Категории раздела |
Турфа тақдирлар
[483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил
|
|
Статистика |
Онлайн всего: 1 Гостей: 1 Пользователей: 0 |
|
ҚИРҒИН: КИМЛАР ВА ҚАНДАЙ МАНФААТ ИЗЛАМОҚДА?
11:40
ҚИРҒИН: КИМЛАР ВА ҚАНДАЙ МАНФААТ ИЗЛАМОҚДА? - 2
|
Шуҳрат АҲМАДЖОНОВ
ҚИРҒИН: КИМЛАР ВА ҚАНДАЙ МАНФААТ ИЗЛАМОҚДА?
7. ҚОЗОҒИСТОН МХО МАНФААТИ
Қозоқ хонлиги (1465-1718) байроғи [59].
Авваламбор айтиш жоизки, Қозоғистон бугунги кунда – 2011 йил июнида Марказий Осиёдаги беш давлатдан энг бойи ва тез ривожланиб бораётган давлатдир. Бунга доир битта таққослама фактни келтириб ўтай.
"Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ЯИМ (ялпи ички маҳсулоти) доимо ўсиб бораётгани ҳақида расмий баёнотларга қарамай, у жуда паст даражада қолмоқда. Марказий банк расмий курси бўйича, Ўзбекистонда ЯИМ жон бошига бор-йўғи 1290 долларни ташкил этмоқда (Марказий Разведка Бошқармаси (МБА, АҚШ) маълумотларига кўра, харид қуввати бўйича солиштирганда мамлакатда жон бошига ЯИМ 3100 долларни ташкил этади). Таққослаш учун –харид қуввати бўйича солиштирганда жон бошига ЯИМ қўшни Қозоғистонда 12 000 долларга яқинлашмоқда, Туркманистонда эса 8000 доллардир” [60]
Энди тарихга эътибор берайлик. Марказий Осиёда 1465-1718 йиллар орасида Қозоқ хонлиги вужудга келди ва фаолият олиб борди.
Қосимхон (1445-1521) давридаги Қозоқ хонлиги (1511-1522) [59].
Қозоқ хонлигининг асосий пойтахти Туркистон шаҳри эди. Кўп йиллар давомида Тошкент шаҳри Қозоқ хонлиги ихтиёрида эди. Қозоқ ҳонлигининг таниқли ва ҳурматли бийларидан бири – Тўле би (рус тилида Толе би, 1663-1756) ҳозирги Жанубий Қозоғистон вилояти Тўлебий туманида 93 ёшида вафот этган бўлсада, уни 1756 йилда Тошкент шаҳрида дафн этишган. Бунинг сабаби – ўша давр мусулмон аждодларимиз Туля бини Қалдирғочбий деб асосли равишда жуда юқори даражада ҳурмат қилганлар.
Тошкентдаги Туля би (Қалдирғочбий) мақбараси. [61]
Бугунги кунда – 2011 йил 8 июнда Тошкент шаҳрида Туля би мақбараси бор, уни кўпинча Қалдирғочбий мақбараси деб аташади (мен ушбу мақбарага 1990-йиллар бошида кириб Туля би руҳига дуои фотиҳа ўқигандим). [61]
Бугунги Қозоғистонда Қозоқ хонлигининг 1465-1718 йиллари ҳақида радио ҳамда телевидениеда кўп ва хўп гапиришади, газета ҳамда журналларда мақолалар ёзишади.
Вагончага ўхшаган кичик ошхона ичида олти нафар хўранда овқатланаётганди. Улардан бири ўзбек тилида гапирганим учун менга қараб: "Ўзбекистонда қозоқларни сиз ўзбеклар тазйиқ қилаяпсизлар. Бу ерда эса бемалол юрибсизлар” деди. Мен: "Ўзбекистонда бир миллионга яқин қозоқлар яшаб юрибди. Агар ўзбеклар тазйиқ қилишганида улар Қозоғистонга кўчиб ўтган бўларди. Улардан жуда кўпчилиги кўчмасдан Ўзбекистонда яшаб юрибди” дедим.
У: "Тошкентга борсак милиция ходимлари "Қозоқ нега келдинг” деб бизни талайди, кўчада юришга қўймайди” деди. Мен: "Тошкентда ўзбек милиция ходимлари қозоқларнигина эмас, балки ўзбекларни ҳам талаяпти. Шунинг учун милиция ва махсус хизмат органлари тазйиқи билан оддий ўзбек халқи муносабатини ажрата билиш керак. Миллионга яқин қозоқлар ўзбеклар билан кўп йиллар давомида ёнма-ён қўни-қўшни бўлиб яшаб юрибди” дедим.
У бир оз жимиб қолдида, кейин бундай деди: "Тошкент қозоқлар ери. Ўзбеклар уни ўзиники қилиб олган” деди. Унга жавобан: "Мен Тошкентда 31 йил яшадим. Тошкент шаҳри ва вилоятида яшаётганларнинг жуда кўпчилиги ўзбеклардир. Қозоқлар ҳам бор. Лекин улар сони ўзбекларга нисбатан камроқ” дедим.
У провокатор тарихда яшаб ўтган бир-иккита қозоқ султонлари исми-шарифини айтиб, улар Тошкентда яшагани ва кўпгина тарихий шахслар қозоқ бўлгани ҳақида айтди. Мен қозоқ султонлари ҳақида тортишиб ўтирмадимда битта савол бердим: "Амир Темур ким ва қаерда туғилган?”
Провокатор нима дейишини билмай тутилиб қолди. Кейин олдида столда турган чойнакни қўлига олдида менга қараб ўшқириб: "Кет, ўзбек! Бўлмаса ҳозир шу чойнакни отаман!” деди. Мен атайлаб ортиқча тортишиб жанжалга айлантирмоқчи бўлаётган бу провокатордан узоқлашишим кераклигини тушуниб ошхонадан чиқиб ўз ишимга кетдим.
Махсус хизмат органи раҳбарияти ва ходимлари ўз фаолиятини халқ олдида оқлаш ва мамлакат бюджетидан катта маблағларни олиш учун уларга кимнидир, қайсидир гуруҳни, баъзан бутун бир миллат вакилларини душман қилиб кўрсатиши керак. Мана шу яширин мақсаддан келиб чиқиб МХОчилар Тожикистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам, Туркманистонда ҳам ўзбекларга қарши турли хил миш-миш ва туҳмат гапларни тарқатиш, уларга доир куй-қўшиқларни радио орқали эшиттирмаслик ҳамда телекўрсатувлар ташкил эттиришга рухсат бермаслик ва ҳоказо усулларни қўлламоқдалар.
МХО зобитлари ва улар билан боғлиқ кимсалар халқ орасида ўзбекларга қарши миллатчилик кайфиятини ошириш мақсадида имконият топганларида провокациялар уюштиришади. Бу провокация эканини билдирмасликка ҳаракат қилишади. Мана шундай провокациялардан бири 2008 йил 14 декабр куни Алматидаги "Қурдас-7” бозорида бўлгани ҳақида мен [62]-мақоламда ёзгандим. Ўша матнни келтириб ўтай.
"Мен 2008 йил 4 ноябрдан бери қочқин сифатида Алмати шаҳрида яшамоқдаман. 2008 йил 14 декабр куни соат 16.00-ларда Алтин Ўрда бозори яқинидаги «Қурдас-7» номли қурилиш материаллари бозорига бордим. Одатдагидек тирикчилик учун русчалаб «Суратга тушасизларми?» деб бозор ҳудудидан ўтиб бораётгандим.
Тунукалар сотиладиган жойда беш киши суҳбатлашиб ўтирган экан. Уларга ҳам таклиф қилдим. 25 ёшлардаги йигит қозоқчалаб: «Ўзбекмисан?» деб сўради. Мен ўзбекчалаб: «Ҳа, ўзбекман» дедим. Ўтирганлардан бири – 45 ёшлардаги киши қозоқчалаб: «Ҳужжатларинг тўғрими?» деган маънода сўради. Мен: «Ҳужжатларим тўғри» деб жавоб бердим.
25 ёшлардаги йигит қозоқчалаб: «Қайдансен?» деб сўради. Мен: «Ўзбекистонданман» дедим. У бошқа қозоқларга қараб кесатиб: «Ўзбек жақси жумыс тапибди (Ўзбек яхши иш топибди)» деди ва туриб олдимга келди. У менинг сураткашлигимни назарда тутганди. У елкамга осиб олган сумкамнинг сал очиқ турган бўлимига тўртта бармоғини тиқиб, ўзига торта бошлади. Қарасам, ҳозир сумкамни йиртиши мумкин.
Мен унга: «Қўлингни ол!» дедим. У сумкамга тиққан бармоқлари билан сумкамни ўзига куч билан торта бошлади. Мен: «Қўлингни тортиб гапир. Биров сумкасига қўлингни тиқма!» дедим ва унинг қаршилигига қарамай билагидан ушлаб унинг қўлини сумкамдан чиқариб қўйдим.
У ўнг қўлини мушт қилиб, жағимга сал ён томондан қўйиб итара бошлади. Мен нима қиларкан, деган маънода индамай, қимирламай унга тик қараб турибман. Ўтирганлардан бири қозоқ йигитга қараб «Қўй, қўй» деган маънода қозоқчалаб гапирди. Провокатор ўнг қўлини туширди. Кейин яна ўнг қўли билан ёқамдан ушлаб қозоқчалаб: «Бу ўзбекни урайми?» деди.
Мен индамай унга бир оз нафрат билан қараб туравердим. Шу вақтда икки нафар харидор келиб, темир-терсак, тунуканинг баҳосини сўрай бошлади. Шунда ўша 45-ёшлардаги киши қозоқчалаб гапириб олдимизга келди ва 25-ёшлардаги провокаторнинг елкасидан ушлаб қозоқчалаб: «Бор клиентларингга қара!» деди ва уни итариб жўнатди. Кейин менга қараб: «Сен бор, бор, ўз ишинг билан шуғуллан» деди. Мен индамай ўз йўлимга кетдим.
Адашмасам, 2008 йил 14 декабр куни Қозоғистон Республикаси Президенти Н.Назарбоев Астанадан Алматига 16 декабр – Мустақиллик байрами муносабати билан келганди. Бундай кунларда бозорларга махсус хизмат органлари зобитлари жўнатилади ва уларга катта ҳуқуқлар берилган бўлади. Улар бозор ҳудудидаги ўз хуфиялари, провокаторлари ҳамда оддий сотувчилар билан суҳбатлашиб ўтиришади. Баъзан провокаторлар вазиятдан фойдаланиб провокация, жанжал чиқаришга ҳаракат қилишади. Бундай вазиятлар Тошкентда кўп марта бошимдан ўтган.
Шундай қилиб, бу провокатор мен ўзбек бўлганлигим ва ўзбек тилида гапирганим учун калтакламоқчи бўлди. Мен асабийлашмасдан берган жавобларим ва ўша ерда ёши каттароқ кишининг аралашиши туфайлигина бу провокация амалга ошмади” [62]
Қозоғистон махсус хизмат органлари ўзбекларга ҳамда ўзбек тилига совуқ муносабат қилаётгани ва уюштираётгани ҳақида Қозоғистон Республикаси Президенти номига ёзган [63]-мақоламда келтирилган шикоят хатимда ҳам, бу ҳолатга Ўзбекистон раҳбарияти йўл қўяётган катта хатолар ҳақида [64]-мақоламда ҳам ёзганман.
Таъкидлашим лозимки, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев (1940.06.07) кучли, узоқни кўра биладиган, тажрибали ва жаҳонга танилган давлат арбобидир. Мамлакат Мустақилликка эришгач у 1991-2009 йиллар давомида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раҳбарини асосли равишда ўн (!) марта алмаштирди. Бундай тез-тез алмаштириш натижасида МХҚ раҳбарлари ўз ён-атрофига миллатчилик йўналишида катта провокациялар уюштиришга тайёр бўлган "команда”, гуруҳни шакллантириб улгурмади.
Шу ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли Қозоғистонда миллатлараро низо масаласида худди Қирғизистонда Асқар Ақаевнинг 1990-2005 йилларда Президентлиги давридаги каби ҳозирча нисбатан тинчлик сақланмоқда.
8. ҚИРҒИЗИСТОН МХО МАНФААТИ
Қирғизистон махсус хизмат органлари манфаатига доир [19]-мақоламнинг "Қирғизистондаги қирғиндан кимлар манфаатдор?” ва "Ўш ва Жалолободдаги қирғин қачондан бошлаб тайёрланганди?” деган 1-2-саволга берган жавобимда ёзганман. Бунга қўшимча фикр-мулоҳазаларимни кейинги параграфларда ёзаман.
Қирғизистон тарихда катта давлат қурмаганлиги сабабли Ўзбекистон ҳудудидаги бирорта шаҳарга даъво қилаётгани йўқ. Лекин Қирғизистон махсус хизмат органлари ва раҳбариятидаги айрим шахслар Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси яқинидаги баҳсталаб анклавларни ўзиники қилиб олиш истаги ва даъвоси бор.
"Анклав (лот. inclavatus — "ёпиқ, қулфланган”, лот. clavis — "калит”) – бошқа давлат ҳудуди билан ўралган давлат ҳудуди. Бошқа давлат ҳудуди билан тўлиқсинча ўралган давлатнинг бир қисм ҳудуди тўлиқ анклав деб аталади. Ҳудуд тушунчасига қуруқликдаги ҳудудлар ҳам, сув ҳавзаларидаги (кўл, денгиз, А.Ш.) ҳудудлар ҳам ҳам киради. Анклав-давлатларга Италиядаги Ватикан, Мальта ордени ва Сан-Марино, Жанубий Африка Республикасидаги Лесото киради” [65]
Анклавлар муаммоси ва Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси демилитация қилинмаганлиги билан боғлиқ муаммолар бор. Масалан, 2004 йил 6 сентябр куни Қирғизистон парламенти Шоҳимардон анклавини республикага қайтариб бериш масаласини муҳокама қилди ва Қирғизистон ҳукуматидан бу масалада Ўзбекистон билан музокаралар олиб боришни талаб қилди [66].
Бундан ташқари Қирғизистон ҳудудида жойлашган Ўзбекитсонга қарашли Сўх анклави муаммоси ҳам бор.
Яна муаммолардан бири - бу Қирғизистоннинг Боткент вилоятида жойлашган Ўзбекистонга қарашли газ кони ва газ ишлаб чиқариш ҳамда узатиш билан боғлиқ газ объектлари масаласидир. Бу масалада музокаралар кўп йиллардан бери давом этмоқда ва шу бугунга – 2011 йил 10 июнга қадар муаммо ҳал қилинган эмас. [67]
9. ТУРКМАНИСТОН МХО МАНФААТИ
Туркманистон тарихига доир кўпгина фактларни [68]-мақоламнинг 5-қисмида келтирганман. Маълумки Туркманбоши Сапармурод Ниёзов (1940.19.02-2006.21.12) Туркманистонга 1985-2006 йилларда раҳбарлик қилди ва мамлакатни махсус хизмат органларига таяниб диктаторларча бошқарди [69].
2006 йилдан бошлаб Туркманистонга бошқа диктатор - Гурбангулы Бердымухаммедов (1957.29.06) раҳбарлик қилмоқда ва у ҳам махсус хизмат органларига таяниб давлатни бошқармоқда [70].
Туркманистон ва Ўзбекистон мустақилликка эришгач, кучишлатар органлар ва уларнинг бевосита энг олий раҳбари бўлган давлат раҳбарлари ўзбек ва туркман халқи орасидаги тарихий дўстлик ҳамда қон-қардошлик алоқаларига қарши кўпгина номақбул ишларни қилди ва қилмоқда.
Бугунги кунларда чегара ҳудудларида Ўзбекистон фуқаролари туркман чегарачилари томонидан отилаётгани, икки мамлакат ўртасида виза тартиби жорий этилгани боис Туркманистондаги қариндош-уруғларни кўриб келиш учун чегарадан ўтиш мушкул муаммога айлангани, Туркманистонда ўзбек мактабларининг тугатилаётгани, Туркманистонда яшаётган ўзбек миллатига мансуб фуқаролар давлат амалдорлари томонидан қаттиқ камситилиши ва тазйиққа (дискриминацияга) учраётгани, ўзбек тилидаги газеталар ёпилаётгани, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар тўхтатилгани кўпчиликка маълум.
Туркманистондаги ўзбеклар аҳволига доир айрим фактларни келтириб ўтай.
"Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара 1600 километрдан узунроқ.
Хоразм вилояти ички ишлар идорасидаги манбанинг айтишича, (2010 йил ноябрида, А.Ш.) ўзбек-туркман чегарасида туркман чегарачилари Ўзбекистон фуқаросини ҳалок этганлар. Ҳодиса, милиция зобитининг маълум қилишича, Хоразм вилоятининг Туркманистон билан чегардош Шовот туманида юз берган.
Мақсуд Ражабов исмли Ўзбекистон фуқаросининг қай ҳолатда ҳалок этилгани маълум эмас.
Хоразм вилояти ички ишлар идорасидаги манбанинг айтишича, Мақсуд Ражабовни учта туркман чегарачиси аввал Ўзбекистон ҳудудида ҳалок этиб, сўнгра Туркманистон ҳудудига олиб ўтишган.
Ҳодиса жойини текширувдан ўтказган ўзбек чегарачилари у ерда қон изларини топганлар. Мазкур ҳодиса юзасидан ҳозиргача Туркманистон томонидан расмий изоҳ берилмаган.
Хоразм вилояти мулозимлари икки мамлакат ўртасида сим тўрлар тортилганидан буён биргина Шовот туманида 300 га яқин Ўзбекистон фуқаролари ҳалок этилганини айтишади. Туркманистон фуқароларидан қанча одамнинг қурбон бўлгани маълум эмас” [71]
"Расман Туркманистонда беш миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 8-10 фоизи ўзбеклардир.
Би-би-си ўзбек тилида таълим берилиши мутлақо тўхтатилгани ҳақидаги хабарни қаердан олганликлари ҳақида Туркман инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари ва "Хроника Туркменистана" сайти бош муҳаррири Фарид Тухбатуллиндан сўради.
Фарид Тухбатуллин: Аслида Туркманистондаги бошқа ҳамма тиллардаги мактаблар, жумладан ўзбек мактаблари ҳам аллақачон, яъни 2000 йилдан туркман тилида сабоқ бериладиган мактабларга айлантирилган, фақат ўзбек тили ва адабиёти дарслари қолдирилган эди. 2005 йилдан бошлаб бу дарсларни ҳам 1-синфдан эмас, 4-синфдан ўқитиш тартибига ўтилганди. Қолган фанларни болалар туркман тилида ўрганишар эди. 2005-2006 йиллардан 4-синфни бошлаган болаларга ҳам ўзбек тили ва ўзбек адабиёти фанини ўтмай қўйдилар. Ким 2005 йилгача бу фанларни ўрганишни бошлаган бўлса, уларга сабоқ беришни давом эттирдилар ва ўтган йили ўша болалар ҳам мактабларни битириб чиқишди. Шунгача ўзбек тили ва адабиётини ўқитган ўқитувчиларнинг аксари бугунги кунга келиб ишсиз қолдилар. Бу амалда Туркманистоннинг ўзбек миллатига мансуб одамлар зич яшайдиган ҳудудлари Дашогуз ва Лебоп вилоятларида ҳам ўзбек тилидаги сабоқлар буткул тўхтатилганини англатади” [72]
Таққослаш учун Ўзбекистондаги туркман тилли мактабларга доир маълумот.
"Ўзбекистонлик туркманлар эса, Туркманистонда яшаётган ўзбеклардан фарқли ўлароқ она тилларида таълим олиш имкониятига эга. Ўзбекистондаги туркман миллий-маданий марказининг Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Орум Авездурдиевнинг Озодликка айтишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистондаги туркман мактаблари эркин фаолият юритмоқда:
- Республика бўйича презиндентга маълумот берганимизда 51 та мактаб деб берганмиз. Мактабларнинг асосий қисми Қорақалпоғистонда. Қорақалпоғистонда 47 та мактаб бор. Хоразм, Бухорода биттадан.
Мактабларнинг аксариятида таълим тўлалигича туркман тилида олиб борилади, дейди О. Авездурдиев.
- Қорақалпоғистонда Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний деган жойлар бор. Ўша ердаги мактабларнинг ҳаммаси 100 фоиз туркман тилида. Дарсликларни таржима қилиб Тошкентнинг ўзида чиқариб бераяпти.
Авездурдиев, мустақиллик йилларида туркман мактаблари сони камайгани йўқ, дея қўшимча қилади.
Ўтган йилнинг 19-20 октябр кунлари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов туркманистонлик ҳамкасби таклифига мувофиқ Хоразмнинг Шовот туманига туташ Тошҳовуз шаҳрида "Туркман-ўзбек дўстлиги” фестивалида иштирок этган эди. Бу учрашувда икки халқнинг абадий дўстлиги ҳақида баландпарвоз сўзлар айтилди. Ҳукуматлар даражасида гуманитар ҳамкорлик тўғрисида шартнома ҳам имзоланди. Бироқ бу шартномада туркманистонлик ўзбекларнинг ўз она тилларида таълим олиш ҳуқуқлари инобатга олинмаган кўринади” [73]
"Бухорода яшовчи Камол оға асли Туркманистоннинг Илонли шаҳридан. У 21 кун аввал чегарадан 8 АҚШ доллари тўлаб, Туркманистондаги қариндошларини йўқлаб келди. Камол оға Туркманистонда бўлиши учун рухсат этилган уч кунлик муддат камлик қилгани ва барча қариндошлари билан учраша олмаганинидан ўкинади” [74]
Қуйидаги маълумотлар Туркманистондан бадарға қилинган ўзбек келинлари ҳақидадир.
"Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги чегаралар борган сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Чегара ҳудудларини ноқонуний кесиб ўтишларга аста-секин чек қўйилмоқда. Шунинг баробарида Туркманистонга 1992 йилдан кейин келин бўлиб тушган хоразмлик аёллар ўз юртларига шахсий паспортларида "депортация” муҳри билан мажбуран қайтиб келмоқдалар.
Тахминий ҳисобларга кўра, шу кунгача (2006 йил 19 октябргача, А.Ш.) Хоразм вилояти бўйича элликка яқин келин бола-чақалари билан бирга 5 йиллик муддатга Туркманистондан бадарға қилинган. Уларнинг кўпчилиги Шовот, Қўшкўпир, Гурлан, Ҳазорасп туманлари ва Урганч шаҳридан қўшни Туркманистонга келин бўлиб тушган аёллардир.
Зиёда Рўзимова 1977 йилда Қўшкупир туманининг Ғазовот қишлоғида туғилган. Мактабда тўққиз синф ўқиган. Уни оиласидагилар 1994 йилда 17 ёшида не-не орзу-умидлар билан Туркманистоннинг Тошовуз вилоятига қарашли Гўрўғли этрапига келин қилиб узатган эдилар. Аммо Зиёданинг шу ерлик чўпон Байрамгалди Қиличев билан турмуши маҳаллий идоралардаги маъмурий буйруқбозлик туфайли яхши бўлмади.
Расмий идораларга қанча мурожаат қилса ҳам у Туркманистон фуқаролигига қабул қилинмади. Йиллар давомида расмий никоҳсиз яшади. Ҳеч жойга ишга киролмай, эрининг чўпонликдан топгани билан ҳамда пайпоқ ва бошқа майда-чуйдаларни сотиб кун кўрди. Бирин-кетин туғилган 4 нафар фарзанди – Гулнора, Авазбек, Гулшод ва Ҳожиларга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ололмади. Улар нафақасиз ўсдилар. Ҳозир 7-синфда ўқиши керак бўлган Гулнора ва 1-синфда ўқиши керак бўлган Авазбек мутлақо саводсиз, улар туркман мактабига қабул қилинмаган.
2006 йилнинг феврал ойида туркман ҳарбийлари Зиёдани тўрт нафар боласи билан бирга 3 кун панжара ортига қамаб қўйиб, паспортига қатағон, яъни депортация қора тамғасини босиб, Туркманистондан чиқариб юборганлар.
"Эрим мол-ҳол олиб бориб, ҳужжатларимни расмийлаштиришга минг уринса ҳам, «Мустақилликдан кейин ўтганларни ҳайдаб турибмиз, юртингизга кетинг», дейишди. «Кетмайман» деб улар билан тортишганим учун 3 кун қамаб қўйдилар. Ҳарбий қисмдаги гаупвахтада ётдик. Солдатларнинг пиширган нонини едик. Сўраб олиб, ўғрин-тўғрин бир нонни яшириб қўйиб, болаларимга бўлиб бердим. Ун кепагини қайнатиб, ичига лавлаги солиб, овқат қилиб бердилар. Болаларим кўрпа-тўшакда, ўзим эса бетонда ётдим.
Уч кунлик қамоқдан чиққанимнинг эртаси куни яна олиб кетдилар. Пешиндан кейин уйдан чиқиб, Тошовузга бордик. Тўрт боланг ҳам ўзингнинг номингда экан, биттасини ҳам қолдирмай олиб кетасан, дейишди. Эрим икки болани олиб қолиб, иккитасини менга бермоқчи бўлди. Рози бўлишмади. Ҳаммамизни машинага тиқиб, Шовот божхона постига келтириб топширишди. Ёнимизда пулимиз ҳам йўқ эди. Ўзбекистон мелисалари дарров қабул қилиб олиб, «Қўйинг, йиғламанг, юртингизга келяпсиз, қайтанга қувонинг ахир» дейишди. «Тўрт боламни белимга танғиб келаяпман, буларни отасиз қандай қарайман, қандай боқаман» деб яна йиғладим. Улар «Қўйинг, йиғламанг, мана сизга 1000 сўм, такси уйингизга олиб боради» деб, такси тўхтатиб, мени миндириб, «Шу аёлни айтган жойига обориб, уйига туширинг» деб жўнатишди. Таксида бувимларникига келдим. Бувимларникида бир оқшом ётиб, эртаси куни уйга бордим». – дейди Зиёда Рўзимова.
Зиёда энди Туркманистонга қайтмоқчи эмас. Ғазовотда мактаб ёшидаги болаларини мактабга жойлабди, кичик фарзандларига маҳаллий идоралар томонидан нафақа тайинланибди, ўзига моддий ёрдам берилибди. Эри эса «қачон Иттифоқ қайта тикланса, чегаралар очилса, сени олиб кетаман. Ҳозир божхонага тўлайдиган, ҳужжатларни расмийлаштирадиган пулим йўқ» дебди.
Зиёданинг бувиси Ойша Хўжаниёзова қизнинг бахти очилмаганидан чуқур қайғуда:
«Туркманда Зиёдага ҳеч ким раҳм қилмаган. Ўлсанг ўз юртингда ўлмоқ керак. Бечорани итнинг боласидек чегарага ирғитиб ташлаб кетдилар. Яна ўзларимизни мелисаларимиз раҳмдор экан. Бири 1000, бири 800, бири 600 сўм чиқариб, 5000 сўм бериб, уйимга юборганлар. Эгнидаги кийимлари увада бўлиб кетган экан, дарров алмаштирдик. Февралнинг совуғида битта кўйлакда тўрт болани қўлтиғига қисиб келибди. Ўзбек деб хўрлашган. Қонун-қоидага тушунган, зиёли қайноғалари бор, нима учун мелисалар билан қонун доирасида гаплашиб, тўрт боласи билан бирга олиб қолишди?».
14 минг 200 нафар аҳоли истиқомат қиладиган Ғазовот қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Маҳмуд Тангрибергановнинг айтишича, Зиёда Рўзимованинг қайтиши қишлоқдаги ягона ҳодиса эмас. Яна бир фуқаро Дурдипошша Полвонова ҳам 2006 йил бошида болалари билан Туркманистондан депортация қилинган. Туркманистондан бу қишлоққа тушган туркман келинлар эса 5 нафар бўлиб, улар Ғазовотда бемалол яшаб юрибдилар.
«Қишлоғимиз чегара минтақасида жойлашгани сабабли туркманлар билан қиз олиш, қиз бериш, тўйларни бирга ўтказиш каби алоқаларимиз бор эди. Динимиз, ҳатто қабристонимиз ҳам бир эди. Туркманистоннинг Тахта этрапидаги Исмамут ота қабристонида қишлоғимиздаги деярли барча оилаларнинг қавмлари ётибди. 2002 йилда Туркманистон томонидан чегарада қаттиқ назорат ўрнатилгунча борди-келдимиз яхши эди.
Қишлоқнинг қарийб 99 фоиз аҳолиси йилда бир марта Исмамут отага зиёратга зиёратга кетарди. «Дўстлик-Ғазовот» бозори ташкил қилинган, туркманлар келиб яхши савдо қиларди. Ана шундай яхши замонлар эди. 2002 йилдан кейин у ёқдаги қабрларни зиёрат қилиш, борди-келди қилиш катта муаммога айланди. Кейинги йилларда туркман чегарачилари биздаги фермерларнинг қорамоллари, отларини ўғирлаб кетган ҳолатлар ҳам рўй берди. Сим тортилиб, чегара ҳудудлари аниқ белгилангач, бундай ҳолатларга бирмунча чек қўйилди”. – дейди раис Маҳмуд Тангриберганов” [75]
"Инсон ҳуқуқлари Туркман ташаббус гуруҳи (2010 йил июнда, А.Ш.) тарқатган хабарга кўра, Туркманистоннинг Лебап вилоятига турмушга чиққан 30 га яқин бухоролик аёл болалари билан биргаликда пинҳона тарзда Ўзбекистонга депортация қилинган.
Бу аёлларнинг барчаси Туркманистон фуқароларига турмушга чиққан ва айримлари кўп йиллардан бери шу ерда истиқомат қилиб келган” [76]
Хуллас калом, Туркманистон махсус хизмат органлари қон-қардош туркман ҳамда ўзбек халқлари ўртасидаги муносабатларга совуқчилик тушириш ва ихтилофлар яратиш учун кўп йиллардан бери ҳаракат қилмоқда ва бу йўналишда анчагина ишларни амалга оширди.
Лекин Туркманистон яқин минг йилликда ўзларининг катта давлатини қурмагани учун Туркманистон махсус хизмат органлари Ўзбекистон ҳудудидаги бирорта каттароқ шаҳарга даъвогарлик қилиш кампаниясини уюштира олгани йўқ ва бунга бирорта тарихий асос ҳам йўқ.
Ўзбек ва туркман халқлари орасидаги муносабатлар ва уни бузишга ҳаракат қилаётган махсус хизмат органларига доир ушбу параграфни 1994 йилда бўлган битта воқеани гапириб бериш билан тугатсам.
Бир гуруҳ сафдошларим билан бирга 1993 йил октябридан 1994 йил ноябригача Ўзбекистон Республикачилар партиясини (ЎзРП) тузиш тадбирлари билан шуғулландим. 1993 йил декабр охирроғида Ташаббус гуруҳи қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳокимиятига ариза ёзиб, ЎзРПга аъзо бўлишни хоҳлаб 500 фуқаро ариза бергани ва шу сабабли ЎзРП Таъсис қурултойини ўтказишга рухсат сўраганимда ҳокимият ходими аризалар солинган папкам билан танишиб чиқиб, ЎзР Президенти қошидаги Жамоат ташкилотлари билан алоқалар бўлими раҳбари Муқимжон Қирғизбоев (1948) билан учрашишим кераклигини айтди (у сиёсий фанлар доктори, профессор).
Мен Президент Аппаратига бориб М.Қирғизбоев билан учрашиб суҳбатлашдим. У бироз суҳбатлашгач ЎзРП қурултойини ўтказишга рухсат олиш учун аввал Ўзбекистоннинг камида саккизта вилоятида, бунга Тошкент шаҳрини ҳам қўшган ҳолда, ЎзРПнинг бошланғич ташкилотларини тузиш ва бу ҳақдаги йиғилиш қарорлари бўлиши кераклиги ҳақида айтди.
Мен ҳамфикр сафдошларим билан бирга 1994 йил давомида ўнтага яқин вилоятларда бўлиб ЎзРП бошланғич ташкилотларини тузиш ва бунга доир қарорлар тайёрлаш билан шуғулландим. Шу сафарим охирида 1994 йил сентябрида Бухоро вилоятида - Самарқанд Давлат университети механика-математика факультетида 1970-1975 йилларда бирга ўқиган курсдош дўстим Итолмас Султонов (1952) яшаётган қишлоққа ҳам бордим (у "Г” гуруҳи оқсоқоли (старостаси) эди, биз унга Толмас деб мурожаат қилардик). Бу қишлоқ Ўзбекистон чеккасида, Туркманистон билан чегара минтақасига яқин жойда жойлашган экан. Қишлоқ ҳамда туманда ўзбеклар ва туркманлар камбағалроқ аҳволда бўлсада ёнма-ён аҳил яшашар экан.
Дўстим Толмас мактабда директор бўлиб ишлар экан. Шу сабабли уни кўпчилик танир экан. Бир йигитдан сўрасам, унинг уйи анча масофада эканлиги ва уйига олиб бориши мумкинлигини айтиб, ўз мотоциклига мингашиб ўтиришга таклиф қилди. Мотоциклга мингашиб, Толмасжоннинг уйини топиб бордик. Унинг сочлари оқариб кетибди. Борган куним кечқурун шу қишлоқда тўй бор экан. Толмас мени тўйга бошлаб борди. Тўй столлари атрофида ўзбеклар ва туркманлар ўтиришиб бир оила фарзандларидек гурунглашиб, тўйда хизмат қилаётган хонанда қўшиқларини тинглаб ўтиришарди.
Даврани олиб борувчи тўй давомида менга Тошкентдан келган меҳмон сифатида сўз берди. Мен аввал куёв ва келинни, унинг қариндошларини тўй билан табрикладим. Кейин даврада ўтирган ўзбеклар ва туркманлар, минг йиллардан буён давом этиб келаётган икки халқ ўртасидаги дўстона алоқалар ва 1991 йилда мустақил давлатларга ажралган бўлсакда бу тарихий алоқаларни давом эттиришимиз ҳамда мустаҳкамлашимиз кераклиги ҳақида айтдим. Сўзим охирида келин-куёвга мурожаат қилиб, серфарзанд бўлишларини ва фарзандлари орасидан Марказий Осиёдаги туркий халқларни бирлаштира оладиган тарихий шахс, давлат арбоби етишиб чиқишини тиладим. Тўй даврасида ўтирганлар сўзларим ва тилагимни қарсаклар билан олқишлашди. Тўй миллий куй-қўшиқлар билан давом этди.
2000 йилда 6-марта курсдошлар учрашувини Тошкентда ташкил қилганимда Самарқанддан келган курсдошим Итолмас Султонов вафот этгани ҳақида айтди. Аллоҳ Толмасжонни ўз раҳматига олсин, охиратини обод қилсин, жойи жаннатда бўлсин, омин!
Марказий Осиёдаги давлатлар, жумладан Туркманистон мавзусига доир гапларимни 11-параграфда давом эттираман.
|
|
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (09.08.2013)
|
Просмотров: 1696
| Рейтинг: 0.0/0 |
|
|
|