17-июль 2015 йил, 09:37. Ўқилди: 181 марта
Неча ойлардан бери бетоб ётган қариндошини кўргани Нукусга, шифохонага кетган Салима ҳориб-чарчаб уйига келса, эри ҳовлидаги супада сулайиб ётибди. Афтидан улфатлари билан ичган бўлса керак, супага ёзилган дастурхонда қошиқ-товоқ, чойнак-пиёла, ароқ шишалари, нон-туз – барчаси пала-партиш қалашиб ётар, товоқлардаги чала ейилган овқат, ликопчага терилган шира-шарбат устида пашшалар ғужғон ўйнарди. Ёши олтмишдан ошган эрининг ичиб, сулайиб ётишидан асаби таранглашган Салима кийимларини алмаштириш учун уйига кирди. Уй ичкарисига қадам қўйиши билан юраги қинидан чиқгудай, потирлаб кетди.
- Вой ўлмаса-а-а-м! – Унинг ваҳима аралаш овозини ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади. Бир зум гарангсиб тургач, келини Жамилани, невараларини, ўғли Рашиджонни чақирди. Жим-житлик, на уйдан, на ҳовлидан унинг чорловига жавоб тариқасида бирон бир садо эшитилмади. Ҳайрон бўлган Салимауйнинг ҳамма хоналарига бирма-бир кириб чиқди. Айвоннинг у тарафидаги ўғли билан келини яшайдиган икки хона худди ўғри ургандай ивирсиб ётар, хоналардаги буюмлар, мебелларнинг биронтаси ҳам йўқ эди. Фақат деразалар олдида, хоналарнинг у ер-бу ерида невараларининг бир-иккита ўйинчоқлари, эски-туски кийимлари, йиртилган қоғоз парчалари сочилиб етар, уй ҳувиллаб қолганди.
- Рашиджон, Рашид ўғлим кўчиб кетибди! – дея югуриб ҳовлига чиқди.
Ҳовлидаги сўрида эри Жуманиёз ҳамон пишиллаб ухлаб ётар, шу даражада қаттиқ маст бўлган шекилли, юз-кўзини пашша талаганини ҳам сезмасди.
- Ҳаҳ, менинг елга совурилган умрим-а! – ич-ичидан ўртанди Салима. – Бахтиқора бўлмасам сендай пиёнистага тақдирим боғланармиди?
У умрида биринчи марта умр йўлдошига тик сўз айтганди. Жуманиёзэса ҳеч нарсадан бехабар, масталаст уйқуда.
- Туринг, болалар қаерда? – Қат-тиққаттиқ силтади у эрини.
Силтовнинг зўриданми ё ичкиликнинг таъсири сусайдими, ҳар ҳолда Жуманиёз инқиллаб-син-қиллаб уйғонди, ўрнидан туриб ўтирди.
- Болалар қаерга кетишди? Нега уларни қўйиб юбордингиз? – Йиғламоқдан бери бўлиб деди Салима.
- А, болалар? Улар й-йўқми?
Афтидан эри ҳеч нарсадан бехабарга ўхшарди. Салима тутақиб кетди.
- Умр бўйи ичасиз, ҳеч тўймайсиз. Мени адойи-тамом қилдингиз-ку? Сиз тенгилар беш вақт намоз ўқиб, томорқасини гуллатиб ўтирибди. Сиз бўлсангиз, эл-юртдан олисда, атрофингизга қаланғи-қасанғиларни йиғиб олиб, топганингизни совуришдан нарига ўтмайсиз.
- Ўч-чир! – Жуманиёз мушти билан супани чунонам урди-ки, зарбнинг қаттиқлигидан дастурхон юзасидаги идишлар бир-бирига тегиб, шарақлаб кетди.
Эрининг важоҳатини кўриб, қўрқиб кетган Салима супа пастига, ерга, оёқ устига ўтириб қолди.
- Эшитдингми, ўч-чир, овозингни! – Ҳамон пўписа билан гапирарди эри. – Ним-ма, менга ўғил-қиз туғиб бериб қойиллатганмидинг, кекирдагингни чўзасан. Кетса, от-отамдан нари. Кетамиз, деди, кетавер, дедим. Манғитга кўчиб кетишди, уканг келиб олиб кетди. Т-тўғри қил-лади. Ним-ма, ўз боласини мен – бегонага термилтирриб қўйсинми?
Салиманинг оёқ-қўли, бутун вужудида қалтироқ турди. Ҳуши бошидан учиб, талмовсираб, ўтирган жойида гавдасини тутиб туролмай, ерга узала тушиб ётиб олди. Унинг бу ҳолатини супада ўтириб кузатиб турган эри хохолаб кулиб юборди.
- Ҳа, жонинг ачидими? Жонинг ачимасин, кампир, - деди сурбетларча. – Ундан кўра, бор, Самаднинг дўконидан бир баклашка пиво олиб кел. Иккаламиз ичамиз.
- Нима? – Салима "энди мен сизга ўйинчоқ, югурдак бўлайми?”- демоқчи бўлди-ю чала маст, пиёниста эрига гап айтиб, барака топмаслигини билиб, индамади. Бор аламини ичига ютиб, ўрнидан туришга интилди...
***
... Жуманиёз овулнинг энг сара йигитларидан эди. Юлдузи-юлдузига тўғри келиб Салима билан турмуш қуришганларида уларнинг никоҳидан икки томон ота-оналар, қавм-у қариндошлар қувонишганди. Ҳатто ҳавас қилувчилардан ҳасад қилувчилар кўп бўлганди ўшанда. Аҳил оиланинг безаги ҳам, меваси ҳам фарзанд экан, аслида. Орадан икки-уч йил ўтиб ҳам фарзанд кўришмагач, ота-оналари қистови билан ёшлар Тошкент шаҳридаги қайсидир номи чиққан шифокорга бориб кўринадиган бўлишди. Эр-хотиннитекширувдан ўтказган шифокор опа Жуманиёздан:
- Болалигингизда велосипед ҳайдаганмисиз? – деб сўради.
- Ҳа, ҳайдаганман, - бунинг нима алоқаси бор, дегандай ажабланди у.
- Тушунарли, - деди шифокор опа, - ҳар хил, катта, кичик велосипедлардан йиқилиб ҳам тургансиз-а?
Жуманиёз кулиб юборди.
- Ахир бу табиий ҳол-ку!
Шифокор бошқа савол бермади. Салимани чақириб, алоҳида хонада ётиғи билан тушунтирди:
- Сиз бошқа турмуш қурсангиз, ҳалиям кеч эмас, фарзанд кўришингиз мумкин. Аммо эрингиздан фарзанд кўролмайсиз. У киши болалигида ёшига номуносиб, катталар велосипедини ҳайдаш натижасида қаттиқ шикастланган. Вақтида даволанмаган. Оқибатда эса...
Шифокор опа иккаласини бир жойга қўйиб, аҳволни тушунтирмоқчи бўлганида Салима Жуманиёзнинг кўнгли синишини айтиб, рози бўлмади. Бу сирни ҳеч кимга, ҳатто ота-онасига ҳам билдирмасликка қарор қилди.
– Ҳаммаси яхши бўларкан, - деди эрига.
Эри ҳам шифокор опанинг нега алоҳида гаплашганига қизиқмади. Яхши умидлар билан яна 5-6 йилни ўтказиб юборишди. Тенгдош жўраларининг ўғил тўй-ларидан юраги хижил бўлиб қайтадиган эри аста-аста ичишни бошлади. Тенгқурларидан ўзини олиб қочадиган бўлди. Шундай кунларнинг бирида, она – барибир онада, Салиманинг тинчлигини ўйлаган ота-онаси қизи билан куёвини уйига чақирди. Меҳмондорчилик якунида Салиманинг онаси эҳтиёткорлик билан гап бошлади.
- Туққанингдан кўрасанми, боққанингданми, Аллоҳ инъом этган бари яхшилик йўлингда, болам, - деди Жуманиёзга юзланиб. - Собирбойнинг аёли юкли, бир ўғил, бир қизи бор, худога шукур. Ҳомиласи эсон-омон туғилса, Салиманинг этагига солишни ўйлаб қўйдик.
Орага жимлик чўкди. Оз фурсатдан сўнг Жуманиёз ўнғайсизланиб, ўрнидан қўзғала бошлади.
- Тағин ўзларинг биласанлар, - деди ноқулай аҳволда қолган онаизор.
Шу куни эр-хотин жимгина уйга қайтишди. Жуманиёз ҳам, Салима ҳам тун бўйи ухлашмади. Тонгга яқин Жуманиёз туриб, чекди. Сўнг елкалари силкиниб-силкиниб йиғлади. Салима ич-ичидан эзилиб кетди.
- Сали, - деди эри астагина, - "Гулшан” сиҳатгоҳидаги дўхтир опа сенга нима деганди?
Салима довдираб қолди:
- Ҳ-ҳаммаси яхши бўлади, дегандилар.
Жуманиёз оғир хўрсинди.
- Кел, Собирбойнинг аёли туғса, боласини ўзимиз оламиз, - деди овози қалтираб.
***
Уйларига чақалоқолиб келишган кун улар учун энг бахтли кун бўлди. Чақалоқ улғайган сари ҳаётларида янги-янги қувонч саҳифалари очилди. Рашиджон биринчи кулиб қараганида, эмаклай бошлаганида, пилдираб юриб кетганида эр-хотин қайта туғилгандай яшаришди. Жуманиёз ичишни батамом ташлаб, вақт топдим, дегунча уйига шошадиган бўлди.
Ҳаммаси Рашиджоннинг суннат тўйидан бошланди. Бири олиб-бири қўйиб "қутлуғ бўлсин” айтишаётган жўраларидан бири:
- Ҳай, жўралар, қаранглар-ай, - деди микрофонда, - Жўрамнинг ўғли ўзиники бўлмасаям Жумакага ўхшаб кетадими?! – деса бўладими?
Даврабоши ноқулай ҳолатга тушиб, даврага муносиб сўз тополмай туриб қолди. Биров кулди, биров фаросатсиз "жўра”га қараб бошини чайқади. Бу ҳолатдан ўзича хулоса чиқарганлар Жуманиёзга ачиниб қарашди. Шу куни Жуманиёз бўкиб қолгунча ичди. Тўйнинг эртасига бош оғриғини босиш учун ичди. Икки-уч ҳафта сурункасига ичган Жуманиёз ичмаса, туролмайдиган бўлиб қолди. Бир куни негадир ишдан уйга ичмай қайтди. Бундан Салима қувонди. Энди 1-синфга борган Рашиджон дадасига эркаланди:
- Шаҳзод жўрамнинг ойиси қиз ука олиб келибди, биз ҳам чақалоқ олиб келайлик, - деди Жуманиёзнинг бўйнидан қучиб.
Эр-хотин бир-биридан кўзларини олиб қочиб, ер чизиб қолишди. Аммо болакайнинг тилаги ижобат бўлдими ё бу кемтик кўнгилларга Аллоҳнинг назари тушдими, кечқурун уйларига Хитой қишлоғида яшовчи узоқ қариндошларидан бири кириб келди:
- Келинни туғруқхонага олиб келгандик, аҳволи оғир, сариқ касаллигига чалинган экан, билмабмиз, - деди ғамгин.
Ҳаммалари туғруқхона ҳовлисида тонг оттиришди ўша тун. Келин туғруқдан сўнг икки кун беҳуш ётди. Шифокорларнинг жон куйдиришлари наф бермади, вафот этди. Чақалоқ онасиз қолди. Шу куниёқ Салима чақалоқни ўзига олиб қолиш ниятини тугди дилига.
- Берармикан? – Жуманиёзнинг ҳам кўнглида илинж бор эди. Катта ёшдаги қариндошлар ўртага тушиб, чақалоқни уларга олиб беришди.
- Иккала қизчаси бор эди, - деди келиннинг онаси йиғлаб, - учинчисининг пешонасига айрилиқ ёзилган экан, мен розиман.
Чақалоқнинг отаси ҳам фарзандининг келажагини ўйладими, рози бўлди.
Қизчани ўз номларига расмийлаштириб, фарзандликка олишди, бахтли-саодатли, меҳр-оқибатли бўлсин, деб Меҳрибон исмини беришди.
Меҳрибон мактабга чиқадиган йили Жуманиёзнинг бир тенгқурининг ўғли институтга ўқишга кирди. Ҳаммалари табриклагани боришди. Чиройли ўтириш бўлди. Тарқалишаётган пайтда яна бир фаросатсиз жўраси:
- Ҳай, Жумака-ей, сенинг ҳам хотининг бошқаларнинг этагига ёпишмай, вақтида ўзи туғиб берганида, ўғлинг талаба бўларди-я! – деди бошини чайқаб.
Унинг бу гапи Жуманиёзга ҳақоратдек туюлди.
- Нима дединг? – Тугилган муштини ҳавода айлантириб жўрасига ҳезланди у.
- Э-эй, қўй-е, уялмайсанми жўра, тўғрисини айтдим-да ё ўзимдан бирон гап қўшдимми? – бўш келмади жўраси.
Жуманиёзнинг баттар қони қизиди. Кучли қўллари билан жўрасини бўға бошлади. Вазиятнинг бундай тус олишини кутмаган дўстлари уларни бир-биридан зўрға ажратиб қўйишди...
***
Болаларининг келажагини ўйладими ё ўзининг тинчлигиними, ҳар ҳолда майда гап-сўзга тоби йўқ Жуманиёз бир куни дабдурустдан:
- Сали, тугунларингни туй, кўчамиз, - деди қатъий.
Салима "қаерга?” – дейишга ҳам улгурмади. Мотоциклини миниб қайгадир кетган эри орадан ҳеч қанча вақт ўтмай КамАз машинасини олиб келди. Йиғлай-йиғлай эр измига бўйсунган Салима ота юртини тарк этди. Бир кечада Манғитдан Қўнғиротга кўчиб кетишди. Қўнғиротда иккаласига ҳам иш топилди. Бири қурилишда, бири мактабдафаррош бўлиб ишлай бошлашди. Жўраларидан қаттиқ кўнгли қолган Жуманиёз 6-7 йилгача Манғитга қадамини босмади. Бу орада Рашиджон сухсурдай йигит бўлди, коллежни, битирди. Меҳрибон эса ўрта мактабнинг 7-синфига ўтди. Шундай кун-ларнинг бирида уйларига Салиманинг укаси Собирбой меҳмонга келди. Рашиджоннинг коллежни тугатиб, ўз бизнесини бошлаётгани учун поччаси билан бирга қувониб, "ювиш”ди. Қаттиқ маст бўлган Собирбой Рашиджонни қучоқлаб:
- Худди ўзим бўлибсан, ота ўғил! – деди хохолаб кулганча. – Бўй-бастинг, қош-қовоғинг, овозинггача дадангга, аканг қа-рағайга тортибсан-ку, шоввоз. Аслида сени Салима опамга бермасам бўларкан, аммангни онам деб юрибсан, ҳов бола, биласанми шуни? Мен эса ўз ўғлимни жияним, деб...
- Кетинг, тоға! – бақириб юборди Рашиджон, – ўз уйим, ота-онам, буни жуда яхши биламан!
Ҳамма турган жойида қотиб қолди. Фақат Жуманиёзгина гав-даси чайқалиб-чайқалиб улардан узоқлашди. Шу кундан бошлаб у яна ичишни бошлади. Салиманинг турмушига оғу аралашди. Эри бор аламини ундан оладиган бўлди. Тадбиркорликка қизиқиб, банкда ўз ҳисоб рақамини очиб, кичкинагина савдо дўкони ташкил қилган Рашиджоннинг ҳам ишдан қўли совиди. Ўқийман, деди-ю Нукус шаҳрига равона бўлди. Биринчи йили омади чопмади. Таниш-билишларига эргашиб Россияга ишлагани кетди. Бир йилга яқин ишлаб қайтгач, педагогика институтига ўқишга кирди. Рашиджон талаба бўлган кундан бошлаб Қўнғиротга келмай қўйди. Қишки ва ёзги таътилларини Хитой қишлоғида, тоғалариникида ўтказадиган бўлди. Меҳрибон коллежни тугатадиган йили Рашиджон Қўнғиротга келди. У ёлғиз эмасди, ёнида ёшгина қиз ҳам бор эди.
- Келинингиз, - деди у. – Шу қизга уйланмоқчиман.
Салима қизни танигандай бўлди.
- Қурдошингиз Омон аканинг қизи, - деди Рашиджон. – Собир дадам билан Гулчеҳра онам совчиликка ҳам боришди.
Салима гапира олмади. 22 йил бағрида авайлаб ўстирган, болам, деб меҳрини, умрини бахшида этган, оқ ювиб, оқ тараган Рашиджони анча ўзгарган, бегоналашганини ҳис этди. Кўзига қуйилиб келган ёшни рўмоли учи билан билдирмай артиб Рашиджонга қаради. Ўғил эса парвойи палак. 10 кунлигидан меҳр-муҳаббат оғушида ўстирган онаси бу дунёда бор-йўқлигини хаёлига ҳам келтирмас, аксинча яқинда институтни тугатишини, Собир дадаси Манғитдан иш топиб беришини, фалон куни номдор тўйхонада никоҳ тўйи бўлишини мақтаниб гапирарди. Ўғлининг бунчалик ўзгариб қолишини ўйлаб ҳам кўрмаган Салима тамоман карахт ҳолга келиб қолган, агар шу дамда эшикдан Жуманиёз билан қизи Меҳрибон кириб келмаганида бу ҳолатда яна қанча вақт ўтириши ноаён эди. Узоқ вақт бир-бирини кўрмаган ота-боланинг саломалиги ҳам худди бегоналардай бўлди. Ўғли томон меҳр билан талпинган отанинг қучоғи бўш қолди. Рашиджон тиржайганча:
- Сомайкум, Жумака, қалай энди, топилиб турибдими? – дея ўзининг томоғига чертиб қўйди.
Ер ёрилмади-ю Салима кириб кетмади.
- Тўйга айтиб келдим, сизларни, - дегани баридан ошиб тушди.
Шу гапдан сўнг Жуманиёз уйга кириб кетиб, қайтиб чиқмади. Минг қилса ҳам она-да, Салима ўғлининг барча қилиғини кўнглининг бир чеккасига кўмиб, келин бўлмиш билан Рашиджонни сийлади. Келинга, деб яхши ният билан олиб қўйган сарполарини ўртага уюб ташлади. Бўлғуси келин укаси Собирбойнинг хотинининг синглисининг қизи экан. Демак, Рашиджонга бўла бўларкан. Салима барибир улар келтирган хабардан норози бўлди.
- Ўзинг ёқтирган қиз бор эди-ку, - базўр кўнглини очди Салима. – Яхши қиз эди.
- Қўйинг-да, амма, у қизнинг оиласи камбағал, яна...
Салиманинг боши ғовлаб, Рашиднинг гаплари қулоғига ҳам кирмай қолди. "Мени амма, дедими, амма, дедими? Амма, амма... амма...”. "Унинг қулоғига бошқа гап кирмас, Рашиднинг овози борган сари гулдираб вужудини тоғдай босарди. Бора-бора зил-замбил тош остида қолаётгандай нафаси қисилди, кўз олди қоронғилашиб, ҳеч нарса кўринмай қолди...” Салима шифохонада ўзига келди. Кўзини очганида тепасида қизи Меҳрибон йиғлаб ўтирарди. Бўлиб ўтган воқеаларни кўз олдига келтиришга, эслашга уринди. Яна ўғлининг "амма” деган овози қулоқлари остида жаранглаб, инграб юборди.
- Аканг... - деди базўр қизига юзланиб.
- Акам, - Меҳрибон жимгина ерга боқди, - акам ҳамма йиғиб қўйган сарполарингизни, сирға-узукларингизни олиб кетди, - деди.
Салиманинг ичида нимадир узилгандай бўлди, юраги қаттиқ оғриди.
- Дадам ҳар куни ичаяпти, нега шундай қилади? Нега бизларнинг қариндошларимиз йўқ, онажон, акам ўзи кимнинг боласи? Нега у сизга амма деб бошлади?
Меҳрибоннинг саволларидан баттар сиқилган Салима яна ҳушидан кетди. Бу сафар хушига келганида ўнг оёғи билан ўнг қўли ўзига бўйсунмади.
- Кўп сиқилаверманг, - деди ҳамшира қиз унга укол қиларкан, - одамзотга ҳаёт бир марта берилади, опажон. Ҳаммасини эшитдик, Меҳрибон деса, меҳрибонгина қизингиз бор экан, меҳрни ўшандан кўринг. Нима, сиз сиқилганингиз билан бирон нарса ўзгариб қолармиди?
Ўз аҳволидан ўзи куйиб кетган Салимага далда бўлгувчилар кўп эди. Қўшнилари, Қўнғирот шаҳрига келиб орттирган дўст-ёронлари уни ёлғизлатиб қўйишмади. Шифокорларнинг муолажалари, қизалоғининг, дўст-ёрларининг меҳр-муҳаббати уни ҳаётга қайтарди. Аммо...
Жуманиёз ичкиликка мукка-сидан кетди. Ҳар куни ичарди, ичиб келиб жанжал кўтарарди. Ҳадеб бепушт хотин билан яшаб, йигит умри ўтиб кетганини пеш қиларди. Ёши олтмишни қоралаб қолган Салимани дўп-послаб урадиган бўлди. Барча ҳақоратларга бошини эгиб чидаб келган Салима охири чидамади. 25 йил аввал Тошкентдаги "Гулшан” сиҳатгоҳидаги даво-ловчи шифокор опа берган тиббий хулосани сандиқдан олиб, эрининг олдига ташлади-ю қизини олиб Манғитга жўнади. Қаровсизликдан ҳувиллаб ётган ота уйини супириб-сидириб, шу ерда яшай бошлади. Аввалига Жуманиёз ортимдан излаб келар, деб кутди. Йўқ, у келмади. Са-лима ҳам Қўнғиротга қайтиб бормади. Уйлангач, Собирбой билан яшаётган Рашиджон фарзандли бўлганини эшитиб, дунёларга сиғмай қолди Салима. Қизи билан совға-салом, сарпо-суруқлар олиб неварасини кўр-гани укасиникига борди. Собир-бойнинг остонасидан ҳатлаши билан катта жанжалнинг устидан чиқди.
- Сен болани ўша ҳаромзодага бермаслигим керак эди. – Гул-чеҳранинг шанғиллаган овози оламни бузарди. - Асли даданг-нинг зоти паст, пастлигингга бординг, бола!
- Не десангиз ҳам амма-онам Сиздан яхши эди, мен аҳмоқлик қилдим...
Бу Рашиджоннинг овози эди. Са-лима остонада туриб қолди.
- Сени дуо билан ўзига оғдириб олган, мараз хотин! – жазавага тушиб ниманидир муштларди Гулчеҳра.
Энди Салима бу ерда ортиқ туролмади. Ортига қайтди. Уй-ларига келгунча йиғидан кўз-лари шишиб кетган Салима қи-зи Меҳрибонни бағрига босиб қаттиқ "уҳ” тортди ва қизига ҳаётидаги бор ҳақиқатни тўкиб солди...
- Акамни ҳеч қачон кечирмай-ман, - юм-юм йиғлади Меҳрибон. – Отам билан Сизнинг айбингиз бизларни боқиб, катта қилга-нингизми? Қўнғиротга, отамнинг олдига кетамиз ё отамни бу ерга олиб келамиз.
Меҳрибон айтганини қилди. Эртасигаёқ онасини олиб Қўн-ғиротга жўнади. Бу орада ҳақи-қий ота-онаси билан муросага келолмаган Рашиджон оиласи билан Қўнғиротга қайтиб кел-ди. Салиманинг бағри тўлди. Бир муддат уйи обод бўлди. Аммо ҳамма нарсага лоқайд, одамови бўлиб қолган Жуманиёз пен-сиясини олиб фақат ичадиган бўлди. Оиласини, Салимадай са-доқатли умр йўлдоши борлигини тамоман унутди. Қайнотасининг тинимсиз ичиб, алжираб ўти-ришидан безган келин икки бо-ласини олиб ота-онасиникига кетса, ойлаб қолиб кетадиган одат чиқарди. Икки ўртада Рашиджон қийналиб кетди. Ота-онасининг иссиқ-совуғига қа-райдиган Меҳрибон турмушга чиқиб кетгач, рўзғорнинг барча оғир-енгил юмушлари кексайиб қолган Салиманинг зиммасига тушди. Болаларимни олиб ке-ламан, деб Манғитга кетган Ра-шиджон ҳар гал бир гап топиб келадиган бўлди:
- Келинингизга Қўнғиротнинг ҳавоси ёқмас экан.
- Қайнотам овулдан бизлар учун ер олибди, ҳовли-жой қуринглар, деяпти.
Хуллас, Манғитдан Қўнғиротга келин билан неваралари ўрнига ҳар хил гап-сўзлар қайтадиган бўлди. Бугун эса...
Ҳаётига озгина бўлса-да қу-вонч бағишлаб турган иккала неварасининг "эна-энажон”лаб, ҳовлида пилдираб юришлари кўз олдига келиб Салима йиғлаб юборди. Эрига эса барибир эди. Бу эркакка оила ҳам, бола-чақа ҳам, ҳузур-ҳаловат ҳам ичкиликда, ичкилик ичиб, ҳаёт ташвишларини унутиб яшашдан бошқа мақсади йўқ, тамоман ўзини унутган одамга ўхшарди.
***
Салима тугунини қўлтиқлаб йўл-га чиқди. Манғитга, укасиникига етиб келганида қуёш аллақачон ботган, атрофга шом қоронғулиги чўка бошлаган эди. Қўрқа-писа остонадан ҳатлаган Салима бу гал ҳам каттагина жанжалнинг устидан чиқди:
- Ҳов, бола, сен ўша алкашнинг тарафини олаётирсанми? – Бу Собирбойнинг овози эди. – Аммангга ҳам ўшанинг иси урган, бир савдойи, телба. Ўша телбаларга мен боламни берибман-а! Қараб турсам, сен ҳам қип-қизил жиннисан. Ахир сени мен билан мана бу онанг, Гулчеҳра дунёга келтирганмиз. Ойлик маошини йиғиб Сали жин-нига берармиш. Ўв, опам бўлса, бўлаверсин, худонинг қарғиши теккан унга...
Салиманинг боши ғовлаб кетди. Ичкарига босган қадамини торт-ди, изига қайтди. Ҳаётида би-ринчи марта ўзини ўзи ёмон кўриб кетди. Манғит кўчаларида узоқ кезинди. Қизи Меҳрибон келин бўлиб тушган "Ўрта қалъа” овулига бормоқчи бўлди. Негадир оёғи тортмади. Қулоқлари остида укаси Собирбойнинг "Опам бўлса, бўлаверсин, худонинг қарғиши теккан унга...”, "Сали жинни”, - деган овози тинмай жаранглар, унга сари вужудини босиб келаётган хўрлик тоши уни тинмай эзғиларди.
- Ё худойим! – бўғзини куйдириб отилиб чиққан йиғи аралаш ил-тижо билан юлдузлари порлаб турган фалакка қўлларини чўзди у. – Мен осий бандангни кечир! Сен раво кўрмаган марҳаматни мен бандалардан сўраб, хато қилдимми, Худойим?!
Салима овозининг борича ҳўнграб йиғлаб, нотаниш йўл-лар билан нотаниш манзил то-мон кетиб борарди. Унинг бу ҳолатига фақат Яратганнинг ўзигина гувоҳ эди. Уйқудаги эл жабрдийда, хўрланган бу аёл қисматининг аянчли дамларини сезмас, Салима эса ҳамма нар-сага қўл силтаб, зим-зиё тун бағрига бутун дард-у аламини тў-киб кетиб борарди...
***
... Орадан икки йил ўтиб, опа таҳририятга келди:
- Ҳаётим изга тушмади, қизим, - деди у маҳзунгина. – Ўз туғишганларим ўзимга ёв бўлиб, болаларимни тортиб олди. Рашид-жон мени бутунлай тарк этди. Шукур, Меҳрибон қизим яхши жойга тушди. Ҳолимдан хабар олиб туради. Ота-онамдан қолган эски уйни таъмирлаб, яшаб юрибман. Жуманиёз акангиз ақлдан озгунча ичади, пули тугаса, мени излаб келади. Нима бўлганда ҳам ундан бошқа ҳеч кимим қолмади. Ахир худо бермаганни бандаси беролмас экан-да... узоқ жимликдан сўнг Салима опа яна давом этди:
- Кимга қандай, билмадим-у, мен ўзимга ўзим қилдим. Ҳақиқатни вақтида айтганимда ҳаётим бошқачароқ бўлармиди?.. Ҳар кимга раҳм-шафқат Аллоҳдан бўлсин экан. Жуманиёзнинг кўнгли, деб ўз кўнглим синиб-синиб, адо бўлди, ҳаётим зулматга айланди. Энди ақлим кирганида умрим ўтиб кетибди, қизим.
Салима опа ёшига нисбатан анча кексайиб қолганди. Уни бирини уч, бирини ўн кунлигидан асраб олган болалари, айниқса Рашиджондан кўрган хўрликлари эзиб, адойи тамом қилганди. Ёшлигини, гўзаллигини бахш этган фарзандидан тириклай ажралиш опани 57 ёшида мункиллаган кампирга айлантириб қўйганди. Опа кетди. Кетаётиб:
- Менинг ҳаётим ҳақида ёз, қизим, - деди маҳзунгина.
Мендан атиги 5 ёшгина катта опанинг "қизим”лаб гапириши, мункиллаб, ҳассага таянганча кетиб бораётганидан юрагим увушди. Токи одамлар опага ўхшаб, ҳаёт сўқмоқларида қоқилиб, турмуш чорраҳаларида изтироб чекмасинлар, дедим-у ушбу ҳаётий воқеани Сиз азизлар билан баҳам кўрдим.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.
(Фото - http://fikr.uz