КЕЧИРИЛИШ БАХТИ
Ахтам бува ётиб қолди. Бу ётишнинг касалликдан кўра кўпроқ кексаликдан эканини оила аъзолари, кўргани келаётган қариндошлар яхши билишса-да, кўнгил таскини учун ҳамда виждон амрига бўйсуниб доктор чақиртиришди. Бувани обдон кўрган доктор уларга маъноли боқди:
- Отахон неча ёшга кирганлар?
- Етмиш олтига, — дейишди.
- А, тушунарли…
Аслида ҳам тушуниб туришибди гап тагидаги нимкосани. Бува ҳам. Шунинг учундирки, яқинларини атрофига тўплаб, васиятдан, рози-ризоликдан гап очди:
- Мен… ҳаммаларингиздан розиман. Минг қўйли бой бўлмасам, нима ҳам мерос васият қилардим. Фaқат мана шу, ўзим қурган кафтдай ҳовлини тўзитманглар, баракасини учирманглар. Яна… Қантибекнинг тўйини кўриб, келинимнинг қўлидан бир пиёла чой ичиб ўлсам, армоним қолмасди.
Беморнинг илтижоси — қонун. Тағин, армон билан кетиб, руҳи чирқираб юришига сабабчи бўлишдан асрасин! Хуллас, қавм-қариндошлар ўзаро келишиб, тўй тараддудига тушиб қолишди. Келинликка номзод ҳам топилди — ўз қариндошларидан Содиқбойнинг қизи.
- Мен ҳали уйланмайман, эндигина ўқишни тугатиб ишлаяпман-ку! Анави Марғубаларингга ҳам кўнглим йўқ! — деб бошида оёқ тираган Қантибекка бу отасининг салкам васияти экани, отасининг армон билан кетишига йўл қўйиб берса, кечирмасликларини яхшилаб тушунтириб қўйишди. Йигит чор-ночор, тил учида рози бўлди.
«Қизим энди мактабни битирди, ўқитмоқчи эдим», деб «нозланган» Содиқбой ҳам буванинг юзидан ўтолмай, совчиларнинг нонини синдиртириб юборди.
Марғуба эса оғиз очиб ҳеч нарса демади. Унга ҳар ҳолда жазирама туманда аллақандай коллежда таҳсил олиб юргандан кўра, шаҳарнинг қоқ марказидаги сўлим маҳаллада, устига-устак бир келишган йигитга ёр бўлиб яшаш маъқул кўринди.
Икки ёш учрашувга чиқишди. Марғуба Қантибекка зимдан назар солиб, энтикди: «Шундай барно, ўқимишли, маданиятли йигит турмуш ўртоғим бўлади!»
Қантибек эса бошқача ўйларди: «Қиз бола дегани ҳам шунчалик қўпол бўладими? Қошиқ тутишни ҳам билмайди-я! Гавдаси менга иккита келса керак… қошлариям мушукнинг думидай… Уф-ф…»
Тўй тараддуди кучайган кезда иттифоқо Ахтам бува оламдан ўтди. Ёши ўтиб фарзанд кўриб, тўрт қиздан сўнг уч ўғил кўриб, тўнғич келинининг қўлидан чой ҳам ичолмай кетди раҳматли.
- Ўтган ўтаверади… Хайрли ишни кечиктирманглар, тўйни қолдирманглар. Шундагина гўримда тинч ётаман. Менинг азам кўпларнинг қувончини ортга суришини истамайман… — кўз юмар чоғи шу сўзларни айтди у.
Йиғи-сиғилар тугаб, «етти», «йигирма»ни ўтказиб, бироз ўзига келиб олган қариндошлар буванинг шу гапларини эслаб қолишди. Шунда…
- Бўлди, Марғубага уйланмайман! Дадам учун рози бўлгандим, энди дадам йўқ-ку, демак, уйланишимга ҳожат қолмади! — деди Қантибек.
- Вой, шарманда! Фотиҳани бузиб, қариндошларни бир-бирига юзкўрмас қилмоқчимисан?! — дея опаси юзини тимдалади.
- Шунақа дардинг бор экан, нега олдин айтмадинг? — деди тоғаси ҳеч гапдан бехабар одамга айланиб.
- Аҳмоқ, ҳали «Тезроқ дадамнинг жонини ол-у, мени уйланишдан қутқар» деб Худога нола қилиб юрганмидинг?.. — деди тутақиб аммаси.
- Бас қилинглар! Уйланмайман дедимми, уйланмайман! — Қантибек эшикни қарсиллатиб чиқиб кетди.
«Айтди-қўйди-да, уйланмай қаёққа борарди» деб ўйлаган қариндошлар тўй масаласида Содиқбойга телефон қилиб, балога қолишди:
- Одам тақдири сенларга ўйинчоқми, совчиликка келишдан олдин у ёқ-бу ёғини ўйлаб олмайсанларми?! — Содиқбой алоқани чўрт узди.
Нима гаплигини тушунмай эсанкираган қариндошлар ҳақиқатдан хабар топишгач, кайфлари учиб кетди…
…Қантибек шартта Марғубага телефон қилди, учрашувга чақирди. Севинчдан қанот боғлаб учиб келган қизгина кутилмаган гапдан донг қотди:
- Марғуба, мен фотиҳани қайтармоқчиман… Мен сени севмайман, севолмайман… Биз тенг эмасмиз!.. Азбаройи дадам учун рози бўлгандим.
Шу пайтгача ер чизиб турган қиз бошини тик тутиб, йигит кўзларига қаради:
- Ҳеч ким этагингизга осилиб олаётгани йўқ. Мен ҳам… сизни севмайман! Кўнглингиздаги қиз билан бахтли бўлинг, хайр!
Марғуба шу кетганича уйига етиб келди, келди-ю, онасининг учрашув ҳақида суриштиришларига жавобан уввос солиб юборди:
- Сиз… сизлар ўйламай иш тутиб мени бебахт қилдингизлар!
- Вой, шўрим, — дея юрагини чангаллаган онаси чопқиллаб чиқиб эрига сим қоқди. Ишхонада баҳузур ўтирган Содиқбой кутилмаган хабардан жазавага тушиб турган чоғида Қантибекнинг уйидан телефон қилишган эди…
Шу билан ҳаммаси тугади, ора очиқ бўлди. Аслида эса қариндошлар орасида зиддият юзага келди. Қантибекнинг оиласи билан салом-аликни қуюқ қилишса Содиқбойнинг қовоғи осилади. Содиқбой зиёфатга чорласа, боришга Қантибекнинг оиласидан андиша қилишади.
- Қуриб кетсин, йигит ўлгурга нозандай қизнинг нимаси ёқмабди. Отасининг руҳини ҳам чирқиратди, — дея ёзғиради бирови.
- Қизда ҳам айб бордирки, йигитнинг кўнгли илимаган, — дейди бошқаси.
Тўйга қилинган харажатларни ҳисоблаб, кўнгли озиб юрган онаси ўғлини тергай бошлади:
- Дадангнинг маъракаларига қилган харажатимиз қопланмай туриб, тўйни бошлаб қўйгандик қарз-қаволага. Сен, ўзбошимча ҳаммасини расво қилдинг. Энди шунча сарфнинг уволига қолиб, қарзга ботганимиз қоладими? Тўйга бўлса алам қилмасди, ҳарна савоб ишга, хурсандчиликка кетарди. Бу эса бекорга кетаяпти… Мен билмайман, Марғуба бўлмаса бошқасини топиб уйлан! Ўзингни эмас, бизларни ҳам ўйла ахир!
Шусиз ҳам ўйланиб юрган Қантибек онасининг сўзидан сергак тортди.
- Майли, уйланаман… Анави… Маҳбубага!..
Онаси уҳ тортди. У Маҳбубани ёқтирмасди. Жуда замонавий, уй ишларига уқуви йўқ, кўчакезар қиз дерди уни. Ўғли келиб-келиб шуни танлаганини, худди онасининг устидан кулгандай!
- Сен яна ўзингни ўйладинг-а! Сенга онангга ёрдамлашадиган эмас, таманно хотин керак экан! — она ночор рози бўлди. Буни қаранг, Маҳбуба билан ўғли тил бириктиришган эканми, қиз томонни кўндириш хамирдан қил суғургандай ўтди. Кейин тўй бўлиб кетди… Тўйга Содиқбой ва булардан кўра унга яқинроқ қариндошлар келишмади…
Энг қийини Марғубага бўлди. Бегуноҳдан бегуноҳ «фотиҳаси бузилган қиз» номини олса, алам қилмайдими ахир?
Қантибек билан, ҳатто унинг онасию опа-укалари билан унча гаплашмай қўйган қариндошлар «айб»ларини ювиш учун Марғубага бошқа куёв излашга тушишди. Улардан кимдир пойтахтда яшайдиган узоқроқ қариндошига Марғубани таърифлаб, келинликка тавсия қилган экан, улар ҳам бор гапни суриштириб билгач, «Шаҳарлик ойимчалардан безормиз, бизга Марғубадай зуваласи меҳнатда пишган қиз керак, аслида ҳам сизлар томондан келин қилмоқчи эдик», дейишибди. Шу гап чиққанидан ҳафта ўтмай, тошкентлик совчилар Содиқбойнинг остонасини супуриб келишди. Лекин бир марта оғзи куйган ота анча оёқ тиради. Алалоқибат Марғуба иккинчи ва охирги бор фотиҳаланди. Куёв — хомсемизгина, хушрўйгина Ботир унга узукка қўйган кўздай ёпишди-қолди. Ўтмишини унутган, бахтидан масрур Марғуба йил ўтказиб дўмбоққина қизалоқ туғиб берди. Сўнг яна ҳомиладор бўлди, УТТ ўғил эканини аниқлади.
Бу ёқда эса Қантибек ва Маҳбубанинг фарзандлари бўлмаётганди. Эски гиналар унутилиб, борди-келдиси тикланган қариндошлар келинни кўриб, «Марғубага ўхшар эканми, исмлари ҳам уйқаш, нима фарқи бор экан, барибир, шунақасига уйланибди-ку», дейишди. Қантибек хотинининг ранг-рўйидан кўра қалбига, характерига мафтунлигини улар қаердан тушунишсин?
- Бизни қарғиш урганми дейман. Анави фотиҳаси бузилган қизнинг бахти эвазига бахтли бўлолмаяпманми дейман… — дея йиғларди Маҳбуба баъзан ёлғиз қолишганида.
- Бўлмаган гапларни гапирма, биз ҳеч кимнинг касрига қолганимиз йўқ! Марғуба ҳам аллақачон бахтини топиб кетган, бизни қарғашига асоси йўқ, — дерди Қантибек. Дилида эса бир шубҳа ўрмаларди: «Ростдан ҳам бахтлимикан у? Ёки мен сабаб бир умр боши эгилганмикан?»
- Отангизнинг руҳини чирқиратиб, кўпларни норизо қилиб турмуш қурганимиз учунми бўлмаса?..
- Ҳеч қандай сабаби йўқ, сенинг шунақа бекорчи хаёлларга бориб сиқилишингдан бўлак. Бўлди, кўп вайсама, зўр дўхтир топдим, яқинда ўшанга борамиз, — Маҳбубанинг сочини силаб алдарди Қантибек.
Бир куни қишлоқдаги амакиси тўй қиладиган бўлди. Ёзги дим шаҳардан зериккан қариндошлар битта қолмай тўйга жўнашди. Қантибек ҳам онаси, укалари, Маҳбубани олдига солиб тўйлаб борди. Ҳали кечки базмга анча бор, куёвжўралар келинни олиб келишга кетишган пайт эди. Дастурхон тузашга кўмаклашиб, таванхона ва столлар оралаб зириллаб юрган Қантибекнинг кўзи ногоҳ Марғубага тушди. Этагига ширин қизалоғи осилиб юрган, қорни дўппайиб, юзларини доғ босган Марғуба ўша ўзи кўрган қизга сира ўхшамасди. У мунис ва латофатли, шаҳар нуқси урган жувонга айланганди. Ёнидаги эри билан гаплашиб-кулишаётган, ардоқланаётган Марғубани кўриб, унинг бахтли эканига ишонч ҳосил қилган Қантибек нечундир енгиллашиб дастурхон бошига қайтди. Куйиб-пишиб стол ясатаётган Маҳбуба унга кулимсираб, алланечук уялиб қаради:
- Анави ерда… энди ранг олаётган майда қароли бор экан. Узиб бермайсизми?
- Юр, бурнингдан чиққунча ейсан, — Қантибек уни етаклади.
- Маза! — деди Маҳбуба қаролиларни карсиллатиб ер экан. Сўнг оғзи сув очиб, афтини бужмайтириб турган ёрига эркаланди: — Қулоғингизни чўзинг бу ёққа!
Қантибек кулимсираб, қулоғини унинг нафис лабларига яқинлаштирди ва эшитган хабаридан юраги гупуриб кетди:
- Бизнинг боламиз бўлади…
Йигит энтикиб кетди. Кўзларига ёш қуйилди. «Кечирибди», деди кимни назарда тутаётганини ўзи ҳам англамай пичирлаб.
Шу асно тўйхонани ларзага келтириб «Ёр-ёр» янгради. Келин келган, тўй бошланган эди.
- Вой, келин келди! — Маҳбуба бир кафт қаролини сиқимлаб, чопқиллаб кетди. Қантибек беихтиёр унга эргашди.
Ирода
|