//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

ДИЁРИМ
ҲАЙРАТ МАНЗИЛИ

Вой, анавуни қаранглар, нима эди у?

-Қани, қани.

-Тўнкарилган косага ўхшайди.

Ўқувчиларни табиат қўйнига саёҳатга олиб чиққан ўқитувчи шогирдларининг нимадандир ҳайратланаётганини кўриб улар чувиллашганича тикилаётган томонга қаради. Кўҳна ва маҳобатли сардоба, неча асрлардан буён кишиларга хизмат қилиб келаётган мўъжаз сув ҳавзаси.

-Сардоба.

-Сардобаси нима? Тушиб томоша қилайлик.

-Албатта, тушамиз. Мақсадим ҳам сизларга уни кўрсатиш эди.

Ўқувчилар қувончдан баралла овозда қийқиришди:

-Урре-е!

"Сардобалар қуриш Ўрта Осиёда IX-X асрларда расм бўлиб, у то XX асрнинг бошларига қадар ўзгармай қолди: ер анчагина чуқур қилиб қазилиб, ички айланаси 15-17 метрли доира ҳовуз қилинади, у сувга тўлдирилади, усти ғиштин гумбаз билан ёпилади, қалин қилиб сувалади, бунда сувга қум ёки чанг-тўзон тушмайди. Гумбаз остидаги сув ҳатто жазирама кунларда ҳам муздек туради. Гумбаз ости даричалар орқали шамоллатилади". (Галина Пугаченкова, "Қашқадарё воҳасининг архитектура ёдгорликлари" китоби, 88-бет. "Ўзбекистон" нашриёти. 1979 йил). Мазкур китобда Қашқадарёнинг қуйи қисмидаги мазкур меъморий обидалар Абдуллахон замонасида қурилган, деган фикр ривоятларга таянган ҳолда олға сурилади.

Сардобаларни бир-бирининг устига тўнкарилган жуфт косага менгзайдилар, остки қисми эса ҳовуз. Юқори қисми гумбаз. Гумбаздаги даричалар, юқоридаги китобда айтилганидек, фақат сувни шамоллатиш учунгина эмас, одатда нишаб жойларда қуриладиган бундай ҳавзаларга қор-ёмғир сувлари оқиб киришига ҳам хизмат қилади. Патдо, Сурхи сардобалари эса фақат бир қисм - ҳовуздангина иборат. Чилгумбаз, Муборак туманидаги Бекчак, Қорлик, Касби туманидаги Қамаши, Қоровулбозордаги сардобаларини томоша қилган киши ҳовуз ва гумбазга терилган қалин, пишиқ ғиштлар бир хил кўринишда бунёд этилганини кўриб ўтмиш аждодларимиз меъморий санъатига қойил қолиши шубҳасиз. Қарши, Бухоро, Самарқанд, Хива шаҳарларидаги обидалар дилингиздаги ҳайрат туйғуларини янада ўстиради.

Ота-боболаримиз бунёд этган бинолар асрлар, минг йилликлар оша теран томирларимизнинг нақадар чуқур эканлигидан дарак бериб турибди.

А.АБДИЕВ.

Мерос

ОЛИСЛАГАН БОЛАЛИК ХОТИРОТИ

Ҳар баҳорнинг ташрифи биз болалар учун байрамга айланарди. Қиш бўйи ота-оналаримизнинг тергайверишидан, совуқ изғириндан қочиб тор хоналарга қамалиб ётаверганимиздан зерикиб қолардик. Баҳор эса ўзгача. Қишлоқни тўрт томондан ўраб олган паст-баланд тепаликлар ям-яшил либосга бурканар, барқ уриб очилган лолақизғалдоқлар қип-қизил бахмалини ёярди. Энг муҳими баҳорда тўда-тўда бўлиб севимли ўйинларимизни авж олдирардик.

ЗУВУЛЛАТАРИ. Чиллак ўйинининг ўзига хос тури у. Узунлиги қулочга тенг соп ва бир қарич келадиган йўнилган чиллак ёрдамида икки киши ёхуд тенг миқдордаги гуруҳларга бўлинган болалар ўртасида ўйналади. Дастлаб марра (жамғарилиши лозим бўлган сон) белгиланади. Бу мингдан ўн минггача одимга тенг бўлиши мумкин. Сўнгра икки гуруҳ сардори чиллакни соп билан ерга туширмасдан уриб туриши керак. Ким чиллакни кўп бор ерга туширмасдан уриб турса, унинг гуруҳи ўйинни бошлайди.

Ерга чизилган доира ўртасидан чиллак соп билан кўчирилиб урилади, иккинчи гуруҳ аъзолари чиллакни бориб тушган жойидан доирага ирғитади, ўйинни бошлаган томон доирани соп ёрдамида қўриқлайди. Чиллак доирага кирмаса, ўйинчи унинг йўнилган томонига уриб ердан кўчиради-да, соп билан иложи борича узоқроқ масофага отади. Шу ҳолат уч маротаба такрорланади. Кейин чиллакни тушган жойидан олиб, доирагача одимлаб санайди, ҳар одим марранинг бир сони. Агар чиллак доирага киритилса, навбат галдаги болага ёки иккинчи жамоага ўтади.

Ўйин шу тахлит давом этаверади. Қайси гуруҳ ёки бола белгиланган одимни жамлаб билса, ғолиб саналади. Ўйиннинг энг қизиқ қисми шундан сўнг рўй беради. ўолиб чиллакни ўзига қулай йўсинда оҳистагина ирғитиб соп билан уради. Бу ҳолат ҳам уч марта такрорланади. Ютқазган томон чиллакни бориб тушган жойидан кўтариб, "яккам-дуккам, чархи фалак, қовун пўчоқ, зу-ув-в" деганича нафас олмасдан доира томон югуради, маррага етиб келмасдан нафас олса, ғолиб бошдаги ҳаракатини тағин уч марта такрорлайди. Қачонки мағлуб нафас олмасдан зувуллаганича доирага етиб келса, ўйин ниҳоясига етади.

ОҚСУЯК. Бу ўйин учун қўй ёки эчкининг тирсак суяги олинади. Унинг қўлга суқилиши мумкин бўлган жойлари яхшилаб силлиқланади. Оқсуякни айниқса, ойнинг энг қоронғу кечалари ўйнаш қизиқарли. Тун зулуматида суякни топиш қийинлашиб вақт ўтганини сезмай қоласиз. Оқсуякда ҳам иштирокчилар икки гуруҳга бўлинади. Жамоаларнинг тенг кучга эга бўлиши учун гуруҳларга сардор белгиланиб, жисмоний бақувватлиги бир-бирига мос тушадиган икки бола ўзларига сирли ном белгилаб (масалан, ой-қуёш, ер-осмон ва ҳоказолар) сардорлар олдига келишади:

-Ерни оласизми, осмонни?

Сардорлар галма-галига ўз танлаган номини айтишади. Шу йўл билан жамоалар шакллантирилади. Сўнгра икки жамоа ичидан энг кучли болалар навбатма-навбат оқсуякни белгиланган томонга ирғитади, бошқалар кўз юмиб туришади. Суякнинг ерга тушган овози эшитилгач, жамоалар уни қидиришга тушади. Суякни топган бола уни боши узра кўтариб:

-Мана, мен топдим, - дейиши керак.

Иккинчи жамоа аъзолари уни таъқиб этиб, суякни тортиб олишга уринишади. Қўлдан-қўлга ўтаётган суякни қайси тараф маррага етказиб келса, бир сон жамғаради. Ўйин ниҳоясида энг кўп сон жамлаган томон ғолиб бўлади.

Халқ ўйинлари ҳам ўзига хос қадриятимиз. Сиз ҳам ундан баҳраманд бўлинг.

А.АБДИЕВ.

Табиат

САҲРО БЎМ-БЎШ ЭМАС

Қўйларни серўт яйловга яйратиб яна ўйинга бериламиз. Чиллакдан зериккач, яширинмачоқ авж олади. Қишлоқнинг кўҳна ўрнидаги харобалар бизга панагоҳ вазифасини ўтайди.

-Эҳ-ҳей, бу ёққа келинглар, катта эчкиэмар, - Авазнинг ҳаяжонли қийқириғи эшитилади.

Бир зумда ўйинни унутиб, овоз эшитилган томонга чопамиз. Аваз хароба тирқишига ярми кириб қолган эчкиэмарни кўрсатади.

-Думидан тортиб чиқарамиз, - дейди кимдир.

-Чиқариб бўпсан, қорнини шишириб олса, танкаям тортиб ололмайди.

-Терисига қўл теккизсанг, пес бўлиб қоласан.

-Ҳой, яқинлашма, думи билан урмасин. Бобом "эчкиэмар думи билан урса, эшакнинг белини синдиради" дегандилар.

Баҳс-тортишувлар сўнгида Омон йўлини топиб эчкиэмарнинг думига арқон солди.

-Бир, икки, уч, тортдик.

Қанча уринмайлик, қорнини шиширган эчкиэмарни тортиб ололмаймиз. Аваз билан Олламуроднинг эшагини қўшамиз, фойдаси йўқ. Жаҳлимиз қўзиб, эчкиэмарни кесакпарангга тутамиз. Отганларимиз "резина"га урилгандек учиб кетади.

-Келинглар, деворни йиқитамиз.

Кўҳна деворга елка тираб итарамиз. Бизнинг чалғиганимиздан фойдаланган эчкиэмар қочиб қолади. Ноилож машғулотни ўзгартирамиз. Бу гал юмронқозиқларнинг безовталаниб чийиллаши эътиборимизни тортади. Унча катта бўлмаган эчкиэмар юмронқозиқ уясига кирмоқчи бўлар, она юмронқозиқ жон-жаҳди билан унга қаршилик кўрсатарди. Юмронқозиқ эчкиэмарнинг бошига чанг солар, у эса думи билан урарди. Ҳолдан тойган юмронқозиқ изидан эчкиэмар инга кириб кетди.

-Тамом, энди эчкиэмар ҳаммасини ейди, - дейди Омон.

Воқеанинг нима билан тугашини кутиб турамиз. Бироздан сўнг қонга беланган юмронқозиқ чиқади, ёрдам кутгандек у ёқ-бу ёққа аланглайди-да, тағин ўзини инга уради.

-Кетдик, кун ботиб қолди, ҳали қўйларимизни ажратиб олишимиз керак, - дейди Олламурод.

Йўл-йўлакай юмронқозиқ болаларини ўйлаб қайтаман. Негадир ёвузлик эмас, оналик меҳрининг ғолиб чиқишига ишонгим келади.

Бу болалик йилларимда гувоҳи бўлганим - табиат сир-синоатларидан бир лавҳа холос. Аслида эса чўлнинг ўзига хос табиати бор. Қоронғу тун, бепоён саҳро бағрида табиат билан ёлғиз қолганмисиз? Йўқ, дейсизми? Агар бундан кейин Сизга шундай имкон насиб этса, нигоҳингизни узоқ-узоқларга тикишни унутманг. Шунда ажиб манзаранинг гувоҳи бўласиз. Бир қарашда сокинлиги билан юрагингизга ҳадик солаётган саҳро паст-баландликларининг у ер-бу ерида милтиллаб ёнаётган гулханларга кўзингиз тушади. Ўксик қалбингиз ўсади, қўрқувингиз босилади. Чунки олов тилларини тулкининг думидек ўйнатиб Сизни сеҳрлаган гулхан адоқсиз саҳро бўм-бўш эмаслигини англатади. Адашмадингиз, юрагингизга яшашдан бахтиёрлик ҳиссини жойлаган, ширин хотиралар, орзулар қатини очган нарса - чўпон гулханлари. Табиат донишманди бўлган бу касб соҳибларининг доимий ҳамроҳи у. Балки неча минг йиллардан буён шундай бўлиб келгандир. Саҳрода туғилиб, вояга етган ҳар бир ўғлонга чўпон гулханлари атрофида ўтириб, чойгумда қайнаган хуштаъм чойни ҳўплаётган кексаларнинг серзавқ гурунгларини тинглашдан яхшироқ машғулот бўлмаса керак.

Бугун бепоён саҳрода жониворларнинг, ўт-ўланларнинг турлари камайиб бормоқда. Табиат тараққиёт қурбони бўлмоқда. Аммо кузатишга, завқланишга лойиқ ҳодисалар анчагина. Биргина зах сувлардан таркиб топган Денгизкўл, Сичанкўл, Девхона сув ҳавзалари мислсиз бойликларни ўз бағрида яшириб ётибди.

-Сичанкўл ҳавзасининг ўзи қарийб саккиз минг гектар яйловни эгаллаган, - дейди табиат шинавандаси Жорик Данатаров. - Агар шу бойликлардан мавриди билан фойдалансак, балиқчилик, туз ишлаб чиқаришда ютуқларга эришиш мумкин.

Сўнгра Жорик шахсий альбомини варақлаб битта расмни олади.

-Мана шу лаққани Сичанкўлдан ушлаганман. Сизнингча у неча килограмм тош босади?

-Билмадим, - дея елка қисаман одам бўйича келадиган балиққа қараб.

-Қирқ олти килограмм. Бундан катталари ҳам бор. Шу томони борки, балиқчиликни ривожлантиришга ғамхўрлик керак. Ишонсангиз шу сув ҳавзасидан кунига бир тоннага яқин балиқ ушланаяпти, аммо балиқларни озиқлантириш, моллюска ташлаш тўғрисида ҳеч ким бош қотирмаяпти.

Саҳро бағрида бундай бойликларнинг чеки-чегараси йўқ. Исоқ ота зиёратгоҳи яқинидаги туз конидан ҳам тонналаб туз ташиб кетилаяпти. Эҳтимол Сиз яшаётган ҳудудларда ҳам табиат бойликлари кўпдир. Ундан унумли фойдаланиш йўлларини қидиринг, амалий таклифлар билан чиқинг. Зеро элини бойитишга ҳисса қўшган киши ҳеч қачон кам бўлмаган.

А.АБДИЕВ.

Урф-одатларимиз

"ЯНГА-ЖУВОН"ЛИ КУНЛАР

... Янгилик топиб келган синфдошимиз ҳаммани оғзига қаратди:

-Эшитмадим деманглар, бу оқшом курашли тўй бўлади, "янга-жувон" юрганини ўз кўзим билан кўрдим.

Биз - даврага чиқиб байроқ (курашда ғолибга бериладиган совға) олган-олмаган болалар беҳад шодланамиз. "Янга-жувон" - безатилган отга мингашган эркак ва аёл, курашли тўйнинг хабар айтувчилари. Улар бирор хонадондан қуруқ чиқишмайди, кимдир рўмол, чит, бошқаси нон, қанд-қурс беради. Элнинг ўзига хос безаги, меҳр-оқибат белгиси, дилларни боғловчи ришта бу. Оқшом... Оқшом эса кўкка ўрлаган гулхан ёруғида кураш тушилади. Даврабоши дастлаб болаларни қурга чорлайди. Йиқилганнинг ориятига чиққанлар ёши ўсиб боради, кураш ор-номус савашига айланади. Фақат бу савашда қурбонлар йўқ, мағлубларгина бор. Кўкрагини кериб йигитман дегани ўзини даврада кўрсатади. Полвонларнинг бир-бири қадрига етиши, давра айланишида номдорига йўл бўшатиши томошабинлар қалбига ҳам меҳр уруғини сочади, бу аҳли жамоада гина-кудуратларга, араз-димоқларга ўрин қолмаган. Бу ёндош ўтирганлар - ёшининг, нуфузининг аҳамияти йўқ, кўз ўнгидаги рўё баҳона ўз кўрган-кўрмаган давралари, билган-билмаган зўр полвонлари таърифида гурунгни қизитади. Нигоҳлар даврада, оғизлар гапда, яхшилик жамланган оқшом...

Хуллас ҳайрат жамланган оқшом анчагача гурунгларнинг бош мавзуси бўлиши аниқ. Шундай давралар кўпайса қани. Даврабошининг қуйидаги сўзларидан сўнг одамларнинг ҳамияти уйғонганини кўрсангиз эди:

-Тўйларда раққосанинг бир ҳимосига бели букилмаганини сочасиз, киссангизни тешаётган бўлса байроқ қўйинг...

А.АБДИЕВ.

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (25.01.2015)
Просмотров: 947 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz