йилларда факультетимизда айнан спорт журналистикасини такомиллаштириш борасида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Биринчи галда таниқли спорт журналистлари, шарҳловчилар амалиёт ўқитувчиси сифатида таклиф қилинди. Бунинг натижасида ҳозирги пайтларда қатор спорт нашрлари таҳририятлари, теле ва радио студияларида истеъдодли ёш журналистларимиз ҳам самарали фаолият кўрсатаётгани билан фахрлансак арзийди.

   Мустақилликка эришганимиздан буён юртимизда асрларга татигулик ишлар амалга оширилганини таърифлашга тил ожиз. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотурудий, Бурҳониддин Марғиноний, Хожа Аҳрор Валий сингари боболаримизнинг таваллуд саналари кенг нишонланди, уларнинг беқиёс мероси ўрганилмоқда. Самарқанд, Хива, Бухоро, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон, Тошкент сингари қадим ва муаззам шаҳарларимизнинг тўйлари нишонланди. “Авесто”нинг 2700 йиллиги, “Алпомиш”нинг 1000 йиллиги, Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги катта байрам қилинди. Асака автомобил заводи ишга тушди, бу ерда биринчи ўзбек енгил автомашинаси ишлаб чиқарилди. Дастлаб автомобилнинг бир йўла учта тури – «Дамас», «Нексия», «Тико» линиялари ишга туширилган бўлса, бугунги кунда замонавий енгил машиналаримизнинг ўндан ортиқ тури кўзларни қувонтирмоқда.

   Буларнинг барчаси бизни қанчалик илҳомлантиришини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бир сўз билан айтганда буларнинг барчаси журналистлар учун туганмас мавзу ҳисобланади.

   Факультетимизда шунга муносиб, замон билан ҳамнафас фаолият кўрсата оладиган журналист кадрлар тайёрлаш йўлида профессор-ўқитувчиларимиз ўз устиларида муттасил изланмоқдалар. Ўзбекистон мустақилликка эришган кундан буён матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари жамиятда ўзига хос ижтимоий институт сифатида шаклланди. Мамлакатимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қиладиган ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ҳар бир шахснинг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлиги демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти бўлиб қолди. Шунга монанд матбуот чинакам ҳаёт кўзгуси, “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида Президентимиз Ислом Каримов фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки ҳақида сўз юритар экан, ахборот эркинлигини таъминламасдан, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати ҳамда позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантирмасдан туриб, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади. Жамиятда ОАВнинг ўрни, беқиёс имкониятлари, фаолияти ва келажакдаги мақсадлари давлатимиз раҳбари асарлари ва қатор маърузаларида теран ёритилган. “Мен ўз фаолиятим давомида журналистларнинг ишини яқиндан билиб, кузатиб келаётган бир инсон сифатида бу соҳанинг қандай нозик ва масъулиятли эканини, таъбир жоиз бўлса, баланд тоғ чўққисига чиқиш нечоғлиқ қийин бўлса, ҳақиқий журналистнинг меҳнати ҳам шундай оғир ва машаққатли эканини ўзимга яхши тасаввур қиламан. Бу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келмаслигини, бунинг учун истеъдод, тинимсиз заҳмат чекиш, қунт ва изланиш зарурлигини инобатга оладиган бўлсак, ўзбек матбуоти бугунги кунда жаҳон ахборот майдонида ўз ўрнини топишга интилаётгани, журналистларимиз чет эллик ҳамкасблари билан мулоқот ва баҳсларда ҳеч кимдан кам бўлмасдан ўзининг профессионал малакасини намоён этаётгани барчамизга мамнуният етказади,– деб ёзади Юртбошимиз.– Ҳақиқатан ҳам, матбуотнинг энг муҳим вазифаси бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ташқи ва ички сиёсатни оддий фуқаролар кўзи билан, яъни, турли-туман нуқтаи назарлардан баҳолаб ифодалаш, шу билан бирга, йўлимизда тўсиқ бўлиб турган иллатларга – бу коррупция ёки амалпарастлик бўладими, маҳаллийчилик, одамларнинг дардини кўрмаслик бўладими – буларнинг барчасига қарши муросасиз курашиш, бир сўз билан айтганда, адолатни қарор топтириш, жамиятимизни янада эркинлаштириш учун ўзини аямасдан, виждон амри билан яшаш журналист деган касбни танлаган инсонлар учун доимий ҳаёт мақсади бўлишини истардим”. Бу қадар масъулиятли вазифаларни амалга оширишда матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу борада фаолиятлари ОАВ билан бевосита боғлиқ ўқитувчи ва мураббийлар, журналистлар ва бошқа зиёлилар жамият олдидаги масъулиятли бурчини чуқур ҳис этган ҳолда фаоллик кўрсатишлари тақозо этилади.

   Сўзимизни журналист ҳаётдан бир қадам олдинда юриши керакми ёки ҳамқадам бўлиши мақсадга мувофиқми, деган баҳсли фикр билан бошлаган эдик. Хулоса ўрнида такрор айтиш мумкинки, мустақил мамлакатимизда шиддат билан давом этаётган ҳаёт ҳамда тараққиётнинг ўзи журналистлар зиммасига ўта тезкорлик ва айни пайтда мулоҳазакорлик билан ишлаш масъулиятини юклайди. Бу эса журналистлардан ҳаёт билан мудом ҳамқадам бўлишни, ўрни келганда албатта бир қадам олдинда юришни тақозо этади. Давр шунга муносиб етук журналист кадрлар етишиб чиқишини кутмоқда. Факультетимиз олдига қўйилган масъулиятли вазифалар замирида ана шундай эзгу мақсадлар мужассамдир.

 

 

Маҳлиё МИРСОАТОВА,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий

университети журналистика факультети декани,

Тўлқин ЭШБЕК,

Журналистика факультети “Уч илдиз” маҳорат

мактаби раҳбари, республика “Журналистика –

ижодий фан” танлови ғолиби.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (21.11.2014)
Просмотров: 934 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz