Элимизга ярашади юзи нурли,
сўзи дурли, юзга кирган момоларим
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида қарори қабул қилинди. Қарорда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб аҳолимиз, биринчи навбатда кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун давлат бюджетидан ижтимоий эҳтиёжлар, жумладан, аҳолини қўллаб-қувватлаш ва социал соҳани мустаҳкамлашга ажратилаётган йиллик харажатлар изчил ошиб бораётганини, биргина 2014 йилда бу рақам 60 фоиздан ортганини мазкур йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли ишларимизнинг мантиқий натижаси сифатида кўрсатиш таъкидлаб ўтилган.
Ҳақиқатан ҳам, юртимизда мустақиллик йилларида бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, 2015 йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» деб белгиланиши ва бу борада олиб борилаётган ишлар диққатга сазовордир.
Инсон пайдо бўлибдики, қайси замон ва маконда бўлмасин, ёши улуғларга бўлган меҳр-оқибати, эътибор ва ғамхўрлиги бошқача бўлган. Ҳар қандай халқ, миллат ва жамият ўзининг кексаларини ардоқлаши, улуғлаши билан кўпроқ тилга тушган. Бу албатта инсон маънавий дунёсини бойитишга, ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда катта аҳамиятга эга бўлган.
Президентимиз 2015 йилни «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилганларида, юртимизда ҳар бир хонадоннинг отахон-онахонлари Ватанимизда қадриятларимиз улуғланиб, ёши улуғ инсонлар ардоқланаётгани, юртимиз раҳбарининг бу борадаги одилона сиёсати, кекса авлодга бўлган эътибори ва чексиз ғамхўрликларидан руҳланган ҳолда Юртбошимизни, унинг сиёсатини олқишлаб, қўллаб энг яхши тилакларни тилаб дуо қилган эдилар.
Бугунги кунга келиб дориломон кунларимиз, яратувчилик, бунёдкорликка тўла тинч осойишта ҳаётимиз халқимиз бахтининг ойдин ифодаси бўлиб, эл юртимиздаги тўкин-сочинликни, фаровонликни кўз-кўз қилмоқда.
Ўзбекистонда 100 ёшдан ошганлар сони 8 минг нафардан зиёд экан. Бу табаррук қариялар нафақат хонадонларнинг, юртимизнинг, ҳар бир туманнинг, маҳалланинг ярашиғи, маъно ва ҳикматлар хазинаси, фариштаси, сариштаси ҳамдир.
“...Бир ўйлаб кўрайлик, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қариялар - хонадонларимизнинг файзи ва фариштаси” деган мақол ва ҳикматли сўзларимизда қандай чуқур маъно бор.
Ҳақиқатан ҳам, қайси хонадонда нуроний отахон ёки онахон бўлса, бу оилада албатта файзу барака, фаровонлик, аҳиллик бўлишини барчамиз яхши биламиз.
Шу боис бугун турли соҳаларда эришаётган ютуқларимизда ота-оналаримиз, мўътабар қарияларимизнинг унутилмас ва улкан хизмати борлигини, биз улар олдида умрбод қарздор эканимизни унутмаслигимиз, қўлимиздан келганича уларнинг оғирини енгил, умрини узоқ қилишни ўзимизнинг инсоний бурчимиз, деб билишимиз лозим.”
Президентимизнинг бу таъкидлари ҳар биримизни бу борада чуқурроқ ўйлаб мулоҳаза қилишга, улар тўғрисида кўпроқ ёзиб, ҳаёт ва меҳнат фаолиятларини кенгроқ ёритишга руҳлантиради.
Чунки улар ҳаёти жонли тарих. Улар бу кунгача елкаларида ҳаётнинг оғир синов ва қийинчиликларини кўтариб келган бўлсалар, кўнгли ва руҳиятида ҳар бир дақиқа ва кунларнинг моҳияти, мазмун ва сабоқларини олтин хазинадек ёш авлодга берадилар.
Мен Қорақалпоғистонимизнинг юздан ошган онахонлари ҳақида ёзишдан олдин шулар тўғрисида ўйладим. Маълумотларга назар солиб кўрдим.
Ўтмиши улуғ, бугуни нурафшон, келажаги буюк мамлакатимизнинг жанубий тумани ҳисобланган Тўрткўл туманида юз билан юзлашган, асрлар гувоҳига айланган пиру-бадавлат инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Уларни оилалар қўрғони, ҳар бир ишида маслаҳатчи деб ардоқлаб, улуғлайдилар.
Туманнинг Ўзбекистон ОФЙда истиқомат қилувчи Бека момо Худойберганова ҳам бу йил 113 ёшни қарши олибди. Тарих силсиласида уч асрнинг гувоҳи бўлган момомизнинг юзларидан нур таралаётгандек... Мустақиллик иноятидан азиз момомиз фарзандлар, невараю чевара, эваралар куршовида умргузаронлик қилиб, шукроналик, юрт тинчлигидан фахр ҳиссини туйиб, яйраб, қувониб яшамоқда.
1902 йилнинг эрта баҳорида Тўрткўлнинг Оққамиш қишлоғида дунёга келган Бека момо хаётининг ўзи бир китоб бўлгулик. Онахоннинг қувонч ва ташвишлари келажак авлодга мактаб бўлиши муқаррар. Унинг сермазмун умри истиқлолнинг қадрига етиш, мустақилликни мустаҳкамлаш, юртга фидоий инсон бўлишга ундайди.
- Э болам, ўтган умримни эсласам кўзимга беихтиёр ёш келади. Қандай замонлар ўтди - дейди Бека момо. Турмушга чиққанимда жуда ёш эдим. Ўша даврларда турмуш кечириш ниҳоятда оғир эди. Қимматчилик билан қаҳатчилик басма-бас келган, тўй қилиш фақат орзу эди. Халқимизнинг меҳр-оқибати, одамийлиги билан оиламиз шаклланиб кетган эди. Ҳали эсимда, тўйимиз бўладиган куни кимдир бир нон, бошқа элдошимиз қанд-қурс, ширинликлар билан дастурхонимизни тўлдириб қўйган эдилар.
У замонлар жуда оғир эди. Невара, чевараларга гапириб берсак, улар худди эртак эшитаётгандек баъзан ишонмай саволлар берадилар. Меҳнат қўлларни қадоқ, елкаларни яғир қилган. Бир ўйлаб кўринг, кундузи ғалла ўрардик. Кечалари эса алламаҳалгача бошоқ терардик. Бундан ташқари, қўй-қўзи, эчки, соғин сигир, от, эшак... Кундузи улгурмаган ишларни тунда давом эттирардик.
... Айниқса Жаҳон уруши йилларида қийинчиликларимиз янада ортди. Кўргилик экан, барига чидадик.
Мана энди, Мустақиллик шарофати билан ўтган йиллар унут бўлди. Ҳар куни тўй-томоша. Дастурхонлар тўкин-сочин. Халқимиз ҳур замондан хурсанд. Дориломон кунларнинг қадрига етиш керак. Қувончларим чексиз. Етказганига шукр. ХХ-асрда яшадим, ХХI-асрда эса давру-даврон сураяпман, - дейди Бека момо.
Бека момо билан тенгдош Пошша момо Юсупова Элликқалъа туманида яшайди. Уч аср билан бўйлашган Пошша Юсуповага барча ҳавас билан қарайди. Кўпчилик момонинг дуоларини олгани келади. Унинг узоқ умр кўришларига доимо ҳаракатда бўлиш, кўнгли очиқлиги сабаб бўлса керак. Шунингдек, у очиқкўнгил, одамохун, меҳрибон. Невара, эвара, чеваралар сони 100 дан ортган.
- Илоҳим юртимиз тинч бўлсин, дейди Пошша момо дуога қўл очар экан. - Меҳр-оқибат узилмасин. Дастурхонлар тўкин-сочин бўлсин. Элда тўйлар кўпайсин. Ризқу-барака аримасин. Навқирон юртимиз гуллаб яшнасин.
* * *
Худди шундай фаровон, озод ва обод замонда умргузаронлик қилаётган юздан ошган Кегейли туманидан Мақпал Серимбетова, Тўрткўлдан Саодат Абдуллаева, Аваз Рўзимова, Ўғилсафар Жумаевалар ҳақида ҳам шундай илиқ фикрлар билдириш мумкин.
- Икки жаҳон урушининг гувоҳи бўлганман, 1941-1945 йиллардаги жаҳон урушининг фронт ташқарисидаги қийинчиликлари ҳақида фарзандларим, набираларимга кўп гапираман.
Кўп қийинчиликлар кўрдик. Очарчиликни айтмай. Айниқса уруш йиллари. Биласизми, уч юз грамм нон тегади ё тегмайди. - Бугун атрофимизда ўйнаб юрган невараларимизни кўриб қувонамиз. Улар энг бахтли замонда яшашмоқда.
Дастурхонларимиз тўкин сочин, энг муҳими юртимиз тинч, бундан ортиқ яна қандай бахт бўлиши мумкин.
Бугунда Мақпал момонинг 60 дан зиёд неваралари, 100 дан зиёд чеваралари бор. Агар уч авлод вакиллари йиғилишса, момонинг хонадонига сиғмай кетишади.
Дуога қўл очган момо ҳам юртимиз тинчлиги, хонадонларимиз тўкин-сочин бўлишини тилаб яшайди.
* * *
Бу йил 103 баҳорни кўрган Райма момо Хўжаниёзова тўғрисида ёзиш, унинг зийрак сўзлари, меҳрга тўла кўзларида ҳали ҳам ҳаётга завқ-шавқ ўтларини кўришнинг ўзи инсонга куч бағишлайди. Райма момо Чимбойнинг ҳозирги “Майжап” хўжалиги ҳудудида туғилган. Бундан 15 йил олдин Нукус шаҳрига кўчиб келиб, А.Аманов кўчасида суюкли невараси Ботирбек Умрбековнинг оиласида яшамоқда.
- Бугунги кунимиз, ҳаётингиздан розимисиз момо, - деб суҳбатга тортамиз уни.
- Албатта! - Момо ерга қараб сал ўйланиб қолади. Инсон хотиралари аввало кўзлар ичида жонлангандек бўлади. -Шукрлигим кўп, болам. Ким ўйлабди, дейсан. Менга 100 ёшдан ошиб, юртимизнинг шундай озод ва обод ҳаётини кўриш муяссар қилибди. Ҳар куни телеэкран қаршисида ўтирсам, шу юртнинг Президентини кўришга муштоқ бўламан. У ҳам менинг бир ўғлим, - деб ўйлайман ичимда. Чунки у ўзининг доно, топиб айтадиган оқилона сўзлари билан шу эл-юртни, халқни яхши яшашга, бахтли бўлишга ўргатади. Биз ёшлигимизда эртакларда ўқирдик. Карвонбоши йўлини топиб юрадиган, доно, элпарвар бўлса, карвон омон-эсон ўз манзилига етиб борган. Мен ишонаман, чевара-эвараларимга гапириб ўтираман, бизнинг Юртбошимиз халқини албатта бахтли келажакка олиб боради. “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, биздан кўра бахтли бўлади” деб яна қайси элнинг пошшоси айта олган.
- Биринчи неварангиз туғилган кунни эслай оласизми?
- Мен шу неварам билан яшаяпманку. Уни жуда яхши кўраман. Ботирбек 1968 йилда туғилган, ўша йилдан оиламиз шажараси кенгая бошлаганини сезганман. Ботирбегим мана, ҳозир юрт корига яраб қишлоқ хўжалиги бўйича катта мутахассис, келиним бўлса университетда талабаларни ўқитади.
Бизнинг келинлик давримиздан хотираларимизда фақат оғир меҳнат излари қолган. Пахта даласи, елкаларимизни яғир қилган қоп-қоп пахталар. Кечқурун уйга қайтгач, оғир тегирмон. Бир сиқим, икки сиқимгина буғдойми, оқ жўхорими, макка доними тегирмонда ун қилишимиз, кейин олов ёқиб, унлардан олов сўнган кулга кўмач кўмиб, егулик қилишимиз керак бўларди. Бундай оғир меҳнатларни музлатгичларда турли маҳсулотлар, егуликлар тўлиб турган келинлар қаердан ҳам билади.
Шунда Юртбошимизнинг «биз ким эдик, ким бўлдик», деган сўзини эсламай илож йўқ. Биз бир меҳнатда эзилган, камситилган, тепадагилардан кимларнингдир қўлига қараб ўтирувчи, қилган меҳнатларимиз роҳатини бошқа юртдагилар кўрадиган манқурт бир халқ эдик.
Энди бундай оғир кунлар орқада қолди. Пахтамиз ҳам, донимиз ҳам, қилган меҳнатимиз эвазига бунёд бўлаётган барча ризқ-рўзимиз ўзимизники. Мустақиллик, эркинлик, озод ҳаёт шундай фаровонлик олиб келганини кўриб яшашдан қувончимиз чексиз. Ватан кўксимизга “Шуҳрат” медалини тақиб қўйди.
Уруш йилларидаги меҳнатларимиз учун ҳам медаллар, нишонлар билан мукофотланмоқдамиз. Минг шукр, шундай юртда яшаётганимизга.
Момо маҳалладагиларнинг чексиз ҳурмат эътиборига сазовор бўлган. Маҳалланинг янги тушган келинлари момонинг насиҳат ва дуоларини олиш учун унинг хонадонига келин саломга келишади. Маҳалла кайвонилари момодан қизлар тарбияси, келин ва қайнона муносабатлари борасида маслаҳатлар олиб турадилар. Маҳаллада шундай онахон яшаётганидан фахрланадилар.
Райма момо мустақилликни кўнгил хотиржамлиги деб айтади. Унинг оддийгина бу тушунчаси орқасида катта маънолар турибди.
- Невараларим ҳарбий хизматга узоқ юртларга кетса, юрагимизни ҳовучлаб, нотинчликда, ҳавотирда яшардик. Ўз юртидан, яқинларидан узоқда юрган фарзандларимизни тинч, омон уйга қайтишини тилардик.
Яратганнинг юртимиз учун атаб қўйган шундай хотиржам кунлари бор экан. Энг аввало, тинчлик-осойишталик учун раҳмат!
Фарзандаларимиз бўй-бастига ярашиб турадиган ҳарбий кийимлари, уларнинг мустаҳкам соғлигини ҳимоялайдиган миллий армия борлиги учун яна бир бор раҳмат.
... Момонинг тушунчаларига, кўнглидаги завқ-шавққа ҳаваси келади кишининг, юртимизда юзга кирганлар кўпаяверсин!
Улар фарзандлари, неваралари, чеваралари ҳатто эваралари даврасида қийинчилик даврларни унутиб яшамоқдалар. Мустақилликка минг карра шукрона келтирадилар.
Дарҳақиқат, рўзғорлар ободлиги, юрт фаровонлигида ана шундай ёши улуғларнинг хизматлари каттадир. Мустақил юртимизда асрлар билан тенгдош, улуғ ва навқирон боболар, момоларимиз бор экан, юртимиз келажаги буюк бўлишига асло шак-шубҳа йўқ. Зеро, Президентимиз айтганларидек; “Халқимизнинг қадимий ва шонли тарихини узвий давом эттиришга, шу тарихнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф-одатларини ёшларимизга етказиш, ҳаётимизни тобора поклаш ва файзу баракали қилишда, бир сўз билан айтганда, уни маънавий юксалтиришда, бугун Яратганнинг бизга берган ҳар бир кунини маъноли ва сермазмун ўтказишда беқиёс ҳисса қўшаётган ота-боболаримизга ҳар томонлама ҳурмат, эъзоз ва эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб ўйлайман.
Гулистон МАТЁҚУБОВА,
Қорақалпоғистон халқ шоири.
|