1.
Онанинг кўнгли болада экан-да.
Эри “Қўй, нима қиласан, Россиянинг совуғи сенинг корингни қилади”, деса ҳам Зоҳида момо қулоқ солмади.
− Бобой, ўғилларингиз нима еб, нима ичаяпти, бегона жой бўлса, бир меҳрибони бўлмаса? Мен борай, уларнинг ошу-овқатини қилиб бериб ўтираман. Уларингиз ҳали ёш, тергаб турмасангиз, овқатини ҳам вақтида емайди.
− Ҳар бири иккитадан болали бўлди-ю, ёшлиги қолдими? Қўй, ўзларини ўзлари эплайди.
Эшмон бобо у деса, бу деди, бу деса, у деди, хуллас, Зоҳида момо Москвага қараб учди.
Аэропортда кутиб олган ўғиллари ҳам энг аввал Эшмон бобонинг гапини айтишди:
− Нима қилардингиз, овора бўлиб, бизлар сизга ёш боламидик, хавотир оласиз?
− Ишларинг бўлмасин, шу баҳона бир Маскваларни кўриб кетаман, − деди Зоҳида момо. – Ё бир-икки ой онангни меҳмон қила олмайсизларми?
− Томошага бўлса, келаверинг, − деди Боймат ўғли.
− Олти ой ҳам меҳмон қиламиз, эна, − деди Нусрат ўғли.
− Баракалла, мени олти ойдан бир йил меҳмон қиласизлар, кейин ҳаммамиз бирга қайтамиз.
− Нима десангиз, шу, − дейишди ўғиллари.
Ана шундай қилиб, Зоҳида момо Москвага бориб қолди.
2.
Зоҳида момони ўғиллари роса айлантиришди. Москвани ҳам кўрсатишди, Кремлни ҳам, Ленинни ҳам кўрсатишди.
− Худди отангга ўхшар эканми, Боймат? – деди Зоҳида момо Ленинга кўзи тушиши билан.
− Биз ҳам биринчи марта кўрганимизда худди шундай деганмиз, − деди Боймат кулиб. – Аммо отам Ленин бободан анча узун.
− Мен ҳам калласини айтаман, бўйи кичкина экан, Воҳид муаллимча келар экан, − деди Зоҳида момо. – Аммо отангнинг калласи ҳам Ленин бобонинг калласидан кам эмас. Айтган гапи бўлмай қолмайди.
Боймат билан Нусрат Зоҳида момони “Большой театр”га ҳам олиб боришди. Аммо ичкарига киришга Зоҳида момо унамади.
− Ўрисчани билмасам, театрда бало борми?
Зоҳида момо Арбатни айланиб, зерикмади. Ўша ерда ўтирадиган сураткашлардан бири бир нусха ўзига ҳам олиб қолиш шарти билан момонинг суратини ҳам чизиб берди.
Зоҳида момога тарих музейлари маъқул бўлди. Третяков галереясида эса кўп туролмади, дарров ортига қайтди:
− Бети қурсин ҳаммасини! Шир ялонғоч-ку булар!
Аммо “Гостиный двор” Зоҳида момонинг кўнглидаги жой бўлди. Эрталаб кирган Зоҳида момо кўп қаватли бу бепоён дўкондан қуёш ботганда чиқди. Невараларининг ҳаммасига, келинларига, чолига, ҳатто қўшниси Адолат кампирга ҳам совға олди.
− Ана шу тивит рўмолни бизда юз мингга ҳам бермайди, қара, атиги минг сўмга олдим, Адал момонг роса хурсанд бўлади-да. Пулини олмайман, совға дейман.
Боймат билан Нусрат кулиб қўя қолишди. “Атиги минг рубль” Ўзбекистонда юз минг сўм бўлишини айтиб ўтиришмади.
3.
Эшмон бобо бир гапни билмаса, айтмайди. Шунинг учун ҳам айтган гапи айтган жойидан чиқади.
Болалари “қайтиб кетаверинг, энди қиш бошланди, Россиянинг совуғини кўтара олмайсиз”, дейишса ҳам қулоқ солмади, Зоҳида момо.
− Уч ой қиш ўтади, кетади, совуқдан ким ўлибди-ки, энанг ўлса?
Аммо Москвада қиш узоқ бўлишини билмаган Зоҳида момо қачон зотилжамга чалинганини ҳам билмай қолди.
Аввалига тумов бўлдим, грипп бўлдим, деб ўйлаган Зоҳида момо йўталга қарши бир-иккита дори ичиб юрди. Аммо бирданига нафаси қисиб, йўтали кучайиб, ҳарорати кескин кўтарилиб, ҳатто қайт қила бошлагач, болалари “Тез ёрдам” чақиришди.
− Онангизни жуда кеч олиб келибсизлар, − деди врач.
− Ҳаммаси бўлиб, йўтала бошлаганларига бир ҳафта бўлди, − деди Боймат.
− Бу касалга бир ҳафта етади, − деди врач. – Бу “MERS-CoV” касаллиги дейилади. Унинг хавфли жиҳати шундаки, вируслар нафас олиш эпителий тўқималари ҳужайраларини шикастлаб, жуда тезлик билан кўпаяди. Асосий муаммо шундаки, инсоннинг табиий ҳимоя воситаси − иммун тизими улар олдида ожиз қолмоқда. Коронавирус янги ҳужайрага кирса, ўз генларини мунтазам равишда ўзгартириб туради. Касалликнинг дастлабки кунлари оддий шамоллаш кўринишида ўтади. У бир ҳафтадан сўнг ўткир буйрак етишмовчилиги ва ўткир пневмония кўринишига келади. Организм ҳолсизланиб, ўлимга олиб келади. Буни замонавий тилда “Туя гриппи” дейилади. Туяни ҳам қулатадиган бу касалга ҳали одамзот дош бергани ҳам йўқ, унинг давоси топилгани ҳам йўқ. Биз қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз, сизлар бориб, дорихонадан барбарис (зирк) ва момоқаймоқ илдизи олиб келинглар. Улардан дамлама тайёрлаб ичирамиз, зора фойда қилса. Момоларимиз шамоллаш ўтиб кетган бўлса, шунақа дамлама ичиришарди.
Боймат ва Нусрат врач айтган дориларни ҳам, гиёҳларни ҳам олиб келишди. Аммо Зоҳида момонинг аҳволи соат сайин оғирлашиб бораверди. Уч кун ўтганда эса уни махсус мосламалар билан нафас олдира бошлашди. Ўзи нафас ололмай қолди.
Тўртинчи куни кўзини очиб, ўғилларига қарай олмаган Зоҳида момо бирор сўз ҳам айта олмай, омонатини топширди.
4.
Зоҳида момонинг жасадини касалхонада ювиб, докага ўраб беришди. Битта тобут олиб келишса, тобутга солиб, уни темир ғилофга жойлаштириб, кавшарлаб беришларини ҳам айтишди.
Боймат кўмиш хизмати деган идорага учрашди. Бир дунё ҳужжат керак экан, бу ҳужжатларни тўғрилай олишига кўзи етмади.
Тобуткашлар билан гаплашган эди, битта тобут рух ғилофи билан минг доллар туришини эштиб, капалаги учди:
− Бизда минг доллар нима қилсин!
Нусрат аэропортга югурди.
− Керакли ҳужжатлар билан тобутга солинган, рухланган ҳолда олиб келасизлар, ёрдам берамиз, энг яқинда учадиган самолётга жойлаб, ўзларингизни ҳам учириб юборамиз, − деди аэропорт мутасаддиси. – Юк учун пул олмаймиз, биз ҳам тушунамиз одамгарчиликни, ёрдамимиз шу бўлади.
Аммо тобут қани? Унга бериладиган минг доллар қани? Ҳаммаси рисоладагидек бўлсин, деса, айтилган ҳужжатларни тўғрилашга фурсат қани?
У ёқда Эшмон бобо устма-уст қўнғироқ қилиб, уларни ҳол-жонига қўймайди:
− Жанозани айтиб қўйдик, ҳамма кутаяпти, олиб келмайсизларми тезроқ, лапашанглар!
“Лапашанглар” эса тезроқ ва арзонроқ қилиб, онанинг ўлигини олиб кетиш учун йўл қидирарди.
Нусрат вокзалга борди.
− Ҳамдардмиз, албатта, ёрдам қиламиз. Тобутга солиб, тобутни рухлаб, олиб келинглар, шу бугуноқ жўнатиб юборамиз. Уч кундан сўнг ватанларингда бўласизлар.
Бойматнинг боши қотди.
− Ҳаммасининг топган гапи битта: тобутла, рухла! Қаердан оламан, минг долларни?
− Ака, дўстларимиздан қарз олайлик, шу ишни қила қолайлик. Барибир, самолёт ҳам, поезд ҳам тобутда олиб келинглар, деяпти. Мен енгил машина билан Ўзбекистонга одам ташийдиганларни ҳам суриштирдим. Улар ҳам барибир тобутга соласизлар дейишаяпти. Бўлмаса, йўлда текшириб, безор қилишаркан. Ўликни тобутсиз олиб юриш мумкин эмас экан.
Ака-уклар ижарага олган уйда икки кундан бери турган Зоҳида момонинг жасади ҳидлана бошлагач, шошинч чора кўришга тўғри келди.
− Мен йўлини топдим, − деди Боймат. – Юр, бир иш қиламиз. Бир ўқ билан икки қуённи урамиз. Московски гилам олмоқчи эдинг-а? Ана шуни ҳозироқ олиб келамиз.
− Ҳозир гилам кўнгилга сиғадими, ака? – ҳайрон бўлди Нусрат.
− Юравер, кўрасан!
Улар каттакон бир гиламни сотиб олиб келишди.
− Ана энди қараб тур, нима қиламан, − деган Боймат онасининг жасадини битта одеялога яхшилаб ўради ва уни гиламга ҳам ўраб, гиламни уч-тўрт жойидан маҳкам боғлади.
Бу ишларни қилиб бўлгач, Боймат укасига буюрди:
− Нарсаларингни тахла, йўлга тушамиз.
− Ака, эсингиз жойидами? Уч кун йўл юрарканмиз, энамнинг жасади ҳидланиб кетмайдими? Билиб қолишса, шарманда бўлмаймизми?
− Ишинг бўлмасин, вокзалда менинг танишим бор. Гаплашиб, ўтказамиз ва поезднинг юкхонасига жойлаштирамиз.
5.
Бойматнинг таниши ишни хамирдан қил суғургандек ҳал қилди. Озгина пул эвазига битта проводникка тайинлаб, гиламни ҳам беркиттирди, ака-укаларни ҳам поездга чиқариб юборди.
− Ака, бизнинг гиламни эҳтиёт қилиб жойлаштирдингизми? − сўради Боймат поезд ўрнидан қўзғалгач. – Неча йил деганда Московски гиламга энди етдик, ака.
− Ҳаммаси о, кей! – деди проводник. – Ўзимизнинг хос жойимизга маҳкам қилиб жойлаштирдим. Хавотир олманглар!
Боймат отасига қўнғироқ қилди:
− Ота, йўлга чиқдик, уч кундан кейин етиб борамиз, тайёргарликни шунга қараб кўриб қўяверинг!
− Ҳамма нарса тайёр, етиб келсаларинг бўлди. Бутун қишлоқ йиғилиб, сизларни кутиб ўтирибди.
− Жума куни соат иккига етиб борар эканмиз, − деди Боймат. – Қишлоққа боришга икки соат кетса, жанозани тўртга айтиб қўяверинг!
− Сен кўп гапирмай, етказиб келавер, соатини мулла Сафар тайинлайди, − телефонини ўчирди Эшмон бобо.
− Бобойнинг аччиғи чиқди, − деди телефонини чўнтагига солган Боймат.
− Ўзи самолётга чиқишимиз керак эди, − деди Нусрат. – Ўғил бўлиб, битта онамизнинг охирги хизматини қила олмадик. Ким деган ўғил бўлдик, ака?
− Кўп гапирма! Қани самолётга пул? Ўзи энамни даволатишга, касалхонадан олиб чиқишга, проводникларни кўндиришга ҳамма пул кетиб бўлди. Ҳали ўлик кўмишга қарз олишимиз керак одамлардан.
6.
Поезд икки кун йўл юриб, Қозоғистон чўлларига кирди.
Оқтепа манзилидан ўтгандан кейин поездни тўхтатишди. Икки соатдан зиёдроқ тўхтаб қолишди.
Ҳамма вагонларни оралаб чиққан ваҳимали кўринишдаги қозоқ йигитлари ким кўзига ёмон кўринса, турғизиб, чўнтакларини кавлаб, кимнинг пулини, кимнинг тақинчоғини, кимнинг қимматбаҳо туюлган палтоси ё телпагини олиб, тушиб кетишди.
Боймат ва Нусрат улар поезддан олиб тушган нарсаларини иккита “Жип” машинасига жойлаб, чўл ичида ғойиб бўлишганини деразадан кўришди.
Яна бир кеча-кундуз йўл юрган поезд, ниҳоят, Самарқандга етиб келди.
7.
Самрақанд вокзалида Боймат билан Нусрат отаси, тоғалари билан йиғлаб кўришди.
− Энанг қани? – “Энангнинг жасади”, дея олмади Эшмон бобо.
− Юкхонада, ҳозир олиб тушамиз, проводник тушсин.
Беш дақиқача вақт ўтиб, таниш проводник кўринди. У Боймат ва Нусратларнинг олдига келиб, айбдорона оҳангда сўз бошлади:
− Укалар, хафа бўлмайсизлар, Актюбински чўлида чиққан қароқчи қозоқлар бошқа нарсаларга қўшиб, сизларнинг гиламларингизни ҳам олиб кетиб қолибди.
− Нима? Нима деяпсан? – унинг ёқасидан олди Боймат. – Нима деётганингни биласанми ўзинг?
− Бўлди, акалар, битта худди ўша гиламдан олиб келиб бераман, − ўзини оқлади проводник. – Айбдорман. Юкка жавоб беришим керак эди, бўйнимга оламан. Битта худди ўша гилам мендан. Истасангиз, ҳозироқ пулини тўлайман!
− Биласанми, гиламнинг ичида нима бор эди? – бақирди Нусрат.
− Ичида нима борлиги ҳақида айтганларинг йўқ, − елка қисди проводник. – Ичидаги нарсага жавоб бермайман, аммо битта гилам олиб бераман ё пулини айтасиз, тўлайман. Биқинингга тўппонча тираб турганларида “Бу бировники, тегманглар!” дея олмас экансиз, ака.
− А-а! Шарманда бўлдик! – бошини чангаллади Нусрат. − Энди нима бўлади?
− Ким олиб кетганини топа оламизми? – сўради Боймат.
− Э, ака қизиқмисиз? Бу чўлдан игна қидириш билан баробар. Улар саҳро қўйнига сингиб кетди-да, энди. Уларнинг манзилини ҳам, кимлигини ҳам биров билмайди. Иттифоқ тарқаганидан бери бизнинг поездга минг марта ҳужум қилгандир шунақа қароқчилар. Ҳали бирор марта бирортасини тутганлари йўқ. Ўзбекистон ҳудудида эмас, Қозоғистон ҳукумати уларни ахтармайди ҳам, айтсанг, қулоқ солмайди ҳам. “Эпласанг ўт, бўлмаса,, уйингда ўтир!” дейди мелисаларига шикоят қилсак.
− Нима бўлди ўзи, тушунтириб гапир? − уларнинг суҳбатига қўшилди Эшмон бобо ва проводникка юзланди: − Булар энасининг ўлигини олиб келишаётувди. Сендами, олиб тушмайсанми? Бўл энди, вокзалда бир қишлоқнинг одами ўликни кутиб ўтирибди.
− Ўлик? – кўзлари катта-катта бўлди проводникнинг. – Ўлимдан хабарим бор, ўликдан хабарим йўқ. Мени қўрқитманг, ота!
Энди проводник Бойматнинг ёқасидан олди:
− Айтаман, битта гиламга бунча куйди булар деб? Номард! Гиламнинг ичида онангнинг жасади бормиди? Нега бошидан айтмадинг? Энангнинг ўлигини одамдай қилиб олиб келиб берардим-ку, ноинсоф! Талончилар энангнинг ўлигини одамдай кўмармиди? Бир жарга отиб юборади-да, энди. Вой, номард ўғиллар!
Проводник поездга қараб кетар экан, тинмай сўкинарди:
− Садқаи одам кет! Сен ҳам одамми энди? Сен ҳам ўғилми энди? Жасадини чўлда ёввойи итлар еб кетган онанинг руҳи ўғилларидан рози бўлармикан энди? Қиёмат яқин қолгани шу эмасми, халойиқ, шу эмасми? Э, …
Тамом