Бугунги талаба – эртага журналист! Шуни фахр билан айтиш жоизки,бугунги кунда газетаважурналлар, телевидение варадио муҳарририятлари,ахборот агентликлари, китоб нашриётларида фаолият кўрсатаётган кўплаб бош муҳаррирларжурналистика факултетимизда таҳсил олганлар! От ўрнини той босар, деганларидек, вақти келиб истеъдодли ва иқтидорли талабаларимиз ана шундай масъул лавозимларда ҳам фаолият кўрсатадилар.
Хўш, бугун қалбида умид учқунлари жўш ураётган талаба эртага ана шундай масъул лавозимларда ишлаш бахтига мушарраф бўлиб қолса, қандоқ йўл тутган бўларди? Улар миллий журналистикамиз тараққиётига қандоқ ҳисса қўшарди? Журналистика факультети ҳамда олий журналистика курслари талабалари билан ўтказилган “Агар бош муҳаррир бўлсам…” мавзуидаги суҳбатда бу борада анча теран ва дадил фикрлар билдирилди.
Гулсанам Эшматова:
– ОАВ орасида газета энг кўп таҳлилий мақолалар ёритиши билан ажралиб туради. Газетхон хабар ва мақолаларни бафуржа таҳлил қилиб, мушоҳада елагидан ўтказиб ўқиш имконига эга бўлади. Бу жараёнда у зарур ахборотга эга бўлиш билан бир қаторда маданий хордиқ чиқариши ҳам табиий. Келгусида мен қайсики нашрга масъул бўлсам, аудиторияни қизиқтирган мавзуларга жиддий эътибор қаратардим. Аввало газетхонлар кутган энг долзарб мавзулар, муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида таҳлилий мақолаларни кенгроқ ёритар эдим. Бадиий, кўнгилочар мавзулар ҳам четда қолмасди. Негаки, у газетхонлар эътиборини кўпроқ жалб этади. Газетани имкон қадар “Маърифат”, “Даракчи” сингари кўп саҳифали қилиб чиқаришга ва ҳар бир саҳифада турли соҳаларга оид мавзуларни қамраб олишга муваффақ бўлардим.
Насиба Аҳмедова:
– Журналист ҳаётнинг қийин синовларидан қочмай, турфа муаммолар ечимини қалами билан ижобий ҳал этиши мақсадга мувофиқ, деб биламан. Кўп муаммоларни айтиш осон-у улар ҳақида рисоласини келтириб ёзиш, бу жараёнда фактларни аниқлаш, исботлаш, қонун доирасида иш тутиш, ниҳоят, таҳлил қилиб қоғозга тушириш жараёнлари айтишгагина осон. Мен шундай мураккаб ишнинг уддасидан чиқаётган устоз журналистларга ҳавас қиламан. Севимли газетам – “Оила ва жамият”нинг ҳар бир сонини эътибор билан кузатиб бораман. Оиладек нозик ва поёнсизмавзуларни шу қадар ўқишли қилиб ёритаётган устозлардан кўп маҳорат сирларини ўрганиш мумкин. Келгусида шундай нашрга масъул бўлиб қолсам, оила борасидаги миллий ва аслқадриятларимизга оид мавзуларга янада кўпроқ эътибор қаратар эдим…
Райҳона Қобулова:
– “Ҳуррият” газетаси бўлғуси журналистлар учун ўзига хос амалиёт мактаби, дэсак арзийди. Ундаги ибратомуз мақолалар, суратлар, сарлавҳалар, рукнлар ҳақида кўп ижобий фикрлар айтишимиз мумкин. Баҳс тариқасида айрим таклифларимни билдирмоқчиман. Газетанинг шу йил 42-сонида Ўқитувчилар ва мураббийлар кунига бағишланган мавзулар алоҳида ўрин эгаллаган. Бу мавзудаги мақолалар саҳифаларга кетма-кет жойлаштирилганида мақсадга мувофиқ бўларди. Реклама саҳифаси сўнгги бетда берилганида, “Дунё сиёсати” газета сҳифаларининг ўртароғида жойлаштирилганида газетхонлар дидига янада мосроқ бўлармиди, деган фикрдаман.
Маънавият инсонни яхшиликка етаклайди. Бу мавзуга кенгроқ ўрин берилиши мақсадга мувофиқдир. “Ғарбга тақлид қилиш ўринлими?” сарлавҳали мақолада кўтарилган муаммо ғоят долзарб. Уни “Муҳокама учун мавзу” рукни билан баҳс-мунозара тарзида давом эттирилса фойдадан ҳоли бўлмасди.
Гулнора Мақсимқулова:
– Ёшларнинг севимли нашри – “Туркистон”нинг ҳар бир сонини эътибор билан ўқиб бораман. Газета саҳифаларида мамлакатимиз ёшларининг ҳаёти, жўшқин фаолияти, орзу-умидлари баҳоли қудрат ўз аксини топмоқда.
Шунқор Чориев:
– Ҳар бир нашр ё муҳарририятнинг номи худди инсон исмидек пурмаъно, жарангдор бўлишини истардим. Шу нуқтаи назардан “Ўзбекистон” телерадиоканалидаги “Ижтимоий-сиёсий ва социал иқтисодий эшиттиришлар” муҳарририятининг номини сал ўзгартириш керак, деган фикрдаман. Чунки, радио студияларига ташриф буюрган кишилар аввало хона пештоқидаги ёзувга қарайди. Ахир, “ижтимоий” ва “социал” (яъни, жамият) сўзлари синоним эмасми?
Демоқчиманки, муҳарририят номи эшиттиришлар мавзусга мос, ихчам ва халқона тилда лўндагина бўлса.
Райҳона Ўролова:
– Тележурналист бўлишни орзу қиламан. Келгусида Ўзбекистон телеканалида бош муҳаррир бўлсам, қизиқарли кўрсатувлар тайёрлардим. Танқидни камайтирардим. “Танқид – келажак меваси” эмас, балки, “Танқидсиз келажак меваси” қабилида қизиқарли мавзуларни ёритардим. Томошабинлар ноанъанавий мавзуларга ҳам қизиқишини эътиборга олардим.
Ирода Каттабекова:
– Айрим ёш журналистларнинг бирор мавзуга қўл урмасдан туриб “цензура бор” дея оғиз кўпиртиришини сира ҳазм қила олмайман. Қани ўша цензура? Ахир, маҳоратли журналистлар энг долзарб мавзуларни ҳам ёритшяпти-ку! Чамаси, бирор мавзуни эплаб ёза олмайдиганларга бу бир баҳона. Буни мен “НТТ” телеканалида амалиёт ўтаганимда англаб етдим. Чор-су бозори ҳудудидаги ерости йўлакларидаги муаммолар ҳақида тайёрлаган танқидий лавҳамиз эфирда берилгач, томошабинларда катта қизиқиш уйғонган.
Нозима Асророва:
– Келгусида Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир бўлсам, “Ўзлигингни англа” мавзуида туркум кўрсатувлар тайёрлар эдим.
Дилором Ҳамидова:
– “Маърифат” газетаси чинакам маърифат сарчашмасига айланиши керак. Ҳозир ҳам бу газета ўз номига яраша дейиш мумкин. Маърифатнинг эса қирралари жуда кўп. келгусида уни янада сермазмун қилиш лозимдир.
Насиба Аҳмедова:
– “Даракчи” газетасида турли соҳаларга оид қизиқарли мақолалар берилмоқда. Дизайни ҳам жуда яхши. Мамлакатимизда энг кўп нусхада чоп этиладиган бу нашрда ижтимоий-иқтисодий мавзулар ҳам кенгроқ ёритилса нур устига аъло нур бўларди.
Юнусали Раҳимов:
– “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси биз учун ўзига хос мактаб, дейиш мумкин. Уни келгусида янада ўқишли қилиш, номига яраша ўзбек адабиёти ва санъатининг ёрқин намунаси бўладиган мақолалар ёритиш лозим.
Гулруҳ Тошматова:
– “Маърифат” газетаси бугунги кунда талабалар учун ўзига хос маҳорат мактабига айланган. Келгусида бу ташаббус янада қулоч ёйса нур устига аъло нур бўларди.
Азиза Рўзимуҳамедова:
– “Орият-доно” радиосининг мухлислари кўп. Уни янада қизиқарли мавзулар билан бойитиш зарур. Радионинг имкониятлари кўплигини яхши биламиз. Энг муҳими, тингловчилар дидига мос эшиттиришлар бериб бориш лозим. Бевосита мулоқотлар кўпчиликда қизиқиш уйғотади.
Севара Рўзметова:
– “Постда” газетасида турли мавзуларга кенг ўрин берилади. Менга айниқса, “Сиз кутган учрашув”, “Ташаббус”, “Спорт”, “Маърифат дарси”, “Турмуш чорраҳаларида” рукни остида бериладиган мақолалар жуда ёқади. Келгусида шу газетага бош муҳаррир бўлиб қолсам, “Маънолар хазинаси” саҳифасини ташкил этардим. Бу саҳифада ибратли мақоллар, маталлар ва маънавий хазинамизни бойитишга хизмат қиладиган бошқа мавзулар кенг ёритилар эди.
Муродбек Давлатов:
– “Заковат” кўрсатувига бош муҳаррир бўлиб қолсам, саволлар сонини кўпайтирар эдим. Томошабинлар учун ўриндиқлар ҳам ташкил этардим. Очиғи, бу кўрсатув анча яхши, мукаммал дейиш мумкин. Унга ортиқча ўзгартириш киритишга ҳожат йўқ. “Заковат” анча ҳаққонийлиги билан бошқа кўрсатувлардан ажралиб туради.
Гулноз Сиддиқова:
– Болалигимда “Оқшом эртаклари” кўрсатувини севиб томоша қилардим. Соат 20.00 да эфирга узатиладиган бу кўрсатувда мультфилм қаҳрамонларига монанд ишланган қўғирчоқлар билан бирга ширинсухан бошловчилар, фариштадек бувижонлар, доно бувалар турли эртаклар айтишиб, хушнуд этишарди. Улардан ўзимизча хулоса чиқариб, ширин уйқуга кетардик. Ҳозир бу кўрстувнинг номи ҳам, эфир вақти ҳам ўзгарган. Яъни, “Эртаклар – яхшиликка етаклар” номи билан соат 17.00 да эфирга узатилмоқда. Бу вақт болалар ва ўсмирларнинг телевизор кўришлари учун унчалик қулай пайт эмас. Келгусида улғайиб, “Ўзбекистон” телерадиоканалида бош муҳаррир бўлсам, ана шу кўрсатувнинг номи ва эфир вақтини тўғрилардим. Уни ранг-баранг мавзулар билан бойитардим. Эфир вақтини ҳам ўн дақиқадан ўттиз дақиқага узайтириш масаласини ҳал етардим. Чунки, болакайлар учун бу вақт камдек туюлади. Бу борада мутахассислар билан ҳам маслаҳатлашиш мақсадга мувофиқ деб биламан.
Малика Иброҳимова:
– Телевидение, радио ё газетанинг мавқеи уларнинг халқ орасига қанчалик кириб боргани билан белгиланади. Бу кўрсатувлар, эшиттиришлар ва мақолаларнинг қанчалик қизиқарли, ҳаққоний, савияси юксаклигига боғлиқдир. “Давр” информацион кўрсатувида юртимизда юз бераётган ўзгаришлар, хориж хабарлари атрофлича ёритилади. Бироқ, бутун мамлакатимиз миқёсида жуда кўп ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг барчасини бу кўрсатув қамраб олиши қийин. Агар келгусида мен телевидениеда бош муҳаррир бўлиб қолсам, сиёсий кўрсатувларга кўпроқ эътибор қаратиш ниятидаман.
Маърифат Абдуҳамидова:
– “Ахборот” кўрсатувини эътибор билан кузатиб бораман. Бу дастур сиёсий ахборотларни кенг ва холисона ёритиб бориши билан ажралиб туради. Келгусида шу кўрсатув муҳарририятида ишлашни орзу қиламан. Ўшанда қатор меҳнат жамоаларидаги илғор ишлар, ташаббуслар билан бир қаторда баъзи камчиликлари ҳақида ҳам лавҳалар ёритишга, муҳими, тараққиётимизга тўғаноқ бўлаётган нуқсонларга барҳам беришга ҳаракат қиламан. Иккинчиси, Юртбошимиз Фармонлари ва қонунлар ижросига оид лавҳаларга кенг ўрин ажратардим. Қонун – ижроси билан кучли эканлигини кўрсатувларда янада ҳаққоний акс эттирардим.
Дилдора Абдураимова:
– Бир ҳақиқатни тан олиш керакки, замонамиз ёшларининг кўпчилиги сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий мавзуларга қизиқиш билан қарасаларда, уларнинг ҳаётини завқ-шавқ, ўйин-кулги ва қувончли воқеаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Буларсиз ҳаёт зерикарли туюлади гўё. Шу боисдан мен ОАВ орасида энг оммабоп ҳисобланган радиоэшиттиришларини тайёрлашда ёшларбоп эшиттиришлар, бевосита мулоқотлар, қизиқарли янгиликларга кўпроқ эътибор қаратиш тарафдориман. Бу эшиттиришлар савияси юқори даражада бўлишига ҳам эришиш зарур. Келгусида республикамиз радиосида масъул лавозимда ишлаш насиб этса, ана шундай эшиттиришлар доимий эътиборимда бўлади.
Отабек Умаров:
– Устозлардан бир гап эшитгандим: журналист балиққа ўхшаши керак. Бошидан тутса, думи билан, думидан ушласа, бошидан сирғалиб чиқиб кетиши лозим. Яъни, муаммолар гирдобида қолиб кетмаслиги керак. Имкон қадар ҳаёт ҳақиқатини ёритиши зарур. Ҳозирда баъзи реклама роликлари зерикарли. Келгусида телевидениеда масъул вазифада ишласам, рекламаларни оммабопроқ қилиб ёритар эдим.
Мафтуна Суярова:
– Келгусида тележурналист бўлсам, қизиқарли кўрсатувлар орасидаги рекламаларни қисқартирган бўлардим. Ҳеч бўлмаганида уларни меъёрида бериш керак, деб ҳисоблайман.
Дилноза Сайфутдинова:
– Ҳар бир кўрсатувни эътибор билан кузатар эканман, улар ортида қанчадан-қанча журналистларнинг машаққатли меҳнатлари борлигини ҳис этаман. Шу боисдан мен бирор кўрсатувни ёмон дейишни истамайман. Нур қидирганга нурли кўрсатувларимиз кўплигини таъкидламоқчиман. Бироқ, баъзи бошловчилар соф ўзбек тилида гапиришни унутиб қўяётганга ўхшайди. Миллионлаб миллатдошларимиз эътибор билан тинглайдиган эфирда тил ва нутқ маданиятига жиддий эътибор қаратиш зарур.
Низом Исломов:
– “Меҳр кўзда” кўрсатуви томошабинга кўп маънавий озиқ бермоқда. Соғинч ҳисси, дийдор нақадар лаззатли эканлигини ҳис этиб кўрсангиз вужудингиз алланечук бўлиб кетади. Шу кўрсатув муҳарририга ҳавас қиламан. Баъзилар бу кўрсатувни Россия телеканалидаги “Жди меня” дастури билан боғлаб гапиришади. Борингки, бир-биридан андоза олган бўлса, бунинг нимаси ёмон? Биз фахрлансак арзийдиган жиҳати, “Меҳр кўзда” кўрсатуви чинакам ўзбекона мафкура, миллий туйғуларимиз билан бойтилган. Келгусида мен ҳам ўша устозлар каби тележурналист бўлсам, инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатадиган ана шундай кўрсатувларни кўпайтириш ниятидаман.
Ҳасан Абдуғаниев:
– Ҳар бир газетамиз ўз аудиториясига эга. “Даракчи” газетаси анча вақтдан бери ўз мавқеини бир меъёрда ушлаб тургани бежиз эмас. Унинг саҳифаларида муҳаббат ва оила мавзулари алоҳида ўрин эгаллайди. Баъзи саҳифаларидаги маълумотлар зерикарлироқ. Агар келгусида шу газетада ишлаш насиб этса, уни янада мазмунлироқ қилишга эришардим.
Маҳлиё Алиқулова:
– “Бекажон” мунис аёллар газетаси бўлганига яраша унинг саҳифаларида аёллар, оила бекалари учун фойдали маслаҳатларни кўпайтириш лозим, деб ҳисоблайман. Газетанинг биз талабалар учун ибратли жиҳатлари ҳам жуда кўп.
Мунира Хайриддинова:
– “Шифо” газетасини мунтазам ўқиб бораман. Унда турли касалликлар ва уларнинг давоси ҳақида қизиқарли материаллар кенг ёритилади. Модомики, тиббиётга оид мақола ёки маълумотми, уни оммабопроқ тилда ёритишса, мақсадга мувофиқроқ бўларди.
Гулруҳ Даминова:
– “Бекат” кўрсатувининг мухлисиман. Кўрсатув менга жуда манзур бўлмоқда. Айрим жузъий камчилиги ҳақида ҳам очиқ айтмоқчиман. Унга тегишли анонсда бекат лавҳаси берилади. Лавҳада бир чиройли аёл ва хушбичим йигит ёмғир саҳнасида тасвирланган. Билишимча, бу лавҳа яширин камера воситасида суратга олинган. Бир-бирига нотаниш кимсалар автобус кутишаётган экан. Аммо суратга шундай қойилмақом қилиб олинганки, экранда улар гўё севишганларга ўхшаб кўринади. Оқибатда, ҳалиги аёлнинг оиласи бузилиб кетган… Кўрсатув ҳам, бошқа саъй-ҳаракатларимиз ҳам яхшилика, оилалар бахти ва фаровонлигига хизмат қилиши керак. Келгусида тележурналист бўлиб етишсам, мен ана шундай эзгу йўлдан бораман.
Бекзод Қодиров:
– Газеталар фаолиятини янада такомиллаштиришда АҚШ, Англия, Франция, Германия каби ривожланган давлатларда чоп этиладиган нашрлар тажрибасини ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Уларга ўз тажрибамизни ҳам қўшсак, ҳамма ҳавас қиладиган матбуотга эга бўламиз.
Давронбек Орипов:
– “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси оммабоплиги, қизиқарли эканлиги, мавзулари ранг-баранглиги билан ажралиб туради. У кенг маънода – газетахонлар қалбига йўл топаётган газета! Келгусида унинг ҳажмини кенгайтириш, ёш истеъдод эгаларининг ижодига ҳам кўпроқ ўрин ажратиш мақсадга мувофиқ, деб биламан. Бош муҳаррирнинг кўп мақолалари газетхонни фикрлашга ундайди. Бу биз учун ибрат мактаби.
Отабек Қўлдошев:
– Телевидениеда “Ёшлар” канали кўрсатувларининг мухлислари сони тобора ортиб бормоқда. Биз бўлғуси тележурналистлар учун унинг ибратли жиҳатлари талайгина. Биргина таклифим, ҳозирги кунда беҳаё лавҳалари кўп чет эл сериалларининг ўрнига ўзимизнинг миллий сериалларни кўпроқ берса мақсадга мувофиқ бўларди.
Шерзод Боллиев:
– Ҳозирги кунда айрим ёш журналистларнинг эринчоқлиги мени ташвишга солади. Интернет баъзиларни “Тайёрга айёр” қилиб қўймаяптими? Газета саҳифаларига назар солсангиз, “интернет хабарлари” кўп жойни эгаллаяпти…
Севара Каримова:
– Миллий телевидениемиз ютуқлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Теледастурлардан ёшлар тарбиясига салбий таъсир етувчи ва миллий қадриятларимизга ёт кўрсатувлар ҳам ўрин олаётгани афсусланарлидир. Келгусида тележурналист бўлсам, элимизга маънавий озиқ берадиган кўрсатувларни кўпроқ тайёрлар эдим.
Саидахон Мадиёрова:
– Келгусида “Ёшлар” каналида масъул лавозимда ишласам, “Киномания” кўрсатуви номини “Кино олами” деб ўзгартирардим. Миллий либоси ўзига жуда ярашган бошловчига ва кўрсатувига яраша номи ҳам муносиб бўларди-да.
Мухлиса Худойбердиева:
– Мунозарали, баҳсли материаллар оммани доимо ўзига жалб этади. Келгусида қайсики нашрга бош муҳаррир бўлсам, жамоатчиликнинг хилма-хил фикрларини кенг ёритишга ҳаракат қилардим. Ҳақиқат – баҳсларда туғилишини ўз газетам орқали намойиш этардим.
Наргиза Ҳусанова:
– Келгусида бирор нашрга бош муҳаррир бўлиб қолсам, уят деб аталмиш мушфиқ матодан тикилган андиша либосини кийиб, қувонч атридан сепиб, муҳаббат сирғаларини тақиб, кулги қадаҳидаги самимият шарбатидан татиб, маъсумалик салтанатида ибо тожини кийиб, қалбим тубида сақланган меҳрим жавоҳирларини одамларга улашаман! Уларга менга табассум аталмиш ёқимли туҳфасини ҳадя этсинлар. Кейин, маълум сабаблар билан ўқув даргоҳимизга кира олмай қолган ҳақиқий истеъдод соҳибларини топиб, ижод намуналарини ёритардим. Журналистикамизни ҳақиқий истеъдодларга таянган ҳолда ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшардим.
Гулноза Каримова:
– Юртимизда шундай актёрларимиз борки, улар ўз сериаллари орқали “ўзбекларнинг корейси”га айланган санъаткорлар сингари “корейсларнинг ўзбеги” бўла олишлари ҳеч гап эмас. Демоқчиманки, ўзбек санъаткорлари келгусида жаҳоншумул филмлар яратишларига ишонаман. Бу улуғвор ишга биз журналистлар ҳам ҳиссамизни қўшсак бўлади.
Дилдора Иноятова:
– Келгусида қайсики телекўрсатувда масъул лавозимда фаолият кўрсатиш насиб этса, биринчи галда атрофимга энг истеъдодли ёшларни, тажрибали журналистларни тўплардим. Улар билан баҳамжиҳат шундоқ кўрсатувлар тайёрлар эдимки, телетомошабинлар мириқиб томоша қиладиган ва катта маънавий озиқ оладиган бўлишига эришмоқ учун изланардим. Кўрсатувларимиз асосан Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги, юрт осойишталиги, азалий дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланиши учун хизмат қиларди.
SS
Журналистика факультетида ўтказилган бу давра суҳбати кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган эди. Суҳбат “Журналист” ўқув газетасида ва “Ўзбекистон матбуоти” журналида эълон қилинган.
Орадан роппа-роса беш йил ўтди. Ўтган йили ишлаб чиқаришга йўл олишган ўша ёш журналистлар турли таҳририятларда, ижодий муассасаларда фаолият кўрсатишмоқда!
Улар эзгу мақсадлари йўлида қанчалик интилаётганлари ва қандай натижаларга эришаётгани ҳақида ўзларидан жавоб кутиб қоламиз.
Суҳбатни оққа кўчирган (ва давомини ёзишга шай турган):
Тўлқин ЭШБЕК,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
Журналистика факультети “Оммавий алоқалар ва реклама”
кафедраси доценти, “Ёш ижодкорлар маҳорат мактаби” раҳбари