«ЭШАКНИ ТОҒАМ ДЕЙМАН...»
(аччиққина ҳажвия)
Яхши гапга нима етсин! Яхши гап айтиш, кўнгил кўтариш ижобий инсоний хислат. Мақтов ҳам яхши. Аммо битта одамни бўлар-бўлмас ишлари учун бўлар-бўлмас мақтайверингчи, нима бўларкин. У одам биринчи марта мақтаганингизда завқ олар, иккинчисида боши осмонга етар, аммо ҳадеб мақтайверсангиз, энсаси қота бошлайди. «Нима бало, бу одам мени масхара қиляптими?», деган хаёлга ҳам боради. Чунки ўша одам ўзининг бунча мақтовларга лойиқ эмаслигини яхши билади-да.
Кейинги пайтларда биз ўзимизни мақташ бўйича нақ чемпион бўлиб кетдик. Бу масалада газетчиларимизнинг олдига тушадигани йўқ. Яқинда бир тадбиркор одам истеҳзо билан гапириб қолди:
-Газеталарга ҳам ҳеч тушуниб бўлмай қолди. Яқинда фалон газета бир амалдорни танқид қилиб ёзди. Энди бу раҳбар қулоғини ушлаб кетадиган бўлди, деб турувдимки, кейинги ҳафтада бир эмас, бир нечта газета уни кўкларга кўтариб мақтаб чиқса бўладими! Нима бало, муҳаррирлар ўз газетасидан бошқа газеталарни ўқимайдими?
-Сиз нима хаёлларга бориб юрибсиз, дўстим! Наинки бошқа газеталарни, ҳатто ўз газеталарини ҳам ўқимайдиган муҳаррирлар бор, - деган гаплар ўтди кўнглимдан...
Дўстларимдан бири бир куни нима деди денг:
- Бир лаганбардор, хушомадгўй раҳбар ўзидан катта раҳбарнинг туфлисини артиб юриш учун чўнтагида бахмал латта олиб юради, - дейди. - Нега бунчалик ўзингизни паст оласиз?! Ахир эркак одамсиз, ғурур деган гаплар бор, десам у:
- Сиз ана шу аҳмоқона ғурурингиз туфайли ҳеч кимга эгилмай, доим бошингизга бир балоларни чақириб оласиз. «Ишинг битгунча эшакни тоғам дегин», деган гапни эшитмаганмисиз? – деди.
-Эшитганман-у, аммо бир нарсага ҳайронман-да. Бундан олдинги бошлиғингизни ишдан бўшатганларидан сўнг, минбарда турволиб уни қаттиқ танқид қилган ҳам сиз бўлдингиз. Нима бало, эшак билан «тоға-жиян»лик узоққа бормайдими дейман, - дедим...
Бугун ана шунақа «жиян»лар кўпайиб бораётганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. «Тоға»ларга ҳам «жиян»ларнинг кўпайиб бораётгани мойдек ёқади ва буни яшириб ҳам ўтирмаётганлари чатоқ-да.
«Ҳаққоний гапни айтиб қўйиб, ўзим учун керакли эшикларни беркитиб қўймасмикинман. Мен ҳам жимгина, тинчгина “тоғажон”, “тоғажонлар”деб юраверганим дурустмикин», - деган ўйдагилар ҳам кўп. Лекин эртага ўзимиз ҳам ана шу «тоға»лардан бирига айланиб қолмасмикинмиз?..
Абдужаббор УМАРОВ.
|