//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ДУНЁ ТЎЛА САБОҚДИР

                    ДУНЁ ТЎЛА САБОҚДИР


Бир йилдан буён дард тортиб, ўрнидан туролмай ётган аёл вафот этди. Марҳуманинг ёши ҳали элликка ҳам етмаган эди. Бошида эри йўқ, топиш-тутиши ҳам бир нави, фарзандларини уйлаб-жойлолмаган эди.
Нариги маҳаллада яшайдиган, бир эмас, бир неча марта ҳаж зиёратини адо этиб келган, бадавлат бир киши марҳуманинг жанозасида бошини айбдорона эгиб тураркан:
- Ёнгинамиздаги инсон шу қадар муҳтожликда яшаган экан, билмаганимизни қаранглар. Э, аттанг, аттанг! - деди. Атрофдагиларнинг боши янада қуйироқ эгилди...

Бу ғафлат бизга ҳам бегона эмас-а, суҳбатдош? Бизнинг ҳам ўзаро меҳр-оқибат, елкадошлик борасида мақтанадиган амалларимиз кам. Биз ҳам қўни-қўшниларимиз, маҳалладошларимиз ҳолидан ҳамиша етарли даражада хабардор эмасмиз. Юқоридаги каби, маҳалладошининг оғир бетоб бўлиб ётганидан унинг жанозасидагина хабар топадиганлар орамизда оз эмас. Эҳтимол, шу қўшнимиз одам тафтига зор бўлгандир, эҳтимол дори-дармондан қийналгандир, бунисидан бехабармиз. Рўкач қилгулик баҳонамиз тайёр: «Ўзимиздан ортолмаяпмиз», тўғрироғи, «ўзимиздан ортишни» истамаётгандекмиз, «ўзим бўлай» дейдиганлар кўпайиб кетгандек...
Дунё зийнатларини топишга ақлимиз етяпти-ю, бу зийнатлар борасида тафаккур қилмаяпмиз гоҳо. Кўпчилигимизнинг ҳушимизни олган дунё моллари ҳеч қачон ҳеч кимники бўлмаслигини, бу неъматлар бир кун поёнига етишини ва бу поён - қаттиқ ҳисоб олинадиган кун эканини унутаёздик. «Сен бойликка хурсанд бўлма, чунки у абадий эмас», деган ҳақиқат садосидаги огоҳлантиришга бепарвомиз.
...Бир бадавлат йигит кўчадан ўтиб кетаётса, ингичка овози билан одамлардан садақа сўраётган кичкина, нимжонгина қизчага кўзи тушибди. Қизалоқнинг абгор аҳволидан кўнгли бузилибди-ю, дарров чўнтагига қўл суқиб, ёнида борини унга бериб юбормоқни ният қилибди. Шу заҳоти шайтоннинг овози эшитилибди: «Сен бу пулларни осонликча топибсанми! Бутун мол-дунёингни садақа қилиб юборсанг ҳам, бунақа тиланчиларнинг ҳаммасига ёрдам беролмайсан. Қўявер, Худо бунинг пешонасига шунақа тақдир битган!». Йигит қизчага кўп қатори арзимаган бир неча чақа берибди-ю, йўлида давом этибди. Кечқурун оиласи билан тўкин дастурхон атрофида ўтирганида, «уни емайман, буни емайман», дея тансиқ егуликларни рад этаётган эркатой қизчасининг лўппи юзларига, тиқмачоқдек билакларига боқар экан, эгни юпунлигидан дийдираб, совуқ қотган, озғин қўлларини одамларга чўзганича садақа тилаётган қизалоқ кўз олдига келибди. Шайтоннинг гапига кириб, ёнида борини унга бериб юбормаганидан афсус чекибди. Тунда Аллоҳга нидо қилибди:
- Эй қодир Эгам! Бу қизчага нега бу қадар қийин тақдирни раво кўрдинг? Бунақада у қачон одамга ўхшаб яшайди?!
Йигитнинг қулоғига шундай овоз эшитилибди: «Сени нега бадавлат этиб яратганимизни тафаккур қилмайсанми?!»...
Сиз ҳам шуни тафаккур қилмайсизми, замондош?! Сизга берилган мол-дунёлар ҳашаматли уйлар қуришингиз, сердабдаба тўйлар қилиб, одамларнинг оғзини очириб қўйишингиз ёки ўзингиз айтмоқчи, «душманлар куйиб ўлсин» учун берилмагандир. Бу мол-дунёларда муҳтожларнинг, мискинларнинг, қўни-қўшниларнинг ҳам ҳақи борлигини унутмадингизми?
Эшитишимизча, яқинда бир гўдак оғир хасталикдан вафот этибди. Шифокорлар болани Москвадаги жарроҳлик клиникаларидан бирида операция қилиш кераклигини айтишган. Хаста гўдакнинг ота-онаси камхарж одамлар экан, ёрдам сўраб унга-бунга боргунларига қадар касаллик авж олиб, бола нобуд бўлган.
- Ўша маҳалладагиларнинг уй-жойларини кўрсанг, оғзинг очилади, - дейди танишларимиздан бири. - Маҳалладаги бадавлатлардан биттаси: «Биз буларнинг боласи касал эканини билмабмиз ҳам», деди. Боланинг ота-онасига «Шулардан кўмак сўрамаган экансизлар-да», деган мазмунда гапирсак, «Бунақаларнинг важоҳатидан от ҳуркади-ку, ука, эшигидан киргани ҳаддимиз сиғармиди! Ҳатто тўй қилишса, «мундайроқ»ларни тўйга айтишмайди-ку», дедилар...

***
Пайғамбаримиздан (с.а.в.) сўрадилар:
- Умматингизнинг энг гуноҳкорлари кимлар?
Буюрдиларки:
- Мол-мулкини яхшилик йўлларига сарф этмаган бойлар!
***

Ёнар қўнғизларни кўргансиз. Улар қора тунда қип-қизил чўғдай ёки майда юлдузчалардай ялтираб, жуда чиройли кўринишади. Даставвал уларнинг нима эканлигини англамай, ялтирашларига қараб завқланасиз. Яқинроқ бориб қўлга олсангиз - қурт! Айни дамда кўпчилигимизнинг аҳволимиз ўша ёнар қуртларни эслатади. Ялтироқ сиртимиздан ҳеч наф йўқ - на ёруғлик беради, на иссиқлик.
...Тўйлардан бирида меҳмонда эдик. Ўртада рақс ҳаракатларини нафс бандаларини жунбушга солувчи қилиқларга алмаштирган «раққоса» қилпанглаяпти. Ўша вақт кўринишидан бадавлат экани сезилиб турган, ширакайф уч-тўрт эркак раққосанинг олдига келиб, унинг устидан «бели букилмаган» мингталик пулларни соча бошлашди. Бирпасда «раққоса»нинг пойида пулдан «пояндоз» тўшалди. Эркаклардан бири ўз «ҳиммат»идан ўзи завқланиб, баттар ҳаддидан ошди: «раққоса»нинг очиқ кўксига доллар қистира бошлади. Видеокамера кўтарган йигит бу «томоша»ни «мангуга муҳрлашга» ошиқди, тўй эгаси ошналарининг бу «сахийлиги»ни кўриб, беҳад мамнун ҳолда уларнинг столига ичимлик ва газаклардан мўлроқ келтиришни буюрди...
Тўй эгасига маҳалладош бўлган, ёнимизда ўтирган ёши катта аёл бошини сарак-сарак қилиб, заиф овозда деди:
- Эҳ, буларнинг пулни хор қилишини кўринг! Қанийди шу пуллар менда бўлса, қизимнинг касалини даволатардим-а...
Ёши олтмишлардан ошган бир отахон аёлнинг сўзларини эшитиб, бизга ўгирилиб қаради. Кўринишидан бу «томоша» у кишининг ҳам ғазабини қўзғаган.
- Синглим, - деди отахон ўйчан. - Сизнинг шу ўксинишингиз тўй эгасининг ёзган дастурхонлари савобини ҳам кўкларга совурди. Маҳалласида ёрдамга муҳтожлар бўла туриб, буларнинг пул сочиб қутуриши нимаси!..
Сиз бундан ҳам бешбаттар ҳолатларга гувоҳ бўлгансиз, суҳбатдош. Тўй-ҳашамларда қистирилаётган, сочилаётган пулларга мунғайибгина, ўксинибгина қараб, «қанийди шу сочилаётган пуллар менда бўлса, фалон коримга яратардим ёки болаларимга оёқ кийим олиб берардим», дея ўйлаётган бева аёлларнинг мунгли кўзлари тўйдаги дабдабалари билан эл орасида обрў олиш илинжида бўлганлар учун улкан айблов эмасми? Миллион-миллион сўмларга тушган бу дабдабаларни ҳайрат билан кузатаётган, тўйхонага яқинлашишга ҳадди сиғмаётган сағир болакайларнинг кўнглидаги ўксиклик ёзилган дастурхонларнинг савобини ювиб кетмайдими?!

***
Ҳикмат аҳлларидан бири ўзига ёмонлик қилган одамга шундай баддуо ўқир экан:
- Аллоҳим, менга ёмонлик қилганнинг умрини узун қилиб, молини кўпайтир!
***

Кўз юмиб бўлмайдиган яна бир ҳаётий ҳақиқат бор: бойвучча қўшнисининг ҳашамати, тўкин ҳаёти кўзини куйдирган айрим аёллар ношукрчиликни бошлайдилар. «Ишнинг кўзини билмайдиган» эрларининг бошида ёнғоқ чақадилар: «Сиз ҳам мундо-оқ пул топишни ўйласангиз бўлмайдими!», «Қачон одамларга ўхшаб яшаймиз?!», «Сизга тегиб нима рўшнолик кўрдим?!», «Нима қилсангиз қилинг, лекин пул топинг!»...
Ҳазм қилиш қийин бўлса ҳам айтай, эрига меҳрини «сотадиганлар» бор: эри яхши топиб-тутиб келса, яйраб, илжайиб, парвона бўлиб туради, ширин гапиради, қўйни бўш келса, найза санчади, ҳақоратлайди. Бу аёллар минг нағма қилмаса, эрига «йўл кўрсатмаса» ҳам оч ёки яланғоч қолмайди, сабаби қаноатсизлик, ношукрлик. Бундай оилаларда отанинг оталик мавқеи йўқ, у болалари учун ҳам фақат иқтисодий таъминотчи, холос.

***
...Ҳаворийлар Исо алайҳиссаломдан сўрадилар:
- Қай хислатингизнинг шарофатидан сув узра худди ерда юргандек юра оласиз?
Ҳазрати Исо дедиларки:
- Сиз ўз наздингизда пулни қандай баҳолайсиз?
- Яхши баҳолаймиз!
- Менинг назаримда пул билан лой бир қийматдадир.
***

...Вафот этган одамнинг эшигида маҳалла-кўй тизилиб кетди. Бу одам хаста ётганида бирров кириб ҳол сўрамаганлар унинг таъзиясида бел боғлаб, бош эгиб туришди: эл кўрсин, одамлар гап қилмасин! Лекин тобутнинг ортидан қабристонгача бормадилар, ярим йўлдаёқ дўппиларини қўлга олиб, яна дунё ишларига шўнғиб кетдилар. Вақтлари зиқ эди, бир дунё ишлари, ташвишлари бор эди: биров тўй қиладиган, биров уй қурадиган, биров эрта-индин бўлажак юбилей ташвишлари билан банд. Қабристонда янги дўппайган қабр деярли ҳеч кимга ибрат бўлмади...

...Туни билан ухламай тўйга кетажак маблағнинг ҳисоб-китобини қилиб, хотини билан ёстиқдай қопчадаги пулни санаб, тахлаб чиққан эркакка эрта тонгда келган синглисининг ташрифи ёқмади. Пул сўраб келибди: эри касалмиш, рўзғорида тангликмиш. Эркак:
- Бошимда тўй ташвишлари турибди, ўзинг биласан, ҳозир қиз узатишнинг ўзи бўлмайди. Ўзи са-ал етказолмайроқ турибмиз, - деб минғирлади-да, чимирилиб турган хотинининг кўзига қарамай, чўнтагидан арзимаган беш-ўн минг сўм чиқариб, синглисига узатди. Сингилнинг кўзлари ёшга тўлди. Пулни олмади. У кетгач, хотиннинг овози ҳовлини тутди: «Егани нони йўғ-у, ноз қилганига ўлайми! Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим, шу қариндошларингизнинг дастидан!». Эркак машинасига миниб, мебел дўконига қўнғироқ қилди:
- Беш минг долларлик мебелни олмайдиган бўлдик. Қизим «Ўртоқларим кулади», деб аразлаяпти. Нариги - ўн минг доллар турадиган мебел тўпламини тайёрлаттириб қўйинг, пулини олиб бораяпман...

...Нонушта қилаётган йигит хотинига юзланди:
- Қўшнимиз касал эканми? Билмабмиз ҳам. Уйдасан-ку, бир коса овқат олиб кўриб чиқсанг бўларди.
Хотини норозиланди:
- Менга зарил келибдими! Нима, мен касал бўлганимда кўргани чиққанмиди?
- Ундай бўлса, ўзим чиқиб келаман. Эртага кўз кўзга тушганда одам уялади-да.
- Ҳечам вақтингиз йўқ. Ҳозир укам келади, цех қуриладиган ерни бориб кўришинглар керак. Укам бечора шу ишингизни деб бир ҳафтадан буён елиб-югуради-я!
Эшик олдида машина сигнал берди. Йигит шошиб чиқиб кетди. Цех қуриб олса, ишлари юришиб кетади, бадавлатлар қаторига қўшилади... Туни билан бизнес лойиҳа устида ишлаган йигитнинг тонгга яқин кўзи илинган экан, бировнинг овозидан уйғониб кетди. Жанозага чақириларди... қўшнисиникига...

Бу қиёфаларни танидингиз-а, биродар? Булар - мен, булар - сиз. Қанчадан-қанча емайдиган, киймайдиган нарсаларни тўплаётган, муштдеккина меъдасининг қутқуларига бас келолмай, кечани-кеча, кудузни кундуз демай мол-мулк йиғаётганлар - биз.
Боласига тарбия беришни эмас, уларни яхши едириб, яхши кийинтиришни бурч ҳисоблайдиган ва қариганида куни молпараст болаларига қолиб, «Сенга нима ёмонлик қилувдим», дея Худога ёзғириб юрадиган нодонлар - биз.

***
Бир йигит тушида яқинда вафот этган отасини кўриб, ундан ҳол сўради.
- Аҳволим ёмон, - деди ота. - Берганим - ўзимники, йиққанларим - дунёники экан. Берганларим озлигидан ҳасратдаман...
***

...Тўй бошладингизми? Муборак бўлсин! Фақат тўйдан олдин маҳаллангиздаги ночорларнинг ҳолидан хабар олишни, уларга ёрдам қўлини чўзишни унутманг, биродар. Ахир бир устоз адибимиз айтганларидай: «Икки одамни бир-бирига никоҳлаш учун тўй қилинади, тўй қилиш учун икки одамни никоҳланмайди». Фарзандларингиз ўзидан тиниб кетиши учун дабдаба эмас, элнинг дуоси керак...

...Ҳаж зиёратига отландингизми? Муборак бўлсин! Фақат аввал яқинларингиз, қўни-қўшниларингиз ҳолидан хабар олмабсиз-да, биродар. Эҳтимол, зиёратингиз шу ердадир...

...Иморат бошламоқчимисиз? Пойдеворини ўртаҳол қўшнингизнинг уйи баробар қилиб қуришдан олдин бир мулоҳаза қилиб олинг, бу ишингиз девор-дармиён биродарингизга малол келмасмикан? Бошқаларнинг томи баробарида зина қурсангиз-у, эрта-индин қариб, оёқларингиздан мадор кетганда бу ҳашаматингизга эмаклаб ёки бирортасига етаклатиб чиқиб-тушсангиз, қандоқ бўлади? Бу дунёдаги уйингизни зийнатлаш ҳаракатига тушганда бир эслаб қўйинг, охиратдаги иморатингизнинг ҳеч бўлмаганда тамал тошини қўйганмисиз?..

Кун тамом бўлаяпти. Эртага бормизми ёки йўқ, билмаймиз. Шундай экан, нега ҳозироқ кичик бўлса ҳам садақа бермаяпсиз, қўшнингиз билан икки оғизгина ширин гаплашиб, унинг кўнглини кўтармаяпсиз, бировнинг кўнглини шод қилиш билан ўтган кунингизни ҳалоллаб қўймаяпсиз?

***
Дунё зийнатларини мақтаётган шайтоннинг овозига қулоқ тутмасангиз, узун орзу-ҳавасларимиз устидан кулаётган ўлимнинг овозини эшитасиз.
***

Бир пайтлар муаззам бўлган, энди эса биз босиб юрган тупроқ остида кўмилиб ётган ўлик шаҳарлар бизга сабоқдир. Вақт йўқлигини рўкач қилиб, дийдорини кўриб қолмаганимиз - марҳум яқинларимиз, қўшниларимизнинг лопиллаб бораётган тобутлари бизга сабоқдир. Уммонлар остида қум билан тенг бўлиб, ҳеч кимга насиб этмай, кўмилиб ётган жавоҳирлар, олтину кумушлар бизга сабоқдир. Умр бўйи давлат орттириб, вақти-соати етганида тўплаган молларидан кўнгил узолмай, кўзи очиқ кетганларнинг қисмати бизга сабоқдир. Искандарнинг очиқ кетган қўллари бизга сабоқдир... Сабоқларни санасам фурсат етмайди.
Дунё тўла сабоқ бўлгани ҳолда, адашиб турсак, уят бўлмайдими, биродар?!

                                   Дилфуза КОМИЛ.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (29.10.2014)
Просмотров: 1080 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz