ИХЧАМ ТЎЙ—ОИЛА ДАРОМАДИ
Тўй сўзини эшитимиз биланоқ лабимизда майин табассум пайдо бўлади. Дарров, қўлимизни дуога очиб, яхши ниятлар қиламиз, “тўйларга етайлик”, деймиз. Буларнинг, албатта барчаси яхши, бироқ ҳар нарсанинг ўз тартиб-қоидаси бўлганидек, туйнинг ҳам маълум бир қоидалари борки, бу фақат ўша оилага чин маънодаги бахту-саодат олиб келишига шубҳа йўқ.
Худди шу маънода, Президентимизнинг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни тартибга солиш тўғрисида”ги 2100-сонли Фармони фикримизга яққол мисол бўла олади. Негаки, тантаналарни, айниқса тўйларни исрофгарчиликсиз, ортиқча дабдабаларсиз ўтказиш ҳам муқаддас динимиз, ҳам бугунги давлат сиёсати қўллаб-қувватлайди.
Худди шу мақсадда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ҳамда маросимларни ихчам, камхарж ўтказишни тартибга солиш, ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат доимий фаолият олиб борувчи, мунтазам равишда мониторинг олиб боришни ташкил этиш бўйича туманда 10 нафар кишидан иборат комиссия таркиби тузилган бўлиб, унда қишлоқ (шаҳарча) фуқаролар йиғини раислари жалб этилган.
Доимий фаолиятдаги комиссия ва мунтазам равишда мониторинг олиб боришни ташкил этиш бўйича тумандаги қишлоқ ва шаҳарчаларда тўй ҳамда маросимларни ўтказишда тўй ўтказувчи оилалар билан комиссия аъзолари ФХДЁ бўлими, тумандаги жомеъ масжидларининг имом-хатиблари ҳамкорликда тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.
Ва бу борада олиб бораётган ишларимизнинг энг самаралиси бу жойларда ўтказаётган “Очиқ мулоқот” бўлиб, унда хотин-қизлар қўмитасига “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши, қишлоқ (шаҳарча) фкқаролар йиғини ва уларнинг фаолларининг қатнашаётгани кишини қувонтиради.
Бундан ташқари, ФХДЁ бўлими қошидаги “Оила дорилфунуни” ҳамда “Ёш оила қурувчилар” мактаби, хотин-қизлар қўмитасида ташкил этилган “Маслаҳатчи” мактабининг семинарлари туй-ҳашамларни ўтказиш бўйича амалий тавсиялар бермоқда.
Маълумки, бизнинг юртимизда инсон омили, унинг соғлиги ва баркамол авлод тарбияси энг муҳим вазифалардандир. Одатда тўй-ҳашамларни ўтказгандан сўнг, айрим оилалар моддий томондан бироз қийналиб қолишаётгани ҳам бор гап. Ана шундай вазиятда оиладагиларнинг қийналиб қолиши, яъни кунлик рацион бўйича овқатланмасдан қолаётгани жуда ачинарли ҳолдир. Шу каби салбий оқибатларни моҳият-мазмунини тушунтириш мақсадида, туманнинг таниқли шифокорлари - Э.Нурова, Н.Бойматова, Г.Ибрагимова, Д.Ҳамзаева кабилар аҳоли ўртасида суҳбатлар олиб бормоқда. Фикримизни мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам, камхарж ҳамда тартибли ўтказиш ўзимизга боғлиқлигидан ташқари, оила даромадини оширишга ҳам хизмат қилади.
Д.ШАРОФУТДИНОВА
|