//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Ён қўшни ёв қўшни

(Бир жиноят изидан)

Шаҳар четидаги ҳовлилардан бирига ўт кетган, хонадонда икки киши, эр-хотин алангада қолиб нобуд бўлганди. Тезкор гуруҳ воқеа жойи­га етиб келиши билан текширувни бошлаб юборди. Ўт ўчирувчилар хулосаcи далиллар билан исботланди. Хонадонга таш­қаридан ўт қўйилган, чиқиш эшиги эса сим билан ўраб, беркитилганди. «Демак, бу оилага қасд қилинган, — кўнглидан ўтказди Козим. — Уюштирилган жиноят. Лекин ким?..»

Козим воқеа жойида қўшнилар билан суриштирувни бошлаб юборди.

— Уч кун илгари бир йигит келганди, — қўшнисига раҳми келиб гап бошлади Хадича. — Мен ҳовлида эдим, бирдан бақир-чақир эшитилди. Кўчага қарадим. Нозима бир йигит билан тортишаётган экан. Йигитнинг қўлидаги сумкани ҳам олмасдан дарвозани беркитди. Ўша йигитни бир неча марта кўчамизда кўрдим.

— Уни танийсизми? — шошиб сўради Козим калаванинг учи топилаётгандай бўлиб. — Аввал ҳам кўрганмисиз?

— Йўқ, биринчи кўришим, — Хадича гапида давом этди. — Уларнинг суҳбатидан келишмовчилик, ўрталарида қандайдир нарса борлигини пайқадим. Нозима йигитнинг тезроқ кетишини истаётгани шундоққина кўриниб турарди. У дарвозани беркитиб кириб кетди. Йигит анча ўйланиб туриб, сўнг машинасига ўтириб кетди.

— Қанақа машина эди?  Рақамини эслаб қолдингизми?

— Рақамини билмайман, мовий рангдаги «Нексия» эди.

— Хотиним оқшом бўлган воқеани гапириб берди, — гапга қўшилди Сардор. — Айнан шундай машинада  бир йигит  дўконимга келди. У мендан яқин атрофда меҳмонхона борми, деб сўради.

— Шаҳарда меҳмонхона кўп-ку? — ҳайрон бўлди Козим. — Демак, у бошқа шаҳардан келган.

* * *

Акромни меҳмонхонада қўлга олишди. Илк текширувдаги далиллар қотиллик у томонидан содир этилганини исботлаб турарди.

— Терговни чалғитмай кўмак берсангиз енгиллик бўлади, — деди Козим. — Уй ёнидаги кўчадан бензин қу­йиладиган идиш топилган. Унда бармоқ изларингиз бор.

— Бу ҳечам ақлга сиғмайдиган нарса? — кескин рад этди Акром. — Йигирма тўрт йилдан сўнг онамни топдим. Бу ерга уни ўлдириш учун келмагандирман?!

...Мени бадавлат оила ўз тарбиясига олган, — аста гап бошлади Акром. — Яқинда мени тарбиялаганлар, бу дунёда менга ҳаёт инъом этган инсон борлиги, уни кўриш ҳуқуқидан маҳрум этишолмаслигини айтишди. Шунда мен онамни излаб келдим.

— Бензин идиши, симдаги бармоқ излари-чи? — гапнинг индаллосини сўради Козим. — Бунга нима дейсиз?

— Машинам меҳмонхона олдида туради, — тушунтирди Акром. — Бензин идиши, сим машина юкхонасидан олинган. Узоқ йўлга чиққанимда  қўшимча бензин олиб юраман. Қасд учун эмас, онамни топиш, у билан гаплашиш, нима учун мени ташлаб кетганини билиш умидида келгандим.

— Нима учун онангиз сизни қабул қилмади? — сўради Козим. — Қўшни аёлнинг айтишига қараганда, олиб келган нарсаларингизни ҳам олмасдан, дарвозани беркитган. Балки, сизни кўришни истамагандир?

— Йўқ, аксинча онам мени кўриб қувонди, узр сўради, — терговчининг гапларига қарши чиқди Акром. — Айни дамда оиласи борлиги, эрига аста-секин тушунтиргандан сўнг ҳаммасини ошкор қилишини айтди. Қўлимдаги нарсани олмаганига сабаб, уйда эри бор экан. Мен онамнинг сири эканини айтгандан сўнг тушундим. Онам ва бувимдан ўзга ҳеч ким мени туғилганимни билмас экан.

— Сизни ўша кўчада бир неча маротаба кўришган. Нима учун ҳовлини кузатгансиз?

— Онамни яна кўришни истадим, — кўзларига ёш олди Акром.

* * *

Козим йигитнинг гапларига ишонгиси келди. Ундаги самимийликни кўр­ди. Чиндан ҳам онасини ўлдиришга етарли асослар йўқ эди. Лекин бу ишнинг ортида ким турибди? Мана шу саволларга жавоб йўқ.

Нозиманинг онаси Каромат опа ўзи маҳкамага кириб келди.

— У менинг набирам, — кўзларида ёш билан гап бошлади Каромат опа. — Қизим институтда ўқиб юрган кезларида бир йигитга алданиб қолган. Шунда шармандаликдан чўчиб болани Меҳрибонлик уйига топширгандик.  Боқиб олган оила бадавлат, ўқимишли одамлар. Набирамни қотил этиб тарбия қилишмаган бўлса керак.

— Қўшниларнинг гапига қараганда Акромни бир неча марта шу кўчада кўришган, — Козим далилларни ўртага ташлади. — Шунчаки юрмагандир?

— Ўша ён қўшниси, ёв қўшниси бўлади, — гапнинг индаллосига кўчди Каромат опа. — Кўчанинг икки юзидаги бекатда иккиси ҳам дўкон очган. Неча йилдан бери ўша қўшни қандай қилиб рақобатчи дўконни  йўқ қилиш учун ҳаракат қилади. Не-не жойларга ёзмади, дейсиз. Биронтаси ҳам ўз исботини топмаган.

* * *

Каромат опанинг гапларидан кейин шаҳардан чиқмаслик шарти билан Акромга рухсат берилди. Каромат опа набирасини уйи­га олиб кетди. Биргаликда маъракаларни ўтказишди. Акром ҳеч ўзига келолмасди.

— Бувижон, ўша қўшнилар билан алоқа қилмаслигини айтдингиз, — ўйланиб туриб гап бошлади Акром. — Ўша оқшом мен онамни кўриш учун боргандим, лекин ичкарига киролмадим, чунки оиласи бузилиши, мени деб эр-хотин орасида жанжал чиқишини истамасдим. Шунинг учун узоқдан кузатдим. Девормиён яшайдиган қўшни аёл ҳовлига кирганини кўрдим. Бекатдаги дўконда ишлайдиган киши эри бўлса керак,  дарвоза ёнида турганди.

— Кейин-чи? — шошиб сўради Каромат опа. — Ахир, улар умуман гаплашмасди-ку? Қанақасига кириши мумкин?

— Адашишим мумкин эмас, бувижон, — ўйланиб қолди Акром. — Аниқ кўрганман, ўша ён қўшни кирганди...

* * *

Козим аниқ далилларни  тўплагандан сўнг, Хадича билан Сардорни маҳкамага чақиртирди.

— Менга қаранг, анави бегона шаҳардан келган йигит яна кўчамизда пайдо бўлиб қолди, — Хадича терговчини огоҳлантирди. — Эшитишимга қараганда, Нозиманинг ўғли эмиш. Ана, чақалоқлигида ташлаб кетгани учун ўч олган у йигит.

— Ҳеч нарсани тушунолмаяпман, — хотинининг гапига қўшилди Сардор. — Уни ҳибсга олишганини эшитгандик...

— Тўғри, лекин суриштирув ва текширувларда бош­қа далиллар ҳам ўртага чиқди, — узоқдан гап бошлади Козим. — Ўша оқшом сиз Нозималарникига кирган экансиз?

— Ҳа, эсим қурсин, туз тугаб қолганди, — шошиб қолди Хадича.

— Озиқ-овқат дўконида ишлаб тузга ёлчимасангиз, — истеҳзоли кулди Козим. — Сал ғалати эмасми?! Бундан ташқари, анча йиллардан буён кирди-чиқди қилмайсизлар. Буни Каромат опа ҳам тасдиқлади.

— Мана шунақада, — зўрма-зўраки кулди Хадича. — Бўзчи бўзга ёлчимабди деб шунга айтишса керак-да. Нега энди кирди-чиқди қилмас эканмиз, ҳовлимиз девормиён бўлса?

— Майли, бу далилни ҳам ортга сурамиз, — Козим эр-хотинга тикилди. — Биз текширув давомида меҳмонхона эшигига ўрнатилган видеотасвирга олиш мосламасини кўрдик. Унда Сардор Акромнинг машинаси юкхонасини  очиб, ундан бензин идиши ва симни  олганини аниқладик. Бунга нима дейсизлар?

— Ҳалиги...

Далиллар  олдида эр-хотин нима деб жавоб беришни билолмай қолишди. Акром эса ҳақиқат қарор топгач, синиқ кайфиятда Андижонга қайтиб кетди...

Шуҳрат АҲРОРОВ,

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (20.05.2015)
Просмотров: 1267 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz