
— Менга қара, бўлажак қайнотанг сен билан гаплашмоқчи экан, тушундингми? У футбол жинниси. Унга кўпроқ футбол ҳақида гапир.
— Хўп.
— У «Реал»га ишқибоз, шуниям унутма.
Шоқосим ака эшикдан чиқиб кетаётган ўғлининг ортидан бақириб қолди:
— Яқинда «Элклассико»да ютқазди, бу ҳақдаям қистириб ўт, қизиқишингни билсин. Гапиришига имкон берма, уни бир ҳайрон қолдир.
Эргаш кўчага чиқди-ю, боши қотди. Шу пайтгача футбол кўриш тугул, копток ҳам тепиб кўрмаган. Китобдан бош кўтармаган. Энди бу ташвиш тушиб турибди бошига. Бўлажак қайнотасининг ишхонасига етгунча ўйланиб борди. Отаси айтган эшик олдига бориб, тақиллатди.
— Киринг, — деган овоз эшитилди ичкаридан.
Йигит секин эшикни очди-да, ичкарига қадам босди.
— Ассалому алайкум, мумкинми?
Тўрдаги креслода савлат тўкиб ўтирган киши унга бошдан-оёқ разм солди-да:
— Ваалайкум, келинг, марҳамат, — деди бироз димоғдорлик билан. — Сиз, ҳалиги Эргашсиз, шундайми?
Эргаш тасдиқ маъносида бош ирғади-да, атайлаб шапалоқдай келадиган телефонини чўнтагидан чиқариб, стол устига қўйди. Кейин бўлажак қайнотаси кўрсатган стулга ўтирди.
Шариф ака телефон экранидаги Роналдунинг расмига қараб қўярди.
— Футболга қизиқасизми дейман? — деди у йигитга тикилиб.
— Йўқ, қизиқмайман, ғирт жиннисиман, — Эргаш ўзида қатъият топди. — Футболсиз бир кунимни ҳам тасаввур қила олмайман.
— Шунақа денг, яхши. Мана бу ўғил боланинг гапи бўлди.
Ҳалигина ғўддайиб ўтирган Шариф ака энди йигит томонга бироз эгилиб, қўлини иягига тираб олди.
— Қайси жамоага қизиқасиз?
— Энг зўр жамоага...
— Хўш-хўш?
— Мен сизга қойил қолмадим лекин, — Эргаш янада дадиллашди. — Энг зўр жамоа деганимдан кейин ҳам илғаб ололмадингиз-а. Бу «Реал»да, албатта!
— Э, яшанг, — беихтиёр юзига табассум югурди Шариф аканинг. — Аммо шу охирги «Эл-классико»да қовун туширди-да, палакат.
— Нимасини айтасиз? «Барселона»гаям ютқазадими, а?!
Эргаш ўзини худди «Реал»нинг ўйинини кўрадигандек тутар, аммо: «Ишқилиб, ўйинчилар ҳақида оғиз очиб қолмасин-да», дея юрак ҳовучларди.
— Мен ҳам шуни айтаман-да, — қизишиб кетди Шариф ака. — Икер роса қовун туширди лекин...
«Дадам ҳужумчилар гол уролмади, деганди, Икер ҳужумчи бўлса керак», дея ўйлади Шариф.
— Тўғри айтасиз, вей, ҳужумчимисан, қойиллатиб тепмайсанми? Шунақаям қийшиқ тепадими?!
Шариф ака анграйиб қолди.
— Нима?! Икер дарвозабон-ку!
— Мен ҳам шуни айтаман-да, — дея унинг анграйганини қойил қолганига йўйган Эргаш гапни илиб кетди. — Икерни ўзи дарвозага қўйиш керак. Ҳужумга умуман ярамайди. Унга ҳужумда нима бор, ҳайронман?! Ўзи-чи, ҳужумда... ҳужумда... — Эргаш бироз ўйланиб қолди. Отаси айтган исмларни эслашга уринди. — Анави Пепе дегани бор-ку, ўшаям қовун туширди!
Шариф ака бақрайиб қолди.
— Пепе?! У ҳужумчимас, ҳимоячи...
— Ие, нима демоқчилигимни олдиндан биласиз-эй, мен ҳам худди шундай демоқчи эдим. Пепе ўзи ҳимояда ўйнаши лозим. Ҳужумда пишириб қўйибдими унга?! Мен ўзи Гвардиолага ҳайрон қоламан, — деди у яна бир исмни бир амаллаб эсларкан. — Туширмайсанми бундай гол уришни эплайдиганларни!
Шариф аканинг асабийлиги энди пешонасида ҳосил бўлган чуқур чизиқларда ўз аксини топаётганди.
— Гвардиола дейсизми?! — деди у чуқур нафас оларкан.
— Ҳа-да...
— У ҳозир «Бавария»...
Шу топда Эргашнинг миясига отасининг «Реал» «Бавария»ни йирик ҳисобда ютган, шуниям қистириб ўт», дегани тушди. Бу ёғига эса калласини ишлатди.
— Буни қаранг, — тағин бўлажак қайнотасига қойил қолгандек бош силкиди йигит, — яна ичимдагиларни ўқидингиз-а. Мен ҳам айтдим «Ёв, Гвардиола, бу сенга «Барселона», «Бавария» эмас, тузукроқ ўйнат йигитларни», деб. Йўқ, у жингалак соч ўз қароридан қайтмади, барибир.
—Жингалак соч... Футбол кўришниям жа-а қалпоқ қилиб юборибсиз-ку, йигит, — зўрға ўзига келиб, чуқур-чуқур нафас олди Шариф ака. — Бу дарвозабонни ҳужумчи, ҳужумчини дарвозабонга чиқардингиз. Тақирбош одамга жингалак сочдан парик кийдириб қўйдингиз. Умуман олганда, футболнинг «ф» ҳарфиниям тушунмас экансиз. Хуллас, сизга рухсат.
— Лекин...
— Кетишингиз мумкин, — қатъий оҳангда гапирди Шариф ака, — кейинги сафар яхшилаб кўриб келинг футболни, хўпми?
Эргаш тарвузи қўлтиғидан тушганча уйига келди. Шоқосим ака ўғли кириб келгани заҳоти уни сўроққа тутди:
— Хўш, футболни қалпоқ қилиб ташладингми?
— Қалпоғам гапми, — хўрсинганча ўзини диванга ташлади Эргаш, — телпак бўлиб кетди бу футболингиз.
— Ростданми? Қойил қолгандир.
— Ҳа. Ахир Касильясни, Пепени ҳужумчи қилганимдан кейин қойил қолади-да.
Шоқосим аканинг жаҳли чиқди.
— Нима?! Расво қилибсан-ку! Неча бор айтаман, бир марта бўлсаям футбол кўргин, деб. Мана, мен, шу пайтгача футбол кўриб, кам бўлганим йўқ. Сени қара-ю... Келиб-келиб Пепени ҳужумчи дейсанми, каллаварам?
— Ким у бўлмаса?
— Мураббий-ку, аҳмоқ, мураббий!
— Ҳа, — ҳимоячини бира-тўла мураббийга айлантирган дадасининг гапига қойил қолди ўғил, — мен энди билмасам.
— Бу ёғи қандоқ бўлади, нима қиламиз энди?
— Ҳеч нима. Мен, барибир, футбол кўрмайман...
Низомжон ИСЛОМОВ
|