//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Кўр-кўрона тақлид қилиш оқибатлари
Кўр-кўрона тақлид қилиш оқибатлари
 
 
Инсон ким бўлишидан қатъи назар ҳаётда доим ўзгаларга тақлид қилиб яшайди. Одам боласи табиатида бировларга тақлид қилиш одати бор. Бундан асло воз кечиб бўлмайди. Зеро илм-маърифат, тажриба ва ҳаёт сабоқлари айнан тақлид сабабидан касб қилинади. Аммо тақлид билан тақлиднинг фарқи бор. Инсон ақл-идрокини ишга солиб тақлид қилади, кўринган нарсага эргашиб кетавермайди. Акс ҳолда унинг ҳайвондан фарқи қолмайди. Сабаби ялтираб кўринган ҳамма нарса ҳам олтин бўлавермаганидек, зийнатга кўмилган ҳаёт соҳибларининг нопок турмуш тарзи биз учун ўрнак бўла олмайди, чунончи оммавий маданият тарафдорларига тақлид қилиш бизни ҳаргиз бахтли қилолмайди.
Мусулмон банда фақат ўз дини ва эътиқодидаги кишиларга, солиҳ ва тақводор зотларга тақлид қилиши керак. Акс ҳолда куфр ва маъсият эгалари турмуш тарзига тақлид қилган банда билиб-билмай уларнинг гуруҳига қўшилиб қолади. Мана бу ҳадиси шариф шунга далолат қилади.
 
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ تَشَبَّهَ بِقَوْمٍ فَهُوَ مِنْهُمْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَالْبَزَّارُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ صَحِيحٌ.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким ўзини бирон қавмга ўхшатса, бас, у ўшалардандир” (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний ва Баззор ривояти).
“Ким ўзини бирон қавмга ўхшатса”, деганда ким қайси қавмнинг кийиниши, юриш-туриши, умуман ҳаёт тарзига эргашса, маъноси тушунилади.
Ушбу ҳадисга кўра, қайси банда ўзини бирон қавмга ўхшатса, у ўша қавмга мансуб бўлади. Зеро ким қайси жамоадан бўлса, ўша жамоага хос ишларни қилиши лозим. Бу нарса ҳаётнинг ҳар бир соҳасини қамраб олади. Жумладан, кийиниш, муомала, юриш-туриш, зийнат ва таомланиш маданияти кабиларда ким ўзини қайси миллатга ўхшатса, гарчи бир макон ва замонда яшамаса-да, қалбан-руҳан улар билан биргадир.
Агар банда мусулмон одобига амал қилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини ўринлатиб бажарса, қиёмат куни, иншааллоҳ, набийлар, солиҳлар ва тақводорлар сафида бўлади. Акс ҳолда Европа маданиятига оғиб кетганлар, мода ортидан қувиб диний ва миллий қадриятларга тескари йўналишдан кетган кимсалар ўша сочи тикка, бошини занг босган, юпкаси калта, шими йиртиқ, қоши терилган, қулоқ-бурни тешилган, териси куйдирилган ва куйдирилажак кимсалар сафидан ўрин олади!!!
Демак, мазкур ҳадисдан келиб чиқиб, инсон тақлид масаласига теранроқ назар билан қараши, дуч келган одамга эргашиб кетавермаслиги лозимлиги маълум бўлади.
Бу ерда ақида масаласи ҳақида гап кетмоқда. Зеро ақида қалбда бўлади. Тақлид ҳам қалбда бўлади. Агар қалбда бирон нарсага мойиллик сезилса, киши ўша нарсага эргашади.
Уламолар кофирларнинг либосини кийиб, ўзини худди улардек тутадиган кимса ҳақида икки хил фикр айтишган. Бир тоифа олимлар бу билан банда имонидан айрилади, дейишса, бошқалар ўзини кофирларга ўхшатган кимса куфрга кетмаса ҳам жуда хатарли ишни қилган бўлади, бас, уни одобга чақириш керак, дейишган. Демак, гуноҳга ботган ва одоб-ахлоқдан айро кимсаларга эргашувчилар ҳақида ҳеч бир замонда яхши гап айтилмаган, айтилмайди ҳам!
Баъзи уламолар мана шу ҳадисни далил қилиб, “мусулмон бўлмаганларнинг либосини кийиш макруҳдир”, дейишган. Лекин бунда қалбдаги эътиқодга қаралади, бирон покиза либосни ҳалол пулга сотиб олиб, чиройли бўлиб юриш учун кийса, зарари йўқ. Аммо кофир ва мушриклар либосини сотиб олиб, айнан уларга ўхшаш учун кийса, киши ана ўша қавмга мансуб саналади.
 
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: الْمَرْءُ مَعَ مَنْ أَحَبَّ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.
Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Киши яхши кўргани билан биргадир” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривояти).
Бу ерда эркакнинг аёлга нисбатан севгиси эмас, балки мусулмоннинг мусулмонга бўлган шафқати, меҳр-муҳаббати, биродарлик ҳисси назарда тутилмоқда. Унга кўра, бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрса, жаннатда у киши билан бирга бўлади. Ким солиҳларни, яхши кишиларни дўст тутса, уларга улфат бўлса, жаннатда ҳам улар билан ҳамсуҳбат бўлади. Шундай экан, яхши, одоб-ахлоқ ва тақво эгаларини дўст тутиш, маъсият аҳлидан узоқроқ юриш талаб этилади.
Ушбу ҳадисни ўқир эканмиз, ҳақли савол туғилади: “Хўш, биз ўзимиз билмаган ҳолда ғайридинларга ҳавас қилиб, уларнинг яшаш тарзига маҳлиё бўлиб қолмаяпмизми? Ёшлар ўртасида машҳур футболчилар Месси ва Роналду ёки фаҳш ботқоғига ботган “юлдуз” қўшиқчи Мубарак Шакира каби кийиниш ва соч турмаклашга гирифтор бўлганлар йўқ эмас. Яна орамизда соч қисқартирганда қулоғи тепасига инглизча “Z” ҳарфини чиздириб оладиганлар ҳам топилади. Яна кимлардир оммавий маданият вакилларига эргашиб танасига турли расмлар чиздиради. Улар Европадаги “устоз”лари қайси тешикка кирса, ортидан кириб бораверади. Ахир бу ўша ишни қилиб турганларни яхши кўриш эмасми?! Ким нимани яхши кўрса, унга ошно қилинади, ким кимга мойил бўлса, у ўшаларнинг гуруҳидандир.
Хўп, шундай экан, Европача ҳаётга интилаётганлар охиратлари ҳақида ҳам ўйлаб кўрадиларми ё йўқ?
Оммавий маданиятга тақлид қилаётганлар имондан юз ўгирган бўлсалар, Аллоҳ ва Расулининг амридан чиқиб, ўз шайтонлари айтган гапига кираётган бўлсалар, ихтиёр ўзларида, ҳеч ким уларни имонга кир, яхши бўл, деб мажбурламайди. Бизнинг бу гапларимиз, дўстона насиҳатларимиз ўзини уммати муҳаммадиядан санаган, “алҳамдулиллаҳ, мусулмонман”, деган, азим Мовароуннаҳрдек заминнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшган улуғ аждодлар давомчиларига тегишли, бошқача ақида ва маданият соҳибларига эмас!
 
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلاً سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ السَّاعَةِ فَقَالَ: مَتَى السَّاعَةُ قَالَ: وَمَاذَا أَعْدَدْتَ لَهَا قَالَ: لاَ شَيْءَ إِلاَّ أَنِّي أُحِبُّ اللهَ وَرَسُولَهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: أَنْتَ مَعَ مَنْ أَحْبَبْتَ قَالَ أَنَسٌ: فَمَا فَرِحْنَا بِشَيْءٍ فَرِحْنَا بِقَوْلِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْتَ مَعَ مَنْ أَحْبَبْتَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қиёмат вақти ҳақида сўраб, “қиёмат қачон бўлади?” деди. У зот: “У кунга нима тайёрладинг?” дедилар. У: “Ҳеч нарса, аммо мен Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўраман!” деб жавоб берди. Шунда у зот: “Сен ўзинг яхши кўрган одам билан бирга бўласан”, дедилар. Анас айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “сен ўзинг яхши кўрган одам билан бирга бўласан”, деган гаплари сабаб хурсанд бўлганимиз каби ҳали бирон марта бунчалик севинмагандик” (Бухорий, Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нақадар ҳикматли зот эканларини қаранг: қиёмат қачон қоим бўлади, деб сўраган одамга, мен буни билмайман, Аллоҳгагина аён, деб жавоб берсалар ҳам бўларди, аммо у зот қиёмат вақти ҳақида савол беришдан кўра охиратга тайёрланиш лозимлигини билдириш учун: “У кунга нима тайёрладинг?” деб сўрамоқдалар. Саволга савол билан жуда фасоҳат ва балоғат билан жавоб бермоқдалар.
Мана шу ривоятда ҳам киши қайси бир гуруҳ ва кишиларга мойиллик сезса, охиратда улар билан бирга бўлиши таъкидланмоқда.
 
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الصَّامِتِ عَنْ أَبِي ذَرٍّ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ الرَّجُلُ يُحِبُّ الْقَوْمَ وَلاَ يَسْتَطِيعُ أَنْ يَعْمَلَ كَعَمَلِهِمْ قَالَ: أَنْتَ يَا أَبَا ذَرٍّ مَعَ مَنْ أَحْبَبْتَ قَالَ: فَإِنِّي أُحِبُّ اللهَ وَرَسُولَهُ قَالَ: فَإِنَّكَ مَعَ مَنْ أَحْبَبْتَ. قَالَ: فَأَعَادَهَا أَبُو ذَرٍّ فَأَعَادَهَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абдуллоҳ ибн Сомитдан ривоят қилинишича, Абу Зарр: “Эй Расулуллоҳ, бир киши бирон қавмни яхши кўриб, улар каби амал қила олмаса, (нима бўлади?)” деди. Шунда у зот: “Эй Абу Зарр, сен ўзинг яхши кўрган одам билан бирга бўласан”, дедилар. У: “Мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман”, деди. У зот: “Бас, сен ўзинг яхши кўрган одам билан бирга бўласан!” деб айтдилар. (Ибн Сомит) айтади: “Абу Зарр ўша саволни такрор берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам яна ўшандай жавоб қайтардилар” (Абу Довуд ва Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Аллоҳ ва Расулини яхши кўрган банданинг қалби пок бўлади, Аллоҳ ва Расулини яхши кўрган банданинг амали чиройли ва оқибати хайрли бўлади. Аллоҳ ва Расулининг амрига тескари иш қилувчиларни яхши кўрганларнинг ҳолига қиёмат куни вой бўлади.
Тўрт кунлик дунё зийнатларига алданиб, “ҳаёт экансан, еб-ичиб, мазза қилиб қол, ташвишларни унут, фақат лаззатланганинг қолади”, деган шиорни кўтариб чиқувчи оммавий маданият вакилларига эргашувчи “муқтадий”лар, сўқир тақлидчилар охират куни уларнинг сафидан жой олади. Улар дунёда қилган ишлари сабаб бир-бирларини лаънатлаб, қилмишларига минг пушаймон чекадилар. Аммо охират дунё ҳаёти эмаски, хатони тўғрилаш имкони бўлса!
Азиз ўқувчиларимиз юқорида келтирилган ҳадисларни ўқиб, нима ҳақида гапирмоқчи эканимизни билиб олган бўлсалар керак. Ҳа, биз бугун баъзи ёшлар орасида урф бўлган “14 феврал “севишган”лар куни”ни нишошлаш ҳақида тўхталмоқчи эдик. Бу шундай бир муаммоки, жуда кенг миқёсни ўз ичига олади. Гапни умумий тақлиддан бошлаганимиз бежиз эмас. Зеро тақлиднинг моҳиятини тушуниб етмаган ёшлар ўзлари билиб-билмай қорани оқ, қабоҳатни маърифат, фаҳшу зинони меҳр-муҳаббат, ҳаёсизлик-уятсизликни замон талаби деб билмоқдалар...
Юқоридаги сатрларда тақлид қилиш инсон зотига хос сифат эканини айтиб ўтдик. Аммо кўрган нарсасига тақлид қилиш маймуннинг ҳам қўлидан келади. У ҳеч ўйламасдан инсон нима қилса, ўша ишни бажара олади. Шундай экан, биз инсонлар ақл билан тақлид қилишимиз, яхшиларга эргашишимиз, ҳалолни ҳаромдан, имонни куфрдан ажрата билишимиз керак. Акс ҳолда ҳазрати инсон зотининг маймундан, мана шу ақлсиз дея таърифланадиган маймундан ҳеч ҳам фарқи қолмайди! “Доно” ва ҳаммадан “ақлли” Дарвин айтганидек, инсон маймундан яралмаган, балки Аллоҳ яратган ҳазрати инсон ахлоқсизлиги ва ақлини ишлатмаслиги сабаб маймунга айланиши мумкин! Ҳаётда кўриниши эмас, балки хулқ-атвори маймунникидан фарқ қилмайдиган кишиларнинг борлиги бу фикримизни исботлайди.
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (11.02.2015)
Просмотров: 856 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz