Хотира муқаддас, қадр абадий
05.06.2014

Умрни оқар сувга қиёслашади, ўтган бир лаҳзани ҳам ортга қайтариб бўлмайди. Лекин қилинган эзгу амаллар, орадан йиллар ўтса-да, эсланаверади, тилга олинаверади. Буни ҳуқуқшунос Кабир Комиловнинг ҳаёти мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳеч кимдан ёрдамини дариғ тутмаган бу инсонни ҳануз яхши ном билан эслашади.
Тошкентнинг сўлим гўшасида туғилиб вояга етган Кабир ака инсонга наф келтиришнинг энг олий йўли – адолатни қарор топтириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш эканини эрта англаб етди. Ҳаётда учрайдиган масалаларнинг осон ечими – қонунни билиш, қонунларни ўрганиш эканини тушунди. Шу боис у Тошкент давлат юридик институтига ўқишга кирди. 1939 йилда таҳсилни муваффақиятли тамомлаб, Фарғона вилоят судида иш бошлаган Кабир Комилов кейинчалик вилоят адлия бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори лавозимларида самарали фаолият кўрсатди. Устозлар сабоғи, ҳаёт мактабидан ўрганганлари уйғунлашиб, уни янада чиниқтирди, тажрибасини оширди. 1944–1947-йилларда Ўзбекистон адлия халқ комиссари (адлия вазири), 1947–1950-йилларда Ўзбекистон Олий судининг раиси лавозимида ишлаган даврида соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшди.
Маърифат йўлида риёзат чекиш барча давр зиёлилари учун юксак шараф саналган, ўз ҳаётини бу йўлга бахшида этганлар номи тарих зараварақларида муҳрланиб қолган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Фалсафа ва ҳуқуқ институтидаги салкам 50 йиллик фаолияти мобайнида Кабир Комилов кўплаб шогирдлар етиштирди. 200 дан ортиқ мақола, ўнлаб китоб ва услубий қўлланмалар ёзди. Малака ошириш курслари тингловчиларига маърузалар ўқиди. Шунингдек, меҳнаткашларнинг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида жойларда икки йиллик «Ҳуқуқий билимлар халқ университети» ташкил этиб, унда раҳбар кадрларнинг давлат қурилиши ва бошқарув соҳасидаги билимларини оширишда кўмаклашди.
Кабир Комиловнинг хизматлари муносиб тақдирланиб, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби унвонига сазовор бўлди. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг қатор орден ва медаллари билан тақдирланди.
Кабир Комилов жамиятнинг фаол аъзоси бўлиш, ҳар жабҳада ўз иқтидорини намоён этиш йўлида куч-ғайратини аямади. Биргина мисол. Маҳалла институти фаолиятини ривожлантиришга бағишланган илмий изланишларини амалиётга ҳам татбиқ этди. Серқирра фаолиятида етарли тажриба орттирган бу тиниб-тинчимас инсон Юнусобод туман оқсоқоллар кенгаши раиси бўлиб ишлаган даврида жамиятнинг мазкур етакчи тармоғи нуфузини ошириш йўлида фидокорона меҳнат қилди. Маҳалладагиларнинг бошини қовуштириш, оилалар осойишталигини таъминлаш, ёш авлоднинг баркамол бўлиб вояга етиши учун шарт-шароит яратишга қаратилган қатор тадбирларга бош-қош бўлди.
Энг муҳими, ким бўлишидан қатъи назар, ёрдам сўраб, нажот истаб маҳалла идорасига келган ҳар бир кишининг муаммосини ҳал қилишга кўмаклашди. Элнинг ташвиши-ю қувончини ўзиники деб билган Кабир Комиловнинг меҳнатлари бесамар кетмади. 1994 йилда у раислик қилган Юнусобод туманидаги «Янгиариқ» маҳалласи «Энг ибратли маҳалла» республика танловида биринчи ўринни қўлга киритди.
Инсон ортида қоладиган яхши номи ва солиҳ фарзандлари туфайли ҳам барҳаётдир. Кабир Комиловнинг фарзанди, тиббиёт фанлари доктори, профессор Умида Комилова ўз хотираларини сўзлар экан, ота тарбияси ва ўгитлари ҳаёт йўлларида дастуриламал бўлганини қайта-қайта таъкидлайди.
– Ота-она фарзанд учун чинакам йўлбошчи, ибрат мактаби экан, – дейди Умида опа. – Хизмат тақозосига кўра иши ниҳоятда кўп, вақти тиғиз бўлишига қарамай, отам фарзанд тарбиясида жуда эътиборли эди. Адолатпарварлик ҳаётдаги асосий тамойили бўлгани сабабли меҳр кўрсатишда ҳам, талабчанликда ҳам меъёрни сақлаб туришга ҳаракат қиларди. «Қизим, қайси соҳани танласанг ҳам ўз касбингни ардоқла, доимо ҳалол бўл. Сендан ёрдам сўраган инсонни ноумид қайтарма», – деган ўгитларини мен бугун фарзандларимга уқтираман.
Бир пайтлар халқимизнинг севимли шоири Абдулла Орипов «уйда тинчи бўлсин йигитнинг аввал» деб ёзганида оиласи тинч кишигина ҳаётда катта муваффақиятларга эришиши мумкин деган ғояни илгари сурган эди. Шу маънода Кабир Комилов билан бирга яшаб умргузаронлик қилган, йиллар ўтгани сайин бир-бирига суянч бўлиб қолган умр йўлдошининг хотиралари ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак.
– Ҳар ким бахтни ўз дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда тушунади, –дейди Мактуба Комилова. – Мен Кабир Комиловдек ажойиб, меҳрибон инсон билан ҳамнафас, ҳаммаслак бўлганимни, тақдиримни у киши билан боғлаганимни чинакам бахт деб биламан. Турмушда нималар бўлмайди, қандай муаммоларга дуч келинмайди дейсиз. Уларни сабр-бардош билан енгиб, бахтиёр яшаш учун ёнингдаги йўлдошинг сени тушуниши, қадрлай олиши керак. Мен у кишидан шундай бахтни топдим. Бир-биримизни доимо суяшга, асраб-авайлашга ҳаракат қилдик.
Ҳар кимни ҳам худо яхшиларга ёндаштирсин. Софдил, фидойи, камтарин ва заҳматкаш инсон Кабир Комилов ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи қўлёзмаларни варақлаш, фаолиятини акс эттирувчи фотосуратларни томоша қилиш, у билан яқин бўлган инсонларнинг сўзларини тинглаш асносида хаёлимдан беихтиёр шу фикр кечди. Чунки ўзига яхшилик бўстонидан жой топиш, қилган ишлари билан одамлар қалбидан ўрин эгаллаш ҳам чексиз шарафдир.
|