*Ҳикоят
Онамни рози қила олдимми?
Бир кун бир одам Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурига келиб:
—Ё Расулуллоҳ! Онам жуда кексайиб қолди. Боладек бўлиб қолган. Гўдакларга ўхшаган ишлар қилади. Ўрнидан ту¬ра олмайди. Унга ўз қў¬лим билан овқат бераман. Сувни ҳам ўз қў¬лим билан ичираман, таҳоратига ёрдам бераман. Хоҳлаган ерига кўтариб олиб бораман. Ё Расулуллоҳ! Онамнинг ҳаққини ўтай олдимми, рози қила олдимми, йўқми?—деб сўради.
Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.):
—Волиданг ҳаққининг юздан бирини ҳам ўтай олмагансан,—дедилар.
Ул одам:
—Нега? Ё Расулуллоҳ! Мен онамнинг айтганини сира икки қилмаганман.
Расули Акрам (с.а.в.):
—Волиданг сенга: "Ўғлим ўсиб, улғайсин, буюк одам бўлсин, умри узун бўлсин", деб хизмат қилиб, опичиб юрарди. Сен эса унга, қачон ўлади, ўлса қутилардим деб хизмат қиласан. Булар орасида тоғдек, ер билан осмончалик фарқ бор. Онанг сени боққанида ўғлим қачон улғайиб катта бўлади, дерди. Сен эса онам қачон ўлади, дейсан. Сизларнинг бу ниятларингиз ўртасида катта фарқнинг яна бир жиҳати бор. Сен онангга қанча хизмат қилсанг ҳам унинг ҳаққини ўтай олмайсан. Буни яхшилаб билиб ол. Ҳеч бир фарзанд ота ва онанинг ҳаққини ўтай олмайди. Шуни яхши билгинки, сен онангга хизмат қилсанг Жаноби Ҳақ сенга буюк савоблар беради. Ота ва она розилигини олган, ризолигига ноил бўлган одам Жаноби Ҳақ ризосига ноил бўлади, розилигини олади,—дедилар.
(Юсуф Товаслийнинг "Ҳикматлар хазинаси" китобидан.)
ДОНОЛАР БИСОТИДАН
Бахтиёр бўлишни истасанг қуйидаги хислатларни ўзингда мужассам қилгин: аввало ота-онанинг ҳаққини адо қил, ота-она хурсандлиги киши учун дунёда катта давлатдир.
Муҳаммад ҲУСАЙН
* * *
Ўз ота-онасини рози қилмайдиган, уларни ранжитадиган фарзанднинг иши ҳеч қачон олға бормайди ва элнинг олдида обрўйи бўлмайди.
Мустафо ҲОМИЙПОШШО
* * *
Фарзандлар ота-онага итоат этиб, ҳар бир фурсатни уларнинг ризолигисиз ўтказмасликлари лозимдир. Ҳар бир саодатли ва азиз фарзанд ота-она кайфиятини розилик белгиси билан хандон қилади, ота-она хурсандчилигини ўзига келадиган яхшиликнинг дебочаси деб билади.
Бархурдор ибн МАҲМУД
БИР ЖУФТ ҲАДИС
Аввало онангга яхшилик қил, яна онангга, яна онангга яхшилик қил, сўнгра отангга яхшилик қил.
* * *
Отага итоат—Аллоҳга итоат қилишдир.
ШОИРЛАР НАЗМИДА
Кексаларни этсанг азизу ҳурмат,
Сени ҳам кексайгач этишар иззат.
Фаридиддин АТТОР
* * *
Онангдан бош товлама, ошмасин дарди,
Шараф тожи эрур оёғин гарди.
Абдураҳмон ЖОМИЙ
* * *
Бошни фидо қилғил ато бошиға,
Жисмни қил садқа ано қошиға.
Алишер НАВОИЙ
* * *
Атоға ким бу янглиғ қилса хизмат,
Ўз ўғлидин анингтек тобғай иззат.
ҚУТБ
* * *
Ул дамки бошимда отам бор эди,
Бошим узра тожим, жиғам бор эди.
Саъдий ШЕРОЗИЙ
|