* * *
Кўпинча тенглик тушунчасининг адолат билан аралашганини кўрамиз. Инсонга икки, қўйга тўрт оёқ берилишида бир тенгсизлик бордир. Аммо бу адолатсизлик эмас. Инсонга буниси, қўйга эса униси ярашади.
Алоуддин Башар
* * *
Ёмон, норасо эътиқод билан қилинган эзгу иш сароб ва кул каби ҳеч қанақа фойда бермайди.
Абулқосим Замахшарий
* * *
Агар банда қалбида Аллоҳга муҳаббат лаззатини тотиб кўрса, Аллоҳ унга айбларини кўрсатиб қўяди ва у киши ўзгалардан айб қидирмай, фақат ўз айблари билан машғул бўлиб қолади.
Робиа Адавиййа
* * *
Тўрт нарсани тўрт нарсадан, яъни дилни ҳасаддан, тилни ёлғондан ва ғийбатдан, қилган ишингни мунофиқликдан, қорнингни ҳаром-ҳаришдан пок тут, шундагина чин одам ҳисобланасан.
Фаридиддин Аттор
* * *
Обиднинг ибодати нафсини, одилнинг адолати оламни ислоҳ этар.
Араб ҳикмати
* * *
Қилич ва найза билан ҳосил бўлмаган кўп ишлар юмшоқлик, мулойимлик билан ҳосил бўлади. Ғазаб келтирган зарар ғазабланган кишининг ўзига қайтар.
Имом Шофеий
* * *
Мол-мулкни беҳуда исроф қилиш куфрони неъматдур. Ўйламасдан бойлигини сарфлаш тўлиқ таназзулга олиб келади.
Абулқосим Замахшарий
* * *
Ғазаб ўти олдин эгасини ёндиради, кейин учқуни душманларига ё етади, ё етмайди.
Саъдий Шерозий
* * *
Ким ақли билан чекланса, адашади. Ким одамларга кибр қилса, хор бўлади. Ким амалга берилса, қийинчиликка дучор бўлади. Ким одамлар устидан фахрланса, синади. Ким аҳмоқлик қилса, ҳақоратланади. Ким разиллар билан суҳбатдош бўлса, тубанлашади. Ким уламолар билан ўтирса, виқорли бўлади. Ким ёмонлик кўчасига кирса, туҳматга йўлиқади. Ким динда дангасалик қилса, ўтириб қолади.
Мансур ибн Аммор
* * *
Ҳар ким амалга танбаллик қилса, Аллоҳ уни бир ғамга дучор қилади.
Али ибн Абу Толиб
* * *
Биз дунёга манманлик учун келмадик. Биз севги учун, бошқаларнинг меҳрини қозониш, махлуқотни яхши кўриш, яратилган нарсаларга шафқат, муҳаббат кўрсатиш учун келдик.
Юнус Эмро
* * *
Агар биз мўмин бўлатуриб, нафсимизни жиловлай олмасак, демак, биз ҳали комил мўмин ва комил иймон эгаси эмасмиз. Комил иймонга эга бўлмаганимиздан нафсоний орзу-ҳавасларни жиловлай олмаяпмиз.
Умар Форуқ Сайдо Жазарий
* * *
Агар оқил одам нодонлар гурунгига тушиб қолса, улардан иззат-икром кутмасин, агар нодон бемаъни каломи билан оқилни енгса, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ, зеро ёқутни тош ҳам синдириши мумкин.
Саъдий Шерозий
* * *
Озгина танбалликка йўл қўйилган жойда нафс сизга ҳоким бўла бошлайди. Инсон то ўлимига қадар шайтон ва нафс ҳужумидан омонда бўлолмайди.
Умар Форуқ Сайдо Жазарий
* * *
Кўрдимки, умр ва дунёдан кўра тез ўтиб кетадиган, ўлим ва охиратдан кўра яқинроқ, орзудан кўра узунроқ, хотиржамликдан кўра гўзалроқ нарса йўқ экан.
Нажмиддин Кубро
* * *
Дўстга ҳам, душманга ҳам яхшилик қилиш яхшидир. Агар дўстингга ёмонлик қилсанг, у сенга душман, душманингга яхшилик қилсанг, у сенга дўст бўлади.
Умар Хайём
* * *
Дўстимки, душманимга дўстлик қиларкан, уни мен дўст ҳисобламайман. Заҳарга қўшилган шакардан эҳтиёт бўл.
Абу Али ибн Сино
* * *
Икки душман бутун ер юзига сиғмайди, аммо икки дўст бир қарич ерга сиға олади.
Асмаий
* * *
Очлик ва қийинчилик фитнаси билан имтиҳон қилиндингиз, сабр этдингиз. Мўл-кўлчилик фитнаси билан ҳам синаласизлар. Мен сизларнинг аёллар фитнасига учрашингиздан кўпроқ хавотирдаман.
Маоз ибн Жабал
* * *
Аллоҳ таоло қайси бандани гуноҳ ботқоғидан тақво шарафига чиқарган бўлса, уни мол-дунёсиз бой, машаққатсиз шарафли ва хурсанд қилибди.
Довуд Аттокий
* * *
Аллоҳнинг неъматлари борасида ўйламоқ – ибодатнинг энг фазилатлиларидандир.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ
* * *
Яхши одам бўлиш учун ибодат қилишнинг ўзи кифоя эмас, балки яхши қалбли, ёмонларни ёмон кўрувчи бўлиш керак.
Абдуллоҳ ибн Масъуд
* * *
Ғафлатда қолган иймон ўз эгасига ҳеч бир куч ва озуқа бера олмайди. У бир хаёл сифатида келиб-кетган тушдаги овқатга ўхшайди. Демак, ғафлат уйқусидан уйғонмоқ лозим.
Нуруллоҳ Сайдо Жазарий
* * *
Аллоҳ таоло фаҳм-фаросат бергани, ғафлат уйқусидан уйғотгани, бу дунёдан ўтиб, охиратини ўйлайдиган қилиб қўйгани нақадар яхшидир.
Абу Лайс Самарқандий
* * *
Макоримул-ахлоқ (юксак хулқ) қуйидаги ўн хислатдан ибодатдир: саховат ва ҳаё, ростгўйлик ва омонатни жойига бериш, камтарлик ва рашк, шижоат ва ҳалимлик, сабр ва шукр.
Али ибн Абу Толиб
* * *
Ичимизда сақлар эканмиз, ҳар қандай сир бизнинг асиримиздир. Ошкор этган пайтимиздан бошлаб биз унинг асирига айланамиз.
Али ибн Абу Толиб
* * *
Аблаҳ дўст душмандан ҳам ёмон, ёмон не ҳийлани билса, ишлатар осон.
Жалолиддин Румий
* * *
Дунёю охират яхшилигини қаноатда, ёмонлигини тамада кўрдим.
Нажмиддин Кубро
* * *
Аллоҳ севгисининг аломати Қуръон севгисидир. Қуръон севгисининг аломати Пайғамбар севгисидир. Пайғамбар севгисининг аломати унинг суннатига ва гўзал ахлоқига тобе бўлмоқдир. Суннатга тобе бўлишликнинг аломати охират ҳаётини унутмасликдир. Охират ҳаётини унутмасликнинг аломати дунёга ҳирс қўйишдан, ҳаром ва ғайримашруъ даромад йиғишдан қочишликдир.
Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий
* * *
Бадбахтлик нишонаси беш нарсадир: бири – кўнгил қаттиқлиги, иккинчиси – кўз ёшланмаслиги, учинчиси –ҳаёсизлик, тўртинчиси – дунёни севмоқлик, бешинчиси дунё учун жондан андиша айламоқликдир.
Молик бин Динор