//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ЛОЛАЛАРИ ЯЛ-ЯЛ ЁНГАН ЮРТ…

ЛОЛАЛАРИ ЯЛ-ЯЛ ЁНГАН ЮРТ…
1.

Ёввойи дашт, ёввойи дала
Жимлигидан увишар қонлар.
Қишда юрар бўрилар гала,
қўноқ этар ёзда чўпонлар.
Бунда ўсган ўт, гиёҳларни
Қуёш тарар, суғорар булут.
Англолмайсан — йўл, сўқмоқларни
Борар қайга равона бўлиб.

Назар ШУКУР

(Шоир тириклигида ишланган портрет)

Ўтган асрнинг 80-йилларида, талабалик вақтларимизда адабиёт майдонига ёш жиҳатидан биздан сал каттароқ, услуби бошқаларникидан фарқланадиган шоирлар ташриф буюришди. Уларнинг битиклари қўлма-қўл ўтиб ўқилар, шахсиятларига нигоҳ қаратилар эди.

Унча-бунча шеърни тан олмайдиган талабалар доирасига маъқул келганлардан бири забардаст шоир Назар Шукур бўлган. Унинг “Нишон аканинг этиги” сарлавҳали шеъри давраларда ёд ўқилганини то ҳануз эслайман.

“Кўкдаги умр” шеърлар тўплами ҳақида ҳозир ҳам гапирадилар. (Орадан икки кам ўттиз йил кечган бўлса-да).

Сўнг биз— ижодкор сифатида ҳали келажаги номаълум талабалар дорилфунунни тугатиб ҳар тарафга тарқаб кетдик. Айрим ўзига ишонганлари 1985 йил охирларида,1986 йил бошларида пойтахтга қайтиб келишди.

Афсуски, 85- йилнинг 14 май куни навқирон шоир, шахсияти гўзал инсон Назар Шукур автоҳалокат туфайли бу ёруғ оламни тарк этган экан. У Сергей Есениндан бир йил кўпроқ, Усмон Носирдан бир йил озроқ яшаган бу дунёда.

Аммо, истеъдоди бу иккала шоирникидан кам бўлмаган. Есенинчасига кўздан ёш оқизадиган самимият, усмончасига эркатойлик Назар Шукур шеъриятида муштараклик касб этган эди.

1995 йил ёзида мен “Ўқитувчи” нашриётининг педагогика ва психология адабиётлари таҳририятига ишга кирдим. Шу кезларда нашриётда ишлайдиган ёши улуғроқ кишилар Назар Шукур ҳақида ҳикоя қилиб беришарди.

( У ҳам худди шу бўлимда фаолият кўрсатган экан).

Баъзилари унинг туғилган юрти Чироқчининг поёнсиз қир-адирлари тўғрисида сўз очишарди.

Шоирнинг дарвешлиги, вазминлиги, кўнгли тозалиги, оғринган пайтларида ҳам ҳамиша табассум қилиб туриши, беғубор муҳаббати суҳбатларга мавзу бўларди.

Кейинроқ унинг туғишган укаси ва шогирди Ўроз Ҳайдар билан танишдим. Адабиётга муносабатимиз яқинлиги, дунёқарашимиз уйғунлиги боис тезда дўстлашиб қолдик. Айниқса, унинг жаҳон адабиёти дурдона асарларини ўқиб бориши менга маъқул келган.

Хуллас, кўнглимда ўзим ихлос қўйган шоир Назар Шукур қабрини зиёрат қилиш истаги туғилди. Бу истак йил сайин катталашар, китобларини ўқиганим сайин қатъийлашар эди.

Кунлардан бир куни тиниқ кайфият билан “Кўкдаги умр” шеърий тўпламини яна бир бор астойдил ўқиб чиқдим.

Аввал англамаганим — руҳнинг ғаройиб товланишлари, инсон ва табиат ўртасидаги сирли-сеҳрли боғланишлар талқини ва ниҳоят, воқеликка, тоталитар давр воқелигига қарши исён туйғулари ифодалари мени қизиқтириб қўйди.

Тўғри,— дерди ичимдаги овоз, — Назар Шукурнинг шеърлари зоҳиран соддароқ тузилгандек. У мураккаб ташбеҳларни, абсурднамо усулларни қўлламаган.

Аммо, шеърлари бир ўқиб, тез тушуниладиган шеърлар эмас. Шеърида қўлланган ранг ичкарига тортиб кетадиган рангдир. Ушбу санадан ўттиз — қирқ йил муқаддам битилган шеърлар шу боис поэтик жиҳатдан эскирмаган.

Яна ўйлайман. Абадий навқирон шоир шеъриятининг сеҳрли қуввати шундан иборатми? Миямга келган илк фикр шу бўлдики, бу хилдаги тоза, шаффоф шоирлар кам.

Ёш ўттиз бешданми, қирқданми ошгач барибир шоирни тирикчилик дея аталган ком тинч қўймайди. Кимдир мансабга, кимдир ошна-оғайниларига илиниб совринлар сари интилади.

Яна биров соқол қўйиб, ё Ҳақ, дея ҳайқираркан, узлат йўлига кириб ғойиб бўлади. Ишқилиб, романтик ҳаёт интиҳо топади-да!

Фикр миямда гир айланди-да сўнг йитди.

Ушбу саёҳатномани ёзиш жараёнида Одил Ҳотамовнинг ўз шогирди, дўсти Назар Шукур ҳаёти ва ижодига бағишланган “Юксакдаги дарахт” китобини ўқиб чиқдим.

Муаллифнинг баён қилишича, Ўроз Ҳайдар акаси Назарни унга таништирган.

Илк танишув шу зайлда рўй беради: “Гап орасида қарасам, Назар қўлидаги папкани ҳеч қаерга қўймаяпти.

— Девнинг жони шу папканинг ичидами, дейман-а,— ҳазиллашдим.

Назар қизариб кетди.

— Нима десам экан… Ўроз айтгандир, ёзганларимни бир тўплам қилган эдим, агар вақтингиз бўлса…

Унинг қўлидан папкани олиб шеърларга кўз югуртирдим. Шеър қонун-қоидалари, хусусан, вазни, туроғи, қофияси, хуллас, ҳаммаси жойида.

Лекин… Ҳақиқий бадиий кашфиёт, шоирона дард йўқ… Яхши фикрлар, учқунлар ҳам йўқ эмасу, жуда кам.

— Назаржон!

У “Ҳа!” дегандек менга кулимсираб қаради. Нигоҳи шундай самимий, тиниқ, худди атак-чечак бўлаётган, эндигина атрофни таниётган гўдакнинг нигоҳидай…

У менга саволомуз тикилиб турарди. Мен эса худди адабиёт тақдирини ҳал қиладигандай ўйланаман, хаёлан чайналаман: “Гапни нимадан бошласам?…

Қалами ёмон эмас. Энг муҳими, унинг қизиқишини сўндирмаслик керак. Бошқа соҳалардан келаётган айрим истеъдодлардан катта ижодкорлар чиқади…”

Ушбу сатрларни ўқиб, миямга келган биринчи фикр тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилдим.

Айтишларича, ёмғир булутлардан пастга тушиб ерга “қўнганида” энг тоза сув ҳисобланаркан. Сўнг кўлмакка айланади ва сарғаяди. Шунга қиёсан мулоҳаза юритсак, ҳар бир одам болалигида беғубор бўлади.

Кўзлари тип-тиниқ, қарашлари мулойимлик касб этади. Сўнг ҳаёт деб аталмиш идиш гирдобида ўша мусаффолик хира тортади.

Воқеан, Назар Шукур болалигини сақлаб қолган ёхуд “бузилиш”га улгуролмаган.

Муаллиф: “Кўзлари кулиб турган бу йигит” иборасини эҳтимол шу мақсадда ишлатгандир?

Рўзғор туманлари исканжасида инсоннинг кўзлари кулмайди.

Одил Ҳотамов ҳаваскор шоирга Рауф Парфи шеърларини ёддан ўқиб беради:

…Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Охир мени асир этар ул.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ёға бошлар қоғозга кўнгил…

“Назаржонга қарайман. Негадир унинг нигоҳи бир нуқтага қадалган эди. Унинг бутун руҳиятини ёмғир нафаси чулғаганди, чамаси.
Назаржон менга қаради:
— Дарров тамом бўлдими?
— Яна бошқаси бор, –  жавоб қилдим илҳомланиб. — Эшитаман десангиз, ўқишдан чарчамаймиз”.

Аммо, шарҳу тафсилотларга унчалик берилмайди. Ҳар битта жумла кўз ўнгимизда беғубор инсон қиёфасини жонлантиргандек бўлади: Китоб муаллифи ҳаётда юз берган воқеаларни эслайди.
“Ҳу!… Назаржон ўрнидан туриб кетди. Шунчалик зўр шеърларнинг ҳаммасини ёд биласизми, а?
— Йўқ… Ҳаммасиниям эмасу, айримларини…
— Ака, ким ёзган бу зўр шеърларни?
— Яхшиси, китобидан ўқинг.
Мамат Қурбон билан китобни излаб тополмадик. Кимдир олган, шекилли…
— Узр,— дедим мен,— ўша тўплам топилмади. Бу Рауф Парфининг шеърлари.
— Рауф Парфи… ,— секин шивирлади Назаржон. — Эшитмаган эканман.
— Вақти-соати билан танишиб, ака-укадай бўлиб кетасиз.
Назаржон бош ирғаб кулиб қўйди. Кейин мен Рауф аканинг шеърларида сўз қўлланишини, сўз ўйинлари, ўхшатишлар, ташбеҳлар ҳақида анча сўзладим.
— Суратимни чизиб берар йўл,— дейди Назаржон хурсанд бўлиб,— Қандай яхши,а?!
— Бўлмасам-чи!
— Яна бирорта ўқиб берасизми?…
— Бемалол.”
Ушбу китобда Назар Шукурнинг асл шоир сифатида “дунёга келиши” хусусидаги ишонарли маълумот акс эттирилганки, бу жуда ҳам аҳамиятлидир.

Демак, Рауф Парфи шеърлари ўз таъсири кўрсатган: “… У менга букланган бир варақ қоғоз узатди. Қарасам,шеърлар…
— Ўзингизданми?
Назар бошқа томонга қараб қизарганча жавоб қайтарди:
— Рауф аканинг янги шеъри экан, бировидан ёзиб олдим.
— Йўғ-эй… Сизни табриклаш керак.
— Фикрингизни айтарсиз, кейинроқ…
У кетди.
Мен хонамизга қайтиб кирдим.
Назаржон узатган варақдаги бир неча шеърларни ўқидим, яхши, лекин улар Рауф аканинг шеърлари эмас…

Абдуғани билан Йўлдошга Назар ҳақида гапирдим. Шеърларни улар ҳам ўқишди. Ҳаммамиз бир фикрга келдик: “Уларни Назар Шукурнинг ўзи ёзган”.
“— Дўстлар! ,— дедим мен тантанавор оҳангда. — Қаршингизда янги туғилган шоир Назар Шукур турибди. Табриклайман, Назаржон!
Унинг ўйчан, ўзига хос майин, нафис шеърлари ҳаммамизга бирдай маъқул бўлган эди.

Йўлдош Эшбек одати бўйича қўлини кўксига қўйиб: “Қулингизман!” деб қўяди…

Абду Қани дарҳол фотоаппаратини ишга солади.

Меҳмонлар кетишди. Назаржон билан хонамизга келдик.

У ҳаяжондан баттар қизариб кетган эди”.

Мазкур “таваллуд” 1977 йилда юз берган экан.

Орадан уч йил вақт ўтгач, Назар Шукур Одил Ҳотамовга шу мазмунда хат битади:”… Туроб Тўла мени Рауф Парфига “қўш-қўллаб” топширди. Туроб Тўла “қўш-қўллаб” топширамиз!” деганда, Рауф Парфи “Назар Шукурга тишим ўтадимикин? “ деб ҳазиллашди. Ҳамма “Гурр!” кулди.

Шунақа… Аммо мен “Ҳали биттаям ҳақиқий шеър ёзолмадим” деган қатъий фикрда қоламан.

Одил ака! Бу сўзлар қандай даҳшатли-я!”

Бу сатрларни ўқисангиз ўзбек адабиёти тарихига муҳрланган ажиб бир мўъжиза тадрижини англаб етасиз. Назар Шукур кўнглида Ҳайиткўл дашти ва бундан-да поёнсизроқ рангларни олиб юрган. Ўша рангларни қай усулда қоғозга тўкишни билмаган.

Пировардида у Р.Парфи таъсирида ранглар учун шакл топади. Қашқа воҳаси манзараларини юракка жо қилган, юрт чавандозлари “урҳо”сини онг қатламлари остига лола нафислиги кўмагида бекитган ажойиб шоир шу зайлда назм майдонига қадам ташлаган экан.

 

2.

Қашқадарёга илк бора бундан ўн йил аввал йўлим тушган.

Ҳарбий мухбир сифатида фаолият кўрсатаётганимда. Топшириқ ҳарбийларнинг яшаш шароитлари тўғрисида мақола тайёрлашдан иборат эди.

Шаҳарни томоша қилишга вақтим етмади. Бир кун ҳарбийларнинг ётоқхонасида тунадиму вазиятни ўрганиб изимга қайтдим. Сув муаммоси кўндаланг турганди ўша пайтларда. Негадир сув тақчил эди. Ёдимда шундан бўлак ҳеч нарса қолмаган.

Мана энди мақсад ҳам ўзгача. Шоир хотираси сабаб у туғилиб ўсган қишлоқни кўрмоқчимиз. Воҳа манзараларини томоша қилмоқчимиз. Май ойининг бошларида қир-адирларда, тоғларда лола қийғос очилади, деб эшитганмиз.

Йўлимиз очиқ келди. Биз ўтирган купега уч аёл киришди. Бири биридан гўзал.

Рауф Парфичасига: Булар ҳам туғилганмикан, деб ўйлаётганимизда бири таниш чиқди. Саломат Вафонинг синглиси Ёрқиной экан. Ҳуқуқшунос.

У бизнинг мактабда ўқиган. Алишер Навоий номли ўрта мактабни олтин медалга битказган. Уч дугона курсдош эканлар. Иккиси пойтахтда яшашаркан. Бири Фарғонада.

Курсдошлар ҳар икки йилда бир йиғилишиб, олтин даврларини эслаб хурсандчилик қилишаркан. Бу йилги дийдорлашув Сурхондарёда бўларкан.

Кейинги даврларда меҳр- оқибат орадан кўтарилмоқда, деймиз. Мана сизга меҳр, мана сизга оқибат!

Ёрқинойни мактабда ўқиб юрган кезларида кўрганман. Юзига салгина сепкил тошган нафис қиз эди. Жуда ўзгариб кетибди. Гаплашишга-да тортинасан киши. Кино санъати тўғрисида бироз баҳслашишди. Ҳозир ҳуқуқшуносларнинг ҳам савияси баланд. Китоб ўқишади, мусиқа тинглашади, театрга боришади…

Купенинг иккита ёнига ўрнатилган телевизорларда дўстига хиёнат қилиб уни тузоққа туширган ва қайлиғига уйланиб олган йигитнинг ҳаёти тўғрисидаги фильм намойиш қилинаётганди.

Бу фильмни аввал ҳам кўргандим. Шу боис зерикдим. Вагон охиридаги чекувчиларга ажратилган жойдан деразага қарадим. Ҳар хил манзаралар. Қишлоқ уйлари. Тарс бўлинган тоғлар. Ўтлаб юрган қўйлар. Майсалар.

Қаршига яқинлашаётганимизда манзара буткул ўзгарди. Ғиж-миж лолақизғалдоқлар. Мен бунчалик кўп лолақизғалдоқни умримда илк даъфа кўриб туришим эди. Худди буюк бир рассомнинг картинаси ичидан кетиб бораётган каби эдик.

Осмон гумбазининг остида, поезднинг ичида. Йўқ, поезд бир кема янглиғ эди. Икки тарафимизда лолақизғалдоқлар дарёси. Тўлқинланибгина турибди.

Қутидан сигарет оларкан М.Ч.: Нариги томонга қарамадингиз-да. Худди гилам тўшаб қўйилгандек. Қизғалдоқлар уфққагача чўзилган, — деди.

— Муродбой. Мен умримда ўсиб турган лолани кўрмаганман. Шу боришда кўрармиканмиз?
— Кўрамиз. Тоққа чиқсак. Ҳар хил лола бўлади. Қизилидан ташқари қора, оқ.
Қўл телефони жиринглайди. Шоир дўстимиз Ўроз Ҳайдар экан. Ҳали вокзалга кирмадик, дейди М.Ч. Қаршига яқин қолдикми ўзи? Билмайман. Қанақа одамсиз? Қашқадарёлик бўлсангиз? Тўғриси, Қаршига кам келганман.

Купедаги ҳамроҳлар билан хайр-хўш қилдик. Кайфиятим салгина хиралашди. Ёрқиной мендан хафа бўлмаганмикин? Тузукроқ гаплашиб билмадим? У бир жилмайди-да” Биза ёқлара боринг, Баҳром оға” деганича ғилдиракли чемадонини ғилдиратиб кетди.

Дунёнинг ишлари қизиқ-да, деб ўйлай бошлайман. Оллоҳ чиройли манзараларни яратган. Яна ўзи гўзалликни охиригача ҳис қилишимизга қўймайди.

Мана, лолақизғалдоқлар дарёси. Жаннатни эслатибгина турибди. Кўриб кўнглим ёришди. Шодландим. Камдан кам ҳоллардагина хурсанд бўламан. Аммо, бу онларда чинакамига қувондим. .

Гўзаллик бу! Оллоҳ бандаларидан қизғанади гўзалликни. Ақлу идрок бошқа нарсалар билан банд. Бола-чақа ташвиши, турли тушунтиришлар, ғийбатлар, миш-мишлар.

Шахсиятингдаги зиддият. Тўғрироғи, маломат дунёсида яшаб юрганингни сезишинг. Биз табиатдан баҳра олишга қийналмоқдамиз.

Биз табиат бағридаги гўзалликларни кўрмаяпмиз. Одамлар пул ҳақида кенгроқ ўйлашмоқда. Тирикчилик ташвиши кўзларга парда ташлади.

Атайин шундай. Оллоҳ биз бандаларидан жозибали ясатиқларини қизғанмоқда. Қашқадарё воҳаси билан танишувимиз шу зайлда бошланди.

Вокзалда бизни Ўроз ака кутиб турган экан. Таксига ўтирдингу жўнадик.

 

3.

Ўроз Ҳайдар икки қаватлик қасрмонанд ҳовлида яшар экан. Қарасангиз эртаклардагидай…

Кираверишдаги тош йўлакнинг икки тарафи боғ. Бодом, шафтоли ва бошқа мевали дарахтлар гуркираб турибди.

Қип-қизил гуллар шоирнинг дидидан дарак бермоқда. Ичкарида ҳам боғ бор экан.

— Ташқарида, дарахтлар орасида супа ясайман. Сўнг шеър ёзаман! ,— дейди у.

— Бадтар кўп ёзаркансиз! — дедим ҳазиллашиб. У эса одатдагидай қаҳ-қаҳ отиб кулди.

Ўйладим. Шунча ишга қандай улгураркан? Бир газетанинг бош муҳаррири. Тинмай шеър ёзяпти. Китоб чиқаряпти. Акаси Назар Шукурнинг китобларини ҳам чиқарган. “Сўз ташрифи” баёзи нашрига қанчалик ҳисса қўшганини биламан.

Яқинда чироқчилик ижодкорларнинг баёзи “Сурур” га тартиб беришда иштирок этибди. Яна фарзандларининг ўқиши. Келажаги ҳақида қайғуришлар.

— Отамиз бизни бирор маротаба чертмаган ҳам. Шунинг учун тарбияда қаттиққўллик қила олмайман. Бу иморатни эса фарзандларим учун қурдим. Кўп кучим шунга кетди, — дейди Ўроз ака.

Тўйга таклиф этишган экан. Қашқадарёликларнинг ҳам тўйини кўрдик. Машинада ҳуқуқшунос Ҳомид Бобоқул билан танишдик. Бу одамнинг фазилати шунда эканки, адабиётни чуқур тушунаркан.

Эртасига Ўроз ака, Ҳомид ака, М.Ч. тўртовимиз тадбиркор Иброҳимнинг “Нексия” сида Чироқчи тарафга қараб йўлга тушарканмиз мезбон ғурурланиб шундай деди:

— Қашқадарёнинг кўринишлари хилма хил. Бу ерда тоғ ҳам бор, дашту қирлар, чўл ҳам бор. Шунинг учун биздан буюклар чиқади-да! – қаҳ-қаҳ отиб кулди.

Сўнг жиддийлашди. Шаҳрисабзда Навоий ҳазратларининг аждодлари яшашган. Мирзо Бедилнинг ҳам боболари шу жойдан. Мирзо Улуғбек яшаган бу ерларда.

Ҳомид ака тарихдан гапирди. Гоҳ Хоразм тарафларга хаёлан бориб келардик. Сигарет сотиб олиш учун машинадан тушдик. Шунда чурқ этмай келаётган М.Ч.:

— Китоб — жуда қадимий шаҳар. У гуллаб-яшнаган пайтда Хоразм ҳам бўлмаган, — менга атай қалампирсимон деди.

— Йўқ,— дедим мутойиба йўсинида,— Хоразм гуллаб-яшнаганида ҳали Ер шари ҳам пайдо бўлмаган эди!

Биз ҳаммамиз ўзимиз туғилиб ўсган юртни севамиз. Кўкларга кўтаргимиз келади. Аммо, шу лаҳзаларда менда таққослаш имкониятлари пайдо бўлганидан ҳаяжонда эдим.

Болалик чоқларимда тоғ тугул, адирларни кўрмаганман. Лолақизғалдоқни ҳам. Негадир 70- йилларда қишлоғимизда гул кам ўсарди.

Майнинг еттинчи санасида, гоҳо сал кечикиброқ қизил гул очиларди.

(Дадам бу ҳақда кундаликларида ҳам ёзган).

Ёнғоққа Қўз деймиз. Болалигимда ўсиб турган Қўзни кўрмаганман. Кейинчалик қўшниларимизнинг боғида Қўз пайдо бўлиб қолди.

Момом ҳам саксонинчи йилларнинг бошида ерга Қўз данагини қадаган. Ўша Қўз ўсди. Момомнинг вафотидан сўнг ҳосилга кирди.

Бизда қабристонларни юлғун босиб ётарди. Майит сандиқсимон қабрга қўйилади. Чунки, ерни қазишса сув чиқиб кетаркан. Ҳозирги вақтда юлғун юлиб ташланадиган бўлди.

Қабрлар олис-олислардан кўзга ташланиб туради.

Бундай қилинмагани маъқул эди. Абадий уйқуга кетган инсонлар макони кўзга яққол ташланмагани маъқул…

“ЧИРОҚЧИ”, ёзувини ўқидим. Атрофда намликнинг ҳиди. Ўтган куни соат кечки еттиларда Қарши осмонида қора булутлар пайдо бўлган эди.

Чироқчида жала шаррос қуйиб берибди чоғи.

Икки қаватли бино кўриниши биланоқ Ўроз ака: Бу Назар Шукур номидаги мактаб. Бюсти ҳам бор, деди.

Сал юриб машинани тўхтатишди. Панжара ва лолақизғалдоқлар ёниб ётган тепаликни кўрдик.

— Қаёққа кетяпмиз ўзи? — сўради ҳайдовчимиз.

— Қабристон бу. Ўрознинг акаси шу ерга дафн этилган,— изоҳ берди Ҳомид ака.

Бир чопонли йигит пайдо бўлди. Лолақизғалдоқларга ёпинган тепаликка кўтарилдик. “Назар Шукур” исми ва шеър битилган мармартош ёнида тўхтадик. Дўмпайган тепаликка қараб ҳаяжонландим.

Назар Шукур шу ерда ётибди. Қуръон тиловат қилинди. Назар аканинг отаси, онаси, аждодлари ёдга олинди. Қизғалдоқлар сукут ичида туришарди. Виз етган сас-садо йўқ:

Кўзимга ташланар боқий уй — қабр,
( Эй Назар, яшаб қол, ўлиш қочмайди!)
Унда бир кас ётар хотиржам, собир,
Лекин у ҳеч кимга эшик очмайди!

Бу мисраларни Н.Шукур 1983 йилнинг 29 июнида ёзган.

Икки йилдан сўнг 14 майда эса…

Ё худо, шоирликда башоратгўйлик ҳам бормикан?

Шоир узоқ умр кўра олмаслигини қандай сезган ахир?

1984 йилнинг биринчи январида ёзган шеърини ўқинг:

Бир тош кўрсанг йўл ўртасида
Тепиб ўтма, ёр қилиб ҳазар.
Сени кутиб оёқ остида
Ётар тошга айланиб Назар.

Аямасдан ардоқларингни
Зангор сойни кечасан кулиб.
Билмайсанки, оёқларингни
Ўпар шу чоқ Назар сув бўлиб.

Бевафолик қилса гар санам
Ўайиқмасдан мард эр тиғ санчар.
Ҳушёр торгин, ичиб онт-қасам
Юргай Назар шаклида ханжар.

Топмас эди шеърларим сайқал
Ёр ,бермасанг ишқинг билан зеб.
Сенга тиклаб сўзлардан ҳайкал
Имзо чекдим Назар Шукур деб.

Соқчи каби турган ҳар дарахт
Манзилингга омон етказар.
Қўйганмисан уларга қараб?
Ахир, унинг ҳаммаси — Назар.

Сени кўздай асрамоқ учун
Жисми билан интилиб нурга,
Гирдингдаги нарсалар бугун
Айлангандир Назар Шукурга!

Ожиз банда бу тилсимотларнинг сир-асрорини еча билмайди. Тақдир деганлари ростмикан, деб ўйлайсан гоҳо. Шоир зоти ўзининг келажагини билармикан? Тушида зоҳир бўлармикан баъзи сабаблар?

Бу ерда – ёруғ оламда лаззатланиб яшай билмаган гулдек йигит ётибди. Ўзи айтганидай: у кетмаган. Балки ҳамма нарсага айланган.

Назар Шукур бюсти олдида шу фикрлар хаёлдан кечди.

Шоир болалик даврларда ўйнаб ўсганига, сайр қилганига, қўй боққанига гувоҳ бўлган Ҳайиткўл дашти сари йўл олдик. Кенгликларга термулиб маҳзун кайфиятимиз аслига қайтди.

Мана, Назар Шукур қаламига сиёҳ улашган манзаралар. Ҳамма ёқ кўм-кўк. Поёнсиз ҳудудлар. Шундай жойларда шоир дунёга келади-да ахир!

Тўлқинсимон яшиллик. Бу тепаликларга турна қўнади, дейдилар. Ер ва осмоннинг бирлашиб кетган бир жойи. Осмонга қараймиз.

Ерда, дастурхон атрофида табиатнинг беш ошуфтаси. Осмон эса…

Назар Шукур ёзгани каби:

Осмон булут.
Ер узра чўккан
Кўраётган зилдай тушлари.
Ёқилади кўлкалар кўкдан
Сукунатга лиммо-лим қаъри.

Боқиб булут тирқишларидан,
Унсиз қотиб қуёш кулади.
Ўуркитади чўккан тушларни,
Ерга тушган кундуз бўлаги.

Эшитишимизча, Ҳайиткўл кенгликларида сайллар, жумладан, Наврўз сайли ҳам ўтказиларкан.. . Кўпкари, кураш…

Хуллас, аждодлардан мерос удумлар айнан шу жойда воқеликка кўчаркан.

Ҳайиткўл даштини бир қарашда эслаб қолиш қийин. Айниқса, бу хилдаги манзараларни аввал кўрмаган бўлсангиз.

Онда-сонда уйчалар кўзга ташланади. Қўй-қўзилар ёйилиб ўтлаб юрибди.

Даштга яқин ерларга тарвуз экиларкан. Тарвузини жуда ширин бўлади дейишди.

Даштнинг бир четига палос, палоснинг устига кўрпачалар тўшалди. Дастурхон ёзилди. Лаганда пиёз аралаштирилган яхна гўшт.

Ҳаво тоза ва оғир. Гоҳида ғир-р этиб шабада эсади. Шу вақтгача қанча шоҳона дастурхонларни кўрганмиз. Аммо, бунақасини…

Бир шишани йиқитдик. Иккинчисига кўз йибориб турганимда, асли мелиса-да, Ўроз ака тўхтатди. “Унисини бошқа жойда ичасизлар”.

Қашқадарёликларнинг меҳмондўстлиги бизга маълум. Аммо, мени ҳайратлантирган хусусият шу бўлдики, қишлоқ кўринишлари бус-бутун сақланаркан.

Эҳтимол бунинг боиси лалми ер билан изоҳланар?

Бизда бундай эмас. Қишлоғимиз ( Номи: Ижтимоият) кўринишлари 70-йилларда ёввойи шаклларда эди. Қўрғонсифат бир ҳовлида яшардик.

Қишки ва ёзги ҳовлилар мажмуи оралиғидан солма (ариқ) оқиб ўтарди. Ёз ойларида ўша солмага қармоқ ташлаб, балиқ тутардик. Суян, сазан каби турдаги балиқларни. Гоҳо бир қарич келадиган лаққа қармоққа иларди.

Оқ, қора толлар, гужумларимиз бор эди. Баъзи кишиларнинг уйи олдида каттагина ҳовузлар бўларди. Гултарош қилинган уй деворларини кўрганмиз. Гурвак пишиғида кечалари боғимизда шағалларнинг увиллаши тинмасди.

Рўзимёп соҳилларида бўён гуркираб ўсиб ётар, эрта кўкламда очиқиб изғиб юрадиган ёввойи қуёнларга кўзимиз тушарди. Жарангкўл, Ўйкўл деган кўллар бор эди.

Куёвлар келинни кутиб олишга отда чиқишарди. Ҳозир бу манзаралар фақат тушларимизда сақланиб қолган. Ҳамма ёқни текислаб, пахта экишди.

Инчунун, қишлоғимизнинг бу кунги кўриниши билан мақтана олмаймиз. Устига устак табиий газ қуввати камлиги боис қишда дарахтларни кесиб, печкага ёқишади.

Жўрам Рашид билан Ўйкўлда мол боққанмиз. Ўйкўл деганимиз суви чиқиб, қамиш ўсиб ётадиган кенглик. Балиқчи қушлар тепамизда қанот қоқишарди: так-кал-лик, так-кал-лик…

Бу хилдаги қушни такаллик дейишарди. Мийқи деган қуш ҳам бўларкан.

(Дадам шу тўғрида кўп ҳикоя қилиб берарди).

Кўкқарғани кўрардик. Гоҳо кўлларда ёввойи ўрдак отишарди.

Энди буларнинг барчаси тарихга айланган: қишлоққа борсам шу боис зерикаман.
4.

Қашқадарё воҳасига зиёрат баҳонасида келиб табиатига ҳам қизиқдим.

Бешинчи майда ярим кунимиз поездда, ярим кунимиз Қаршида кечди.

Олтинчи май куни Чироқчи туманининг Наврўз қишлоғини кездик.

Худди шу куни Китоб туманининг Жайрахона қишлоғига олиб келиб қўйишди. М.Ч. шу қишлоқда туғилган.

Оқшом тушмасдан аввал қир-адирларни томоша қилишга чоғландик.

Ўсиб турган лолани кўришни истар эдим. Ҳаммаёқ лолақизғалдоқ. Сариқ, зангори, оқ гуллар қулф уриб ўсиб ётибди.

Уч тарафида тоғлар. Бир тарафидан Оқдарё оқаркан. Адир тепасига чиқдик. Ток экилган экан. Ўсимликларга қарадим.

— Бу ёввойи пиёз. Қўй-эчкилар ейишмайди буни. Лекин лолаларни еб қўйишади, — деди М.Ч.

Ёввойи пиёзни тупроқдан кўчирмоқчи бўлдим. Ҳеч қўзғатиб бўлмайди. Чўнтагимда калит бор эди. Калит билан кавладим. Ярми узилиб чиқди. Ҳидлаб кўрдим…

Қаршимизда тоғлар. Пастда дов-дарахтлар қуршовидаги қишлоқ. Узоқ-узоқларда ташқи оламдан узилган яна битта қишлоқ кўзга чалинади.

М.Ч. изоҳ беради:

— У қишлоқни Оппон-соппон дейдилар.
— Бунинг маъноси нима?
— Билмайман.

Зангори қанотларини ёйиб ёнимиздан битта қуш учиб ўтади. Бундай ғалати қушлар кўп учрайди.

Яна юрсангиз тоғлар чиқади. Ўша ёқларда ҳар хил қушлар бор.

Булар: Ҳисор тоғ тизмалари. Мана бу тоғ ортидан ўтилса, у ёғи Самарқанднинг Ургут тумани…

Китобнинг Самарқандга яқинлигини умуман билмас эканман. Бир тоғнинг номини сўрадим.

— Хўжақултепа. Бу ҳақиқий тоғ эмас. Адирсимон тоғ. Яъни тош билан тупроқ аралашган тоғ. Асл тоғлар у ёқларда. Қаранг, чўққиларида қор кўриниб турибди. Ҳозир бироз хирароқ кўринади. Тонгда қорнинг ярқирашини кўрасиз. Ўша ёқларда Қизил энчак қишлоғиям бор.

— Нега Қизил энчак дейдилар?

— Тоғнинг икки қояси шафақ шуълалари тушгач, кўкракка ўхшаб қизариб кўринади. У жойларга оддий машинада бориш мушкул. Акмал Нур рассомларни олиб борган.

Улар ҳайратланиб суврат чизишганда, айниқса қариялар таажжубланган. Туппа-тузук кийинган одамлар нима қилишяпти деб ўйлашганда.

Бир чол келиб: Болам, Тошкентда яшайсанлар, Президентни кўрсанглар айтинг, йўлимиз яхши эмас, шуни тузатиб беришсин, деган.

Шунда бир рассом: Йўл равон бўлмагани маъқул. Экзотика сақланади, деган.

Энди у ерларга борсангиз лолалар барқ уриб ётади. Қора лолаям ўсади.

Ширин хаёллар суриб кунни кеч қилдик. Адирдан тушаётганимизда иштаҳани қўзғайдиган ҳид димоққа урилди. Оҳ, овқат пиширишяпти. Ҳид тепага кўтарилади, — деди М.Ч.

Пастга тушдик. М.Ч.нинг отаси хафа бўлмасин учун ароқ тўғрисида ўйламасдан бир шиша винони майдаладик.

— Нега бу қишлоқни Жайрахона дейишади?
— Адирда жайра кўп бўлади. Тарвузни тешиб кетади-да…
— Яна қандай ҳайвонлар бор бу ерларда?
— Тоғларда айиқлар бор. Бўри бор. Қишда емиш топа олмаса бўрилар пастга энишади. Одамга тегиниши ҳам мумкин.

Шундай гўзал жойларнинг қўрқинчли жиҳати бор экан-да, деб ўйлайман.

Айни вақтда бизнинг қишлоқда чиябўрини топиш амримаҳол…

 

5.
Эртасига Шаҳрисабз сари юрдик. Китоб шаҳридан яшил шаҳаргача атиги тўққиз километрлик йўл экан.

Ҳалиям маҳобатини сақлаб турган Оқ Саройни бориб кўрдик. Амир Темур Соҳибқироннинг,  пирларининг, яқин кишиларининг мақбараларини зиёрат этдик.

Гўё ўн тўртинчи — ўн бешинчи аср лавҳалари орасига тушиб қолгандай бўлдик.

Учта баҳайбат чинор. 1370 – йилларда экилган экан. Амир Темурни кўрган бу тутлар!

Қанчалик шон-шавкат. Оқ Саройда салобат билан ўтирган жаҳонгирнинг бир имоси ила жаҳон тарихи буткул ўзгариб кетиши ҳам мумкин эди.

Бу ердаги жимлик қандайдир бошқача. Сеҳрли. Жодули…

Шаҳрисабзда оғир таассуротларни руҳиятга жо айлаб, таксига ўтириб тўғри Қаршига йўл олдик.

Қадрдон мезбонимиз билан хайр-хўш қилиб поездга чиқдик.

Соат кечки ўн бирлардан ошган, ҳамма ёқ қоронғу, кундузи чироқдек ёнган лолақизғалдоқлар кўзга кўринмасди.

Барибир лолаларни, ўсиб турган лолаларни кўра олмадим. Аммо, лолалари ял-ял ёнган бу юртни чин юракдан ёқтирганим рост.

Абдулла Орипов, Муҳаммад Раҳмон, Назар Шукур, Икром Отамурод, Ўроз Ҳайдар, Хол Муҳаммад Ҳасан, Назар Эшонқул, Рустам Мусурмон, Алишер Назар, Зебо Мирзо, Нилуфар Умарова сингари ўнлаб сўз усталарига бешик бўлган шу юртни!

Йиллар, асрлар кечади. Сўз қолади:

Бут жойим қолмаган, дарзларим бисёр,
Йўқотдим такаббур қилиқларимни.
Гар билсанг ўзингни менга чин дўст, ёр,
Сен ердан териб ол синиқларимни…

Вассалом.

“АДАБИЁТ МАНЗАРАЛАРИ”

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (01.06.2014)
Просмотров: 945 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz