//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ЭЪТИҚОДНИ КИЙИМ БЕЛГИЛАЙДИМИ?

ЭЪТИҚОДНИ КИЙИМ БЕЛГИЛАЙДИМИ?

Истиқлол бизга нафақат ўзлигимизни, қадриятларимизни, анъаналаримизни, балки дину-иймонимизни қайтариб берди. Бизга яшаш завқини, бунёдкорлик илҳомини, орзулар шиддатини бахш этди. Юртимиз чинакам обод ва маъмур бўлди. Саодатким, истиқлолимизга, Ватанимиз ва келажагимизга муносиб баркамол авлод вакиллари вояга етди. Уларнинг одобу ахлоқ ва илму тафаккур бобидаги муваффақиятлари беҳад кўпдир. Бундан фахрланамиз ва қувонамиз.

Шу билан бир қаторда, кўча-кўйда, жамоат жойларида қоп-қора, кўк ва оппоқ ҳижобга чирмалиб олган хотин-қизларга рўбарў келиб, кўнглимиз оғриб қолаётганлиги ҳам бор гап. Тўғри, қандай кийиниш одамларнинг шахсий иши ва виждонига ҳавола масала. Лекин шундай бир инсоний туйғу борки, уни писанд қилмаслик инсонийлик шаънига иснод эмасмикин, деган ўй хавотирга солади. Бу туйғу гўзал хулқ, одоб ва дунё ҳамжамиятида катта ҳурмат-эътиборга эга бўлган ўзбек миллий маданиятига нисбатан эҳтиром ҳамда ҳурматдир.
Оллоҳ яратган миллат ва элатларнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари, қадриятлари, маданиятлари борки, бизнинг ўзбекона қадриятларимиз ва кийиниш одобимиз — араб саҳроларидаги жазирама иссиқларда яшайдиган халқларга мос келмайди. Хўш, жазирама иссиқ ва саҳро тўзонларига қарши ўраладиган “ҳижоб” ўзбек аёлларига нима учун керак? Ёки араб аёллари ўзбек аёлларига нисбатан ҳаёли ва иболими? Йўқ, бизнинг хотин-қизларимиз, момоларимиз ахлоқ ва одоб борасида дунёга ўрнак бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Хусусан, Қуръони Каримнинг “Ҳужурот” сураси 13-оятида шундай дейилади:“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик”.
Демак, дунё халқларининг турли миллат ва элатларга бўлиниб, бир-бирларидан фарқли равишда ҳаёт кечиришлари ҳам азалдан Оллоҳнинг иродаси ва илму ҳикмати тақазо этган ҳақиқат экан. “Рум” сурасининг 22-оятида бу мазмун янада аниқроқ баён этилади:“Унинг белгиларидан яна бири — осмонлар ва ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизнинг хилма-хиллигидир”.
Мазкур оятлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсоният ва бошқа мавжудотнинг хилма-хиллиги Оллоҳнинг қудрати ва чексиз илму ҳикматига далолат қиладиган белгилардир. Хилма-хиллик эса, аввало, инсонларнинг ташқи кўринишида, кийган кийимларида намоён бўлади. Қандай кийинишига қараб, инсоннинг ички дунёси ва маънавиятига баҳо бериш барча халқларда ҳам одат тусига айланган, десак хато бўлмайди.
Таассуфки, миллий кийимлар ва безак турлари тарихимиз давомида бизнинг миллий маданиятимиз сифатида шаклланган бўлса-да, юқоридаги каби “ҳижоб”га кираётган хотин-қизларимиз ушбу миллий маданиятимизни ўзгартиришга сабаб бўлмоқдалар. Умуман олганда, кийимлар барча миллат кишиларида вақт ўтиши билан озми-кўпми янгиланиб туради. Бу — тадрижий ҳол. Лекин ўзгаришлар, янгиликларни оқилона қабул қилиш керак. Миллийлик инсон ботинида ҳам, зоҳирида ҳам сақланиб қолмоғи жуда муҳим аҳамиятга эга.
Тарихдан маълумки, халқимиз бутун жаҳонда гўзал хулқи билан шуҳрат қозонган. Меҳмоннавозлик, олийжаноблик, меҳр-мурувват, саховат, раҳм-шафқат, олмос тафаккур — буларнинг бари бизнинг ахлоқимизда мужассам. Зеро, кийиниш гўзал халқнинг безагидир. Хусусан, зукко аёлларимиз ва паричеҳра қизларимизнинг тарихда қандай гўзал кийимлар кийганлигига назар ташлаш керак. Бу ўринда, музейларимизда сақланаётган опа-сингилларимиз кийган кимхобу олтин ранг зарлар билан ишлов берилган матоларга, тилло тақинчоқларга ва бу ҳақда гувоҳлик берувчи ноёб тарихий санъат асарлари — суратларга эътибор бериш керак.
Жумладан, 7-8 асрлардан бизнинг халқимиз ислом динига эътиқод қила бошлаган бўлса, ўтган давр мобайнида ислом дини фақат бизнинг ҳудудларда сайқал топиб, доимий равишда ривожланиб борган. Шунингдек, ислом оламидаги олиму уламоларнинг барчаси бизнинг ота-боболаримиз орасидан етишиб чиқди. Лекин нима учун бизнинг момоларимиз араблар ўранган “ҳижоб”га кирмади. Чунки бизнинг момоларимиз миллий маънавиятимиз ва маданиятимизни юксак даражада ҳурмат қилган ва қадрлаган.
Хусусан, Хорун ар-Рашид даврида Боғдодга самарқандлик тикувчилар бориб, аёллар учун кийим-кечаклар тикиб келишган. Бу кийимларни тикишда ўрталик мезонига амал қилиниб, аёлнинг ҳаёси ва ибоси билан бир вақтда, унинг бутун гўзаллигини нурлантириб турувчи тарху бичимларга эга бўлган. Ҳар хил маросимлар ва тадбирларга мослаб махсус кийимлар тайёрланган. Масалан, тўй кийимларида безаклар, катимлар кўпроқ акс этган бўлса, аза кийимлари учун афсус, надомат, қайғу мазмунига хос жиддий рангли матолар танланган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ислом дини нуқтаи назарида эркак ва аёллар учун аврат саналган жойларининг очиқ бўлмаслиги айтилган. Лекин мусулмон эркак ва муслима аёллар учун “ислом динида махсус диний кийим” деган тушунча мутлақо йўқ. Ҳар бир муслим ва муслима қайси миллатга мансуб бўлмасин, аврат жойларини ёпиб турадиган кийим кийса, шунинг ўзи кифоядир. “Ҳижоб”ни диний либос сифатида қабул қилмаслик керак.
Биз бугун интернет, радио тўлқинлари ва чегаралардан ўтиб келаётган айрим ёт таъсирлар ичидамиз. Ўзлигимиздан чекинтиришга турли тарафдан ҳаракатлар қилинмоқда. Руҳшунос олимлар: “Бегона либос асрлар давомида маълум иқлим шароитига ва маънавий муҳитига мос кийимларни сиқиб чиқариш билан бир қаторда, ахлоқий таназзулга олиб боради ва руҳиятни асирга олади”, деган фикрларни илгари сурадилар. Бу ўринда биз лоқайдликка йўл қўймаслигимиз керак.
Ҳолбуки, айрим замонавий “ҳижоб”лар ҳам, ғарбдан келаётган йиртиқ-ямоқ кийимлар ҳам, очиғини айтганда, бизга бегона. Ғарбнинг бешарм тараққиётига, Яқин Шарқнинг қора ва оқ ҳижобларига кўр-кўрона тақлид қилавериш оқибати яхшиликка олиб бормайди. Шу боисдан навниҳол қизларимиз, ўғлонларимиз хатолардан ўзларини узоқроқ тутсалар, оилалари обрўси учун ҳам, миллатимиз шаъни учун ҳам кони фойда. Нега деганда, хорижий давлатлардан келган меҳмонлар юртимиздаги тарихий, маданий ва диний обидаларни зиёрат қилиш билан бир қаторда, халқимизнинг турмуш тарзига, маданиятига, моддий ва маънавий тараққиётига алоҳида эътибор берадилар. Жумладан, улар бизнинг миллий урф-одатларимиз, кийим-бошимизга ҳам диққатларини жамлашлари муқаррар. Айрим аёлларимизнинг араб ёки эроний аёлларга тақлид қилиб, ҳижобларга бурканган ёки ҳозирда тез-тез учраётган ўта тор кийим кийиб юрган қизларимизни кўрган сайёҳлар таассуфдан ёқа ушламасмиканлар? Ахир ўзимиз ҳам бундай ҳолатларга кўзимиз тушганда, “тавба” деб хижолат чекаяпмиз-ку!..
Оила шаъни улуғ деймиз, бироқ миллат номуси бундан-да улуғ. Мамлакат обрўси эса ниҳоятда азиз. Кўр-кўрона тақлидчилик билан нимага эришишимиз мумкин? Ҳеч нимага!
Айтиш жоизки, араб аёллари ўз иқлим шароитидан келиб чиқиб, кийим киядилар. Ҳаттоки, уларнинг эркаклари ҳам бошларига рўмол ўрайдилар. Бу кийинишлар фақат арабларнинг ўзларига ярашади-ку? Мусулмончилик дегани, араблардек яшаш ёки кийиниш дегани эмас, ахир! Биз ўзбеклармиз, ўзимизга хос ярашадиган либосларни кийсак нақадар аъло.
Бу мулоҳазаларимиз билан ҳеч кимни хафа қилиб қўйиш ниятимиз йўқ. Фақат муқаддас ислом динимиз аҳкому арконлари билан қоришиб, уйғунлашиб кетган урф-одатларимиз, миллий анъаналаримиз ва қадриятларимиз камситилмаслигини хоҳлашимизни, ҳар биримиз пайғамбаримизнинг:“Халқлар ичида бамисоли юздаги гўзал холдек кўркам, ҳамма ҳавас қиладиган уммат бўлингиз!” — деган ҳадиси шарифларига амал қилган ҳолда, намунали, бахтли ва осойишта ҳаёт кечиришни тилагимиз сифатида билдирмоқчимиз, холос.
Бахтиёр БОБОЕВ
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (30.07.2014)
Просмотров: 100949 | Рейтинг: 10.0/66
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz