“ЛАМБАДА”
ёки БЕҲАЁ ЎЙИН

Бразилия ўрмонларида яшаган ҳиндулар “ламбада” рақсини эллик йил таъқиқлашди. Лекин замон зайли билан бу рақс уларнинг миллий ифтихорига айланди.
Дарвоқе, сиёсат ҳам санъат дейишади. Аслида санъат ҳам сиёсатдир. Сиёсат санъат эканлиги сезилиб қолганда, емирила бошлайди. Санъат ҳам сиёсатлиги билиндими ”оёғи синади”. Санъатнинг гўзал бир бўлаги – рақс, ўйин. Сиёсатнинг ҳаром бир бўлаги – ўйин. Бири театр, томоша саҳнасида, кичик давраларда ҳукм сурса, иккинчиси жуда ўлкан саҳнада – мамлакат, дунё саҳнасида “жилва” қилади.
Ламбада сўзи “таъқиқланган рақс” деганидир. Бу рақс беномус, ҳирсли бўлгани учун ҳиндулар уни таъқиқлашганди. Нимаики таъқиқланса, унга қизиқиш, ёлғон эҳтиёж ошади. Кишининг ҳирсларини қўзғаб, уни оний хаёллар гирдобига ғарқ қиладиган бу рақсни ҳиндулар қироличаси севиб қолади ва унинг истеъдодли ижрочисига айланади. Қиролича товусдек товланиб, иффат сарҳадларини бузиб, хиром этар экан, унга бутун миллат қўшилди. Вақт ўтиб, бир замонлар таъқиқланган рақс оммавий ўйинга айланди.
Ҳиндулар яшаган ўрмонларни йўқотиш бошланганда улар исён қилдилар. Исён бостирилди. Фақат қиролича ўз рақси, ўйини билан катта саҳналарга етиб борди. Раққоса ўрмонни сақлаш ҳаракатини бошлади. “Ламбада” эса яшин тезлигида дунёга тарқалди. Ҳиндулар бу ўйинни миллий ифтихор, миллий санъат дея, фахрландилар. Раққосанинг фарёдини Америка ҳукумати эшитди ва ўрмонни сақлашга киришди. Бу нафсониятларига тегиб, ўрмонни йўқотишга киришганлар унга ўт қўйдилар.
Ҳиндулар кўчманчилик сўқмоқларига сочилдилар.
Ҳа, одамлар яшаб, воқеалар кечиб ўтаверадилар. Ўйинлар эса йўқолмайди.
Бугун бизнинг юртимиз саҳнасида – ҳам сиёсат, ҳам санъат саҳнасида ифтихорга айланган ҳаёсиз ўйинлар кўпайиб кетди. У “ламбада” ни эслатади.
“Ламбада” рақси инсон юрагининг тубидаги энг нозик туйғуларни яланғоч қилиб кўчага чиқаради, унинг ҳирс-ҳаяжонини қўзғаб, ақлни, идрокни бегона хаёллар оёғи остига ташласа, кишини ожиз жонивор ҳолига солишга хизмат этса, бизнинг сиёсатдаги “ламбада” бундан юз карра разилроқ мақсадларга хизмат қилади. У ёлғон, алдов сеҳри билан инсонларни ўзлигидан, кимлигидан, орияти, диёнати, номусидан ажратишга мўлжалланган. Бу “истеъдод”нинг айрим саҳналарига назар солайлик:
Ўзбекистоннинг янги Конститутсияси қабул қилинган сессия арафасида мамлакатда террор бошланган, диктатура қулоч ёзганди. Мухолифат қатағонга олинган, қувғин, сургунлар бошланганди. Сессия ҳам ана шу руҳ, ана шу кайфиятда ўтди. Бош қонун деярли муҳокамасиз қабул қилинди. Шу куни кечқурун президент пойтахтнинг “Наврўз” кошонасида миллатвакилларига, сарой аъёнларига зиёфат берди.
Зиёфат оқшоми президентнинг кўзларидаги таҳлика йўқолмаганди. У шу куни қандайдир нохуш хабар олгани сезилиб турарди. Сессияга киришда депутатларни лазерли махсус ускуналар ёрдамида “божхона”дан ўтказишди. Аёл депутатлардан бирининг сумкасидан темир кулдон чиқиб қолди. Ярим соат сўроқ қилишди. Биз кулдик: “Агар кулдон билан кимнингдир жонига қасд қиладиган бўлса, демак япон мактабида ўқиган”.
Зиёфат залида меҳмонлардан қўриқчилар кўпроқ эди. Сигарет чекмоқ учун жойимдан қўзғалгандим, йигирмага яқин йигит мен томонга ўтди. Ёнимга Миллий Хавфсизлик хизмати қўмитасининг раиси Ғулом Алиев келди.
- Ғулом ака, “қўйлар ҳам чўчқа ҳолига” тушибди-ку? – дедим зиёфат олдидан махсус аравачалар устида чўчқага ўхшаб ётқизилган, боши ва оёғи кесилмасдан пиширилган қўйларга шаъма қилиб.
- Бугун шод-ҳуррамлик, шунақа гапларнинг ўрнимас, – деди Ғ. Алиев. Сездимки, суҳбатимиз ёзиб олинмоқда. Чунки Ғулом ака билан ён қўшнимиз. Яккама-якка қолганда тузумдан, президентдан норозилигини айтарди. Бу ҳам балки “ламбада”дир? Ҳар ҳолда, ўйинни самимий ўйнарди. Президентнинг хафақонлигидан кўпчилик фойдаланмоқ истарди. Масалан, ҳурматли шоиримиз Шукрулло халқи-мардумнинг ўртасида президентни оз деганда ўн марта чўлпиллатиб ўпдилар. Президент қўл қовуштириб турар, Шукрулло ака эса “илиқ” гаплар билан унинг кўнглига сув сепардилар.
Бирдан Олмахон Ҳайитованинг жарангдор овозлари янгради. Ўртага Хоразм вилояти ҳокими Маркс Жуманиёзов чиқди. У ва Вазирлар Маҳкамаси раисининг муовини Эркин Самандаров Ўзбекистон мустақиллигининг бир йиллиги тантанасида бирга рақсга тушиб, президентдан ташаккурнома олишганди. Маркс Жуманиёзов қарсаклар оғушида гоҳ қош учириб, гоҳ ўтириб-туриб ўйнарди.
Одамларнинг кўзи президентда эди. У заҳарли жилмайиб турарди. Бу жилмайишни ташаккурнома деб англашди шекилли, бирин кетин вилоят ҳокимлари рақсга туша бошладилар. Самарқанд вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов рақсга уста эмас экан. Депутат Ойгул Маматованинг жозибадор ўйини бу қусрни ёпиб юборди. Бухоро вилоят ҳокими Дамир Ёдгоровнинг “бадани”да бор экан, анча вақт давра айланди. Ҳатто, бир қўли билан қошини юқори кўтариб, президентга қараб “ҳунар” ҳам кўрсатди. Хуллас, ҳоким раққослар мусобақаси президентнинг хижил кўнглини ёзди.
Навбат миллатнинг гули ва ақли бўлмиш ижодкорларга келди. Тўғрироғи, президент сўзни аввал Саид Аҳмадга, сўнг Одил Ёқубовга берди.
Саид Аҳмад микрофонни икки қўллаб ушлаганча даврага бир назар солдиларда юракларини очдилар.
- Мен ҳам мустақиллик учун курашганлардан бириман, – деди у киши. – Советлар империясида мустақиллик ҳақида гапириш у ёқда турсин, ҳатто фикрлаш ҳам қўрқинчли эди. Лекин биз юрагимиздаги бу дардни асарларимизга сингдирдик. “Келинлар қўзғолони”ни ёзарканман, дилимда шу мақсад эди. Марказ зулмидан озод бўлиш ғояси асаримнинг бошидан охиригача чекинмайди. Бу асарда ўн беш мустамлака жумҳуриятнинг дарди, ташвишларрини беришга интилдим. Бош қаҳрамонларимнинг ҳар бири бир жумҳуриятнинг образидир…
Даврада ўтирганлардан бири “Ўзбекистон ким экан?” деб шивирлади. “Соттихон бўлса керак” дегандим, ёнимиздагилар кулиб юборишди. Саид Аҳмад эса ҳали сўзларида давом этмоқда эдилар.
- Муҳтарам президентимиз Ислом ака Каримов мустақиллигимизни эълон қилган паҳловон халқимизнинг Алпомиш ўғли, умидларимизнинг ёрқин шўъласидирлар. Мана, Яна у кишининг дадил ва жасоратли одимлари билан юртимизнинг янги Бош қонуни қабул қилинди…
Саид Ахмад бисотидан териб – териб ҳамду сано ёғдиргани президентни шод қилди. Аммо Одил Ёқубов янада жозибали, янада образли нутқ ирод этди:
- Ўзбекистон ярадор, мажруҳ бир от, тўғрироғи тойчоқ эди. Рус мустамлакаси пайтида эзилган бу тойчоқнинг кўзлари ёш, дарди оғир эди. Ислом Абдуғаниевич унинг ёшларини авайлаб, ёлларини тараб, силлиқлаб, ярасига малҳам босиб парваришладилар. Бу тойчоқ тезда куч тўплаб, парвозга шайланган от ҳолига келди. Бугун Ислом ака соҳиби давлат сифатида уни эгарладилар. Дул-дул юксак парвозларга шайланди. У ўз чавандозига, чавандози эса унга ярашиб турибди…
Балки вақт кечиб адибларимиз “Ўшанда мен образли қилиб, Каримов халқнинг елкасига миниб олди” деган гапни айтишлари мумкин. Ва ҳеч ким эътироз қилмайди. Чунки “ламбада” ҳар қандай кишининг соғлом фикрларини топтаб, ор-номус кўчасидан узоқлаштиради.
- Бугун Ислом аканинг мардлигини кўролмаётганлар бор, – дея давом этди О. Ёқубов. – Улар адашган, кимдандир, нимадандир норози кишилардир. Шу сабаб, Сиз Ислом ака, ундайларга эътибор ҳам берманг. Халқ уларга аллақачон баҳо бериб бўлган. Шундай деймизу, аммо улар асабни эговлаб, катта ишлар ва мақсадлар йўлида тўсиқ бўлишгани аянчлидир…
Сўнг Ортиқ Отажонов президентга “бир капгир” мақтов ёғдириб, қўшиқ бошлади. Даврага раислик қилаётган Наманган вилояти ҳокими, президент ибораси билан айтганда “оқсоқол” Бургутали Рапиқалиев ишораси билан ўртага яна ҳокимлар чиқдилар. Рақс тугагач, Каримов “икки улуғ адиб” шарафига қадаҳ кўтаришни буюрди.
Стол устидаги шишалар аллақачон бўшаб қолгани учун баъзи аъёнлар бўш қадаҳларни кўтариб, буйруқни бажардилар.
Вақт келиб, улар ҳам ўзларини оқлашлари учун имкон бўлади. Яъни: “Биз ўшанда фикрларга қўшилмаганимиз учун бўш қадаҳни кўтаргандик”, дея. Уларни ҳозир ҳам айбламоқчи эмасмиз. Улар “ламбада” асирлари. Асир эса буюрилганни бажаришга маҳкум. Асирлар суд қилинмайдилар.
Қўшиқ айтиб турган Ғуломжон Ёқубовга президент ниманидир ишора қилди. У куй оҳангини ўзгартириб, Каримовга Мустақиллик куни ёқиб қолган насиҳат – қўшиғини бошлади. Шу пайт унинг ёнида ҳофиз Шерали Жўраев пайдо бўлди.
Шерали Жўраев ҳақида шу кунлари турли миш-мишлар тарқалганди. “Каримов уни телевизордан, радиодан олиб ташлабди”. “ У ҳажга борганда президентни Худосиз дебди”. Бу гапларда жон бор эди. Ростдан ҳам Каримов бир мажлисда ТВ “катта”сига Шерали Жўраевни кўрсатмасликни буюрганди.
Ҳофиз ҳамкорининг қўлидан торни олиб: ”Мен Ўзбекистон гимнини ёзганман, шуни ижро этаман”, деди. Президент бошини қуйи солиб, ёнидаги маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовга нимадир деди. Унинг ранги оқади. Ҳар ҳолда жавоб қилди. Назаримда, у “Шерали Жўраев рўйхатда йўқ эди”, деб қутулди.
Қўшиқ тугагач, ”об-ҳаво” бузилаганини сезган аъёнлар қарсак чалмадилар. Ҳофиз енгил куй чалиб, ўтирганларни рақсга “даъват” этди. Ҳамма жим.
Балки Шерали Жўраев “ламбада” муҳитини бузмоқ истагандир? Аммо у халқимизнинг севимли хонандаси эди. Мен унга хайрихоҳ мухлис сифатида ачиндим. У бир қўшиқ айтиб атрофига минг-минг одамни тўплаши мумкин. Шу бир ҳовуч “раққос”лардан обрў олиш жуда зарурми? Унинг “ламбада”га қўшилмоқ истагида ўзини хор қилганини тушуна олмадим. Унинг санъатига ҳурматим борлиги учун ҳам шу лаҳзада бу “ихтиёрий” таъзимини тушуна олмадим.
Кўп ўтмай бу “нохушлик”ни президент унутди ва ўзи рақсга тушди. Жувон депутатлар, ҳокимлар уни қуршаб олдилар. “Ламбада” авжига чиқди…
Зиёфатдан чиқар эканман, ёнимга Дадахон Ёқубов келди:
- Аслида бу ерда раислик қилиш иккаламизнинг ишимиз эди. Лекин қовун тушириб юрибсиз-да, – деди.
Индамадим. Зиёфатга мени мажбурлаб олиб келган дўстларим Ўзбекистон халқ депутатлари Насрулло Сайид ва Имом Файзини эшик ёнида кутиб турдим. Кечагина қучоқлашиб кўришадиган аъёнлар кўрмасликка олиб ўтиб кетардилар. Сал нарироқда эса Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари мендан кўзларини узмай турардилар.
- Бош қонун қабул қилингач, президент казо-казоларни тўплаб, мухолифатни бутунлай йўқотишни буюрибди, – деди Насрулло.
- Унда кимга президентлик қилади? Бутун бир халқ унга мухолифатда-ку, – дедим.
-Халқ вакилларию сафдошларингиз – ёзувчиларни кўрдингиз-ку, – деди Имом Файзи. – Каримов шуларга президентлик қилади.
“Наврўз” кошонасидан қайтарканмиз, кўнгил хира эди, чунки “ламбада” энди бошланган, яшин тезлигида вилоятларга, туманларга тарқалиши аниқ эди. Бу ҳам майли. Лекин ўрмонга ўт кетганди. Ўрмон ичида минг-минглаб гуноҳсизлар азоб ўтида қоврилаётган эдилар. Кўнгилга ана шу ёнғиннинг қора дуди хира солганди…
Жаҳонгир МУҲАММАД
1992 йил. Декабр.
“ЭРК” газетасининг 1994 йил, 16 Май, 5(104) сонидан
“Марату”ларнинг фожеа кунлари якиндир
“Кувгин” романи муаллифи, хурматли Жахонгир Мухаммадга.
Азиз, хамфикримиз, Жахонгир Мухаммад, ассаломуалейкум.
Сизнинг “Харакат” журналида босилган “Кувгин” романингизни укиб чикдик. Бу роман Сизга булган хурматимиз, мухаббатимизни юз чандон оширди. Ташаккур, миллатимз, халкимиз бахти учун Сиз ва Сизга ухшаш мужохид йигитлар омон булсинлар.
Сиздан бир илтимосимиз бор:
“Кувгин”нинг “Харакат” журналининг 1997 йил 3-4 сонларидаги 38-, 39-, 40-, 52- ва 53- бетларида “Маратов-Марату” образи келтирилган. Ушбу шахс уйлаб топилмаган инсон булса, унинг исми, фамилияси хамда бошка шунга ухшаш фактларни факс ёки хат оркали бизга юборсангиз. Утиниб илтимос киламиз, бу фактлар биз учун жуда мухимдир.
Биз, куйида имзо чекканлар Узбекистон Шахс Хукукларини Химоя Килиш Кумитасининг Наманган вилоят булимида расман руйхатдан утган холда ишламокдамиз. Рахбаримиз: Кумита раиси Зохидов Марат Тешаевич. Бу образ Зохидов М.Т.га ухшашлигига шубхамиз кам. Аммо, хозирда Зохидов М.Т. билан бир муаммога икки хил караш билан узаро зиддиятларимиз “Миртемир-Марату” келишмовчиларига якинлашиб колган. Шахсий зиддиятлар булса майли эди, аммо Зохидов М. “харакати” билан Узбекистонда инсон хукуклари масаласи оксамокда. Агар Зохидов ва Маратов шахслари бир киши булиб, романда келтирилган фактлар хакикий булса, бу – дахшат, биз келажакда уз фаолиятимиз ва кураш йуналишини аниклаб олишимиз керак. Биз кандай килиб бу Кумитага (чунтак кумитага) кириб колганимиз сабабини билмокчи булишингиз табиий. Бу кумитага уз харакатимиз келажагига ишонганимиздан ва Сиз ва биз таниган энг кузга куринган лидерлар тавсияси ва стратегия ва тактикани кузда тутган холда кадам куйганмиз.
Наманганда кулма-кул булиб укилаётган “Кувгин” келажакда очик холда юзлаб-минглаб нусхада китоб килиниб, Узбекистонда укувчиларга таркатилгач, “Шайтанат”дан узиб кетишини ва унинг муаллифи Сизга Оллох Таолодан мустахкам соглик тилаб:
Узбекистон Шахс Хукукларини Химоя Килиш Кумитаси
Наманган Вилоят булими раиси
Махамадали Корабой
Узбекистон Инсон Хукуклари Жамияти
Наманган вилояти булими раиси
Ахматхон Абдулла
30 апрель, 1998 йил
Узбекистон шахс хукукларини химоя килиш кумитаси Наманган вилояти булими раиси Махамадали Корабой ва Узбекистон инсон хукуклари жамияти Наманган булими раиси Ахмадхон Абдулла сингари мухтарам биродарларимиз “Кувгин” романи хаккида самимий миннатдорчилик билдирар эканлар, айни пайтда бир катор вокеаларнинг зохир булиб-булмаганини сурашган, баъзи образларнинг кимнингдир прототипи эканлигини тилга олишган. Ана шундай саволлар хар куни окиб келаётгани боис бу хусусда батафсил фикр юритишга карор килдик.
Аввало шуни айтиш керакки, узбек романчилиги хамон каси бир дорулфунуннинг ботаника богидаги тадкикотчиларнинг изланишларига ухшаб колмокда. Романнависларимиз дарахтнинг бир барги чап томонга кимирлашини уч сахифа, унг томонга эгилишини яна уч сахифа ва урнига кайтишини камида икки сахифа тасвирлашга урганишган. Бундай холни шуролар даврида тушуниш мумкин эди. Романнавислар ана шу баргнинг кимирлаши оркали ё бирор бир фикр айтишга уринишлари ёхуд сахифаларни тулдириб, роман хажмини кенгайтиришган булишарди. Чунки табиат хаккида хар канча ёзиш мумкин эди. Хатто бунинг учун табиатни мухофаза килиш кумиталаридан мукофот олишарди.
Турк романчилигида Умар Сайфиддин утган асрдаёк араб жимжимадорлиги асосига курилган романчилик услубини бузиб, уз асарларини халк тилига якинлаштирган ва янги турк романчилигинининг тамалини куйганди. Биз эса бугун узимизни мустакил, дея жар солишга одатланган кунда хамон ёлгон романлар гирдобида колаётибмиз. Роман халк тилига, ва халкка якин булиши учун унинг хаётини тасвирлаши ва унга кузгу ролини уйнаши керак. Кун буйи каро мехнатдан эзилиб кайтган инсон шалоланинг тиник сувида юзларини чайгандан сунг ойнага бокаркан, узининг бугунги мубтало куни ва эртанги орзулари хаккида хаёлга чумгандек, романни укигандан кейин сунг хам дарин туйгулари жумбушига келиши керак.
Ана шундай фикр анча вактдан бери калбимни тирнагани учун “Кувгин” романини жимжимадор услуб ва ижобий хамда салбий кахрамонлар кураши доираси атрофида эмас, балки хаётда хакикатан юз бераётган ва купчилигимиз курмай колаётган, балки купчилигимиздан яширилаётган вокеалар, ходисалар сукмоги олиб борадиган урмонни тасвирлашга уриндим.
Кейинги йилларда халкимиз хаётида жудда катта вокеалар юз бериши мумкин эди. Жумладан у бундан бир неча йил мукаддам олдин хур булиш нуктасига келган эди. Бу кур-курона келиш эмас эди. Минг-минг инсонлар майдонларда, кучаларда уз хурриятлари учун хайкирдилар. Миллионлаб инсонлар эса уз орзу умидлари билан уларнинг харакатларига кушилдилар. Аммо киска вактда, ха, мисли курилмаган жуда киска вактда миллионларнинг харакати, умид орзулари, келажаклари улдирилди. Нега? Бу ишни четдан келганлар эмас узимизнинг орамиздан чикканлар амалга оширдилар. Нега?
Халкимиз минг-минг фидойи углонларни етиштирар экан, нима сабабдан хоинларнинг хам бошини тебратди?! Уз хузур халоватини уйламаган ва миллатининг дарди билан яшаганларнинг боши кундага куйилар экан, нима сабабдан кони окизилаётган бегунох инсонни эмас, балки килич кутарган жаллодни куллади?! Бу адашишмиди?! Бу сукирликми?! Бу ёлгонлар гирдобида гарк булишми?! Бу уз келажагини улдиришми?
Хуллас, бу кандай бир хол эди-ки, миллион-миллион инсонлар бирданига оркага чекиниб, хоинларнинг йулига поёндоз солдилар. Бу кандай бир хол эди-ки, миллатнинг гули хисобланган зиёлилар-ойдинлар уз миллатининг душманига айландилар?
Ибтидоий жамоа даврида каби халкимизга рост деб ёлгон едирилди. Ибтодоий жамоа даврида одамлар ёлгон ва ростнинг фаркига борабошлаган эдилар, лекин биз “ривожланган мустакиллик” даврида ёлгон ва ростни ажратолмадик. Нега? Романда ана шу саволларга жавоб изладим.
Романнинг учинчи китоби чет элга чекинган мухолифатнинг ва мухолифат байроги остида мухолифатчи булиб куринган, хар кадамда Ватани (агар хакикатдан хам Ватанини бор хисобласа), мухолифат номи хисобига (“соткин” калимасининг сийкаси чикди) кун кечирган “кузга куринган” кишиларнинг фаолияти хаккида суз боради.
Тугри, хар бир инсоннинг хар бир одимини когозга тушириш мушкул. Шу боисдан уларнинг эгизак туйгулар, эгизак карашлардаги шерикларини топиб, бирлаштирган холда укувчига такдим этиш анча осон. “Кувгин” романида бу коида хам бироз четга сурилган. Чунки бу роман аслида кундаликлардан иборат эди. Факат у чоп этилар экан, исмлар, характерлар бироз узгартирилди, холос. Бугун кахрамонлар – хоин деб эълон килинган, хоинларга кахрамон унвони берилган утиш кунидир. Шундай мусибали кунга келишимизга Ислом Каримов ва унинг атрофида гирдикапалак булганлар канчалик айбдор булсалар, узимиздан чиккан ”Марату”лар хам шу кадар жавобгарлардир. Кимнингдир куркоклиги кимнингдир асл хоинлиги ва яна кимнингдир “илонлиги”, яна кимнингдир шохона хаётга ташналиги бошимизни шу кунга олиб келди. Биз бугун ва ёхуд эртага уларнинг кимлигини таниб олишимиз керак. Менинг максадим узим таниганларни сизга таништиришдир. Мамнун булган жойим шундаки, купчилигини сиз хам танир экансиз. Романнинг сунг сахфаларида “кахрамонларим”нинг асл исм-шарифларини хам укийсиз, деган ниятим бор.
Марат Зохидов масаламига келсак, бу шахс мустакиллик учун кураш даврида хам, хозир хам номенклатуранинг атрофида суркалиб, унинг хизматини килиб юрган киёфалардан биридир. Бир кугирчокни мажаклаб эзиб ташлашга хеч ким журъат этмайди. Балки купчилик уни севади. Болалар хам, катталар хам уни уз майилларига караб уйнатадилар. Марат Зохидовнинг ана шундай кугирчоклардан битта фарки бор, у хам булса унинг жонлилигидир.
Озарбайжон президенти Абулфайз Элчи-бейга “КГБнинг руйхатини ошкор этинг”, дейишганда “Жуда куп дустларимизнинг исми-шарифи чикиб колса-чи?” деган андиша билан бу ишга кул урмаганди. Окибатда огир кунлар яшади.
Бизнинг хам элчибейларимиз иктидорга келганда битта-ю битта талабимиз булади, у хам булса жосуслар руйхатини эълон килишдир. Биз уларни улдиришни талаб килмаймиз, биз уларнинг суд килинишини хам истамаймиз, факат уларнинг кимлигини уртага куймок истаймиз, холос. Ана ушанда Маратулар орамизда куп булганидан юрагимизни гижимлаб колмасак булгани. Аммо шу нарса аникки, уша кун “Маратулар”нинг фожеа кунидир. Аллох Таоло хар биримизни уша кунга етишга ва уша кунни куришга муяссар этсин!
АКШ, Портланд
Май, 1998 йил
Агар «инкилоб киламан» деб минг одам чикса, Каримов минг одамни оттиради!
Бугун мен аник биламан, агар «инкилоб киламан» деб минг одам чикса, Каримов минг одамни оттиради, 2000 одам чикса, 2000 одамни оттиради. Парламент минбаридан туриб, биз тинчлик учун керак бўлса 200 кишини отамиз, деган эди Каримов. Тинчлик деганида, у ўзининг шу курсисини, ўзининг вазифасини назарда тутган эди.
Энди албатта конун зарурликка зарур. Чунки бугун мана демократик давлат кураяпмиз, деб жар солишаяпти. Шундай экан, хеч бўлмаса ўша жар солишаётганига яраша бу ёгини хам мослаш керак. Лекин конун бўлгани билан бир нарса ўзгарадими Ўзбекистонда?
Мана бугун матбуот хакида конун бор. Агар у конунларни олиб карасангиз, матбуотга хамма эркинликлар берилган. Лекин амалда хеч кандай эркинлик йўк. Чунки бу ўша системадан келиб чикади. Чунки Ўзбекистонда диктатура ва диктатура шароитида хамма нарса ўша 1 кишига бўйсундирилади.
Мен 100 фоиз аминманки, мана шу АКШ элчихонаси каршисида ўтказилган шу пикетни бостириш Ислом Каримовнинг изнисиз бўлмаган. Масалан, Алматов ёки бошка одам бунга хеч кандай журъат эта олмайди. Факат ўша президентдан буйрук олиб бу ишни килишган.
Чунки бугун агар биз бошка мамлакатларга карайдиган бўлсак, милиция конун химоячиси, халкнинг химоячисидир. Колаверса, милиция бу мамлакатларда хукуматга бўйсунмайди. Балки ўша махаллий халк томонидан сайланган кенгашларга бўйсунади. Ўша ерда туриб улар умумий конунларни химоя килади. Ўзбекистонда агар шундай бўладиган бўлса, табиийки, хокимият Каримовнинг кўлидан чикиб кетган бўлади.
Бугун агар улар конун кабул киладиган бўлсалар, кайси бир маънода бу конунларни дунё стандартларига мослашлари керак. Агар мослайдиган бўлсалар, улар бу милициянинг кандайдир ваколатларини ёки милицияни кандайдир бошкаришни махаллий хокимиятга хам беришларига тўгри келади. Бундан эса, табиийки, диктатор кўркади ва хокимият кўлимдан чикиб кетади, деб ўйлайди. Шунинг учун хам, мана шунча йилдан буён милиция хакидаги конун кабул килинмаяпти…
…Аввало шуни айтиш керакки, бугунги тортишувимиздан 2 та нотўгри хулоса чикаяпти.
Биринчи, мен олдинига сўзимни бошладим конун керак деб ва тугатдим конун керак деб. Бу ерда ўша мухокама килувчиларнинг диккатини битта нарсага тортмокчи эдим, хамма нарсанинг илдизи каерда? Илдизи диктатурада ва диктаторда. Мана шунга эътибор каратмокчи эдим.
Бунинг учун мен матбуот хакидаги конунларни бир ўрнак сифатида келтирдим.
Иккинчиси, биласизми, Сталиннинг оркасидан хам, Бериянинг оркасидан хам минглаб одамлар йиглаган. Улар жуда яхши эди деб уларга сигинишган ва уларнинг оёгини ўпганлар бўлган.
Лекин нахотки шунчалик хотирамиз яхши эмаски, биз Паркент вокеаларини унутдик? Паркентда 63 киши отилган эди ва бунинг бошида Зокир Алматов турган эди. Ўшанда у Тошкент вилоятида ишлар эди ва Паркентдаги вокеаларда бош эди.
Шундан кейин уни Ислом Каримов яхши кўриб, уни Тошкентга олиб келганди. Нахотки биз талабалар шахарчасида юз берган вокеаларни унутдик? У ерда талабаларни бугун худди сиз радиода кўйиб берганингиз каби чинкиртириб уришган ва худди шундай калтаклашганди.
Ва ундан кейин Наманганда бўлди шундай вокеалар. Фаргонада бўлди…
Шундай вокеалар бугунгача давом этиб келмокда. Бу ўша диктатуранинг хусусиятини, диктатуранинг нималигини кўрсатадиган нарса.
Яъни биз бу ерда айтаяпмизки, гўёки шу пайтгача Каримов яхши эди-ю мана шу вокеа юз бериб колди, мана энди Каримов бундан хулоса чикариб олиши керак. Йўк, Каримов бундан олдин хам бундан беш баттарини килиб келган эди ва бу нарса хеч нарса эмас уларнинг олдида. Каримов учун хеч нарса эмас. Биз учун табиийки, бу жуда катта фожеа.
Каримов Паркентда тўгридан-тўгри буйрук берган: “Отинглар!” деб. 63 киши отилган. Канча ёш-ёш йигитларнинг умри хазон бўлиб кетди. Шу нуктаи назардан айтаяпман, Каримов учун бу хеч нарса эмас.
Бугун мен аник биламан, агар инкилоб киламан деб минг одам чикса, Каримов минг одамни оттиради, 2000 одам чикса, 2000 одамни оттиради. Парламент минбаридан туриб, биз тинчлик учун керак бўлса 200 кишини отамиз, деган эди Каримов. Тинчлик деганида, у ўзининг шу курсисини, ўзининг вазифасини назарда тутган эди.
Шунинг учун хам биз билишимиз керакки, бу бўлаётган нарсалар – хаммаси диктатуранинг хусусияти. Диктатура йўколмас экан, хеч нарса бўлмайди. Факат демократия шароитида конунлар яхши ишлаши мумкин. Лекин табиийки, энди бугун биз талаб киладиган даражада эмас. Аммо талаб килиб боришимиз керак. Милиция хакида хам конун бўлса, кайси бир маънода халкаро микёсларда буни тортишиш мумкин.
Лекин мен нима учун бу конуннинг бўлмаётганини сўзимнинг бошида айтдим. Бу конун бўладиган бўлса, Каримов хокимият кўлимдан кетиб колади, деб кўркади. Шунинг учун хам бу конунни амалга ошириш учун ёки парламентга олиб кириш учун изн бермаяпти.
Орадан 5 кун утиб Андижон катлиоми юз берди.
2005 йил, 8-9 май кунлари “Озодлик” радиоси оркали берилган “Курултой” (мавзу- Ўзбекистонда милиция тўгрисидаги конун зарурми?) эшиттиришидан сўзма- сўз .
Бундан 15 йил олдин ҳам…
Муаллифдан: Менга “Сиз ҳукуматга интилаяпсиз” дея ўтган йил (2005) келган бир-икки хатга жавобан “Мен президент бўлишни эмас, президентлар етиштиришни истайман” деб жавоб қилган эдим, яъни лидерликни даъво қилмаганимни бот-бот таъкидлагандим. Чунки лидерларнинг ўрни Ватанда бўлиши керак деган қатъий ишончга эгаман.
Бундан 15 йил олдин ҳам, бундан 9 йил олдин ҳам ва бугун ҳам шу фикрдаман. Худди шунинг учун ҳам умуммухолифат ўзига лидерни мамлакатнинг ичидан танлаши керак деган ғояни илгари суриб келмоқдаман. Фақат шу йўл бутун мухолифатни ва лидерлик даъвосидаги якка шахсларни битта платформада бирлаштириши мумкин. Акс тақдирда мухолифат бугунга қадар бўлганидек, кучга айланмай қолаверади.
Давр ўзгариб ҳамма Ватанга қайтса, ана унда ким хоҳласа мустақил равишда майдонга чиқиши ва халқнинг “бозори”га ўз “моли”ни қўйиши мумкин. Бугун эса аввало “харид” қуввати ўлдирилган халқнинг ўзини қутқазиш керак. 9 йил олдин ёзилган қуйидаги мақоламдаги фикрларим бугун ҳам кучида. Шу кетишда яна 9 йилдан кейин бу мақолани қайта чоп этиш эҳтимоли кучаяётгани дилимга оғриқ беради.
ЛИДЕРЛАРНИНГ ЎРНИ ВАТАНДАДИР
Совет Иттифоқи вайронага айланганда харобалар остидан бир қатор миллий ҳаракатлар, демократик ташкилотлар бош кўтарди. Баъзилари ҳукуматга қадар етиб олиб, сўнг мухолифатга айландилар, айримлари ҳукуматдан айрилиб, мухолифат йўлини танладилар, яна бир гуруҳлари мухолифат ўлароқ аста секин унутила бошладилар. Келажакка қараб соғлом одимлар отиш учун бу ҳаракат ва ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш, хулосалар чиқариш муҳимдир.
Бу жуда кенг қамровли мавзу. Биз унинг бир бўлаги, яъни ҳаракат лидерлари масаласини қуйидаги суҳбатимизга бош мезон ўлароқ танладик ва бу борадаги қаноатимизни ҳукмингизга ҳавола қилмоқчимиз.
Ҳар қандай ҳаракат ва ташкилотнинг тақдири унинг лидерига боғлиқдир.
Ҳақиқий лидерлар саҳнадан кетсалар ҳаракатлар, партиялар ҳам саҳнадан тушиб, билакс йўқолиб кетганини тарих кўп кўрган.
Лидерликни даъво қилганлар эса халқнинг чашмасидан қайнаб чиққан ҳаракат ёки партияларнинг ортидан югуриб ўзларини ҳам, атрофдагиларни ҳам маҳф этадилар. Чунки лидерлик даъво қилинмайди, лидерлик мулк каби сотиб ҳам олинмайди. Лидерлик халқ томонидан ёки халқнинг маълум бир қисмини тамсил этган кишилар томонидан йўлбошчиликка лойиқ бўлган ИНСОНларга берилади. Тўғрироғи, ишониб топширилади. Бу нуқтаи назардан лидерлик омонатдир. Халқнинг омонати.
Лидерлар ҳақида сўз юритар эканмиз замонамизда модага айланган масалани, яъни бевосита Ватандан четда туриб ҳаракатга, партияга, ташкилотга раҳбарлик қилиш масаласини ўйлаб кўрмоқчимиз.
Маълумки, ҳар қандай ташкилотнинг ўрни уни етиштирган халқнинг ичидадир. Агар у мухолифатда бўлса, халқнинг мағзига айланади. Ташқарида туриб мухолифатда бўлиш, шу нуқтаи назардан кураш эмас, иддаодир.
Мухолифат лидери Ватаннинг чегарасидан четга чиқиб кетгани – у ҳоҳ мажбуран чиқариб юборилган бўлсин ёки жонини қутқариш учун шу йўлга бош уришни ўзига эп кўрган бўлсин фарқ этмайди – унинг кураши иддаога айланганини исботловчи далилдир, яъни у миллатини эмас, ўзини тушуниш сарҳади томон одимлади. Лидерлар эса ўзини тушунишни инкор қиладилар. Қолаверса, Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларнинг айни маънога эга икки статуси бор: биринчиси мужоҳидликю иккинчиси, қочоқлик (қочоқлик калимаси мултожилик ёки бошқа бир давлатдан паноҳ топиш маъносида). Иккинчи таъбир кўпроқ ичкаридагилар томонидан салбий маънода ҳам қўлланилади. Ҳар икки ҳолда ҳам бу тушунчалар замирига лидерлик сиғмайди. Уни мажбуран киритиш мумкин. Аммо вақт ўтиши билан бунинг сунъийлиги ўртага чиқади.
Узоққа бормайлик, Озарбайжонда Абулфайз Элчибей, Ўзбекистонда Шукрулло Мирсаид, Қримда Мустафо Жамилўғли… ва бошқа ўнлаб лидерлар ҳозир маънавий ҳамда моддий исканжаларга қарамай ташқарига кетмадилар. Улар ичкарида исканжа, ташқарида эса комфорт бор деб тушунардилар. Лекин исканжани танладилар. Чунки мухолифат лидерига ҳукумат исканжа кўрсатиши халқни фикрлашга ундашини, уйқудаги виждонларни уйғотишини улар яхши билардилар.
Мухолифат лидерининг қамоқда ўтириши халқнинг озодлик руҳини жасорат билан бойитади.
Мухолифат лидерининг ўлдирилиши халқнинг қўлида байроқ, ҳукуматнинг юзида қора кўланка бўлади.
Дарвоқе, ҳаёти ўзига эмас, миллатига бағишланганини даъво қилган ва исботлаган кишилар лидерлардир. Қолганлар эса лидер ҳавосига ошиқ ҳавасмандлар.
Мухолифат лидерлари ўлкаларини тарк этиб, ташқарида туриб мужодала беришни мақсад қилсалар, халқ кураш ва жасорат руҳидан маҳрум бўлади. Чунки узоқдагининг буғдойидан яқиндагининг сомонига кўз тикишга мажбур қилинади. Бу вазият лидерсизликка олиб келади. Лидерсизлик эса янги лидерларни етиштиради.
Ўлкасидан ташқаридаги лидерлар ожизланадилар, ҳукуматга “тиш”лари ўтмайди. Бундан асабийлашиб, бир-бирини айблаш, бўлиниш, парчаланиш каби ғавғолар гирдобига ғарқ бўладилар. Ёлғизлик ва тарк этилиш булути бошларидан кетмай қолади. Ва умрлари турли иддаолар, хотиралар, нари борса ўзлари ҳақида китоб ёзиш билан ўтади. Ўлка учун охирги даражали кучга айланадилар. Агар улар лидерликни даъво қилмасдан бундай фаолиятга чекинсалар ва билим, ижод йўли билан курашларини давом эттирсалар, бу оддий инсоний ҳол. Аммо ҳам Ватандан кетиб, ҳам лидерликни даъво қилишни тушуниш қийин. Бу фикр лидерларни қувғин этиб , роҳат қилиб ўтирган диктаторларга ёқиши аниқ. Чунки уларга мухолифат ҳақидаги, айниқса мухолифатдаги лидерлар ҳақидаги ҳар қандай танқидий гап уларни мумиёдек эритиб юборади (Кўзингиз ойдин, диктатор ва диктаторчалар!).
Аммо бу бизга фикрларимизни очиқ ёзишга монеъ бўлолмайди. Лидерлар ва мухолифат масаласи нафақат бугун, балки доим муҳимдир. Бугунги ҳолнинг кўринишлари Совет Иттифоқи даврида ҳам мавжуд эди. Ўшанда турли сабабларга кўра ўлкаларини тарк этган мухолиф лидерлар ва бошқача фикрловчи кишилар дунёнинг турли бурчакларида яшашга мажбур бўлганлар. Кўпчиликлари ё ёзувчига ёки тарихчига айландилар. Лидерлик ҳавосини тарк этиб, шу йўл билан миллатлари ва Ватанларига хизмат қилдилар.
“Лидерларни асраш керак, бундай инсонлар халқ учун керакли” деган гапларни ҳам эшитганмиз. Лидерни асраш керак! Халқни-чи?! Халқни ким асрайди? Аслида лидерлар халқни асрамоқ учун кўкрак кериб майдонга чиқмаганмидилар? Улар ўзларини асрашга чекинсалар, бу табиийки, уларнинг инсоний ҳақларидир , лекин халқ лидеридан маҳрум бўлади. Бу масаланинг фалсафий жиҳати. Хаётий жиҳати шундаки, бирор бир лидерни қамаб қўйишса, дунё оёққа қалқади. Ҳалқаро ташкилотлар унинг муҳофазасига отланишади. Уни асрайдилар. Бунинг минг-минг мисоли бор. Аммо оддий бир курашчи озодлик, ҳуррият йўлида қамалиб кетиши, ўлдирилиши ва ҳеч ким бундан хабардор бўлмаслиги мумкин. Бугун ҳам қамоқларда шундай инсонлар бор. Улар танилмагани сабаб халқаро ташкилотларга хабар қилинмаган. Шу боис оддий одамларнинг қўрқишга ҳаққи бор, лидерларнинг эса қўрқишга ҳақлари йўқ!
Ҳар ким ҳам лидер бўла олмайди. Ҳар ким ҳам лидерликни даъво қила олмайди.
Масалан, Озарбайжон миллий озодлик ҳаракатининг лидери Абдулфайз Элчибей бир неча марта қамоқда ўтирди, бир неча марта калтакланди. Ҳатто оғзини йиртишди. Лекин у чекинмади. Чет мамлакатлар унинг қўлига “яшил карт” тутқазганда ҳам қабул этмади. Озарбайжонда президентлик даврида қон тўкилиши олдини олиш мақсадида Бокуни тарк этиш мажбуриятида қолди. Тайёрагоҳдан осмонга кутарилган учоқ Туркияга қараб йўл олганини билиб, қаттиқ ғазабланди. Ва учоқ осмонда йўл ўзгартириб Нахичеванга учди, яъни у Ватан чегараларидан четга чиқишни истамади. “Президентликни ташлашим мумкин, лекин Озарбайжонни ташлаб кета олмасдим”, деганди у…
Бошқа мисол. Шукрулло Мирсаидов Ўзбекистонда висе-президент эди. Диктатурани эмас, демократияни истаб истеъфо берди. Маънавий қувғинга дучор бўлди. Газета саҳифаларида ўзи, умр йўлдоши ҳақида уйдирма фелъетонлар бостирилди. Сўнг тергов, суд, жазо. Бу ҳам етмагандек, суиқасд ўзига, ўғлига, қариндошларига. Аммо мухолифатдан чекинмади. Бошқа мухолифат ҳаракат ва партиялар таъқиқланар экан, у партия тузди. Яна таъқиб, яна тонготар терговлар, ўғирлаб кетиб калтаклаш, тўҳмату бўҳтонлар… . Лекин у четга кетмади…
Шу ўринда “Бирлик” лидерларидан бўлган Абдураҳим Пўлатга ҳақ бермоқ лозим. У ўзини енга олди, бир одим орқага чекиниб, Шукрулло Мирсаидни лидер деб таниди. Шукрулло Мирсаид Ўзбекистон Демократик мухолифат кучларини мувофиқлаштирувчи кенгаш раислигини қабул қилар экан, аввалига уни тан олган Муҳаммад Солиҳ ўн икки соатдан кейин фикридан қайтди. Бугун у ҳамма жойда ўзини Ўзбекистоннинг яккаю ягона лидери деб таништиришга интилмоқда. Аммо дунё жамоатчилиги, қолаверса ўзбек халқи Шукрулло Мирсаидни мухолифат лидери ўлароқ кўрмоқда. Ва тўғриси ҳам шудир. Шукрулло Мирсаид лидерлик синовидан ўтгани боис унга ишонилди. У ҳар қанча қувғинларга қарамай, барча мухолифат кучларининг табиий лидери сифатида даъвомизга содиқ турибди. Балки М.Солиҳ бу ҳақиқатни тан олиб, четдаги фаолиятини ўз статуси даражасида давом эттирганда, бугун бошқа фаолият кўрсатмасдан фақат ўз китобларини чоп эттириш билан овора эканлигини оқлаш ва ҳатто уни қутлаш ҳам мумкин эди. Чунки ўзини лидер ҳисоблаб, Ватанга, миллатга келтирган зараридан бир шоир сифатида кўрсатган хизматининг қадри баланд бўларди. Ҳали ҳам кеч эмас, балки бу ҳақиқатни идрок этар ва ўзини хизматга сафарбар қилар?!
Қрим татар халқининг лидери Мустафо Жамилўғли эса Совет Иттифоқи пайтида беш марта қамалди. Калтакланди. Сибирга сургун қилинди. Бир куни машҳур Андрей Сахаров унга: “ Истасанг, Америкага юборайлик”, – деди. У эса: “Мен кетсам, ким курашади?”- деб жавоб берди. Сахаров унга: “Зотан сендан шу жавобни кутгандим”, – деди. У ўн етти йиллик қувғин, сургунлардан кейин Қримда экан, душманлар телефон қилдилар унга:” Чиқиб кет! Акс ҳолда ўлдирамиз!”. У эса : “Ватанда ўлмоқ шарафдир!” дея жавоб берди.
Ҳа, у лидер эди. Лидер учун ўлим таҳлика эмас.
Лидерлар ўлсаларда курашдан тўхтамасликларини тушунган инсонлардир.
Лидери бор халқнинг уфқи ёруғдир. Бу маънода ўзбек халқининг ҳам эртанги куни ойдин. Чунки у билан ёнма ён, жафо ва ситамларни биргаликда тортаётган лидери бор. У бугун мухолифатда. Эртага эса ўнлаб лидерлар етишиб чиқиши учун йўл очажагига умид қиламиз. Балки ўшанда лидерлар ҳақида ёзиш учун қўлимизга қайтадан қалам олармиз.
“МУСТАҚИЛ ҲАФТАЛИК”, ижтимоий – сиёсий газета, 1997 йил март ойидаги сонидан:
Бу аҳволда, Худо кўрсатмасин, яна советлар бирлигига ўхшаган фалокатўртага чиқса, халқимиз орасида унга қарши бош кўтарганлардан, униқўлловчилар кўпроқ чиқади.(1994 йил апрел).
МУСТАҚИЛ ДАВЛАТ ВА ҲУР МИЛЛАТ
Инсон онги, тафаккури, эътиқоди шаклланишида мафкура суғорувчи ирмоқлар бўлиб хизмат этади.
Инсон ҳатти-ҳаракатидан камолотига қадар катта бир борлиқ мағзи мафкурага боғлиқ. Шу сабабдан минг йиллар давомида ана шу борлиққа ҳукмронлик қилиш учун курашиб келинди.
Узоқни қўйиб турайлик, ҳали саҳифаси сарғаймаган яқин тарихимизда бу борада қанча синовлар ўтказилди. Одамларни коммунистик мафкура доирасига солиш туфайли манқуртлаштириш ва осон бошқариш учун мисли кўрилмаган ишлар қилинди. Бу ёвуз мафкура туғруқхонада янги туғилган чақалоққа уч кун қоришиқ сут беришдан тортиб, дунёдан кўз юмган кишини митинг билан кўмишгача бориб етди. Тан оламизми, йўқми, ҳақиқат шуки, бу мафкуранинг домига тушмаган ёки унинг “хасталиги” юқмаган одам оз.
Ўзбекистон ҳукумати буни яхши билади. Шу боис ҳам янги бир мафкура яратишдан эскисини “миллий мафкура” деб номлаб ушлаб туришни афзал кўрди.
Дарвоқе, янги мафкура зарурми? Агар зарур бўлса, нима учун?
Бизнинг назаримизча, миллий мафкура мутлоқ зарур. Айримлар эътироз билдиришлари мумкин. Жуда катта ва бой тарихимиз қатида онгимиз, эътиқодимиз, тафаккуримизни шакллантириш учун нафақат ирмоқ ҳолида, балки уммон ҳолида мафкура мавжуддир, дея. Ва улар хақдирлар.
Аммо бугун бизга юз эллик йил давомида босқинчилар тарафидан сингдирилган мафкурадан қутулиш, халос бўлиш учун мутлоқ янги мафкура лозим. Даволанмасдан туриб, хаста аҳволда спорт билан шуғулланиш мумкин эмаслигидек, онгимиздан заҳри-қотилни улоқтирмасдан тарихимизни мукаммал ҳолида қайтара олмаймиз.
Бугун биров “Сен туркийзабонсан” деса, эртага бошқа бири “Сен янги бир миллатсан” деса, ишониб кетаверишимиз ана шундан.
Хўш, янги мафкура қандай бўлиши керак? Тўғри, бу бир кишининг қараши билан яратилмайди. Биз бундан икки йил аввал ҳукуматга еркин фикрловчи зиёлилар иштирокида зирва ўтказиб, бу хусусда бир тўхтамга келиш керак, деган таклиф билан чиққан эдик. Ўзимизнинг фикр- мулоҳазаларимизни ҳам тақдим этгандик. Бироқ… .
Вақт кечиб бораяпти. Ҳукумат ҳам, биз ҳам бебаҳо дамларни бой бераяпмиз. Бу аҳволда, Худо кўрсатмасин, яна советлар бирлигига ўхшаган фалокат ўртага чиқса, халқимиз орасида унга қарши бош кўтарганлардан, уни қўлловчилар кўпроқ чиқади. Чунки онгимизни ҳали ўша заҳарли ирмоқ суғориб турибди. Бугун Ўзбекистонда мафкура яратмоқчи бўлаётган олимларнинг аксарияти ҳам ҳали эскисининг домидадир. Ва улар янги бир мафкура ярата олмасликларини бугунги сиёсат исботламоқда. Биз қараб турмасдан ўз мафкурамизни яратишни бошламоғимиз лозим.
Мафкурамиз “Ҳур, демократик давлат ва ўзлигини англаган миллат учун” деб номланишини истардим.
Унинг амалга ошириш дастурини “Етти эм” деб номлаган бўлардим. Бу эмлаш, даволаш маъносидан ташқари, етти қисмли “М” ҳарфи билан бошланувчи ва ҳар бири яна етти қисмга бўлинувчи дастурни англатади.
Биринчиси: – МУҲАББАТ.
Тангрига муҳаббат - банда бандага эмас, улуғ ва ягона Тангрига бўйсўниши;
Ватанга муҳаббат - инсон юртни, заминни ўз вужудининг манбаи деб англаши;
Миллатга муҳаббат - халқнинг ўтмиши, бугуни, келажаги, қадри, обрўси унинг ўзига тегишли эканлигини англатиш;
Ота-онага муҳаббат - ўз шажарасини билиш, падари-бузруквори ва волидасининг ҳаётда эканликларида ва ундан кейин ҳам дил тўрида сақлашни унутмаслик;
Устозга муҳаббат - таълим-тарбия берган, тўғри йўл кўрсатган, илмга бошлаган кишиларнинг қадрига етиш;
Табиатга муҳаббат - атроф – муҳит мусаффолиги, гўзаллиги, тозалиги бировлар учун эмас, унинг учун ҳам яратилганини ҳис қилиш;
Ёрга муҳаббат - вафодорлик, содиқлик, баркамоллик, хиёнатдан йироқ бўлиш руҳини сингдириш.
Иккинчиси: – МАКТАБ.
Ота-она мактаби - болага ташқи дунё ва инсоният билан муносабаат, илмга ташналик, жамиятдаги ўрни борасида ота-онанинг масъулияти ва улар учун бу борада қўлланмалар яратиш;
Болани боғчалардагина эмас уйда ҳам тарбиялаш бўйича ҳукумат ижтимоий дастурини ҳозирлаш;
Илм мактаби - муаллимларнинг масъулиятларини ошириш баробарида уларнинг шароитларини яратиш, хусусий мактабларга ижозат бериш , дарсликларни янги мафкура дастури асосида ҳозирлаш;
Жамоа мактаби - маҳаллалар, қишлоқлар кенгашлари, зиёлилар масканлари ишини аниқ йўлга қўйиш, тарбия ўчоқлари яратиш ҳаракатларини ҳукумат томонидан қўллаш;
Ибрат мактаби – матбуотда, радио, телевидениеда, жамоат ташкилотларида миллий ғурур, ўзликни англаш, инсон номига муносиб бўлиш, ошкора фикр билдира олиш борасида изчил иш олиб боришни ташкил қилиш;
Ҳаёт мактаби - қаҳрамонлар, ватанпарварлар, хоинлар, сотқинлар ҳаётидан китоблар, филмлар тайёрлаш, кундалик матбуотда бунга ўрин бериш;
Дунё мактаби – бутун дунё тарихи, илми хулосалари асосида тарбиявий иш юритиш;
Ҳар бир кишининг ўз мактаби - хусусий тажрибалар, ташаббуслар, изланишларни рағбатлантириш ва кенг ёйиш.
Учинчиси: – МАЪРИФАТ.
Боланинг маърифати ёки маърифатли бола – динни, адабиётни, одобни, билимни ўргатиш;
Маърифатли йигит-қиз – тарихни, миллатни, ғурурни, ўзликни-менликни, юртни, халқни ўйлаш руҳини сингдириш;
Маърифатли одам – эшитиш ва фикрни баён қила олиш маданиятини ўргатиш;
Маърифатли инсон – баҳс қила олиш, ҳақиқат, диёнат учун собит курашчини вояга етказиш;
Маърифатли шахс – жамоани, юртни, халқни тўғри йўлдан бошқара олувчи йўлбошчиларни тайёрлаш;
Маърифатли тузум – халқ хоҳиш-истаги асосида ҳаққоният пойдевори билан қурилган тузумни яратиш;
Маърифатли жамият - дунёга ибрат бўладиган жамиятни қуриш.
Тўртинчиси: - МАДАНИЯТ.
Шахс маданияти – ўз тарихий анъаналаримиз асосида хусусий маданиятимизни тиклаш;
Жамоа маданияти - ўзаро муносабатларда меҳр-муҳаббат, ҳурмат эҳтиром руҳини вужудга келтириш;
Раҳбар маданияти – жамоага, халққа бош бўлган кишиларда халққа, жамоага нисбатан ҳурмат – муқаддас туйғу эканлиги мажбуриятини пайдо қилиш;
Турмуш маданияти – яшаш учун яшашни ўргатиш;
Шаҳар, қишлоқ маданияти – озодалик, ободонлаштириш, обидаларни асраш, қурилишда дид , санъат, ижодкорлик, кутубхоначилик, китобсеварлик ва ҳакозо соҳаларда аниқ дастурли иш юритиш;
Юрт маданияти – юртга келган меҳмонларга, ўзга халқлар тарихи, урф-одати, анъаналарига ҳурмат кўрсатиш;
Дунёвий маданият – жаҳоннинг қаерида бўлмасин, ўзи ва юрти маданиятли эканлигини намойиш этиш учун уларнинг маданиятини ўрганиш.
Бешинчиси: - МИЛЛИЙЛИК.
Миллий тил – ўз она тилини мукаммал билиш.
Миллий шуур – ўз миллати, тарихи, ўтмиши, бугунидан фахрланиш.
Миллий ғурур – миллатига, юртига таъна тошлари отилганда , хуруж қилинганда, хавф пайдо бўлганда ўз сўзини айта олиш, ўз қудрати, иродасини кўрсатиш;
Миллий тимсол - ўз юртининг байроғи, мадҳияси ва бошқа тимсолларини ўз тимсоли деб билиш.
Миллий ўрду – аскарликда хизмат қилиш ифтихорини уйғотиш.
Миллий анъана - ўз халқи, урф-одатлари, анъаналарини билиш, унга риоя қилиш, қадрлаш.
Миллий бойлик - ер ости, ер усти бойликлари, илм-фан, адабиёт – санъат, тарих – маданият бойликларини асраш, улардан фахрланиш ҳисси қонда, жонда бўлиши учун бу хусусдаги тарбия механизмини яратиш лозим.
Олтинчиси: -
МАТБУОТ. Эркин матбуот – оммавий ахборот воситаларини сиёсий назоратдан озод этиш.
Хусусий матбуот - якка шахсларнинг нашрларини қўллаш.
Жонли матбуот - радио, телевидение фаолиятини янги мафкурани устивор этишга руҳлантириш.
Матбуот матбааси – барча нашрларнинг матбаачилик, китоб чиқариш фаолиятларини дастаклаш.
Матбуот этикаси - нашрлараро маданиятни рағбатлантириш.
Хабар алмашиш - оммавий-ахборот воситаларининг дунёга чиқиши ва дунё матбуотининг юртга киришига йўл очиш.
Матбуот сўзи - ҳукуматнинг матбуот сўзини ўрганиш ва ундан хулосалар, таҳлиллар чиқариш, фойдали жиҳатларни ҳаётга тадбиқ этиш бўлимини ташкил этиш.
Еттинчиси: – МУНОСАБАТ.
Кундалик воқеаларга муносабат – кишининг бефарқлигини йўқотиш.
Давлат, ҳукумат ишларига муносабат – ҳар бир одам давлат, ҳукумат ўзи томонидан қурилганини, бунинг учун масъул эканлигини;
Ўтмиш, бугун, келажакка муносабат – кечаги кун аждодлари, бугун ўзи ва эртага авлодлари яшайдиган заминда нима бору нима қолаётганига жавобгарлиги;
Яратилган ва йўқотилган янгиликка муносабат – яратилажак ҳар бир нарса унинг ҳаётида из қолдиражагини сезиш;
Дунёнинг одимига муносабат - дунёнинг бир бўлаги менман туйғусини яратиш;
Тақдирларга муносабат - “мен четдаман” руҳини йўқотиш;
Ўз – ўзига муносабат - ютуқларини кўра олиш, нуқсонларини англай билиш қобилиятини яратиш.
Кўриниб турибдики, мафкура жамиятнинг энг мураккаб масаласидир. Унинг ҳар бир бўлагини алоҳида тайёрлаш ва кўпчилик бўлиб маълум дастурларга айлантириш, ижро механизмларини яратиш лозим.
Албатта, менинг таклифларим кимгадир жўн, кимгадир мураккаб туюлиши мумкин. Кимдир унинг ичида илгари ҳам айтилган гаплар бор, дейиши мумкин. Бу табиий. Мен ҳам коммунистик мафкура сарҳадидан четда ўсган эмасман. Қолаверса, ёвуз мафкуранинг “кўзбойлағич” ваъдалари кўп эди. Улар фақат гап ҳолида яшарди.
Энди мустақилмиз. Ватанимиз, миллатимиз тақдири, келажагига жавобгармиз. Буни тўла маънода англашимиз учун ҳам янги мафкура керак бўлиб турибди.
Бугун АҚШда тўқсон миллион ўсмир ёзишни, ўқишни билмайди, бугун Олмонияда сон-саноқсиз ўсмир ҳаё нималигини билмайди, бугун Русияда минг-минг ёш Ватан нималигини билмайди, бугун бизда ҳам ёзишни, ҳаёни, Ватанни билмаганлар сафи кенгаймоқда. Булардан хулоса қилишга мажбурмиз. Чунки бизнинг ўтмишимиз, тарихимиз, тобонимиз муҳаббат, мактаб, маърифат, маданият, миллийликдан иборатдир. Ва бу жаҳон тарихида – давлат қуришдан тортиб фалсафа яратишгача ҳамма соҳада ўлмас кашфиётлар, пойдеворлар яратиш билан ўзига маскан солди.
Дунё юксалишининг икки ренесанси – уйғониши бизда бошланган. Шундай экан, учинчи уйғониш ҳақида уйлаш гарданимизга тушганини ҳис қилмоғимиз керак.
Янги бир мафкура дастурини яратиш, уни ҳамма бирлашиб амалга ошириши туфайлигина бунга эришиш мумкин. Зеро, мафкура инсонни улуғ Тангри, буюк табиат, чексиз борлиқ, номаълум келажак билан боғловчи йўлдир.
ЖАҲОНГИР МУҲАММАД
|