ИНТЕРНЕТДАН ФОЙДАЛАНИШ МАДАНИЯТИ
ёҳуд бузғунчи ғоялардан ҳимояланиш зарурияти
Инсоният ақл-заковатининг маҳсули бўлган шундай кашфиётлар борки, улар бир пайтнинг ўзида ҳам эзгуликка, ҳам ёвузликка хизмат қилиши мумкин. Масалан, Альфред Нобель динамитни ихтиро қилганида тоғ кончилари меҳнатни енгиллаштиришни ният қилган бўлсада, бу янгилик бир кун келиб инсониятга мусибатлар келтира бошлади. Ядровий реакцияларнинг мислсиз куч-қудратини кашф этган олимлар ҳам ушбу ихтиро асосида яратилган қуроллар башариятга фақат кулфат олиб келишини тасаввур этмаган бўлсалар керак.
Ҳар қандай кашфиёт каби интернет ҳам интеллектуал салоҳиятнинг натижаси ҳисобланади. Биз интернет ёрдамида исталган маълумотларга жуда тез вақт оралиғида эришишимиз, масофадан туриб таълим олишимиз, ҳорижда яшаётган қадрдонларимиз билан суҳбатлашишимиз ва ҳаттоки электрон адабиётлардан баҳраманд бўлишимиз мумкин.
Бугунги кунда бутун инсониятга хавф солаётган диний экстремистик оқимлар ўз тарафдорлари сонини кўпайтириш ва бузғунчи ғояларини тарғиб қилишда интернет тизимидан кенг фойдаланмоқда. Айтиш жоизки, сўнгги йилларда террорчилик ташкилотлари ғояларини тарғиб-ташвиқ қилишга қаратилган веб-сайтларнинг сони бир неча баробарга ошган. Ҳусусан, 10 йил аввал бундай сайтлар сони 20 та бўлса, бугунги кунда тероррорчилар фойдаланаётган 7000 дан ортиқ интернет сайтлари мавжуд бўлиб, уларга хизмат кўрсатувчи порталлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Бундай сайтларга зўравонлик, ахлоқсизлик, тайинсиз секталар, ўзларини аллақандай диний жамоалар вакиллари деб номланаётганлирнинг чиқишлари ҳамда ғоялари жойлаштирилмоқда.
Бундай интернет сайтларининг яна бир ўзига хослиги-тўсатдан пайдо бўлади, маълум вақт ўтгач йўқолади, мазмунини ўзгартирмаган ҳолда, тез-тез номланиши ва доменини ўзгартириб туради. Шунингдек, ушбу тоифадаги сайтлар бир томондан, террорчилик ташкилотининг фаол аъзоларига, иккинчи томондан, террорчиларнинг асл мақсад-муддаоларини билмайдиган, уларни “курашчилар”, “муҳолифат” ва шу кабилар сифатида қабул қилишга ўрганган одамларга мўлжалланган. Улардан жамиятда тегишли ижтимоий фикрни шакллантириш ва қарама-қарши (душман) томонга руҳий таъсир кўрсатиш, қўрқув, ваҳима тарқатиш орқали ички иккиланишни келтириб чиқаришдек мақсадлар кўзланади. Ёшлар ҳаёти ва тарбиясига катта хавф солаётган, бутун жаҳонда бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай ҳуружларга қарши курашиш ҳаётий-амалиётга айланмоқда.
Бу каби ғаразли мақсадларни кўзлаган кучларга қарши курашишда эса, маънавият энг катта қурол бўлиб хизмат қилади. Шундай экан, вояга етаётган ҳар бир фарзандимизни кучли мафкуравий иммунитет ва юксак маънавиятга эга шахс сифатида тарбиялаш озод, обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни таъминлашимизнинг асосий шартларидан бири бўлиб қолаверади.
С.НОРМУРОДОВ.
|