Инсон умрини оқар дарёга қиёслашади. Дарҳақиқат, умр — тезкор, шиддатли. Муҳими эса, ўтаётган кунлар, ойларни яшаш, эзгу ишлар билан уни безаш.
С. МАХСУМОВА
«Mahalla»
Узоқ умр кўриб, ўзгаларга ибрат бўлаётган нуронийларни кўрганимда улар суҳбатидан баҳраманд бўлишга интиламан, пиру бадавлат инсонлар айтган ўгитларни хотирамга муҳрлашга ҳаракат қиламан. Чунки ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган ёши улуғлар дориламон кунларнинг қадрини биздан кўра чуқурроқ ҳис этишади, билишади. Биз ёшларнинг юртга муҳаббат ва садоқат руҳида камол топишимизда эса уларнинг ҳаёт йўллари намуна вазифасини ўтайди.
Хоразм вилояти Урганч туманидаги «Тандирчи» маҳалласида истиқомат қилаётган Ашират момо Юсупова ҳам 100 ёшни қаршилаган нуроний онахонларимиздан. Меҳнат фаолияти давомида хўжаликда пахта, пилла ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари етиштириш билан шуғулланган онахон бугун набираю чеваралари, маҳалла аҳли ардоғида.
Бир асрлик умри давомида А.Юсупова урушдан кейинги даврда фидокорона меҳнат қилиб, туман қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшди. Меҳнат фаолияти давомида орттирган бой тажрибасини ёшларга ўргатиб, пахта ва пилла етиштиришда юқори натижаларга эришиб, барчага ўрнак бўлди.
— Мен бахтли инсонман, — дейди момо. — Чунки тинч, осойишта, фаровон юртда яшаяпман. Ўзаро меҳр-мурувват қарор топган маҳалламиз фаоллари доимо мендан хабар олиб туришади. Истиқлол шукуҳини ҳис этиб, жигарларингдек бўлиб кетган қўни-қўшнилар билан ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиб яшашдан ортиқ бахт борми? Юртбошимиз раҳнамолигида ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилаларга берилаётган эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрликдан бошим осмонда.
Маънавий-маърифий ва ижтимоий ислоҳотларда фаол иштироки, самарали меҳнати, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қўшган ҳиссаси учун Ашират Юсупова мустақиллигимизнинг 23 йиллиги арафасида «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Маҳаллада Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси аъзоси бўлган онахон ёшларни турмушга тайёрлаш, оилавий маросимларни камчиқим ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатади, қизларга миллий либослар тикиш сирларини ўргатади. Қўни-қўшниларни, ёшларни ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашга, бугунги куннинг қадрига етишга ундайди. Маҳалла фаоллари муаммоларни ҳал этишда унинг ҳаётий тажрибасига суянишади.