//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – ЭНГ МАСЪУЛИЯТЛИ ИМТИҲОН


Насиба АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон халқ артисти:

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – ЭНГ МАСЪУЛИЯТЛИ ИМТИҲОН

 Ўзининг гўзал ва дилбар қўшиқлари билан миллионлаб мухлислар меҳрини қозонган Насиба Абдуллаеванинг саҳнага чиққанига 34 йилдан ошди. Ана шу ўтган йиллар севимли санъаткоримиз учун чин маънода синовлар даври бўлди, десак муболаға қилмаймиз. Биз бугун у билан бироз ноанъанавий, яъни шинавандалар таклиф этган оила, она қалбидаги нурли туйғулар,  фарзанд тарбияси ҳақида фикрлашдик.

 Ўзининг гўзал ва дилбар қўшиқлари билан миллионлаб мухлислар меҳрини қозонган Насиба Абдуллаеванинг саҳнага чиққанига 34 йилдан ошди. Ана шу ўтган йиллар севимли санъаткоримиз учун чин маънода синовлар даври бўлди, десак муболаға қилмаймиз. Биз бугун у билан бироз ноанъанавий, яъни шинавандалар таклиф этган оила, она қалбидаги нурли туйғулар,  фарзанд тарбияси ҳақида фикрлашдик.

 — Инсоннинг оила ҳақидаги тушунчаси ҳам маълум даражада болалик даврларида шаклланади. Шу маънода сиз ўз ота-онангиз, уларнинг оиладаги ўрни, ўзаро муносабатлари хусусида сўзлаб берсангиз.

— Оилада эркак ва аёлнинг бир-бирига муносабати қанақа бўлиши керак, деган саволнинг тўғри жавобини — ҳаётий мезонини мен ўз ота-онам мисолида кўрганман. Бундай мезонни ўзларида шакллантира оладиган ва доимо сақлаб қоладиган одамлар ҳаётда кўп учрармикин, деган саволни баъзида ўзимга бераман. Тўғри, ҳаммамиз ҳам рўзғор ташвиши билан югуриб-еламиз, бола-чақамизни едириб-кийдириш учун ҳар куни уйга бирор нарса кўтариб келишга ҳаракат қиламиз. Бу аслида одамзоднинг азалдан ҳаётий юмуши бўлиб келган. Болалик пайтларимда ҳам одамларда ишлаш керак, пул топиш, бола-чақани боқиш, уй қуриш керак, деган тирикчилик ташвишлари борлигини ҳис қилардим. Лекин, улар орасидаги бир-бирига бўлган меҳр, илиқлик, одамгарчилик, назаримда, ҳозирги дунёнинг ташвишларидан устунроқ эди.

Ота-онам етти нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказишган. Мен еттинчисиман.  Улар 1943 йилнинг январь ойида, яъни айни уруш олови қизиб турган пайтларда турмуш қуришган. Тасаввур қилинг, қишнинг қаҳратонида, уруш ҳолатида ҳам ҳаёт қонуни ўз сўзини айтган-да. Онамнинг айтишларича, уларнинг тўйи бўлганида ҳаттоки келин-куёв учун кўрпа-тўшак қилишнинг имкони бўлмаган. Дадамнинг китобларини териб, устига кийимларини ташлаб “ёстиқ” қилишган, устларига шинел ёпиб, шундай ҳолатда ҳам бирга эканликларидан  бахтиёр бўлишган. Бугунги кунлар шукронаси учун бу кечмишларни эслаб турмоғимиз лозим, деб ўйлайман. Ҳозирда тўкинчилик, баъзан тўйда “кам-кўстига ишлатилар” дейилган нарса ёки маблағнинг ўзига ихчамгина бир тўй қилса бўлади. Айниқса, келиннинг сепига дунёнинг моли кеп­- ти-ю, битта нарса қўшилмапти ёки куёв тараф кутган нарса бўлмапти, каби майда-чуйда гаплар устида оилалар бузилиб кетаётганини, афсуски, учратаяпмиз. Севишиб, бир-бирига  интилиб, усиз  яшолмайман, деб турмуш қурган баъзи одамлар ҳам кейинчалик севган аёлини кўчадаги ҳар хил ҳою-ҳавасга айлантириб юборгани ҳам кузатилади. Билмадим, бундай одамларнинг ҳаётга муносабати ўзгарганмикин ёки уларнинг ўзи ўзгардимикан, дейман-да. Ўзинг севган одамнинг манфаатини ўз манфаатингдан юқори қўя олишни инсонлар ўртасидаги энг катта муҳаббат белгиси, деб биламан.

— Ота-онангизнинг қайси фазилатларини кўпроқ ўзингизда кўрасиз?

— Икковидан ҳам нималардир ўтган менга. Кўпроқ онамнинг куюнчаклиги кўч­гандай. Самарқандга уларни кўргани борардим. Қайтаётганимизда аям “Тошкентга етиб боришинг билан дарров телефон қилгин”, деб қайта-қайта тайинларди. Уйга етиб келиб, хабар бермагунимча  ухламас экан. Ўғилларим энди кап-катта йигитлар, оилали бўлиб қолишганига қарамай, бир жойга чиққанида уйга қайтиб келгунича кўнглим хотиржам бўлмайди. Қаттиқ чарчаган бўлсам ҳам кўзимга уйқу илинмайди.

Отам тўқсон ёшларида оламдан ўтдилар, ўша куни, ишонасизми, ҳали ўқиб тугатмаган китоблари очиқ қолди... Бешикдан қабргача илм изла, деган улуғ ҳикматнинг ҳаётдаги намунасини отам тимсолида кўрганман. Кексайдим, энди бу дунё менга нимага керак, деган эмасди. Ўзини қизиқтирган ҳар битта мавзунинг тагига етиб, тушунишга ҳаракат қилиб, китоб титкилашдан чарчамасди. Шунча билимдон, зиёли одам бўлса-да, мен каттаман,  маҳмадоналик қилиб менга ўргат­манг­лар деганини бирор марта эшитмаганман. Дадамнинг бировга  ҳасад қилганини, ҳеч қачон бировда нимадир бўлса, мендаям шунақа бўлсин деган ҳаракатини кўрмаганман. Ўз кучи, хоҳишича яшаб, бахтиёр, кўнгли доим ҳаловатда эди. Ўша сифатларни ўзимда кўриб, шундай кенг феълли инсонларнинг фарзанди бўлганимдан қувонаман, бу ҳам Яратганнинг бизларга бир инъомидир балки.

— Кўп кузатганмиз, ота-оналар билан фарзандлар ўртасидаги муносабатлар ҳар доим ҳам силлиқ кечмайди, нега шундай?

— Бола тарбияси ҳар бир инсон учун жуда қийин имтиҳон. Чунки ўқиб-ўрганганингизни имтиҳон қилиб топшириш осонроқ, бироқ фарзанд тарбияси биз ҳали ўқимаган-ўрганмаган фандан топшириладиган оғир имтиҳонга ўхшайди. Шунинг учун ҳар бир ота-онага бу ҳаёт-мамот иши — имтиҳонида Оллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин, дейман. Айримлар ота-она қанақа бўлса боласи ҳам  шунақа бўлади, дейди. Фарзанд тарбиясига бу ёки бошқа тарзда умуман формула қўйиб бўлмайди, менимча. Унақа бўлсанг, боланг бунақа бўлади, деб хулоса чиқаришга ҳам шошилиш ярамайди. Аввал бошида унга инсоф берган бўлсин. Ҳар бир бола ҳарактерида манфий ва мусбат томонлари билан туғилади. Ижобий жиҳатлар кўпроқ бўлса, худонинг инсоф бергани ўша бўлса керак. Чунки инсофли бўлса, сиз берган маслаҳатларни тўғри тушуниб, тўғри йўлдан кетади. Табиийки, хато қилмай ўсган болани билмайман. Ҳатто ўша хатоларининг ҳам мусбат томонлари бор. Негаки, ҳар битта хато бу керакли тажриба, ҳар битта хато бу дунёга қарата кўзингнинг очилиши. Бу нима қилишни билиш кераклигидан кўра нима қилмаслик кераклигини билиш муҳимроқ туюлади. Бунда ҳар бир ота-онанинг роли ҳам алоҳида.

Ўзимдан мисол қилсам, мен болаларимнинг ҳеч қачон дўстини, яқинларини сотмаслиги, қаллоблик қилишга ҳадди сиғмасликларига ишонаман. Уларнинг бундай руҳда ўсишига сабаб,  болаларимга фақат она эмас, дўст ҳам бўла олганимда деб биламан. Биров ўргатмаган бўлса ҳам, ўз вақтида қайсидир ҳиссиёт биланми, бу менинг фарзандларим, уларнинг хатолари, шўхликлари  ҳаммаси билан  қабул қила олсам, марра меники деб тушунган эканман. Хато қилиб қўйишганида жазо беришдан кўра,  сабабини тушунишга ва тушунтиришга ҳаракат қилганман. Ҳозир ҳам ўғилларим Анвар ва Акбар билан  она-ўғилдан кўра дўстлик муносабатимиз кучлироқ.

— Халқимизда данагидан мағзи ширин, деган ажойиб нақл бор. Ўзингиз энди буви сифатида ана шу ибратли иборани қандай изоҳлайсиз?

— Икки нафар неварам бор. Набира туғилганидан сўнг инсон муҳаббатни, ҳаёт ишқини қайта бошдан сезар экан. Яшаётган ҳар бир дақиқасига бошқача бир назар билан қарайдиган, ҳаёт қадрини биладиган пайтингда шу улуғ бахт келар экан. Ҳаётинг яна бошдан бошқа бир рангларга тўлиб кетаркан, янги бир маъно кираркан. Шунинг учун набира ўз болангдан ҳам ширин бўларкан-да.

— Мухлисларимизни Насиба Абдуллаеванинг келинлари билан муносабати ҳам қизиқтириши табиий?

— Бу борада мен кўпроқ онамнинг тажрибаларини қўллаб келаяпман. Одамлар онамга беш келин билан бирга яшадингиз, онахон, қандай қилиб сизнинг ҳовлингиздан жанжал чиқмади, гап чиқмади дейишарди. Шунда онам “Ўз болангнинг хато-камчиликлари билан севганингдек, бировнинг боласини ҳам худди шундай яхши кўра олсанг, у ҳам сенга ўз онасидек қарайди”, дер эди.

Баҳора келин бўлиб тушганидан бошлаб хонадонимга бошқача нур кириб келди. Келин келган уйда ҳаёт қайнай бошларкан. Хонадонга файз кираркан. У турмушга чиқишдан олдин Самарқанд драма театрида актриса бўлиб ишлаган.  Кейин хизмат фаолиятини Тошкент эстрада ва цирк коллежида актёрлик маҳоратидан дарс бериш билан давом эттирди. Ўғлим Анварнинг рафиқаси Анна эса Ўзбекистон телевидениеси дарғаларидан бири Георгий Ирлиннинг невараси. Ҳозир улар иккинчи фарзандини кутишяпти. Худо хоҳласа, набирам яна бир нафарга кўпаяди. Мен келинга қанчалик кўп меҳримни  берсам, у ҳам шунчалик меҳрини менинг фарзандларим — набираларимга беради деб умид қиламан.

— Бугунги давр аёлнинг ҳаётда фаол бўлишини тақозо этмоқда. Аёлнинг шахс бўлиб етишиши учун нималарга эътибор беришимиз зарур, деб ўйлайсиз?

— Ҳар битта инсон шахс бўлиб туғилади. Аммо бу хусусият уни биз тарбиялашимиз орқали юзага чиқади. Қизларимизни тарбиялаётганда кўпроқ эътиборимизни уларнинг бекалик, саришталик, тозалик ва бошқа энг зарур юмушларга йўналтиришга қаратамиз. Ҳаёт мажбур қилганида, оилали бўлганида бу юмушларни барибир ўрганади, қилади. Лекин ўз вақтида касб ўрганмаган,  билим  олмаган бўлса, уни кейин ҳаёт мажбур қилганида ҳам ўрганишининг иложи бўлмайди. Қизларнинг чинакам шахс бўлиб етишишлари учун бир томонлама тарбия бериш билан кифояланмаслик лозим. Ота-она биринчи навбатда қизини ўқитиши, касб-корли қилиши керак. Айнан мактабдан кейинги ўқиш жараёнида унинг ўзига бўлган ишончи орқали ўз шахсиятига бўлган ҳурмати, эътибори  ошади. Шунда у ўз ҳурматини, шахсиятини ўзгалар олдида қандай тутишни билади. Энг муҳими, ҳар доим ўзи учун жавоб бера олади. Фақат уй ишларига эътибор қиладиган аёлдан кўра шахсиятини шакллантира олган, ўз касбининг устаси бўлган, шу билан бирга, аёллигини йўқотмаган,  оиласига меҳрини бера олган аёлнинг оилада ҳам, жамиятда ҳам ўрни ҳаёт талабига мос бўлади.
 Нигора РАҲМОНОВА.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (26.05.2014)
Просмотров: 1027 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz