//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ЭНГ ГУЛЛАГАН ЁШЛИК ЧОҒИМДА
ЭНГ ГУЛЛАГАН ЁШЛИК ЧОҒИМДА

14 феврални жуда кўп юртдошларимиз, айниқса, адабиётнинг чин мухлислари соғиниб кутади. Бу — буюк аждодимиз, таърифига қанча сўз айтсак ҳам камдек туюлаверадиган бетакрор шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд куни эканини ҳамма билади.

Бу кунда шеърхонлик, ғазалхонлик кечалари ўтказилади, Бобур ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар дилда ёқимли туйғуларни уйғотади. Улардаги соғинч, севги нолалари юракнинг нозик торларини чертса, самимиятнинг энг баланд чўққисида туриб битилган, бадиий жиҳатдан юксак, ёмби мисралар бизни ҳайрат бўстонига етаклайди. Қисқаси, бу кун жуда кўпчиликнинг наздида фақат адабиёт ва санъат байрами ҳисобланади. Аммо...

Бетайин «байрам» 

Ана шундай кайфият, адабий-бадиий руҳни тўсатдан кимнингдир гапи бир бўчка асалга бир томчи қорамойни солгандай бузади:

— 14 февраль — авлиё Валентин куни! Севишганлар байрами!

Бу гапни умуман лоқайдлик билан, мисол учун, «14 февраль авлиё Валентин куни эмишми-и?» ёки «Севишганлар байрами эмишми-и?» тарзида ҳам айтиш мумкин. Бироқ ҳеч қандай фарқсиз равишда иккала ҳолатда ҳам неча минг соппа-соғ асаб ҳужайрангизга шикаст етади.

Эътибор бермаслик мумкин. Ай, нодонлар, эси йўқлар ўз димоғини ўзи чоғ қилиб юрибди-да, юраверсин, дейиш ҳам мумкин. Лекин улар орасида ўзингизнинг жигарингиз, дўстингиз, укангиз, синглингиз, яқин инсонингиз ҳам бўлмайди, деб кафолат беролмайсиз-да.

Қизиқ, тенгдошларимиз, ука-сингилларимизни ўзига шунча мафтун этган «севишганлар куни»нинг тарихи қандай ўзи? У ўтмишда балки энг яхши одамлар, буюк ва доно зотлар томонидан нишонланиб келингандир-у, биз — замондан ортда қолган омилар бехабар қолгандирмиз? Эҳтимол, бу «муборак айём»ни нишонлаш савоб бўлиши, уни нишонлаганлар икки дунёда бахт-саодатга эришиши, мурод-мақсадига етиши ҳақида қандайдир ваъдами, кўрсатмами, даъватми бордиру, биз саводсизлар уни ўқимай-билмай, бекордан-бекор инкор қилиб юргандирмиз? Қилни қирқ ёрадиган олимлар, ўтмиш илмини сув қилиб ичиб юборган муаррихлар ҳам ҳануз бу сананинг тарихига оид изланишларини балки давом эттираётгандирлар. Аммо у зотларнинг ҳозиргача топган, аниқлаган маълумотларини қайта-қайта ўқисангиз ҳам, заррабин билан кузатиб чиқсангиз ҳам, бу сананинг «муқаддас»лигига атиги ишора қиладиган белгини тополмайсиз. Топганингиз бу сана билан боғлиқ фаҳш ишлар, бузуқликлар, сассиқ хотиралар, эшитганда ижирғаниб кетадиган воқеалар бўлади. Улар ҳам жуда чалкаш. Миш-миш гаплар, десак, ҳаққимиз кетади, улар миш-мишдан ҳам баттар нарсалар. Кимдир авлиё Валентин чиндан ҳам авлиё бўлган, табиблик қилиб, умрини савоб ишларга сарф этган, деса, яна кимдир унинг аллақандай Жулиями, Хулиями деган қизни севиб қолганини айтиб, сўнг нима сабабдандир император уни ўлимга маҳкум этган, дейди. Умуман, буларнинг барчасига ишондик ҳам дейлик. Бироқ унинг номи билан боғлаб севишганлар кунини ташкил этиш, нишонлашга бу воқеалар нечоғлик асос бўлиши мумкин?

Тарихий ҳужжатлар «Авлиё Валентин куни»нинг гоҳ нишонланиб, гоҳ нишонланмай, гоҳ тан олиниб, гоҳо тан олинмай келаётганини тасдиқлайди. Мисол учун, айтишларича, бешинчи асрда Рим папасининг ўзи бу санани черковнинг муҳим байрамлари рўйхатига киритган экан. Бироқ асрлар ўтиб яна бир Рим папаси бу байрамни ўша муҳим рўйхатдан ўчиртириб ташлашга фармон беради. Бунга ўхшаш бошқа воқеалар ҳам кўп. Дейлик, унинг пайдо бўлишини бир гуруҳ тадқиқотчилар Қадимги Римда нишонланган фаҳш фестивалига боғлиқ эканини айтишади. Бу гаплардан шундай хулоса ясаш мумкинки, бу байрам, агар байрам дейиш мумкин бўлса, худди ота-бобоси номаълум, баайни насл-насаби ноаниқ бўлиб дунёга келган кимсага ўхшайди. Бундан бошқа «нафисроқ» сўз тополмаганим учун узр сўрайман, аммо ҳақиқатан ҳам шундай-да. Байрамнинг жамоатчилик томонидан тан олинган асл тарихи, ижтимоий пайдо бўлиш сабаблари аниқ бўлмагандан кейин; турган-битгани «ундай бўлган экан, бундай бўлган экан» деганга ўхшаш кўчадаги пистафурушларнинг тахминий, ўшак гапларига асосланганидан кейин, бошқа яна нима деб таъриф берса бўлади, айтинг?

Йўқ, мазкур сана мутлақо бемаъни, уни нишонлаганларни маънавий жазога тортиш керак, демоқчи эмасмиз. Зеро, унинг нишонланишида сираям бемаънилик йўқ. Аксинча, бу байрам кўп хорижий фирма ва компаниялар учун даромад келтиради. Гапимизни исботлаш учун «фалон фирма 15 февраль куни ўзининг молиявий ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра...» қабилида далил келтирмоқчи эмасмиз. Бизда аниқ рақам ҳам, факт ҳам йўқ. Лекин оддий ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

«Севишганлар куни»да йигитлар қизларга юмшоқ ўйинчоқ совға қилади. Қизлар эса йигитларга орасига ишқий мактуб солинган махсус откриткалар беради. Шукрки, ҳозирча мамлакатимиз ноширлари томонидан бундай бемаза ишга қўл урилгани йўқ. Откриткалар чет элники. Юмшоқ ўйинчоқлар эса ҳар хил, орасида ўзимизда ишлаб чиқарилганлари ҳам, хорижники ҳам бўлади. Математик билими билан мақтана олмайдиган мендай одам ҳам тахмин-фараз билан ҳисоблаб чиқишни билади. Ўша откриткалар савдосидан ҳам миллиардер бўлиш мумкин. Бу — масаланинг молиявий томони. Улардаги суратлар, рамзлар (масалан, биттасида қип-яланғоч, қанотли боланинг сурати бор, «Купидон» дейишармиш) табиийки, бегона ғояларга, эҳтимолки, аллақайси миссияларга хизмат қилади. Хўш, ундан келаётган ютуқни нима дейиш мумкин? Кўраяпсизми, бу «Валентин куни» деганлари кимларга қандай манфаатларни келтирмоқда?..

Афсуски, бу ҳақда барчамиз ҳам жиддий ўйлаб кўрмаётгандаймиз.

«Кимда кимнинг кўнгли бор, қўяверинг ўйнасин»ми?..

Автобус, кўча-кўй, мактаб, коллеж, университет, истироҳат боғлари, кинотеатрлар гавжум. Ҳамманинг ўз мақсади бор. Қайси бир тенгдошимизни қўлида китоб ушлаб ўриндиқнинг ўзида ухлаб кетаётганини кўриб қоламиз. У ё магистратурада ўқийди, ё омади келмаётган абитуриент, деймиз. Унинг мақсадли ташвиши бор. Бу кўриниб турибди. Эҳтимол, «зачётка»ларни пулсиз ёпишни ўйлаётган оддий талабадир. Ота-онасидан келган пул яшашидан ортмаётгандир. Яна бир қиз, ана, телефонда узоқ гаплашди. Қўнғироқ қилган онаси шекилли, қиз гаплашаётиб, хавотир олманг, қийналаётганим йўқ, семестрни бешга ёпдим, бешлик стипендиям ўзимга етади, деб қўйди. Демак, унинг ҳам аниқ мақсади бор. Яхши ўқийди, унинг тимсолида келажакни кўрасиз. Аммо шулар қаторида дунёнинг бутун ўй-ташвиши бир қизнинг эътиборини қозониш, деб билади шекилли, зўр бериб ўзини шўх-шодон, «шустрий» кўрсатишга уринаётган, ҳазил қилишни ҳам тузукроқ эплолмайди чоғи, тили ожиз келганда вақти-вақти билан қўлини ҳам ишга солиб турган йигитни ҳам кўрасиз.

Китобхон акалардан бири айтиб берган воқеа мени ўйлантириб қўйди. Тошкентдаги энг катта кутубхоналардан бирига бориб тураман, дейди у. Бир-икки марта эмас, уч-тўрт марта бир йигит билан қизни кутубхонада кўрдим. Иккаласи ҳам китоб олиб менинг орқамдан жой олади. Ҳа, китобхон талабалар экан, деб ўйладим аввалига. Аммо кейин билсам, улар китобни очиб ҳам қарашмас экан. Пичирлашиб, гоҳида овоз чиқариб сўзлашишларидан, баъзан, қизнинг «қиқир-қиқир» кулишидан уларнинг оддий китобхон эмаслигини пайқадим. Тажанглигим тутиб, гапирдим ҳам. Шунда қиздан: «Амаки, китобингизни ўқисангиз-чи, биз билан нима ишингиз бор?» деган жавобни эшитдим. Хайрият, йигит ҳаёлироқ экан, узр сўради. Ишонасанми, уларни бир ойдан бери кутубхонада кўрмадим, дея ҳикоясини тугатди у.

Вазият шундайки, бу ерда на кутубхона, на таълим муассасаси айбдор. Нима, кутубхона ходимлари ҳар бир ёш китобхонни тўхтатиб, бу ерга нима мақсадда келаяпсиз, деб сўроқ қилиши керакми? Ёки кинотеатрлардаги аҳволни қаранг. Йигит-қизлар, одатда, энг орқа ўриндиқлардан жой эгаллашади. Нима, фильмни узоқдан томоша қилинг, акс ҳолда, кўриш қобилиятингизга зарар қилиши мумкин, деган окулист кўрсатмаси билан кинога тушади, деб ўйлайсизми уларни? Ҳарқалай, ақлли инсонларнинг ҳай-ҳайлаши билан айрим истироҳат гўшаларидаги аҳвол бир мунча ижобий томонга ўзгарди. Эҳ-ҳе, бўлмаса... Ёки яна бир ҳолат. Бир давр келдики, севги изҳорларининг радиоварианти шунчалар авж олдики, барака топиб, бола-чақаларининг роҳатини кўрсин, саноқли давлат радиоканалларидан бошқа барча радиоканалларда SMS-дилизҳорларни ўқиб эшиттириш авж олди. Тунги телефон қўнғироқлари, овозидан эҳтирос барқ уриб турган қизларнинг оташин сўзлари эфирга узатилган ҳоллар ҳам бўлди. Бироқ яхши, иймон-эътиқоди бутун, инсофли кишилар уларга: «Ҳой, нимани эфирга бераётганларингни ўзларинг тушунаяпсизларми?» дейишди шекилли, бу афсусли ҳолатларга деярли барҳам берилди ва ҳамон уларга қарши кураш давом этаяпти.

Воз кечиш азобми ёки роҳат?


Ҳаётда кишининг ўзи тўғри деб билган йўлдан қайтиши жуда оғир. Ишончим комил, ўша кўча-кўйда каттаю кичикни одам демай, уларнинг олдида бемалол қўлтиқлашиб юрган, беҳаёларча кийиниб, сузилиб, «ҳиринг-ҳиринг» товуш чиқариб лаллайиб юрган йигит-қизлар ўзларининг хатти-ҳаракатларини нотўғри деб билишмайди. Масалан, ёшликка борибми, қизишибми, айрим курсдошларимизнинг юриш-туришини танқид қилганимизни эслайман. Улар нима деб жавоб беришарди, айтайми? «Кўн-гил тўғри бўлиши керак, мавлоно!», дейишарди кулиб. Уларнинг наздида «кўнгил тўғри бўлса», бўлди. Билишадики, уларнинг кўнглини ҳеч ким очиб кўрган эмас, кўра олмайди ҳам... «Страховка»нинг мукаммаллигини кўраяпсизми?

Ҳа, ҳеч ким ўзининг фикрини нотўғри деб ҳисобламайди. Дунёдаги энг қийин иш, эҳтимол, бировнинг фикрини ўзгартиришдир. Дейлик, ўша айрим тенгдошларимизнинг ҳам фикрини ўзгартириш осон эмас. Бунинг сабаби нима? Бу ҳақда мулоҳаза қилар эканмиз, яна ва яна бир бор оиладаги тўғри тарбиянинг қанчалар зарурлигига амин бўламиз.

Сиз ҳам кузатган бўлишингиз керак, шундоқ ҳам бу маълум гап: масалан, мен оиласида ота-онаси эътиқодли, зиёли, яхши одамларнинг фарзандларини кўча-кўйда ялло қилиб юрганини ҳали кўрмадим. Кўчага чиқинг-у, эринмасангиз, ана шундай оилада камол топган исталган ёшни тўхтатиб, Валентин куни ёки «оммавий маданият»нинг бирор кўриниши ҳақида фикрини сўранг, камида ичида ижирғанади.

Хўш, ўзининг нотўғри йўл тутаётганини билмаётган, севги-муҳаббат у ўйлагандан кўра анчайин муқаддас ҳис-туйғу эканини англаб етмаган йигит ёки қизнинг фикри қандай бўлиши мумкин? Ўйлайманки, буни тасаввур қилиш сизга қийинчилик туғдирмайди.

Менимча, ўшаларнинг оиласида ҳам «Авлиё Валентин куни» зўр тантана билан нишонланса керак.

 

Элмурод НИШОНОВ,

«Turkiston» мухбири
Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (05.08.2013)
Просмотров: 1026 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz