ЯШАСИН, ФОНОГРАММА
(ҲАЖВИЯ)
Кейинги пайтларда "Ҳамма ёқни фонограмма босиб кетди!" деган ҳайқириқлар кўпайиб кетдими, биродарлар? Хўш, фонограмманинг нимаси ёмон? Ҳофиз ҳам тирик жон – тоби бўлмаслиги, овози чиқмай қолиши мумкин. Фонограмма бўлса-чи? Ҳаммаёқ текис – хонанда соқов бўлиб қолган бўлсаям овози жаранглаб турибди-ю!
Энг маъқули, фонограммани ҳаётда ҳам қўлласа бўларкан. Бошлиғимиз Ўлжақўзи ака дунёда биринчи бўлиб уни корхонамизда жорий қилди. Вей, зўр бўларкан-эй! Илгари маърузалари учун тонналаб қоғоз сарфлардик. Фонограммага ўтишгач, бир кило ҳам қоғоз кетгани йўқ. Ҳамма маърузаларининг фонограммасини дискетга ёзиб, рақамлаб олишган. Албатта, биринчи рақамли дискетлари, илгари ишларимизнинг расволиги, Ўлжақўзи акамиз корхонага раҳбар бўлиб келгач, туб бурилиш қилганликлари, шундан сўнг мислсиз муваффақиятларга эришганимиз, эришаётганимиз ва ҳоказолар ҳақида. Аммо, ўзиям даҳшат-да дискетларининг биринчиси. Корхонамизнинг бугунги ҳаётини шунақанги завқ-шавқ билан кўкларга кўтариб мақташади, шу жойда ишлаётганингизга, шу ҳаводан нафас олаётганингизга шукроналар айтиб, негадир йиғлагингиз келади. Гўзал бир қўшиқ эшитгандай бўласиз!
Ҳамма йиғилишларимиз ана шу қўшиқни эшитиш билан бошланади. Ундан кейин мавзуга қараб, ё танқид, ё мақтов, ё табрик, ё мотам ҳақидаги олтинчи ёки эллик еттинчи рақамли дискетларга навбат берилади. Маросим охирида эса, яна маза қилиб ўринбосарлари ижросида Ўлжақўзи акамизнинг биринчи "қўшиқ"ларини такроран эшитамиз.
Бизгаям маза бўлиб қолди. Илгари, сўз бериб қолишса нима дейман, деб михнинг устида ўтирардик. Энди бемалол, бошлиқнинг нутқини эшитаётгандай бўли-иб, хаёл суриб ўтираверамиз: бизам фонограммага ўтиб олганмиз-да! "Сўзга чиқувчилар борми?" деб сўраб қолса, қўрқмай минбарга ҳам кўтарилиб бораверамиз. Дискетимиз тайёр-да. Уни операторга узатиб, "Биринчини қўйиб юборинг", деб қўямиз, вассалом. "Биринчимиз" Ўлжақўзи акамизнинг биринчиларига ҳамоҳанг "қўшиқ" бўлади, албатта. Кейин мавзуга қараб, "Олтинчи" ёки "Етмиш иккинчи" деб шивирлаймиз, бу ёғи кетаверади.
Зўр нарса экан, вей, фонограмма! Бошлиқнинг қабулхонасидамиз, ҳамманинг қўлида дискет. Котибага дардларимизни достон қилиб ётибмиз:
– Ёрдам пули сўраб келгандим, саккизинчини қўйиб юборасиз.
– Кечаги йиғилишда адашиб, хўжайинни танқид қилворибман, кечирим сўрамоқчиман, тўқсон бирни босворасиз.
– Ўтган куни ишга келмагандим, сабабини айтмоқчиман, ўн учинчини...
Котиба жон ҳолатда бақиради:
– Олинглар-э, дискетларингни, адашиб кетдим. Кириб кетаётганларингда берасизлар!
Бошлиқнинг олдига шундай кирамиз, уч дақиқада масаламиз ҳал. Бир кун олдин котибаларига учрашиб, олдиларига нима мақсадда кираётганимизни айтиб, рўйхатдан ўтиб қўйганмиз, бошлиқ ҳам масаламизга мос дискетларини тайёрлаб қўйган-да! Бўлмаса, "Ие, кеча огоҳлантириб қўймабсиз-да! Бу масалани эртага гаплашсак", деган одатдаги сўзларини эшитиб чиқаверасиз.
Кир совундай магнитофон олволсангиз кўча-кўйда ҳам оғиз оғритиб юрмас экансиз:
– Соғу омон бормисан? Ҳа, бизам боринг бўлай, йўғинг бўлай, деб юрибмиз.
Қунт билан табрик, ҳамдардлик, кечирим сўраш, йиғлаш, илтимос, дўқ уриш, кулиш, эснаш, "Соғ бўлинг!" дейиш ва ҳоказоларни дискетга ёзиб, рақамлаб, рўйхат қилиб олсангиз, мазанинг ичига шўнғигандай бўларкансиз. Тўйга борамиз, бемалол тортаверамиз. Табрикка сўз бериб қолса, "Олтмиш олтини босвор", деб дискетни узатамиз, бўлди, ҳатто шеърлар билан табриклаб турибмиз-ку!
Ёки зарур ишингиз чиқиб қолди, рухсат сўрамасангиз бўлмайди. Бошлиққа, акса уриш ва йўталлар билан безатилган, йиғламсираган оҳангда айтилган, "Одам бўлмайман шекилли, хўжайин!" деб бошланувчи фонограммангизни қўйиб берасиз – озод қушсиз.
Фақат фонограмма ўта зукколикни талаб этади. Адашиш – шармандалик. Мана, кеча чойхонада, "Тортадур"ни бошлаб тургандик, уйдан хабар келди: божам – Кенжавой томдан йиқилиб, касалхонага тушиб қолибди. Тезда етиб бормасам бўлмас эмиш. "Ичган бўлсам ҳам ҳол сўраш ҳақидаги фонограммам тайёр, божам мен билан ўпишиб кўришмас", деб йўлга тушдим.
Кенжавой оёғига тошлар осилган, қўллари, боши дока билан боғланган ҳолатда ётган экан. Узоқроқдан туриб, магнитофоннинг овозини бир оз кўтариб, кўз-ёшларимни андак оқизиб, фонограммани қўйдим. Адашибман. Уй тўйидаги табрик кетиб турибди-ю!
– Муборак бўлсин, муборак бўлсин!
Божам лабини тишлади. Аммо дискетининг овози чиқди:
– Нимаям қилардик фалокат-да, фалокат.
Фонограммам дарҳол унга жавоб қилди:
– Бизга ҳам ана шундай жойлар, кунлар, байрамлар, тўйлар насиб қилсин!
Кенжавойнинг хотини менга қараб пиёлани отди.
Э, бу шармандалигимиз ҳеч нарса эмас. Хотин билан ёмон бўлди.
Ўлжақўзи ака йиғилишда мени роса мақтаганди. Котибасидан илтимос қилиб бу мақтовларни дискетимга кўчириб олдим. Хотинбойни бир қойил қолдирмоқчи бўлиб, "Эшит! Қандай буюк инсон билан яшаётганингни бил!" деб қўйиб берибман.
"Латофатхон, жоним, асалим, гўзалим! Ўлсам сизни дейман!" деб турибди-ю!
Адашмай кетай. Хотин юзимга шапалоқни тортиб, онасиникига жўнаворди. Бошдан-оёқ тавба-тазарруга тўла дискетим билан бориб, қайнонамиз муҳаррирлигида ёзилган тўқсон тўққиз бўлимдан иборат дискетларини эшитиб, хотинни зўрға уйга қайтариб келдим.
Аммо хато қилмасангиз, адашмасангиз фонограммага гап йўқ экан-да, барибир. Мана рулда кетяпсиз, назоратчи тўхтатди. Сиздан олдин:
– Қоидани буздингиз, бу ёғини нима қиламиз энди? – деб бошланувчи, ҳар кимга, ҳар куни ишлатадиган дискетини қўйди.
Сиз томондан:
– Бир марта кечиринг, – деб бошланувчи овоз янгради.
– Э, бўлмайди, – дейди назоратчи лабини буриб. – Ўтган сафар ҳам эшитганмиз бу қўшиғингизни, янгисидан қўйинг.
Ноилож янгисини қўясиз:
– Келишиб қўяқолайлик, акам.
– Бор экансиз-ку, укагинам! – назоратчи ҳам сизни ўйноқи бир "қўшиғи"дан баҳраманд этади.
Хотинингиз ҳам фонограммага ўтиб олган бўлса, янада маза. Ўзимиздан қиёс. Келинингиз дарвозадан киришимни ойнадан кузатиб туради. Аҳволимга қараб, "Учинчини ёки бешинчини қўйвор", дейди ўғлимга. Менам унга мос дискетимни созлаб, остона ҳатлайман. Бу ёғи фонограммалар айтишуви:
– Қуёш қибладан чиқиши мумкин, аммо сиз ичмай келган кун бўлмайди!
– Ҳа, энди, хотин, ўртоқлар қўйишмади-да.
– Ичмайман, десангиз ётқизволиб оғзингизга қуйишдими?
"Айтишув" давом этаверади. Сиз гап мазмунига мослаб, оғиз қимирлатиб турсангиз бас. Лаб билан биргаликда қўлларни, оёқларни, қошу кўз, қадду қоматни ҳам "рақс"га тушириб юборсангиз, фонограммангиз янада жонли, ишончли чиқади. Энг асосийси, сиз санъаткор деган юксак номга сазовор бўласиз.
Саид АНВАР.
|