//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Гул сўқмоқлар

Гул сўқмоқлар

Тириклик чоғида айтолганим сўз...

Мени ҳам минг йиллар қилар ҳикоя.

                                      Ғафур ҒУЛОМ

 

Ижод – машаққат. Заҳматли йўл. Бироқ ижод бор жойда – зафар бор. Бир яхшилик бор. Кўнгилни ёритувчи нур бор.

Сўз – илоҳий неъмат. Ҳар бир яхши Сўзнинг ўз баракоти бор. Яхши сўзлар ҳаёт ғилдирагини яхши томонга, ёмон сўзлар эса ёмон томонга айлантиради.

“Сўз – тирик олам!” дейди билганлар. У кўнгилдан тўкилади. У худди обиҳаёт мисол меҳр чашмаларини зуҳур этади. Инсон оламини поклайди. Тафаккурга чорлайди. Яхшиликка, ёруғликка етаклайди.

Биз, қалам аҳли Яратганнинг ана шу улуғ мартабасига муяссар бўлдик. Қоғозларга дилимизни тўкиб, одамларга ҳадя этдик. Аслида бу йўл фақат заҳматдан, меҳнат ва машаққатдан иборат эди. Бироқ у қанчалар қийин бўлмасин, сўқмоқлари ҳур, сўзлар келаётган лаҳзалар ҳузур эди.

Талабалик йилларим рус ёзувчиси Константин Паустовскийнинг ижод заҳматларига бағиш­ланган “Олтин гул” китобини ўқидим ва сўзлар туғилаётган ондаги “тўлғоқлар” тасвирига илк бор гувоҳ бўлдим. Кейинроқ Валентин Катаевнинг “Хаёл чечаклари” китобини ўқидим. Китоб номининг ўзи гўзал. Ижоддаги туғилиш­ларни ёзувчи “Хаёл чечаклари” деб номлаган. Ҳақиқатан ҳам шундай... Шогирднинг ўз устози эшиги остонасидаги ички тит­роқларини шу китобда кўрдим. Бу титроқлар ичида қанча ихлос, муҳаб­бат, адабиётга фидойилик, сўзга эҳтиёж бор.

Бир куни Сергей Есениннинг “Мактублар” тўплами қўлимга тушди. Китобни рус тилида ўқидим. Унда шоирнинг холасига, синглисига, дўстига, севгилисига ёзган мактублари жамланганди... Билдимки, мактуб – муҳаббат экан. Инсон мактубларга муҳаббатини, соғинчини тўкади. Инсон соғинчидаги яхшиликларнинг поёни борми-я...

Йиллар ўтган сайин “Олтин гул” сингари китобларни ўқишга эҳтиёжим кучайди. Негаки, асарнинг туғилиши – ўзи бир асар. У ўша яратилган роман, қиссадан ҳам қизиқарлироқ бўлса, не ажаб.

Кўнглимда ҳамиша “Ижод сўқмоқлари” деган китоб ёзиш иштиёқи ёлқинланиб турди. Бу масалага, аввало, ўзим қизиқаман. Масалан, Ойбек домла “Навоий” романини қандай ёзганини билгим ва сабоқ олгим келади. Қани, ёзувчининг кундалик­лари бўлса-ю, ўзини унутиб, Навоий яшаган давр тарихи орасига кириб кетган, битта қалами билан қанча мураккаб шахслар оламида яшаган ёзувчининг азобларини айтиб берса. Балки бу кундаликлар инсонни майдаликдан, енгил-елпи қараш, яшашлардан асраб қолармиди! Қани дейман, Радий Фиш қаламига мансуб “Жалолиддин Румий” романининг дунёга келиши ҳақида маълумотлар бўлса!

Ёзувчининг китоби чоп этилган кунлардаги қувончлари эмас, ният қилган-у, аммо ёзолмаган асарлари – армонлари кўпроққа ўхшайди. Ўша армонлар ичида ижодкорнинг одамларга етиб бормаган қанча изланишлари, уринишлари ҳам борлиги аниқ.

 

***

Жуда кўп адиблар кундалик тутади. Чунки у ижодкор учун энг яхши дастёр. Яшаётган кунимиздан бир гўзал туйғу топсак, кундаликка битамиз. Улар ойлаб, гоҳи йиллаб ғаладонларда ётса ҳам, бир куни асқатади. Гоҳо янги бир асарнинг туғилишига туртки бўлади.

Устоз Абдулла Қаҳҳорнинг бир нечта ёндафтарчалари бўлган экан. Адиб уларга нозик ибораларни, асар қаҳрамони феъл-атворини очадиган сўзларни ёзиб қўйган. Пайти келганда улардан фойдаланган.

 

***

Устоз Йўлдош Сулаймон айтардилар:

“Ёзаётган одам ўзини бемалол қўйиши керак. Сўзлар қуйилиб келяптими, ёзаверинг! Кейин уни қисқартириш, таҳрир қилиш осон”.

Ижод жараёнлари... Астойдил қарасангиз, жуда оғир. Ижодкор интилиб-интилиб, олдинга қадам босмаса, қаламини қитирлатмаса, ҳеч нарсага эришолмайди.

Ўзбекистон халқ шоири Мақсуд Шайхзода вафотидан икки йилча олдин Фарғонага келдилар. Вилоят газетаси таҳририятида у киши билан учрашув бўлди.

– Ёзаётганда тўхтамай ёзишга ҳаракат қилинг, – дедилар устоз. – Ёзиб бўлгач, ёзганларингизни ўн беш кун ғаладонга ташлаб қўйинг. Кейин олиб, уни ўқувчи кўзи билан ўқинг. Ёзганларингиз ўзингизга таъсир қилдими? Таъсир қилган бўлса, демак, яхши ижод бўлибди. Янги асар туғилибди! Агар у Сизни зериктирса, ўқигингиз келмай ташлаб қўйсангиз, қаерларидир эзмаликка ўхшаса, демак, бу асар эмас. Ё ундан воз кечинг ёки устида қаттиқ ишланг, тер тўкинг!..

Бу ўгитлар бизга бир умрлик сабоқ бўлди.

Константин Паустовский ижодни олтин зарралардан яралган олтин гулга ўхшатади. “Бу олтин гул қайси хонадонда бўлса, оилага омад, бахт олиб келар эмиш...” деб таърифлайди. Ҳа, чиндан ҳам, ижод – олтин гул! У ижодкорнинг тилло туйғуларидан сачраган ҳислар, ҳаяжонлар, ҳайратлар, чўғлар, оловлар ҳосиласи бўлиб туғилади.

Шуниси қувончлики, одамлар ўз шоирига, ёзувчисига ишонади. Ҳамиша элига, юртига, одамларга, адолатга, ҳақиқатга қайишадиган, вақти келса, ҳимоя қиладиган, ижоди билан оғриқли дилларга малҳам қўядиган қалам аҳлига худди ўзига ишонгандек ишонади.

Ижодкор қалби аввало Меҳрга тўла бўлади. У – меҳрибон, илинчоқ, куюнчак... Унинг ана шу туйғулари кўнглидан тошганида, қоғозларга тўкиб, одамларга улашади.

 

***

Одамларнинг ўзидан олиб,

Одамларга бермоқдир ишим.

Эркин Воҳидов

 

Бугун психиатр-терапевт ҳикоясини эшитиб, яна Сўзга қуллуқ қилдим. Бу тоифа шифокорлар ўз беморларини игна билан ёки аччиқ дорилар билан эмас, Сўз билан, Сўз сеҳри билан даволаяпти экан.

“Психотерапия муолажаси ҳар куни ҳар бир беморга ярим соатдан олиб борилади, – дейди шифокор. – Бизнинг шифо қуролимиз ҳам Сўз! Беморнинг дағаллашган, тошдек қотиб, саҳрога айланиб қолган кўнглини Сўз билан юмшатамиз. Унда гул ундиришга, чечаклар очиришга уринамиз. Бир аёл бемор келди. Беш кун муолажа олиб бордим. Суриштирсам, умуман китоб ўқимаган экан. Газета-журнал ҳақида бирор тасаввурга ҳам эга эмас. Шундай замонда! Оилада бирга яшайдиган ҳамхоналаридан бирортаси ҳақида ижобий фикри йўқ. Ҳатто ўз фарзандларидан ҳам норози...

Ахир, бу – дўзахда яшаш дегани эмасми? Беморимга вазифа бердим. Ахир ҳаётнинг ширинлигини, гўзаллигини ҳис этишингиз учун, аввало, ўз атрофингиздаги одамларнинг яхши фазилатларини кўра билишингиз керак. Уларни излаб топинг. Ахтаринг. Биринчи, қайнонангизнинг яхши томонларини, кейин турмуш ўртоғингиздаги ижобий хислатларни топиб, ёзиб келинг. Биргалашиб ўқиймиз, – дедим.

– Вой, улар шунақаям ёмон... – беморим қайсарлик билан терс жавоб бераётган эди, тўхтатдим:

– Ахир, Сиз улар билан бирга яшаяпсиз, бир дастурхонда ўтирибсиз. Битта қозондан овқат еяпсиз. Ахир, эрингиз топиб-тутиб келаётгандир?

– Топиб келади. Чор ҳунари бор уста. Фақат қилдан қийиқ ахтаради, тажанг.

– Негаки, Сиз ўша эрингизга фақат ёмон кўз билан қараяпсиз. Сиз уни ҳурматлаб, иззатини жойига қўйиб, муомала қилмаяпсиз. Қайнонангизга ҳам шундай муносабатда бўлсангиз керак.

Беморим индамади. Орадан кунлар ўтди. Ҳузуримга бемор аёл келганда, рости, ҳафсалам анча пир бўлди. Эмишки, улардан бирорта ҳам яхши фазилат тополмабди.

Мен ўша аёл қалбида гул ундирмоқчи эдим. Кўнглида гул очилиб турган одам атрофидагиларга ҳам гулдай ифорини сочиб қарайди. Рўпарасидаги тажанг, ғазаби қайнаб турган одамни ҳам мулойимроқ бўлишга чақиргандай табассум улашади. Шундай эмасми?

***

...2007 йил 15 июнь. Шом ва хуфтон орасида умр йўлдошим, шоир Абдували Ортиқов Водил йўлидаги юрак хасталиклари шифохонасида омонатини топширди. Инсон Аллоҳ йўлига ҳозирлик кўриб, ҳамиша шай туриши керак экан. Ўлим қош билан қовоқнинг ўртасида дейишса-да, одамзот яшагиси келади. Дўхтирлар умр йўлдошимнинг аҳволини “Оғир, анча оғир!” де­йишса-да, умидларим катта эди. Негаки, унинг шоир кўзлари сўнг­ги дақиқагача чақнаб турди. Ранглари ҳам, ҳатто овози ҳам бинойидек эди. Эркинжон ўғлимизга:

– Эртага қалам, дафтарларимни олиб келгин, мен энди шеърлар ёзаман, – деб тайинлаган одам икки соат ўтмай, ёруғ дунёни тарк этди. Юрак иши шунақа тез экан...

Ўша воқеадан кейин узоқ вақт бетоб одамга ўхшаб юрдим. Кўнгил сўраб Андижоннинг Марҳаматидан курсдош дугонам Маҳбуба келди. У мени юпатиб:

– Абдували ўтиб қолди, деб йиғлаб ўтиравермагин, – деди малҳам бўлувчи ва ҳушёрликка чорловчи товуш билан. – Ўзимиз ҳам нечага чиқдик? Ўйлаб кўр! Қайғуга берилгандан кўра Абдували улгурмаган ишларни сен қилгин. Нимагадир улгуриш керак... – деди.

Бу сўзлар хиёл ўзимга келтирди. Умр йўлдошим дафтарларида қолган шеърларни топиб, компьютерга кўчиришга киришдим. Бу иш тез бўлмади. Жуда секинлик билан борди. Бироқ қимирлаган жон, ростдан ҳам, қир ошар экан. Китобни тайёрладим, унга Ўзбекистон халқ шоири, қадрли устозимиз Ойдин Ҳожиева сўзбоши ёзиб бердилар...

 

***

Болалигимизда Файзиободда кун қайтгандан сўнг уч-тўрт қиз далага ўт юлгани борардик. Ўшанда, ҳамма кўпроқ ўт юлишга уринса, мен қизариб ётоғига йўл олган қуёшни томоша қилардим. Қуёш ботгач, шом кириши олдидан уфқда қолган чўғлар кўзларимни ловуллатарди. Уларга тўймай тикилардим.

Болаликдаги хотиралар бир умр йўлдош бўлар экан, онг-шуурда ўчмас из қолдирар экан. Улар қанчалар гўзал, ширин бўлса, инсон умри давомида улардан куч-қувват, юксак руҳ олади. Шу сабаб ҳам болалигимизни тез-тез соғинамиз, эслаймиз. Гоҳи жуда-жуда хумори тутади. Унга интиламиз. Унга суянамиз. Ўз умримизни ўша хотиралар билан безашга тинмай уринамиз.

Аксинча бўлса-чи... Туғилган гўдак то эсини таниб, ота-онасининг жанжал-тўполонларини кўп кўрса, турткилашларга гирифтор бўлса, эркаланмаса, руҳий юксакликларга етакланмаса, бу туйғуни ҳис этмаса... қўрқоқ ё жанжалкаш-жангари, тафаккури қолоқ, ҳеч кимга нафи тегмайдиган худбин бўлиб ўсиши тайин.

 

***

Мен ёшларга тез-тез айтаман:

– Таржима асарларни ҳам ҳеч иккиланмай ўқинг! Бу китоблардан албатта нимадир топасиз. Агар ўша асар таржимон кўнглини тебратмаганида, завқ-шавқ бағишламаганида, у бу китобни қийналиб, бошқа тилга ўгирармиди!

Таржимонлик, назаримда, ёзувчиликдан ҳам қийинроқ юмуш. Ёзувчи кўнглидан оқиб келаётганини ёзади. Таржимон эса ҳар бир сўз устида, муаллиф услубини сақлаш йўлида заҳмат чекади, гўёки у яшаган ҳаётда яшайди. Икки тил ўртасида заҳмат чекади.

Юқорида айтганимдай, Сергей Есенин мактуб­ларини ўқиб, инсоннинг инсонга чексиз меҳрини янада теранроқ туйдим. Ана ўша мактубларда битилган, инсон қалбидаги гўзал соғинч туйғулари менинг кўнглимда ҳам бисёрлигини англаб етишимга астойдил кўмаклашди. Кейин мактублар ёзишга киришиб кетдим.

Сергей Есенин мактубларини ўқиш ижодимда янги сўқмоқ очди. Бу сўқмоқда мен ўз қалбимни кўрдим. “Устозга мактублар”ни ёзаётганимда кўнглимнинг чўққиларида, Меҳр деган дунёнинг чаманларида яшадим. Кўнглим қоғозга тўкилган сари кўра бошладим.

 

***

Аёл ижодкорга осон эмас. Ҳали ёшликда илҳом келган лаҳзаларни яхши “таний” олмадик. Илҳом келганда... сўзлар қуйилиб келади. Устозлар айтишади:

– Ижодкор кўп юриши, кўплаб воқеа-ҳодисаларни ўз кўзи билан кўриши, уларни таҳлил этиши, қалб чиғириғидан ўтказиши, турфа хил одамларнинг минг бир қиёфа ва ҳолатлари, кайфиятлари, ниятлари, уларнинг фалсафаларини тинмай ўрганиши зарур...

Шунақа, ижод – ғарқ пишиб турган олма эмас экан-да. Битта саватча олиб бориб, узиб-­узиб олсангиз. Устоз Йўлдош Сулаймон айтардилар:

– Каттароқ насрий асар ёзаётганда, илҳомни “тутиб” олсанг яхши. Мабодо қўлдан учиб кетса, тамом, яна узоқ вақт асар воқеалари ичига киролмай, қаҳрамонлар руҳини тополмай, бир сўз ёзолмай юраверасан. Шунинг учун “Субҳидам”, “Вафо”, “Армон” асарларимни ёзаётганимда, кўчага чиқиб кетмаслик учун атай соқол олмасдим. Битта тўкин дастурхонни олдимга тузаб қўярдим. Кўнгил нимани тусаса, озгина-озгина тотиниб, ишлайверардим. Гоҳо ҳовлидан қочиб, “дом”да ишлардим. Гоҳо бошқа шаҳарларнинг меҳмонхоналарига жойлашиб олардим. Токи мени ҳеч ким тополмасин...

Ўйлаб қоламан. Ижодга бу қадар фидойилик, бу қадар заҳмат... Бу ишлар ақл буйруғи эмас, кўнгил амри билан бажарилади!

 

***

Кеча Шукур Холмирзаевнинг эсселар китобини мириқиб ўқидим. Эл таниган буюк одамлар ҳақида ёзиб қўйибди-да. Ўзим орзу қилган китобни топгандекман. Битта ёзувчининг шаклланиши...

Шукур аканинг китобидан кўчириб оладиган жойлари, дарс олиб, амал қиладиган саҳифалари кўп экан. Ҳар бир ёш ижодкор бу китобни албатта ўқиши керак. Шукур аканинг китобларини қачон ўқисам, бу улуғ ёзувчимизни илк бор учратганим ёдимга тушади. Ўшанда Эркинтой ўғлим олтинчи синфда ўқирди. Тахминан 1986 йил эди. Дўрмондаги ижод уйининг иккинчи қаватидан тушаётсам, Шукур ака шляпасини астойдил бостириб, тепага чиқиб бораётган экан. Суратларини матбуотларда кўргандим. Ҳикояларини мириқиб ўқигандим. Бир кун учрашишни орзу қилгандим, албатта.

– Ассалому алайкум, Шукур ака! – дедим қувониб.

Ўғлим ҳам ортимдан тушаётган эди. Шукур ака зина устида тўхтаб, бош ирғаб алик олди ва бизларга синчков қаради.

– Ҳикояларингизни севиб ўқийман. Сиз билан учрашишни орзу қилардим, – дедим шоша-пиша ҳаяжонланиб.

– Яхши. Қани, юринглар бўлмаса... – ўзлари олдинга қадам ташладилар. Биз у кишига эргашдик.

Рости, оёқларим қалтираётган эди. Ҳозир шундай катта ёзувчи билан рўбарў бўламан, нима дейман?

Ичкарига кирдик. Мен ўзим ҳавас қилган ёзувчи билан дилдан суҳбатлашишни истаб турардим. Асарлари ҳақида, назаримда, узуқ-юлуқ сўзлар айтдим. Ўзимнинг у-бу нарсаларим нашр этилганидан гапиргандай бўлдим. Шукур ака кўнглим учун бўлса керак:

– Кўрганман, кўзим тушган, – дегандай бош қимирлатдилар.

Бу дақиқалар шундай эдики... Ҳам ўзинг орзу қилгансан, ҳам ҳавасли, ҳам ҳадикли, ҳам игна устида тик тургандай...

– Шу... ҳикоячиликда Сиздан маслаҳатлар олмоқчи эдим, – дедим.

– Яхши. Ёзмоқчи бўлган бирорта ҳикоянг­нинг сюжетини айт-чи... Унга қараб, кейин бир маслаҳат берарман, – деди Шукур ака.

Каловландим. Ажабоки, ўша дақиқада миямга бирорта сюжет тугул, тиниқроқ фикр келмасди. Нималардир деб ўзимни оқлашга уриндим.

Бирор нарса қоралаётганда, олдиндан сюжетни ўйламас эканман. Нимадир туртки бўлади. Кўнглимда нимадир ялт этади. Зимистон оламим ёришади. Ёзишга ўтираман. Ҳикоя охирига етади. Кейин ўрнимдан тураман.

– Албатта олдин сюжетни пишитиш керак. Ёзилаётган асарни бошидан охиригача хаёлда “қуриб”, кейин ёзиш керак. Ёзиш давомида асар яна у ёқ-бу ёғи ўзгариб, тўлиб-тошиб боради, – деди Шукур ака.

Шукур акадан яна нималардир сўрадим. Ҳали-ҳали афсус қиламан. Биз кўп тортинчоқ эканмиз. Хижолат чекибмиз. Бу устоздан ижоднинг кўп сир-асрорини ўрганиш мумкин эди. Илм бобида Шукур Холмирзаевга тенг келиб бўлмасди. Тарихни, айниқса, ўзбек халқи тарихини зўр биларди. Бир гапиришга тушса... Миллат, халқ оғриқларини инграб туриб сўзлаётганга ўхшарди. Адибнинг эсселар китобида ўша оғриқларни янада чуқурруқ ҳис қилдим.

Шукур ака ёзганлари ёқмай қолса, гоҳи йиртиб ташлаганини айтганди. Шундай улуғ ёзувчи-я... Эсселарида ўша ҳолатларини, ўз қалбига маъқул келмаган “мулк”лардан воз кечган дамларини кенгроқ ёзганида эди... Нимаси ёқмади? Нимасидан кўнгли тўлмади?..

Шукур Холмирзаев ижодига ҳавасим келади. Ёзганлари табиий... Рост... Инсон туйғуларини минг бир тарозида таҳлил ва тадқиқ этиб, кейин уни қоғозга туширадиган ижодкорлар ҳамиша бор бўлсин. Ўшалар-да, бизни табиийлик ва ростликка ўргатадиганлар. Ўшалар-да, туйғуларимизни тарбиялайдиганлар.

 

***

“Китоб дунёси” газетасида Лев Толстойнинг кундаликларидан парчалар ўқидим. Уларда фақат адабиёт ҳақида фикр юритилган. Ўйлайман, улуғлар ҳамиша улуғ бўлган ва юксакда турган. Тургеневни Толстой ниҳоятда қадрлаган. Уларнинг кўнгил меҳнати, машаққати, изтироби, топган-тутгани ижод, адабиёт бўлган.

“... Ҳаяжонсиз ёзувчилик ишларимиз олға силжимайди”, деб ёзади Лев Толстой. Бу фикрга қўшиламан. Улкан ақлни тебратгувчи, ишга солгувчи бу – ўша ҳаяжон, бу – ўша туйғулардир. Ҳаяжонсиз ёзиш, яшаш, дийдорлашиш менга умуман ёқмайди. Ўшандай лаҳзалардан қочиб кетгим келади.

 

***

Шу кунларда ҳазрат Навоийнинг “Садди Искандарий” достони насрий баёнини такрор-так­рор ўқияпман. Ўқиган сайин кўнглим сув ичяпти. Алишер Навоий ушбу асарининг сўнгги саҳифаларида руҳий ҳолатлари ҳақида батафсил ёзганлар. Бу мавзу ижод аҳли учун ҳам, мухлислар учун ҳам қизиқарли, албатта:

“Сўз ҳам киши таъбидан яратилган бир фарзанд кабидир, фарзанд эса кишининг жони билан боғланган. Фарзанд деган нарса бировларга қанчалар ёқимсиз бўлса ҳам кишининг ўзига жуда азиздир. Бойқуш боласи қанчалар хунук ва жирканч бўлмасин, барибир ўз олдида товус боласи сингари жилвагардир. Каноп дарахтининг шохи хас-хашакча бўлмаса ҳам, ундан тўн қилиб киядиган қаландарларга у тик сарв дарахтидек барно кўринади”, дейдилар Навоий ва яна ёзадилар:

“Шу сингари ўзингга жуда ҳам ёқимли кўринган бу достонларинг халққа ҳам маъқул бўлармикин ёки бўлмасмикин? Ҳар бир нарсани кашф этувчи устоз Жомий буни кўриб, мени асл ҳолдан хабардор қилсалар яхши бўлмасмикин? Аввал шундай достонларни ёзган (ҳозир юзларига ажал ниқоби ёпилган) одамлар руҳларига бу қандай таъсир этар экан? Буни кўриб, уларнинг руҳлари шодланар ёки ранжирми экан? Бу аҳволлардан дили равшан пир ўзини хабир (хабар берувчи) ва мени хабардор қилса экан. Кўнглимда мана шу каби хаёллар ва чуқур мулоҳазалар билан қадам ташлаб борар эдим”.

Навоий бобомизнинг бу ҳолатларини ўқиб, шундай улуғ зот ҳам ўз асарлари ҳақида бир оғиз ҳақ ва рост сўзга илҳақ бўлганини англаймиз. Ижод аҳлининг ўз ёзганидан қониқиш ҳосил қилмай, олға интилиши уни юксакларга кўтарса, ажаб эмас. “Садди Искандарий”нинг охирги бобини тугатарканман, Навоий асарларини ҳам жисман, ҳам руҳан покланиб ўқиш зарурлигини англадим.

Орадан неча асрлар ўтди. “Хамса” қатидаги дур-гавҳарлар ҳамон сарфланмоқда. Қалам аҳли учун тақво, покизалик биринчи ўринда экани бу асарда алоҳида таъкидланади. Ўшанда қаламлардан тўкилаётган Сўзларнинг қуввати кучли, элга нафи зиёда бўлиши аниқ. Биз ижодкорлар бу достонни қайта-қайта ўқиб, ундан ибрат дарси олишимиз керак.

***

Раҳматли устоз Йўлдош Сулайман қачон Тошкент билан қўнғироқлашсалар, ўринларидан туриб олардилар. Бир куни ажабланганча шундай дедим:

– Йўлдош ака, Сизнинг тик туриб гапираётганингизни улар кўрмайди-ку!

– Ўтириб гаплашолмайман... Ахир, бизни одам қилган (яъни, ёзувчи қилган, элга танитган) шу Тошкент, шу бағрикенг устозлар-ку! – деб жавоб бердилар.

Йўлдош ака Саид Аҳмад, Ҳамид Ғулом, Носир Фозилов ва бошқа устозлар билан шундай гаплашардилар. Устозларнинг маслаҳатлари, марҳаматлари ҳақида тўлқинланиб гапирардилар.

Агар вилоятда яшайдиган ижодкорга Тошкентдан бир қўнғироқ бўлиб қолса ҳам, гўё илҳом дарчаларини, бошқача айтганда, ирмоқларини очиб юборади. Нега? Негаки, ишонч инсонни дадиллантиради, қанотлантиради. Бир куни худди шундай бўлган. Уйимизга Тошкентдан қўнғироқ бўлди.

– Опа, Сизга бир илтимос билан...

Ажабландим.

– Илтимос...

– Агар қўлимдан келса, минг марта...

– Уч кун ичида қўқонлик муаллима, Ўзбекис­тон Қаҳрамони Манзурахон Мадалиева ҳақида очерк ёзиб беришингиз керак...

– Уч кун ичида? Вақт жуда қисқа-ку, – ўйланиб қолдим.

– Нима энди... роман ёзган одамга битта очерк ёзиш...

Шу бир оғизгина эътирофми, билмадим, менга куч бағишлади. Пойтахтдан олисда яшайдиган ижодкорга бўлган ҳурмат, балки мени қанотлантирди. Мен ўша ишни уддаладим. Очерк “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” китобига киритилди. Бу очеркимга кўп яхши акс садолар келди.

Қувонарлиси, ўша илиқ қўнғироқ мени яна-­яна астойдил ишлашга ундади. Қўнғироқ эгаси китоб муҳаррири Абдуқодиржон Ниёзов эди.

 

***

Ҳозиргина эшитдим. Қишлоқда бир куёв ҳомиладор хотинини уй ичига қамаб қўйибди. Келин жиноят қилгани йўқ. Фақат бетоблигини ёнидагиларга айтолмай, ўз онасига айтгани, онасига қўнғироқ қилгани учун, холос. Ахир, ўша жоҳил эр фарзанд дунёга келаётган вужуддаги оғриқларни ўзи сезмаган бўлса... Оиладаги темир интизомдан безиб, онасига ёрилган-да. Ҳатто шуни ҳам тушуна олмабди-ку!

Қани энди, шунақа жоҳилларнинг ўзини ҳам қамаб қўядиган мардлар топилса! Негаки, у инсонни ҳис этишдек нозик туйғуларни танимайди. У яшашни фақат моддий бойлик, шоҳона уй-жой, машиналар деб билади. Улар китоб ўқимайди. Мактабдаги адабиёт дарсларида ҳам ҳеч нарсани уқмаган.

Фарзандининг эсон-омон, соғ туғилиши ҳақида ўйламаган, фикрламаган одам бировнинг дилбанди бўлган хотинининг қадрига етармиди!..

***

Яқинда Наманган вилоятдаги сойлари шарқираб турган қишлоқнинг “Онанинг кўзёшлари” деган зиёратгоҳида бўлдик. Худди, худди... онанинг кўзёшлари тўхтамай, сизиб-сизиб оқаётганга ўхшайди. Йил – ўн икки ой, кечасию кундузи оқади. Айтишларича, фарзандидан жудо бўлган Онанинг жолалари эмиш... бу томчилар. Томчилар оқиб, пойидаги булоққа тўкилади. Балки... бу булоқ ўша кўзёшлардан бино бўлгандир.

Ўша Чодакда меҳмондўст укамиз Обиджоннинг хонадонида бир пиёла чой ичдик. Оддий одамлар... Бироқ улар кўзларидан тошаётган, бизга – умрида биринчи марта кўриб турган одамларга бўлган меҳрларини кўрсангиз, шошиб қоласиз. Гўё дарё тўлқинларига рўбарў бўлгандай, гўё бу дарёлар ўз-ўзингизникидай яқинликни топиб оласиз. Обиджоннинг онаси Шодмон хола менинг китобимни қўлига олиб:

– Ўзинг ёздингми? Китоб ёзасанми? – дегандай ҳайратланиб-ҳайратланиб, кўзларимга қаради. Кейин... кутилмаганда, бирдан шундай йиғлаб юбордики... Кўзларидан дув-дув ёш тўкилди. Менга ўтиниб қаради. Гўё илтижолар қилиб қаради.

– Мени ёз, менинг юрагимни ёз, – дея кўкрагини кўрсатди.

– Йигирма беш ёшли ўғлидан, навқирон укамиздан автоҳалокат туфайли бевақт айрилиб қолган. Шундан буён кўзёшлари тўхтамайди, – деди онасига маҳзун термулиб Обиджон.

Ҳозиргина “Онанинг кўзёшлари” қошидан келган эдик. Мана, яна битта айрилиқ, алам доғлари. Нақадар ўхшаш...

Шодмон холани ёза оламанми ёки йўқми? Қаламнинг кучи етадими? Булар ҳаммаси менинг армонларимдир.

 

***

2010 йил қишида битта сўз ҳам ёзолмадим. Ўзимни бетоб, бемор ҳис этдим. Ўқишга-да рағбатим бўлмади. Ҳатто кичик-кичик қатралар ҳам мени йўқламади. Ҳатто қатра ёзиш осон эмас экан. Унга ҳам халқдан олган бирор ҳикматни жо айлаш керак. Унга ҳам нуқра туйғулар керак.

Ёзолмаслик – ижодкор учун ўлим билан тенг. Ниҳоятда азоб. Худди бўм-бўш идишга, суви қуриган анҳорга ўхшайсан. Одамлар орасида ўзингни эркин сезмайсан. Гўё оламни, яшашни, умрни идрок этолмаётгандай. Воқеа-ҳодисаларга муносабатсиз, бепарво, ҳиссиз ҳаёт кечираётгандай... Сени юксакларга кўтаргувчи руҳинг танангдан чиқиб кетгандай...

Ёзаётганда ёнаётган ўчоққа ўхшайман. Ёзиб бўлгач эса... Кўпинча ёзганларим узоқ вақт, баъзан йиллаб дафтарларда қолиб кетади.

Устоз Йўлдош Сулаймон бир куни:

– Шоирлар даврасига кирсам: “Мен асосан насрда ёзаман, майли, битта шеър ўқий”, деб шеъримни бошлайман, деган эдилар.

Демак, устознинг ўзларидан, ўз ижодидан кўнгиллари тўлмаган. Бироқ ҳеч қачон шеърдан кўнгил узолмаган ва ҳатто:

– Мен кексайганда, олтмишдан ошганда, юраги ёнаётган, юраги куяётган шоирга айландим, – дегандилар.

Яна устоз айтардилар:

– Ижоднинг чегараси йўқ. У инсонни тебратса, таъсирлантирса, эзгу йўлга етакласа, юракда орзуга, яшашга, яратишга рағбат уйғотса – ўша ижод, – дер эдилар.

Ижодкор шунақа. Бир умр изланади, илинади, бир умр интилади. У қаерга интилади? Аввало, ўз кўнглига... Гоҳи кўнглидаги ранго-ранг чечаклардан тортиб, атрофидаги инсонлар кўнглидаги оғриқлар билан чирмашиб кетади...

 

***

Муҳаббат инсонни поклайди, деймиз. Гоҳи бир аёл муҳаббатга дучор бўлиб, оловларда ёнса, одамлар уни “телба” дея маломат айлайдилар. Муҳаббатга рўбарў бўлган инсон, бир кун албатта кўнгил оламидаги гулзорига, яъни юксалиб, илоҳий ишққа етиб боради. Назаримда, ўзбек адабиётида мусулмон аёлнинг минг қаватга ўралган пинҳоний муҳаббати, унинг изтироблари, ҳаётга ҳадя айлаган қудратлари ҳақидаги китоблар жуда кам. Биз гўёки Кўнгилни эмас, атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларнинг тафсилотларини ёзаётганга ўхшаймиз.

Майли, ёзганингиз қандай асар бўлса ҳам, инсон кўнглини ёритсин, туйғуларни юксакликка чорласин. Устоз Пиримқул Қодиров бир суҳбатида муҳокама этилаётган насрий асардаги қаҳрамон ҳақида гапириб:

– Бекорга ўлиб кетмасин бу қаҳрамон. Агар изсиз ўлиб кетса, китоб ичида қаҳрамон бўлишига нима бор? – деган эди астойдил жон койитиб.

Бу суҳбат мен учун устоз очган катта йўл бўлди. Китоб – офтоб, деймиз. Демак, унинг саҳифасига ҳамма ҳам кира олмайди. У китобхонга йўл кўрсатсин, фикрини чароғон этсин. Фақат эзгулик улашсин.

Кимдир кимнидир севиб қолса... Нафратланиш, ёмон кўриш, ғийбат қилишдан кўра севиш – минг маротаба афзал! Севги кўнгил ичинда гул очади. Бу дегани уни дарров кимгадир тутқазиш дегани эмас-ку! Қайсидир китобда ўқиган эдим. “Муҳаббат бор жойда фаҳш йўқ”, дейилган эди. Бу фикрга тўла қўшиламан. Қаердаки, енгилтаклик, давру даврон суриб қолиш қабилидаги ҳолатларга рўпара бўлсак, бегуноҳ норасидаларнинг кутилмаган туғилишлари ҳақида гапирилаётган экан... билингки, чиндан ҳам, у манзилларда муҳаббат содир бўлмаган. Демакки, инсоннинг нозик туйғуларини тарбия­лайдиган, севги титроқларидан роз айтадиган, хаёлчан ғунчалар каби ибо, ҳаё ва иффат ҳақидаги асарларга муҳтож эканимизни ҳис этаман.

 

***

Қўқон шаҳрида устоз муаллима, Ўзбекистон Қаҳрамони Манзурахон Мадалиева яшайди. У ўз изланишлари билан чинакам қаҳрамон бўлган инсон. У ўз фани – математикани шундай севадики... Математикага бағишлаб китоб яратди. Гўё математика билан адабиётни чатиштирган, гўё ақл билан кўнгилни бир-бирига боғлаган. Китобининг номи “Саҳнада математика” деб аталади. Ўқувчилар қийин фан деб ҳисобланган математикани аввал шеър қилиб ўқийдилар. “Биз параллел чизиқлармиз”, дея шеърий кайфият билан бошланган дарс кейин юксак руҳ билан мураккаб масалаларни ечишга киришиб кетади. Қийин ишлар ҳам осондай бўлиб, математика оламига кириб, уни астойдил севиб қоладилар. Бир сўз билан айтганда, Манзурахон ўз умр ёғдусини топишга эришган ва уни ҳаётга, одамларга ҳадя айлаган. Бу ёғду – ижод маҳсулидир.

Ҳар бир инсон ўз кашфиётини – излаган олтинини топса, албатта, жамият гуллаб-яшнайди. Маънавиятимиз чинорга айланади. Одамлар ёлғон сўзлашдан уялади. Эшикларга қулфлар осилмайди. Бир-биримизга ишонамиз. Негаки, изланиш оламида кезинаётган одам атрофга ростлик билан қарайди. Билмадим, кейинги авлод қандай бўлар экан? Мен башоратчи эмасман. Бироқ келажакдан умидларим катта. Ҳозир ёзаётганларим ҳам шунга ишора эмасми?

Иймонли инсонлар, Аллоҳни таниганлар, ундан қўрқадиган бандалар ҳеч қачон бировни алдамайди. Кимдир кимнидир алдаётган экан, билингки, у ҳали ўз Худосини танигани, топгани йўқ. Маънавият – асли тил ва дилнинг битталиги. Ҳалоллик – маънавият. Тўғрилик, тамалардан қочиш, бировнинг ҳақига назар солмаслик, ғийбат қилмаслик, бировга чоҳ қазимаслик, ўз манфаати деб, бошқаларни оёқости қилмаслик... Уларнинг ҳаммаси – маънавият, комиллик йўллари.

Биз ҳар бир ишдан ҳикмат излаб, қадам ташласак, кўп улуғликлар содир бўлади, дея умид қиламан.

Гоҳ-гоҳ “Ҳа, у одамга ишонса бўлади”, деган гап қулоққа чалинади. Нақадар хушбахт сўзлар:

– Ишонса бўлади!

Дунёда битта ишончли одамнинг борлиги – катта, поёнсиз пок олам. Бу одамга энг катта омонатингизни тутқазсангиз ҳам, у заррасига-да хиёнат қилмайди. Ўйлайманки, дунёнинг шодлиги ана шундай кишилар туфайлидир.

 

***

Қарангки, адабиёт – ўзи туйғулар хазинаси. Туйғулар тошмаса, ким ёзади? Китоблар қатига жо бўлган ўша туйғулар худди шабнам мисоли китобхон дилини поклайди, яшнатади, янги-янги орзулар куртакларини ёздиради. Бироқ кимдир: “Китобингизни мазза қилиб ўқидим”, деса, ана шу – энг катта мукофот! Шу бир оғиз сўз ҳамиша ёзишга ундайди.

Кўнгил чопяпти, кўнгил ёзяпти.

Катта асарлар, романлар ёзиш учун ёзувчига катта материаллар керак. Асар бош қаҳрамони физик олим бўлса, физика фани сир-асрорини билмаган одам уни қандай ёзади? Демак, ёзувчи ўзи ёзаётган қаҳрамонининг касб-кори сирларини аниқ билиши керак. Ўша касб эгаларининг руҳиятини билиши шарт. Бўлмаса, китобхон ишонадиган асар ёзилмайди.

Ҳамиша кўплаб романлар ёзган ёзувчилар ҳаётига қизиққанман, ҳавас қилганман. Шулардан бири америкалик ёзувчи Уильям Фолк­нердир. У “Мағлубиятга учрасам ҳам майли”, деган аҳд ила астойдил ижод қилган ва ўттиздан ортиқ романлар яратган. 1949 йили Нобель мукофотига сазовор бўлган.

Мағлубиятлардан чўчимай ижод қила билиш ҳам катта жасорат эканига амин бўламан. Бироқ бу қадар жасур қаламкашнинг катта билими, ҳаёт тажрибаси бўлиши, шу билан бирга, унинг юрагида китобларга киришга, шу асарлар қаҳрамонлари бўлишга арзигулик инсонлар – қаҳрамонлар яшаши керак.

***

Ушбу битикларим ичра гоҳ шод, гоҳ маҳзун қадам ташлар эканман, инсон умри ҳақида узоқ-­узоқ хаёлларга толаман. Уй пойдеворсиз, устунсиз бўлмагани каби умрнинг ҳам ўз таянч­лари бор. Илк устозларим – отам Деҳқонбой Отажонбой ўғли, онам – Пўлатхон Нишонбой қизидир.

Дадамнинг отаси Отажонбой бувам 1933 йилда мулкдор бўлгани учун Тожикистонга сургун қилинган. Бувам поезд вагони ойнасидан бошини чиқариб хайрлашаётганида, кўзидаги шашқатор ёшлари оппоқ, чиройли юзларини ювиб, нигоҳлари умидсиз, ниҳоятда илтижоли бўлган.

– Аҳмаджон, мен сизга ишонаман, шу ёлғизгина боламни эҳтиёт қилинг. Уни сизга омонат ташлаб кетяпман. Мендан зурриёд қолсин, жон Аҳмаджон. Биздан зурриёд қолсин... – дея зорланган.

Дадамнинг тоғаси – Аҳмаджон Отажонбойга содиқ бўлиб қолди. Умрининг охиригача оталик қилди. Қулоқлар боласини шўро мактабига олишмади. Ўшанда тўққиз ёшли Деҳқонбой жиянини ўз номига олиб, унга Аҳмедов деб фамилия берди.

Отажонбой бувамизнинг ниятлари ижобат бўлганки, отамиз Деҳқонбой Аҳмедов 1941–1943 йилларда иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, чап қўлидан, ўнг кўзидан яраланиб, эсон-омон қайт­ди. Уйланиб, саккиз фарзанд кўрди. Не бахтки, Отажонбойнинг зурриёдлари энди Файзиобод оша Фарғонада, Тошкентнинг турли манзилларида яшаб, умргузаронлик қилмоқдалар.

Отажонбой бувамизни кўрмаган бўлсам-да, ҳар лаҳза меҳрини ҳис этиб тураман. Битта жиянимизнинг исмини Отажон қўйишган. Шу жиянимиз 2011 йили ижарага олма боғи олиб, парваришлади. Бу боғ шундай мева бердики... Қип-қизил беш юлдуз нақшин олмалар шохларини кўтаролмай, ерларга эгилди. Териб, сотиб, улгуриб бўлмасди. Отажон тез-тез қариндош­ларга қопларда олма тарқатарди. Гўё Отажонбой бувамиз бизларга олма улашиб юрганга ўхшарди. Бувамизни билган кексаларнинг айтишича, мулкдор Отажонбой ўз топган-тутгани билан кўп ночорларни боққан экан.

Одам эллик ёшга етганда, бир ортига қарайди. Ўшанда ҳам дунёни у қадар англамайди. Ўшанда ҳам ернинг елкасида атрофни томоша қилиб тургандай, ҳа, ҳали вақт бор, деётгандай бўламиз. Гўё юз ёшга етамиз-у, ҳали ярим умр бизни кутиб тургандай. Одамлар бекорга “Пайғамбар ёши” дейишмас экан. Пайғамбар ёши, яъни олтмишдан ўтгандан сўнг, одам кун сайин ерга яқинлашиб боради. Ўтган умрига тез-тез назар ташлайди. Кўнгли тўлади ё тўлмайди. Бу фикр қошида тўхтаб қоламан. Умримдан кўнг­лим тўлдими? Оҳистагина “ҳа”, дегим келади. Нега? Негаки, беш фарзанд, ўн беш набирам бўлса, уларга фақат яхшиликни ўргатдим. Ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмадим...

 

***

Гул сўқмоқларнинг хотимасини негадир насрий назмда битгим келди. Яъни... кўнглим мамлакатида Малика бўлдим бугун. Чор тарафда сайроқи қушлар наво қиладир. Райҳон, жамбил бўйлари тутиб кетар ҳавони. Пойимдадир майсалар, гиёҳи, неъматлари. Гўё улар дардларга тутар мингта шифони. Осмонда қуёш шоҳдир, ҳадялари адоқсиз. Чучмомалар, ялпизлар, атрофларим – гул, чаман. Дилимда сайрар бир қуш, тирикликдан айтар сўз...

Хаёлларим гул бўлган, дилим ичида булбул. Билингки, азизларим, дилга келибди баҳор!

 

***

Ҳислар қилар тўполон. Ёзиб-чизиб кун ўтар. Қаламни маҳкам ушлаб шошаман, тошаман, кейин... Нималар ёздим, дея термуламан уларга. Улар – кўнглим мулкидир. Улар бамисли кўзёшимдай тўкилди. Демак, улар – ростларим, яшашга ҳавасларим. Топганим-тутганларим, ҳайратим, ғайратларим. Ёмонми ё яхшими? Кўзёш тиниқ-ку ахир, ишонаман уларга.

Азизлар, жонкашларим, бу рангли сўқмоқларда, яшил, гулгун, нопармон, оппоқ, қизил, сиёҳранг... Улар ичра мен борман. Фақат, фақат, Сиз мени шу сўқмоқлардан изланг. Гул сўқмоқлардан изланг...

 

 

Матлуба ДЕҲҚОН қизи

 

1948 йили туғилган.

Фарғона давлат университетини тамомлаган.

“Қорачиқ”, “Кўнгил уйи”, “Соғинч”, “Кўнгил малҳами” “Муҳаббат фасли”,  “Ўша кун” каби шеърий ва насрий асарлари эълон қилинган.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (25.05.2016)
Просмотров: 1129 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz