//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Қисмат эшикларида

Қисмат эшикларида

 
Қисмат эшикларида О Т А Гулчеҳра АСРОНОВА

-Аҳад Турсунович, сиз олд қаторда ўтирар экансиз, илтимос.
-А? Ҳа, албатта.
У шунчалар тўлқинланиб кетдики, ёш боладек юзлари ловуллаб ёнди. Шу пайтгача унинг номини биров бунчалик илтифот билан тилга олмаган эди. Биллурдек ялтироқ залнинг салобати босиб тўғри келган жойга ўтириб олганди. Энди билса, унинг ўрни бу ер эмас экан, унга энг олд қаторни муносиб топибдилар. Ташкилотчи қизнинг ортидан борар экан, гўё тобора тўлиб бораётган залдаги одамларнинг барчаси нигоҳини унга тиккану, “ана унинг отаси!” деб шивирлашаётгандек, ҳаяжондан оёқларини аранг судради.
-Мана бу ерга, Аҳад Турсунович!,-деди бояги қиз, чўғдек товланиб турган курсига ишора қилиб.
У жимгина бош ирғаб, ўтирди. Атрофга яна бир қур назар ташлади. Наҳотки, бу туш эмас, ўнги? Қишлоқдан бир ўзи келиб чакки қилибди. Шу тобда ёнида бирон яқин кишиси бўлса-ю, қувончини баҳам кўрса. Ахир у ҳеч қачон бу қадар бахтиёр бўлмаган! Шу тариқа тўлиб-тошиб ўз терисига сиғмай ўтираркан, ногоҳ ёнидаги бўш жойга кўзи тушди-ю, юраги “шув” этиб кетди. Худди атайлаб бўш қолдиришгандек. Ноиланинг ўрни... Бу аччиқ ўй қалбига даъфатан бостириб кириб, барча ширин ҳисларини қувиб солди. Кўкси шу эсасиз жойдек ҳувиллаб қолди...
***
...Ноила қиз кўрди. Ширингина қизалоқ, ҳалитдан қош-кўзлари назарга кирадиган, мумдек қора сочларининг бир ғарам бўладиган сиёғи бор. У яратганга шукрлар айтди, яқинлари тўлиб-тошиб қутлашди, фақат эрининг қиёфасидаги шодликка аллақандай акс туйғулар соя солиб турганини сезди. Ҳойнаҳой, қиз туғилганига араз қилаяпти. Биринчиси ўғил бўлишини кутганди у, бу ҳақда кўп гапирган. Аммо... Нима қилсин, Худонинг бергани-да?!
Қизалоқ одам қиёфасига кириб, бир-икки қилиқ чиқаргач, ҳаммаси ўтиб кетди.
Иккинчи бор туғруқхонага йўл олганида ўзича пинҳона пичирлади: ишқилиб буниси ўғил бўлсин, бу кишим суюнсин-да.
Тағин қиз туғилди. Эри сир бермади-ю, чиройи унчалик очилмади.
Учинчи бор дард тутганда ўзи ҳам эридан кам нола қилмади: ўғил бер, ўғил, Оллоҳим! Аммо Худонинг айтгани бўлади-да, яна қиз кўрди.
Эри бу сафар очиқ-ойдин қовоқ уйди. Йиғлаб-сиқтаб қизнинг отини Ўғилой қўйдилар. Ўғил болача кийинтирдилар. Сочини ҳам қиртишлаб туришди. Ортидан ўғил етаклаб келсин, дедилар.
Тўртинчи қиз туғилди... Мурғак вужуд дунёга жар солиб, “Мен келдим!” дея суюнчилаб йиғлади. Аммо ҳеч ким суюнмади... Ширингина, кўзлари чарос қизчанинг дунёга саломи аликсиз қолди. Йиғисига онаси унсиз жўр бўлди.
Ўша куни Ноилани шифохона боғига туташ бинонинг биринчи қаватига жойлаштиришди. Очиқ дераза олдида кекса мажнунтолнинг шоҳлари солланиб турар, кузак заҳридан заъфар тортган барглар шаббодада аёлнинг қалби янглиғ титрарди, гўё. Уларга термулиб, ҳамон сассиз йиғлаётган Ноиланинг барча ўй-хаёллари чувала-чувала охири бир саволга тақаларди: эрим нима деркин?
Аҳён-аҳён одамлар ўтиб турар, ҳар бир товуш эрининг қадамларига ўхшаб, юраги тошиқарди...
Эри келмади. “Шунчалар аламзада эканда...” ичи зил кетди Ноиланинг. Кичик қизи топиб келган гап эса ярасига баттар туз сепди. Қизалоқ болаларча соддалик билан сўзма-сўз айтиб берди: “Дадам чақалоқни опкелмаса ҳам майли, сенлар ўзи етасанлар, деяпти. Кеча маст бўлиб келиб, менга қиз керакмас, опкелсаям итга ташлайман, деди. Нима энди чақалоқни ростданам...”
Ноила шошиб қизалоқнинг оғзига кафтини босди. “Қўй, болажоним, гапирма, бу гапларни ҳеч ким эшитмасин, хўпми?”-деди йиғи аралаш.- Ўзинг ҳам унут, даданг аччиғидан шундай деган.. Сингилчангга ҳеч нарса қилмайди”.
***
Саҳнанинг бир четида Шарифа пайдо бўлди. Бу ўша, тўртинчи қиз... Отанинг юраги ҳаприқиб кетди. Гулдек очилиб кетибди қизи! Ёнига ўзига ўхшаш бир қиз келиб юзма-юз тургач, елкасига каттагина аппаратини қўндириб олган йигит келиб уларни тасвирга ола бошлади. Ота ҳаяжондан бир қўзғалиб олди. Энди қизини телевизорда кўрсатишар экан-да! Албатта, кўрсатишади-да, ахир унинг ёшида бундай олий мукофотни ҳар ким ҳам олавермайди-ку?!
Мухбир қиз билан суҳбат қисқагина бўлди, кейин улар яна саҳна ортига ўтиб олдилар. Шунда қизи қалин дарпардалар ортидан бу ёққа мўралаб бир лаҳза тўхтаб қолди-да, нигоҳи билан кимнидир қидирди. Отасини кўрдию, нозик қўлларини астойдил силтай бошлади. У ҳам қўл силтаб, ўзининг шу ерда эканлигини англатиш баробарида боядан бери ичига сиғмай турган ҳаяжонини бир оз тўкиб олди. Кейин атрофидагиларга:”Бу менинг қизим!” дегандек мағрур қараб қўйди.
Шу кунларга етказганига шукр!
Бир пайтлар дунёга алишгусиз шундай фарзандини, ҳатто кўришни ҳам истамаганига энди ўзининг ҳам ишонгиси келмас, ўша хотиралардан қутулиш учун ҳар қандай қийноққа рози эди.
***
Чақалоқ уйга келган куни ота шийпонда тунаб қолди. Эртаси эса ярим тунда маст-аласт кириб келди.
-Дадаси, яхши келдингизми?
-Ёмон!- ўшқирди эр.-Ёмонман! Ҳаммаси сени деб! Ҳаётимни барбод қилдинг! Ичинг тўла қиз сенинг, бадбахт! Мана!
Ноила мушт зарбидан ерга чўзилиб тушди. Унинг инграб ётишига қараб, эр... биринчи марта енгил тортди. Хотини назарида ўзичалик қийналмаётгандек эди, мана энди ҳисоб тенг бўлди. Ва шу кундан эътиборан юрагига алам тўлганида муштига зўр бериб, таскин излашга одатланди.
Ноила ҳаммасига чидади, кўнди. Ўзини айбдор сезгани учун ҳам барча озорларга бардош берди. Аммо ҳали умиди бор эди- балким, бешинчиси ўғил бўлар? Шу илинжда шифокорларнинг тақиқларига ҳам қулоқ солмади. Ортиқ бундай яшай олмасди.
Эҳ, бу дунёнинг ишлари. Не бир ажаб, не бир ғалат. Бешинчиси ростдан ҳам ўғил экан. Ўғил! Ноила аниқ эшитди.: “Суюнчи беринг, ўғил бола!” Ниҳоят, ниҳоят эшитди ўша сўзларни! Суюнчисига жон фидо!
Эри шундай севиндики! Хушхабар айтган ҳамшира қизни даст кўтариб чирпирак қилиб айлантириб юборди. Дуч келган одамни қучоқлаб, қувончини баралла айтди. Ноила кўриши керак эдида-да, буни! Кошки кўролса эди...
-Қон босими тушиб кетяпти!
-Юрак уриши тўхтаяпти!
Ҳозиргина шодон қутловлар жаранглаган хона ҳавосини ваҳм тилиб ўтди. Ускуна ойнасидаги тўлқин-тўлқин чизиқлар заиф мавж уриб, теп-текис бўлиб қолди...
-Эри қани?- овози титради доянинг.- Топинглар!
Эр эса бу пайтда тантана қилар, “мана энди ота бўлдим!” дея ҳайқиргиси келарди...
Қишлоқни фарёд тутди. Қабристон битта қабрга кенгайди... Фожианинг сабабини текширдилар. Шифокорлардан айб топилмади. Шунчаки, умри битган экан. Зада ва беҳол она йиллаб интила-интила дийдор чорраҳасига етиб келди-ю, юзлашмай кетаверди. Ногирон болани дунёга келтирганини ҳам билмай кетди...
***
Аҳад чап кўксини ғижимлади. Ўша фожиалардан кейин яшашга қандай куч топди экан-а? Худонинг амри билан бўлган ҳар бир ишни- синов дейдилар. Олдинги хатоларининг тўловидир, балки? Нима бўлганида ҳам ўзини қўлга ололди. Қизларини оёққа турғазди, узатди. Ўғлини ҳануз ўзи парваришлайди...
Ҳаётдаги энг тўғри иши- кенжа қизининг ўқишига рухсат бергани эканлигини эса ҳозиргина англаб турибди. Бугун ёш олима Шарифа Аҳадовнага давлат мукофоти топширилади! Ота учун бундан олий шараф, олий бахт бормикан?!
Ана, бошловчи қиз минбардаги микрофонни ростлаяпти. Ҳозир бошланади. Агар юраги қувончдан “тарс” ёрилиб кетмаса, фарзандининг саодатли онларига гувоҳ бўлади. Ноила учун ҳам қувонади, ифтихор қилади.
Отанинг серажин юзидан йирик томчилар қувлашиб ўтди. Ёнидаги бўш жойга қараб қўйди...
 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (24.09.2015)
Просмотров: 875 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz