//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Яшаб ўтди шундай бир одам
Адабиёт ва санъат
 

Самандар ВОҲИДОВ

Яшаб ўтди шундай бир одам

Ҳаёт йўли ҳақиқий илмнинг машаққатли меҳнатига йўғрилган, бу йўлда одобли ҳам, ободсиз билан ҳам рўбарў келган, бир умр йиққан обрўсини бир ножўя қилиғи касридан барбод этганларни ҳам кўрган, камтарликнинг камолга, такаббурликнинг заволга етказишига гувоҳ бўлган қалб соҳибининг юқоридаги шеърий сатрлардаги фикр талқинида ибратли хулоса уққан киши ҳаётнинг ўнқир-чўнқир сўқмоқларидан қоқилмай комиллик йўлига чиқиб олишига гумон йўқ.

Ушбу хотира битикларимнинг аввалини домла Мирзаевнинг хоҳ ёзма, хоҳ оғзаки фикр баёнида йўл қўйилган хатога муросасиз эканликлари, ким бўлмасин бундай "тил бузар"ларни (устоз ибораси) рўйхотир қилмасликлари ҳақидаги даромад сўзлари билан бошлагандим.

Бу гапга бугунги ёш зиёлилар ишонмаслиги мумкин, чунки улар "Мирзаев мактаби"ни ўтамаганлар, ўз ҳаёт йўлларида у кишидек инжиқ тилпараст олимга дуч келмаганлар. Келинг, яхшиси фикримни далиллаш учун домла билан яқин мулоқотда бўлган кишилар ёзган мақолалардан парчалар келтираман:

"Ҳар куни икки-уч соатлик иш вақтларини республика ва вилоят рўзнома ва ойномаларини ўрганиш, улардаги адабий меъёр бузилишларини қайд қилиш, бундай хатоларни гуруҳлаш ва бартараф этиш чора-тадбирлари бўйича таҳририят ва бош¬қармаларга тавсия ёзишга сарфлар эдилар. 1960-90-йилларда республикада профессор М. Мирзаевни билмайдиган, у кишидан ўз ишини яхшилаш учун йўл-йўриқ олмаган бирорта ҳам таҳририят ёки наш¬риёт бўлмаса керак.

Республикамизда исталган таҳририят, муҳаррир, ношир профессор Мустақим Мирзаевдан ҳайиқиб турарди, устозга беҳудага "имло прокурори" лақаби берилмаган эди...

Ҳамид НЕЪМАТОВ, филология фанлари доктори, профессор." ("Адабий тил жонкуяри" мақоласидан.)

"Домла газетамиз бош муҳаррири, марказий қўмитанинг тарғибот-ташвиқот бўлимига сатрларнинг ости қип-қизил чизилган газета нусхаларини жўнатишдан чарчамас эдилар.

Бир куни Тошкентдан бош муҳарриримиз телефон қилиб, домланинг таржимаи ҳолларини ипидан игнасигача суриштириб олди. Ишкал тополмади шекилли, охири дардини ёрди. Ёзган мактубларига жавоб олмаган домла энди хатолари қип-қизил чизилган газетани марказқўм котибига юбораётган эканлар. Ҳар гал мактуб келганида марказқўм котиби ёхуд бўлим мудири бош муҳаррирни кабинетида ғоз қўйиб, ўтган ҳар бир хато учун узоқ тергар экан...

Йиллар ўтар экан, нуроний қиёфаларини кўз олдимга келтириб, устозни қўмсайман, қани энди тилшуносларимиз орасидан яна битта "имло прокурори" чиқиб, бизни тергаса...

Нусратилло НАИМОВ, журналист, 1980 йилларда "Ўзбекистон овози" газетасининг Бухоро вилояти мухбири." ("Сизни қўмсаймиз, Устоз" мақоласидан.)

Энди яна ўзим гувоҳ бўлган бир воқеага қайтсам. Юқорида иқтибос олинган мақолалар муаллифлари таъкидлаганларидек, кетма-кет мактублар қайсидир масъул раҳбарнинг эътиборини тортди шекилли, домлага ўз фикрларини аниқ далиллар билан муфассал баён этиб, республиканинг нуфузли газеталаридан бирида каттароқ мақола билан чиқишни тавсия этишди.

1983 йили ёши етмишдан ошган бу фидойи инсон катта ҳафсала билан газета-журнал варақлаб, сўралган мақолани ёздилар.

Бир куни менга қўнғироқ қилиб: "Бир нарса бериб юбордим, ўқиб кўр, фикрингни айтасан", дедилар. Бу ўша мақола экан, устида менга ёзилган қоғозча ҳам бор. Унда яшил сиёҳ билан шу сўзлар битилган эди:

"Ҳурматли шоири замона ва муҳаррир!

Сизга айтган мақоламни мана юбораяпман. Уни талабчанлик назари билан кўздан кечириб чиқиб, тақриз қилишингизни сўрамоқчиман. Умуман фикр¬лари қандай? Қисқароқ бўлса-да ёзиб бергайсиз. (Мақола билан тақриз шу куни кечгача каминага қайтарилса эди.)

Салом билан М. Мирзаев 16.ХI.83."

Мен мақолани ўқиб чиқдим, албатта, бирор ерига таҳрир киритганим йўқ. Республикага номдор олимнинг мақоласи мендек оддий бир радиожурналистнинг таҳририга муҳтожлик сезмасди. "Домла, зўр ёзибсиз. Бу мақола, шоядки, хатоларга қирон солса", деган мазмунда хат ёзиб, омонатларини кеч¬қурун ўзларига етказдим.

Орадан бир неча кун ўтиб, биз ишлаётган радиоқўмитанинг эски биносига шогирди билан кириб келдилар. Қизлари Олимада ишлари бор экан. Бизлар билан кўришгач:

—Аэропортга кетаяпман, Тошкентга учаман,—дедилар домла нимадандир мамнунликлари юз-кўзларидан, гап-сўзларидан сезилиб турарди.—Ўша мақола газетага бериладиган бўлибди. Муҳаррири қўнғироқ қилди. "Саҳифага берилишидан олдин мақола корректурасини ўзингиз кўздан кечириб беринг", дейди.

—Хатолар ҳақидаги мақолада яна хато ўтмасин, деб, ҳадиксирашгандир-да,—деди кулиб шогирди.

—Бу гап улардан чиқмайди. Юқоридан буюришган. Бўлмаса, уларнинг мени кўрарга кўзлари йўқ. Тўғри сўз кимга ҳам ёқади,—дедилар домла ва биз билан хайрлашиб, шогирдларининг машинасига ўтирдилар. Домлага "оқ йўл" тилаб қолдим.

Республика газеталаридан бирининг икки сонида давомли босилган мақолани ўқиб, табриклаш ниятида домлага қўнғироқ қилдим. Саломимга аликлариданоқ домланинг кайфиятлари чатоқ эканлигини англадим.

—Ўқидингми? Бухородан Тошкентга бориб, муаллифнинг ўзи ўқиб берса-ю яна хато ўтказиб юборсалар-а? Учта имловий хато!.. Чаласаводлар,—дедилар домла ранжиган оҳангда.

—Хафа бўлманг, домла,—дедим таскин бермоқчи бўлиб,—шундай мақоланинг чиққани ҳазил гап эмас...

—Э... бошимдан дўппимни олиб улоқтирадиган сочим бор эди. Шу тилбузарларнинг хатосини тузатаман деб асабийлашганимдан сочларим тўкилиб кетди, афсуски, хатолар ҳали-ҳамон тугамайди. Хай, соғ бўл. Ҳа, дарвоқе, Олимага айтиб қўй, кўрсам ўзим ҳам айтаман: кеча кундузги эшиттиришда иккита, кечки эшиттиришда битта сўзни хато ўқиди, урғуни ноўрин қўйиб талаффуз қилди. Саиджоннинг тажрибаси кўп-ку... Ёш шогирдига ўргатсин-да... Муҳаррирсан, ёзганингни тўғри ўқишларини уқтириш сенинг вазифангга кирмайдими?

(Саиджон Аҳмедов—радионинг узоқ йиллик диктори, домланинг қизлари—Олима Мирзаеванинг шу соҳадаги устози).

Табриклайман, деб танбеҳ эшитганимдан ҳафсалам пир бўлганини сезган домла хайрлашатуриб:

—Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ, дейдилар. Кўз олдимдагиларнинг хатоларини тузата олмасам, узоқдагиларнинг хатоларини қандай тузатаман?—дея хўрсинганча гўшакни қўйдилар.

Ҳозир, орадан ўттиз йил ўтиб, мени ҳамон тарк этмаган (балки умрим охиригача тарк этмайдиган) хотираларимни гоҳ ҳаяжон, гоҳ ўкинч билан қоғозга кўчирар эканман, бу жонсабил устозга хаёлан мурожаат қиламан: "Ҳа, домла-я, домлагинам-а! Биз яшаётган бугунги кунда ёмғирдан кейинги замбуруғдай кўпайган китоблар, газета-журналлардаги сизнинг тўкилган сочларингиз сонидан ҳам кўп хатолар урчиб, сўзни сўз бўлганидан пушаймон қилдираётганларини кўрсангиз нима қилардингиз? Бошингизни қайси деворга урардингиз?"

Ҳа, бугун:

Гулдайин сўзларнинг бағрин қонатиб,

Хатолар изғийди мисли дайди ўқ.

Сўзбозлар кўпайиб бормоқда, аммо,

Домла Мирзаевдай сўзга жонсўз йўқ.

 

"Тўғри сўзнинг тўқмоғи бор", дейишади. Гарчи бу "тўқмоқ" зарбининг зараридан кўра фойдаси кўпроқ эканлигини билсак-да, ундан қочишга уринамиз, тўғри сўзни айтган киши туғишганимиз бўлса ҳам ундан бегонасираймиз, чунки тўғри сўзни тан олишга нафсониятимиз, ғуруримиз йўл қўймайди: ўзимизни камситилгандай сезамиз, ана шу шайтоний хусусиятимиз билан бизга яхшилик қилмоқчи бўлган, айбимизни юзимизга айтган одамни ўкситганимизни ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Шуларни ўйласам, ҳақ сўзда иккиюзламачилик қила олмайдиган, ҳар қандай ҳолатда дилидагини тилига чиқаришдан истиҳола қилмайдиган профессор Мирзаевга бу хислати доим ҳам олқиш келтирмаганини ҳис этаман...

1977 йили илм бобида фидокорлиги ва ёшлар тарбиясидаги юксак хизматлари учун Мустақим Мирзаевни республика Маориф вазирлиги Қори Ниёзий номидаги медаль билан тақдирлади.

Бу хушхабарни эшитиб домлани табриклаш учун жамоадошим—журналист ва шоир Асаджон Гулов билан биргаликда институтнинг ўзбек тили кафедрасига бордик. Домлани бу қувончли воқеа билан муборакбодимни шеърда ифода этгандим. Қучоқлашиб кўришгач, "Сизга совғам", деб ўша шеърни қўлларига тутқазсам, "ўқиб бер", дедилар. Ўқидим.

—Раҳмат, дедилар домла ва қўлимни қайта сиқиб,—Қара-я, радиочилар мени табриклашга келишибди. Шу ерда, бир бинода ишлаб туриб, баъзи ҳамкасбларим буни ўзларига раво кўришмади. Мен уларга ёмонлик истаганим йўқ. Ҳа, энди гоҳида айтган бўлсам, айбларини далиллаб, ҳақ гапни айтганман. Шундан ранжиб юришлари шарт эканми?

Домла сўлғин жилмайиб қўйдилар, шу тобда кимни, кимларни назарда тутгандилар, менга қоронғи, бироқ Бухоро пединститутининг биринчи фан доктори, биринчи профессорининг ўша дамдаги хомуш қиёфаси менда "бу кишига ҳам осон эмас экан", деган фикр уйғотди ва "ҳақ сўзнинг тўқмоғини бир умр қўлда тутишга ҳамманинг ҳам қурби етмаслигининг сабаби шунда эмасмикан", деб ўйладим.

Профессор Мустақим Мирзаев бир умр ўз касбига содиқ, эътиқодига собит қолдилар.

Шундай юксак унвонлар соҳибидан қўшқават кошоналар, қўша-қўша машиналар қолмади. Олимнинг ҳаёти отасидан қолган, ўзи туғилиб ўсган Чўпбоз маҳалласининг тор кўчасидаги эски ҳовлида ўтди. Шу ҳовлида фан номзодлиги, фан докторлиги диссертацияларини, кўплаб китобларни ёздилар, тўрт қиз ва бир ўғилни аҳли солиҳ, халқ ишига камарбаста фарзандлар қилиб тарбияладилар. Истат, Роҳила, Зулфия—ўқитувчи, Олима—радиожурналист, Шавкат—физика-техника фанлари доктори, профессор. Республикамизнинг барча шаҳару қишлоқларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар, олимлар, шоиру ёзувчилар, турли соҳаларда раҳбарлик қилаётган шогирдлар қолди Устоздан. Яхши ном, порлоқ хотиралар қолди домладан. Ҳавас қилса арзийдиган ҳаёт ибрати қолди бу муҳтарам ИНСОНдан. Бундай бахт ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

Юртимиз мустақилликка эришишига бир йил қолганида бу оламдан кўз юмган таниқли олимга ўзлари жону дилидан севган, мавқеининг юксалиши учун кучу қобилиятини аямаган ОНА ТИЛИ—ЎЗБЕК ТИЛИ яна ўз қадру қиммати чўққисига чиққанини, ўз миллатининг фахру ифтихорига айланганини кўриш насиб этмади. Лекин, у кишини улғайтирган, шу тил ривожи учун чеккан заҳматлари эвазига эришган зафарлари самарасидан баҳраманд бўлган қадр¬дон халқи ўзининг асл фарзандини унутмайди, бугунги шукуҳли, файзли лаҳзаларида уни ўз ёнида деб ҳис этади: Истиқлол йилларида Бухоро шаҳридаги кўчалардан бирига Профессор Мустақим Мирзаев номи берилганлиги ана шу эҳтирому эътирофнинг изоҳсиз исботидир.

Бағрида кўз очиб кўрган жонажон Бухороси бу мўътабар ИНСОНни сўнгги йўлга кузатган 1990 йил 25 октябрь куни изтироб ила "Яшаб ўтди шундай бир одам" сарлавҳали шеър ёзган эдим. Хотира битикларим хотимасида шу шеърдан бошқа якун топа олмадим:

* * *

Кўҳна шаҳардаги кўҳна кўчанинг

Кўҳна ҳовлисида яшаб ўтди У.

Даврон мажруҳ этган тилнинг йўлига

Умридан пояндоз тўшаб ўтди У.

 

У ҳовли қурмади,

Топмади фурсат...

Нетсин, умр ўзи—салкам саксон йил.

Денгиздай сарҳадсиз орзу-ю ният—

Наздида бу муддат—бир қатра ахир.

Данакка сиғгандек улкан бир дарахт,

Дарё яралгандек кафтдай булоқдан,

Шу мўъжаз гўшада ғояларга ғарқ

Мўъжиза яратди мўъжиза одам.

 

Ҳазрат Алишерда байт бор—муқаддас

Мен уни мухтасар айласам изоҳ:

"Ўрмон шерин енгган—шижоаткормас,

Нафс итин енгганлар оламда шужо".

Ҳаловат изламай ҳою ҳавасдан,

Енгди У ҳузурнинг ҳийлаларини.

Тўплади талотўп замонда йитган

Табаррук тилининг тиллаларини.

 

Заргардай зеб бериб меҳридан, яна—

Қайтарди йўқотган ганжини Халққа.

Боқмади бировлар каби хомтама

Ҳаромкор қўллардан тилаб садақа.

 

Тошлар отишса-да ўнгу сўлидан,

Кечирди пасткашу дилозорларни.

Кечирмоқ келмади лекин қўлидан

Даҳо бўлса ҳамки тилбузарларни.

 

Фидойи жонларда—собит эътиқод,

Гарчи эътиқодга садоқат қийин.

Шуҳрат шаробидан воз кечган бу зот

Замона зайлига тушмади ўйин...

...Кўҳна шаҳардаги

кўҳна бир ҳовли...

Шунда яшаб ўтди шундай бир Одам.

Аммо У кўзини юмган маҳали

Катта бир шаҳарни чулғади мотам...

 

Бу ҳаёт ҳавасга арзирми, йўқми?

Жавоб беролмагай ҳамма ҳам бурро.

Менинг назаримда:

ҳувиллаб қолди

Мустақим домласиз

Кўҳна Бухоро...

Январь-февраль — 2014.

* Газета варианти.

 

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (12.11.2015)
Просмотров: 971 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz