Инсоният бошига узоқ-яқин тарихида қанча кулфат, касофат тушган бўлса, инсоннинг ўз ҳаётига, тақдирига лоқайдлиги, бепарволиги сабаб бўлган.
Лоқайдлик ходисасининг моҳиятини аниқлаш учун, дастлаб унинг луғавий маъноси ҳақида тасаввурга эга бўлиш керак. Бунинг учун “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ида “Лоқайд” деган сўз араб тилидан олиниб: аҳамият, эътибор бермаслик; бепарволик, қизиқмаслик, бефарқлик маъноларида ишлатилиши, Ўзбек Миллий Энциклопедияси биринчи томида эса, унинг синоними “Апатия” (юн. apatheia — лоқайдлик, ҳафсаласизлик, қизиқишнинг йўқолиши) одамнинг теварак-атрофидаги воқеа ва ҳодисаларга лоқайд бўлиб қолиш ҳолатини ифодалайдиган тушунча сифатида кўрсатилган. Дарҳақиқат, инсоннинг ташқи олам таъсирини сезган тақдирда ҳам, ўжарлиги, мутаассиблиги оқибатида онгида қайд қилмаслиги ва амалий фаолиятсизлиги шу сўзда ўз ифодасини топган. Шунингдек, ислом динида калимаи шаҳодатнинг “Лоиллаҳа иллалаҳу” деб бошланиши ҳам Аллоҳдан бошқа Худо йўқлигига гувоҳлик беришидан иборатдир. Демак, ўзбек тилида “ло” олд қўшимчаси “йўқ” деган маънода ҳам ишлатилиши мумкин.
Инсоннинг ўз ижтимоий борлиғига лоқайдлиги ва бепарволиги негизини: бир томондан, миллий ғурур-ифтихор туйғусининг сўниши, келажакка умидсизлиги, раҳбарларга ишончсизлиги ва атрофидаги салбий, ғайриахлоқий ходисаларга кўникиши; иккинчи томондан, қўйилган мақсаднинг моҳиятини билмаслик, мутаассиблик ва маънавий ожизлик ташкил қилади. Миллатнинг ҳаётида асрлар давомида унинг устидан ҳукмронлик қилиб, даврон сурган мустамлакачилик сиёсатига лоқайдлиги ва кўникиши миллат фожеаси бўлган. Шунинг учун ҳам, антик даврнинг буюк файласуфи Эпикур: “Ўз қуллик ҳолатини англамаган қул — энг пасткаш қулдир”, ёки шунга ҳамоҳанг тарзда қадимги Рим файласуфи Сенека: “Ихтиёрий қулликдан шармандали қуллик йўқ” , деб айтганида мутлақо ҳақ бўлган.
Ҳар қандай миллатнинг тарихий ривожланишида шундай даврлар бўладики, бу вақтда унинг шаънига мақтовлар, ҳамду санолар эмас, балки ўтмишига танқидий назар ташлаб, унинг тақдирига, истиқболига лоқайд бўлмасдан, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва фидоийлиги тараққиётига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади Бу ҳақда ўтган асрнинг 20-йилларида рус файласуфи Н.А.Бердяев: «Биз янги онгга тавба қилиш ва ўзимизни фош қилиш орқалигина ўтишимиз мумкин» , деб ёзган эди.
Ҳар қандай жамиятда айрим индивидуал манфаатларнинг устуворлашуви, бошқа ижтимоий-сиёсий гуруҳ манфаатларига лоқайдлик, уларни менсимаслик кайфиятига асосланган эгоцентризмни келтириб чиқаради.
Эгоцентризм (лот. ego — мен ва centrum — марказ) — шахснинг ўз манфаатларини (англанган ёки англанмаган ҳолда) мутлақлаштириб, бошқаларнинг фикри ва қизиқишларини писанд қилмаслик хусусиятидир. Эгоцентризм. негизида инсоннинг ўз фикри мутлақ ҳақиқатлигини, баҳолаш мезони ягоналигини эътироф қилиб, унга муқобил қарашлар мавжуд бўлишини тан олмаслик, беписандлик ҳодисаси ётади. Шахснинг ўзига ҳаддан ташқари ишониши, аксарият ҳолатларда, авантюризмга олиб келади. Айниқса раҳбар шахсидаги эгоцентризм давлат ва жамият бошқарувида волюнтаризм, субективизмни намоён қилади. Шунингдек, миллат таркибидаги муайян ижтимоий қатлам ёки маҳаллий манфаатларини ҳимоя қилиш, бошқаларига лоқайд бўлиш, уларнинг эгоистик инстинктларни уйғотиш (ҳатто, уйғотишга ҳаракат қилиш) сиёсий дальтонизмнинг намоён бўлиши ва миллий ғояларнинг қадрсизланишига олиб келади.
Агар сиз ҳозиргача бўлиб ўтган барча вилоятлар халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессияларида Президентимизнинг жойлардаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий вазиятни таҳлил қилиш ва янги ҳокимларни тайинлаш муносабати билан сўзлаган нутқларини синчиклаб ўқисангиз, уларнинг марказида ҳокимларнинг ўзи халқ тақдирига лоқайдлиги учун асосли танқид қилинганлигини кўрасиз. Яъни, вилоятларда йўл қўйилган хато—камчиликлар биринчи раҳбарнинг лоқайдлиги туфайли содир этилганлигини асослашига амин бўласиз. Энг ачинарлиси, шу вилоятларда қонунни ҳимоя қиладиган маъмурий орган раҳбарлари ҳам, турли сиёсий партиялар ҳам бу ҳодисаларни лоқайд кузатиб, Мамлакат раҳбари томонидан радикал чора кўрилишини кутиб турганлигидадир?!
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айрим кишиларда ёмон иллатларга лоқайд бўлиб, унинг илдиз отишини рағбатлантириш билан бирга атрофимизда мустақиллигимиздан кейин содир бўлаётган катта ижобий ўзгаришларга ҳам лоқайдлик кайфияти ҳозиргача сақланиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам Юртбошимиз қатъий тарзда таъкидлаган эди: “Еру кўкдаги бундай буюк ўзгаришларни сезиш, ҳис қилиш ва улардан сабоқ чиқариш, ўрнак олиш учун одамзот ўзининг ён-атрофига уйғоқ нигоҳ, қалб кўзи билан қараши лозим, деб ўйлайман Шундагина ҳаётнинг маъноси тинимсиз кураш, қийинчиликларни енгиб ўтиш, бир сўз билан айтганда, доимий жасорат, азму шижоат билан яшашдан иборат экани аён бўлади” .
Мамашокиров С.М. – фалсафа фанлари доктори,
профессор, ЎзМУ
|