КАТТА ҲОВЛИНИНГ ХОСИЯТИ
Болалигим билан боғлиқ кўп нарсани қўмсайман. Бувим айтган достонлар ва лапарлар, бобомнинг ўгитлари...
Бобом ва бувим билан мунаввар, улар бошчилигида аҳил-иноқ яшаган ўша катта оиламизни жуда-жуда соғинаман. Катта оилада барча муаммо ва ташвиш ўртада, маслаҳат билан ҳал бўларди. Катта ҳовлида кичкина қувонч ҳам байрамга сабаб бўлар, муаммолар эса кичрайиб қолар эди. Ота-онам алоҳида рўзғор қилиб бу ҳовлидан чиқиб кетаётганимизда мени – бобоси ва бувисининг эркатойи, беш ёшли болани янги ҳовлига кетишга чоғланган, кўч-кўронимиз ортилган машинага чиқариш учун нақ йигирма киши овора бўлган. Янги уйга боргач, анча вақтгача фурсат топилди дегунча катта ҳовлига, бобом-бувим олдига қочиб кетишни одат қилгандим...
Орадан анча йиллар ўтиб, бир манзара болалигимни қайта эслатди. Қизим бобоси билан бувисига бир нималарни шошиб-пишиб гапирар, улар неварасининг гапини бўлмай, диққат билан тинглар, кейин Ширинга жонкуярлик билан нималарнидир тушунтиришга ҳаракат қилар эди. Итоаткорлик билан уларнинг сўзларига қулоқ солаётган қизимнинг муносабати ҳайратимни оширди. Жуда таъсирландим.
Оила ташвиши ва турмуш икир-чикирлари билан банд ота-она фарзанд учун доим ҳам вақт ажратиш имконига эга эмас. Ўригидан мағзи ширин, дейдиган бобо ва бувилар эса неваралари учун ҳар қанча вақт керак бўлса, ажратади, уларга одамийлик, оила тарихи, урф-одатларимиз, ҳаётдан сабоқ беради.
Замон ёки одамлар дунёқараши ўзгарди, деган фикрни кўп эшитамиз. Бугун баъзи тенгдошларимиз турмуш қурди дегунча рўзғорни бўлак қилишга интилади. Шунақаларга қараб ҳеч бўлмаса фарзандингизга раҳмингиз келсин дегим келади. Айниқса, вақтимизнинг аксарият қисмини ишда, телевизор қаршисида, телефон ва интернет тармоғида ўтказаётганда, бобо ва бувининг тарбияси — фарзандлар камолида нечоғлик муҳим эканини англайсиз. Уларни бу бебаҳо неъматдан айирманг, катта ҳовлига тез-тез олиб боринг.
БОБОМ ЎРГАТГАН ФАЗИЛАТ
— Ким билан ўсгансиз? — дея менга юзланди нуроний бир киши.
— Бобом билан, — саволдан ҳайронлигимни ифодалаш учун отахонга бироз тикилиб турдим. «Тушунарли» деди. Ҳайратим ошди.
Саволнинг мағзини эса анча вақтдан кейин — Бухорога, уйга борганимда, бобом билан эрталабки нонушта маҳали суҳбатлашиб турганимда англадим. Суҳбат асносида бобом иккимизнинг кўрсаткич бармоқларимиз билан дастурхондан ушоқ териб ейишимизни ҳайрон кузатиб турган жиянимнинг ҳолати ўша отахоннинг нигоҳини эслатди.
Ҳа, дастурхондан ушоқ териб ейиш менга бобомерос фазилат...
БОБОМНИНГ ЭНГ КАТТА СОВҒАСИ
Бундан бир неча ойлар бурун бувимнинг туғилган куни муносабати билан уйга борганимда бобомни ҳовлида китоб мутолаа қилаётган ҳолда учратдим. Саксон ёшга етиб қолган бобом қиш кунлари, қуёшнинг заиф нурлари тафтида берилиб китоб ўқиётганини кўриб, завқим келди. Бирпас адабиёт ҳақида суҳбатлашдик. Кечагидек эсимда, саккиз ёшимдан бошлаб «Шарқ юлдузи» журналининг янги сонини бобомдан кўра мен интиқроқ кутар эдим.
Болалик йилларимнинг адабиётнинг гўзал туйғулари, зиёси билан мазмунли ўтишига сабабчи бўлган бобомнинг китобларга ошнолиги унинг менга қилган энг катта совғаси бўлган.
Шуҳрат САТТОРОВ