//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Икки манзара

Нобакор ўғил

Яқинда бир даврада ўтириб, аянчли гапнинг устидан чиқдим.

— Кеча Абдимурод аканикига боргандим, — деди амаким. —  Бечора ўкиниб, йиғлади. Ўз ўғли урибди...

— Ўғли-я, нега уради? — сўрадим ҳайрат билан.

— Бир такасалтанг, бекорчихўжа ўғли бор. Шунга қаттиқроқ гапирган экан, гап қайтарибди. Отанинг жаҳли чиқиб, бақирибди. Сўлоқмондай ўғил, калтабинлик қилиб, жаҳл устида урибди-да. Ўз отасини-я... Худо урган бола экан ўзиям...

Даврадагиларнинг ҳаммаси чуқур уҳ тортди. Ўз отасига қўл кўтаришдек энг оғир гуноҳга ботган нобакор ўғилни хаё­лан койидик. Икки дунё кўзига қоронғи кўринган бечора отанинг ҳолига раҳмимиз келди.

Кимдир беихтиёр овоз чиқариб: «Шундай аҳмоқ фарзандлардан ўзи асрасин» деб юборди.

— Ие, нимасини айтасизлар, Абдимуродбойнинг ўзиниям худо урган-да аслида, — деди даврадаги энг кекса киши — ҳамсоямиз Бўри бува. Ҳамма ярқ этиб, ҳайрон бўлиб бувага қарадик. У киши чойдан бир ҳўплади-да, шамасини деразадан ташқарига зарда билан сепиб юборди ва даврага сер солиб давом этди: — Қайтар дунё дегани чўпчак эмас-да. Ўша Абдимуродбой бир пайтлар отаси Абдирайим бувани урган эди... Кўпингиз буни билмаслигингиз мумкин. Лекин мен ўз кўзим билан кўрганман. Йигитлик чоғимиз эди. Ҳашар йўли билан ­сомонхонасининг пахсасини кўтараётган эдик. Лойхандакда ишлаётган бува аллақаерлардан гандираклаб, маст бўлиб келган Абдимуродбойга гапирди-гапирди, қулоқ илмади. Буваям чапани эди, хандакдан чиқа солиб, қулочкашлаб бир туширди, ўғил эсанкираб қолди. Кейин кўзи қонга тўлиб, бувани дўппослай кетди. Зўрға ажратдик. Ўшанда Абдирайим бува йиғлаб, худонинг зорини қилиб, қарғаган эди... Отанинг қарғиши ёмон-да. Тўғри нишонга уради...

Давра жим бўлиб қолдик. Ростдан ҳам ўтирганларнинг ҳеч бири бува айтган воқеадан хабари йўқ экан. Назаримда, бу гапдан кейин Абдимурод акага раҳми келиб ўтирганларнинг бояги фикри кескин ўзгарган, ҳар ким ўз отаси, ўзи ва фарзандлари ҳақида ўйлай бошлаган эди.

Уясида кўрган қуш

Худди шу даврада гап айланиб-айланиб, қишлоқда донғи кетган Сафо муаллимга бориб тақалди.

— Муаллимга худо ортиғи билан берган-да, — деди қўшни қиш­лоққа кўчиб кетган, ҳозир меҳмон бўлиб турган бир қорамағиз киши. — Уй-жой, мол-ҳол, бу ёғи болалариям жуда аҳил-иноқ, бинойидай ишбилармон чиқди.

— Тўғри-тўғри, — деб маъқул­ладик.

— Яқинда катта ўғли ҳайҳотдай ерга ҳовли солиб, домлани кўчириб ўтказди, — деди мезбон амаким. — Яна домлани Ҳажга юбориш ҳаракатида, деб эшитдим.

— Қани эди, бизнинг ҳам болалардан шундайлари чиқса... — деди қўшнилардан бири.

Гурунг мазмунидан бир умр мактабнинг оддий ўқитувчиси бўлган бу инсонга ҳамма ҳавас билан қараши кўринди-қолди. Бу бежиз эмас экан. Сабабини яна элнинг кайвониси, давранинг ёшуллиси Бўри бува айтди.

— Сафога мен ҳам ҳавас қиламан, — деди бува. — Болаларини инсофли-диёнатли қилиб тарбиялади. Элга эл бўладиган қилиб қўшди. Ҳаммасининг қўли кўксида. Ҳурмат-иззатингни жо­йига қўйиб, яхши гап билан жонингни олади-ей. Оғзидан ёмон гап чиқмайди. Ҳаром-харишнинг ёнига йўламайди, бошинг омон бўлгурлар.

Қуш уясида кўрганини қилади-да. Сафо домланинг ўзи жуда маънили, инсофли одам. Раҳматли отаси Эшқобил буванинг тарбия­сини олган-да. Эшқобил бува қариган чоғларидаям шу муаллим кифтида кўтариб юрди-ку. Тўйга деса — тўйга, маъракага деса — маъракага олиб борди. Бир оғиз баланд гапирмаган шу одам отасига. Тўй-маъракаларда кўп кўрганман, Эшқобил бува ўғлини доим дуо қиларди.

Ота рози — худо рози, деганлар. Отадан дуо олганларнинг олдидан чиқади.

Жасур КЕНГБОЕВ

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (20.05.2015)
Просмотров: 824 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz