
Замонамиз одамлари бамисоли китоб ва мутолаа уммонида сузиб юрибди, бу уммонда жон сақлаш, эмин-эркин ҳаёт кечириш, яхшини ёмондан ажрата билиш ҳар кимнинг тушунчаси, дунёқараши, қизиқишлари, диди-фаросати ва албатта ниятига боғлиқ, аввало. Қизиғи, ҳар қандай тушунча, дунёқараш, қизиқиш, дид-фаросат, ният соҳиб ва соҳибалари эҳтиёжига яраша китоб топилади. Истаймизми-йўқми, ҳаётнинг қонунияти, ҳикмати шундай.

Хуршид Дўстмуҳаммад
КИТОБХОНЛИК – КУНДАЛИК ҲАЁТ ВА ТУРМУШ ТАРЗИ
«Китоб дунёси» газетасининг 3 саволига жавоблар

Таниқли ёзувчи, адабиётшунос олим ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғлган. Ўрта мактабдан кейин Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факултетини тамомлаган. Филология фанлари доктори. “Фан ва турмуш” журналида бўлим муҳаррири, “Ёш куч” журналида бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, “Ҳуррият” мустақил газетасига бош муҳаррир, Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси ҳамраиси, “Ўзбекистон матбуоти” журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган. Ўзбекистон Олий мажлиси депутати, Олий мажлис қўмитаси раиси сифатида фаолият юритган.
1980 йилдан буён матбуотда ҳикоя ва қиссалари, романи, очерк, бадиа, адабиётшуносликка оид мақоллари билан қатнашади. Унинг “Ҳовли этагидаги уй” , “Жажман” , “Қазо бўлган намоз” , ,”Ҳижроним мингдир менинг” , “Бозор” , «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари”, «Журналист бўлмоқчимисиз?», «Чаёнгул», «Куза» номли ва бошқа бир қатор китоблари чоп этилган.

1. Яхши китоб – бу яхши. Ёмон китоб-чи? Ёмон китобнинг таъсири ва оқибатлари ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
2. Бугун савиясиз китобларнинг нашр этилишига ким айбдор, нашриётми, муҳаррирми ёки?..
3. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилиш керак?

Китобга, умуман мутолаага берилган таърифу тавсифлар жамланса, алоҳида кутубхонага сиғмаса керак!.. Ўз даврида ёзувнинг пайдо бўлиши одамларни тоифаларга ажратиб ташлаган: ёзувни ўқий оладиган саводлилар ва ҳарф танимайдиган омиларга. Замонлар ўтди, ҳарф танимаган одам қолмади ҳисоб, лекин табақаланиш тўхтагани йўқ. Энди китобнинг фарқига етадиганлар ва етмайдиганлар, “Китоб дунёси” саҳифаларида давом этаётган ушбу анкетани кузатсак, “Яхши китоб”чилар ва “Ёмон китобчи”лар табақалашмоқда. Компьютер, интернет ва қўл телефони оммалашуви оқибатида келиб чиққан табақаланишни-ку (буларнинг замирида ҳам мутолаа ётибди), тўла-тўкис англаш, тасаввур қилиш жараёни ҳали-вери поёнига етадиганга ўхшамаяпти.
Замонамиз одамлари бамисоли китоб ва мутолаа уммонида сузиб юрибди, бу уммонда жон сақлаш, эмин-эркин ҳаёт кечириш, яхшини ёмондан ажрата билиш ҳар кимнинг тушунчаси, дунёқараши, қизиқишлари, диди-фаросати ва албатта ниятига боғлиқ, аввало. Қизиғи, ҳар қандай тушунча, дунёқараш, қизиқиш, дид-фаросат, ният соҳиб ва соҳибалари эҳтиёжига яраша китоб топилади. Истаймизми-йўқми, ҳаётнинг қонунияти, ҳикмати шундай.
Бир инсон умри мобайнида қанча китоб ўқиши мумкинлигини ҳисоб-китоб қилиш шарт эмас, чунки натижа деярли аниқ: мавжуд китобларнинг (бошқа тилларда чоп этилганлари озмунчами?!) минглардан ёки миллионлардан бир чимдимини ўқишга улгурамиз, холос. Шахсан ўзим ҳали ўқимаган китобларимни ўқисаммикан ёхуд бир неча ўн йиллар бурун ўқиганларимни такрор ўқисаммикан, деган икки ўт исканжасидан сира чиқиб кетолмайман. Умр эса ҳисобли. Шу маънода хориж тилларини эгаллаган ёр-биродарларга ҳам ҳавасим келади, ҳам… ачинаман. Ахир улар неча ўт орасида яшайдилар?!
Айтмоқчиманки, фойдали (демак, яхши, дегани-да!) деб ҳисобланган китобларни ўқиш учун вақт-фурсат топилмайдию, фойдасиз (демак, ёмон) мутолаага вақт қайда! Мени энг қийнайдиган нарса – мажбур бўлиб ўқиш, мажбурият юзасидан ўқиш!
Яхши-ёмон китоб муаммосида қарашларим пича ўзгача: асли ёмон одам ҳар қанча яхши китоб ўқиган тақдирда ҳам яхши одамга айланиб қолмайди, асли палаги тоза инсон эса фавқулодда ёмон китоб ўқиб қўйган тақдирда ҳам айнимайди. Китоб – бебаҳо мураббий, тарбия воситаси, деганга ўхшаш оддий ҳақиқатларни жўнлаштириш, сийқалаштириш дидни ўтмаслаштиришга олиб келади, холос. Мутолаа, китобсеварлик, китобхонлик, бу – руҳий-руҳоний тафаккур тарзи, турмуш тарзи, ҳаёт тарзи. Афсуски, бу олий саодатга мубталоликни ҳаммага бирдек раво кўрмайди, ҳаёт…
Савиясиз китобларнинг нашр этилишига ўзини китоб дунёсига дахлдор деб билган… ҳамма айбдор! Ўзимиз айбдормиз! Бош айбдор эса – КИТОБХОН!..
Бемаза қўшиқлар урчиб кетаётгани учун – тингловчилар, арзон-гаров фильмлар, саҳна асарлари учун – томошабинлар айбдор бўлганидек, савиясиз китобларни харид қилиб, қўлдан қўймай-бош кўтармай ўқийдиган китобхонлар бор экан, бу қабилдаги китобларнинг чоп этилиши тўхтамайди.
Баъзан чинакам санъат бошқа, пул-бойлик, даромад бошқа, деган ақидани такрорлашдан чарчамаймиз. Бундай қарашлар қисман тўғри, холос. Юксак санъат асарлари юксак санъат, юксак ижодий кайфият муҳитида туғилади, ўша муҳитда санъат сифатида қадрланади, асар бозорга чиқдими, энди у буюмга айланади, ҳар қандай буюмнинг қиммати эса пул ва бойлик билан ўлчанади. Муаллифнинг хаёлида китоб – санъат асари, ижод маҳсули, ношир ва сотувчининг назарида эса китоб – товар, буюм. Масаланинг жон томири шу жойда…
Китобни яратаётганлардан – ижод аҳлидан кўра, уни ақчага айлантириш маҳоратини эгаллаганлар мўмай манфаат кўраётганининг боиси шунда. Чунки улар учун китоб аввало – катта бизнес, бойлик манбаи!
Мустақиллик арафаларида, истиқлолнинг дастлабки йилларида бозор муносабатларига ўтилишини энг истаган, ҳатто бу жараённинг жадаллаштирилишини талаб қилиб айюҳаннос кўтарганлар зиёлилар эди. Энди кўриняптики, бозор муносабатларидан энг кўп жабр чекаётганлар ҳам зиёлилар экан…
Эркин бозор орзуси сабр-тоқатни, кенгликни тақозо этади. “Ёмон” китоб ёзадиганларнинг бошида қамчи ўйнатавермай, ундан кўра, келинглар, “Яхши китоб”чи дўстлар, яхши китобни кўпроқ ёзайлик, расталарни яхши китобларга тўлдириб ташлайлик, шу йўл билан “Ёмон китоб”чиларни доғда қолдирайлик, олам гулистон!
Савиясиз китобларни камайтиришнинг бирдан-бир оқилона чораси – савияли китобхонлар сонини кўпайтириш. Бу борада кескин чоралар наф бермайди. Жарроҳлик кетмайди. Оқилона маърифий усулларни қўллаб кўриш натижа беради албатта. Мисол учун мамлакат миқёсида доимий китобсеварлар муҳити яратилса. Бунинг учун йилнинг ҳар фаслида уч кундан китоб байрами ўтказиш мумкин. Шу кунларда нуфузли жамоатчилик кенгаши-ҳайъати томонидан эътироф этилган энг яхши китоблар оммалаштирилса, кенгаш нашриётлар рейтингини матбуотда эълон қилса, тўпланган натижалар очиқ-ошкор ва холисона шарҳланса, таҳлил қилинса, муносабатлар билдирилса – буларнинг бари оммабоп ахборот воситаларида кенг ёритилса, тарғиб этилса…
|