//carhpalak.ucoz.org/111_Yulduz.mp3

 
Меню сайта

Категории раздела
Турфа тақдирлар [483]
Барчанинг бахти ўзгача,лекин барчанинг бахтсизлиги бир хил

Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0

Главная » Статьи » Турфа тақдирлар

Девона!

Девона!  

Бу тўрвани унга тоғли қишлоққа борганида бир кампир берган эди. 
– Чолимдан қолган ёдгорлик эди. Ҳув анув тоғ тепаларига чиқиб гиёҳларни териб, шу халтасига солиб келарди. У оламдан ўтгандан бери кераксиз буюмга айланди. Сен ола қол, ҳар тугул, пишиқ-пухта, унча-мунчага йиртилмайди. Кўп йўл юрасан, ҳам ҳамроҳинг, ҳам сандиғинг бўла қолсин! 
 Кампир билиб айтган экан. Кундузи тўрвасига одамлар берган хайру эҳсонларни тўлдиради, кечалари эса бошига ёстиқ қилиб ётади. Баъзан қучоқлаганча хаёлларга берилади. Юрак дукурини, кўнгил сирларини, калласидаги минг хил орзу армонларини мана шу халта жимгина эшитса керагов.. 
– Туппа-тузук одамга ўхшайди, билагида кучи бор ёшгина экан, бундоқ меҳнат қилиб пул топса бўлмасмикан! 
Бундай таъналарда кунда кунора, албатта, эшитади. Аввалари аччиқ дашномдан юраги зирилларди, кейинчалик эса қулоғи билан эшитса-да, қалбига етказмасдан улоқтириб юборадиган бўлди. Аммо бирров халтасини маҳкам сиқиб қўяди. 
Бечора тўрва. Девонанинг зарбини угина кўтарди. 
Меҳнат қилишга қилади, кучи-қуввати бор. Бироқ у қасам ичган, ўла ўлгунимча девона бўламан деб! Ориятини ўлдирди, ғурурини синдирди, нафсониятига қулоқ солмади ва барини енгиб, Девона бўлди. 
 Бутун умр ҳашамат ва давлат ичида яшаган ота-онаси, туғишганлари уни мияси айниб қолди, деб уйга қамадилар, жиннихонага ётқиздилар. 
Аммо йўлга сололмади, бари бир, қочиб кетди. 
Барига эса... унинг кўр кўзини очган, бу дунёда ҳалол ва ҳаромнинг, гуноҳ ва савобнинг, ёмонликнинг жавоби борлигини англатган ўша Қиз сабаб бўлди. У ҳатто одамлар орасида яшашдан қўрқиб қолди. Гўё унга тавқи лаънат осилган-у, агар кимгадир яқинлашса, ўшанинг қисмати аянчли бўлади. Бундай тақдирга эса ўзи айбдор. 
 Ўшанда ошналари билан тоққа чиқишганди. Ота-оналарининг давлатида ҳузурда яшаётган йигитчалар роса тўқликка шўхлик қилиб маишатга берилишди. Ҳаммаси бойваччаларнинг болалари. Чўнтаклари тўла пул, дастурхонларида эса йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Ичиб маст бўлиб бақир-чақир қилаётган паллаларида опа-ука бўлса керак, тоғ ён бағрида ўтиб қолишди. Қўлларида катта-кичик тугун. 
Камол деган ошнаси уларнинг йўлини тўсиб, жиннилик қила бошлади. 
Қолганлар ҳам бу ўйинга қўшилишди. Аввалига йўловчиларни роса калака қилиб, устидан кулишди. Айниқса, У қизнинг атрофида айланиб, уриниб кетган кўйлагини, ранги униққан рўмолини тортқилаб мазахлади. Сўнг опа-уканинг қўлларидан тугунларини тортиб олишиб, тўп қилиб тепа бошлашди. Қизнинг кўзларидан ёш дувиллаб оқди. “Қайтариб беринглар”, – дея роса ялинди. Бола эса қўрқиб кетди, чоғи, ғужанак бўлиб ётиб олди. 
– Тур, укажон, тура қол! – қиз энди унга ёпишди – Майли, тугунларимиз қолсаям, юр, уйга кетамиз, бўлақол! 
 Болани бирданига титроқ босиб, қалтирай бошлади. Ўрнидан тураётиб, бошни бир икки силкиди-ю, ерга гупиллаб тушди. Қиз бақириб юборди. 
У унчалик маст эмасди. Шунинг учун боланинг аҳволини кўрди. Аввалига яна мазахламоқчи бўлди, кейин негадир ҳушёр тортди. Ошналаридан ажралиб чиқиб, қиз билан боланинг тепасига келди: 
– Нима бўлди? 
Қиз шиддат билан унга ўгирилди. Кўзларида ғазаб ва нафрат чақнарди. У сесканиб ортга чекинди: 
– Ҳаммангни Худога солдим! Худога солдим, Худога солдим!!! Давлатингга керилиб, одамларнинг устидан кулганинг учун нонга зор бўл! Девона бўлиб кўчаларда тиланиб юр! 
Шундай деди-ю, укасини шартта опичлаб, қияликдан югуриб тушиб кетди. Зумда кўздан йўқолди. 
У қотди-қолди. Тушимми, ўнггими, дейишга ҳам улгурмади. 
Ошналари эса ҳануз тугунларни тўп қилиб тепиш билан овора эди. 
Тоғдан қайтгандан кейин худди қарғиш теккандек беш йигит ҳам бирин-кетин касалликка чалинишди. Энг оғири У эди. Кечасию кундузи алаҳсирар, иситмага куйиб ёнар, кўзини юмди, дегунча оғзидан олов сачраётган аёлни кўрарди. 
 Ота-онаси югуриб-елиб даволатишди. Икки ойда ўзига келгандек бўлди. 
– Кўзиккан, бунинг устига ёмонроқ жойни босиб қўйибди, ўқитиб юборинглар! – деди катта ёшдаги қариндошлари. 
Нафаси ўткир домлага олиб боришди. У соқолини тутамлаганича бошини тебратди: 
– Мумкин бўлмаган жойда номаъқул иш қилиб қўйибди, Худонинг ўзи раҳмини есин! 
Дарров кўз ўнгига аламзада қиз келди. Вужуди қалтиради. Яна иситмаси кўтарилиб, кўнгли айниди. 
– Домла, ўзингиз ўқинг, неча марта бўлса, шунча марта ўқинг! – дадаси астойдил ялинди. 
Неча кунгача шу алпозда домлага қатнади. Хайриятки, У оёққа турди. Ва бир куни ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан тоққа қараб жўнади. Дарага улашиб кетган кичик бир маҳалладан топди ўша кунги қизни. 
– Кечириб сўрагани келдим! 
Қиз унга ўқрайиб қаради-да: 
– Кет! – деди 
– Мен, ўртоқларим касал бўлиб қолдик. Зўрға тузалдик. Мен сени эсладим, – у зўр бериб қизга тушунтирди. 
 – Кет! Ҳамманг бахтсиз бўласан! Сенлар мени укамдан жудо қилдинг! Худога солдим яна бир марта. 
Унинг бадани жунжикди. 
– Нима дединг?.. Уканг ўлдими? 
– Қўрқиш мумкин эмас эди, сенлар уни қўрқитдинг. Касали хуруж қилди, кейин ўлди... – қиз негадир йиғламади, лабларини қаттиқ тишлаганича гезариб жавоб берди. – Унинг руҳи сенларни тинч қўймайди. 
У нима қиларини билмай гарангсиди. 
 – Пулинг, давлатинг борлиги шундоқ кўриниб турибди, ҳамма нарсани бойлик билан сотиб оламан деб ўйлайсанми? Йўқ, асло, тинчлигингни, саломатлигингни, бахтингни сотиб ололмайсан! Сенлар мени қақшатдинг, укамни адо қилдинг. Энди Худойим сенларни қақшатади. 
– Ундай дема! Ҳаммасининг номидан кечирим сўрайман! Биз билмасдан қилдик! 
– Йўқ, сенлар билиб қилдинг! Биз кабиларни одам ўрнида кўрмайсанлар! Кет, йўқол! 
Қиз бирдан тутақиб, уни итариб юборди. 
Ноилож ортга қайтди. Маҳалладан чиқаётган паллада кўзи ожиз чолга дуч келди. Салом берди. 
– Тўхта! 
Қариянинг худди уни кўриб тургандек буйруқ бериши қалтираб турган вужудини баттар жунжиктирди. 
– Кеча билан кундуз, ой билан қуёш ёнма-ён. Ёмонлик билан яхшилик, очлик билан тўқлик бирга! Соя билан нур ҳамроҳингдир. Сен энди сояга айланиб яшагин, акс ҳолда ёмонликлар бошингга тўкилади… 
Қариянинг гапларини охиригача эшитишга журъати етмади. Бу ғалати ваҳимали макондан тезроқ қочишни истади. Уйига етиб келганида яна бир аҳволда эди… 
– Камол авария бўлибди, оёғи қисилиб қолган экан, ўқ томири узилиб кетибди. 
Бу биринчи эшитган қўрқинчли хабари эди. Худди огоҳлантиришдек туйилди дўстининг фожиаси. Қулоқлари остида дам қизнинг, дам қариянинг сирли овозлари янгради. Эътибор бермасликка, эсламасликка уринди. Орадан оз фурсат ўтиб, қиз билан болани калака қилган ошналарининг бири чўмилишга бориб чўкиб кетди. Икки кундан сўнг топилди мурдаси. 
 У бутунлай талвасага тушиб қолди. Ошналаридан бирортаси қизнинг қарғишини эшитмаган, боланинг ўлимидан хабардор эмасди. Биргина У биларди ҳақиқатни. Шундоқ бўлса-да, қарғиш кучини кўрсатаётгандек туйилди. Дардини кимга айтишни билмасдан қийналди. 
Кечалари ухлолмасди, нуқул кимдир қулоғининг тагига келиб: “Тавба қил, тавба қил”, – дер, кўзини очганида ҳеч кимни кўрмасдан гангирди. Озиб, чўп бўлиб қолди. 
– Ичингдаги дардингни айт менга! – дам отаси, дам онаси уни сўроққа тутарди, тайинли жавоб ололмай ҳалак бўлишарди. 
Аслида ўзи ҳам қандай касаллигини тушунмасди. Энг ёмони, қандай тавба қилишни билмасди. Пул топган, бойлик топган дадаси, оила тутган, фарзанд боққан онаси “шукур де, бу ҳалол, бу ҳаром ” деган насиҳатни қилмаганди шу ёшигача. Дастурхон атрофида дуо қилишни қолоқлик белгиси деб санашарди. Намоз ўқиб, рўза тутиш борасида эса: “Ҳали вақт бор, пенсияга чиққанимизда ҳаммасига улгурамиз”, – дерди дадаси. 
Бир гал кечаси уйғонди. Ташқарига чиқди. Осмон юлдузларга тўла, ойнинг ёруғи бутун ҳовлини ёритиб турибди. Дарвоза томонга юрди. Шунда бир болакай остонада ўтирганини кўрди. Чўчиб тушди. Ортига қайтишга шошилди. Лекин жойидан силжий олмади. Кўзини юмишга уринди, аммо мажоли етмагандек эди. Бола тинмай унга қараб қўлини силкирди. Ҳатто гапирди ҳам, аммо шовқиндан бошқа нарса эшитилмади. 
Тонгда уни беҳуш аҳволда топишди. Юзлари тимдаланган, кийимлари йиртилган эди. Худди биров билан ёқалашгандек. 
 Ҳамма ҳайрон. Чунки кўча дарвозаси ичкаридан қулфланган. Онаси дод-вой қилди. Дадаси: “Ким шу аҳволга солган бўлса, уйини куйдираман!” – деб бақириб чақирди. Афсуски, айбдор топилмади. Ғалати томони, яна икки ошнаси унга ўхшаб калтакланган эди. 
– Булар бирор балога учраган. Тоғдан қайтгандан бери ҳаловатимиз йўқолди. Сирнинг тагига етишимиз керак! 
Йигитларнинг оталари шу қарорга келишди. Бир-бир суриштириб, қиз ва бола ҳақидаги воқеани аниқлашди. 
 – Шунчаки тасодифдир. Аччиғидан қарғаган бўлса, дарров қайтармиди? – айрим оталар бунга ишонишмади. 
 – Хилват жойлар, балки бирор ажина-пажина шунақа кўрингандир буларнинг кўзига. 
 – У ажина эмас! – бемаъни суҳбатга гувоҳ бўлаётгани учун сабри чидамади. Ҳаммалари “ялт” этиб Унга қарашди. 
 – Қиз бизни қарғади, ёмон қарғади. Укаси ўлиб қолибди. Кейин... чол яхшилик бўлмайди, деди. 
– Бекор гап. Сизлар мазах қилганинглар учун укаси ўлиб қоладими? Атай сени қўрқитган. Мен бориб аниқлаб келаман! – дадаси астойдил отланди. Бошқалар ҳам унга эргашди. 
 Қайтганларида ҳаммасининг ранги оқарган, кўзлари хавотирга тўла эди. 
 – У ерда ҳеч қандай маҳалла ҳам, одамлар ҳам йўқ экан! 
 – Қачонлардир эски қабристон бўлган, кейин одамлар ўзлаштириб, экинзор қилишган. Ҳосил яхши бўлмай тинмай сув босиб кетаверибди. Ахийри биров нарса экмай қўйибди. Ўша маҳалларда кўзларига опа-укага ўхшаган жинлар кўринган эмиш. 
У яна ҳушини йўқотди. Ўзига келганида эса девонаваш эди. Дўхтирлар ҳам, табиблар ҳам даволай олмади. Уйга қамашди, ўлишига сал қолди. 
Жиннихонага олиб боришди, соғаймади. 
– Эркинлик беринглар, кўнгли тусаган ишни қилсин. Акс ҳолда ҳаётига зомин бўласизлар! – руҳшунос ота-онасига уқтирди. – Вақти келиб аввалги ҳолатига қайтар... 
 Уйидагилари иложсиз қолди. На бойлиги ва на қудрати билан тузата олмадилар. Уни озод қилдилар. Ва борган биринчи манзили яна ўша тоғ дарасидаги макон бўлди. Бу сафар у ҳам бу ердан ҳеч кимни тополмади. Кимсасиз, ҳувиллаган дара бор эди, холос. Бу ерда узоқ айланди. Ҳатто тоғнинг тепасига чиқди. Қорни очди, чанқади. Ортга қайтаётиб, одамларга дуч келди. 
– Сув беринг! Нон беринг! 
Бу унинг биринчи тиланиши эди. Кейин-кейин эса бу ишни одат қилди. Шу атрофдаги қишлоқларни кезди. Соч-соқоли ўсиб, кийимлари титилиб кетди. Уни кўрганлар раҳм айлаб, кимдир кийим берди, кимдир нон-чой. Бояги кампир эса мана шу халтани берди. Ўша кундан бошлаб У ҳақиқий девонага айланганди... 
* * * 
 Энди атига иккита ташвиши бор – бири одамлардан эҳсон йиғиш, иккинчиси тунда ётишга жой топиш. Аввалига фақат шу ҳудудлардан нари кетмади. Негаки, қайси эшикни қоқмасин ҳеч бўлмаганда битта нон ёки юз сўм пул хайр қилади, тунда эса далага чиқиб, бирор дарахтнинг тагида тонггача маза қилиб ухлаш мумкин. 
Зумда йил ўтди. Унга вақтнинг аҳамияти йўқ эди. Қишда ҳам, ёзда ҳам қилар юмуши битта – девоналик. Юрагида ҳис йўқ, ҳеч кимни эсламайди. Ҳеч бирини соғинмайди. Аммо ақли жойида, одамнинг кўзига қараб дилидагини кўра олади. Уни ёқтирмаганлардан дарров узоқлашди, раҳми келиб, садақа қилганнинг юзига қарамайди, хайрихоҳ бўлганларни дуо қилади. 
 Қишлоқларни қайта-қайта айланди, ҳаммага таниш бўлиб кетди. 
– Ўзимизнинг девонами? – дейишади дарвоза қоқиб борса. 
 Бундан хафа бўлмасди. Аксинча юрагидаги қўрқув ўрнини осойишталик эгаллаганди. Аммо қишлоқдан чиқиб, шаҳарга яқинлашганида ўзини бесаранжом сезади. Ортига қайтгиси келади-ю, қандайдир куч олдингга судрайди. Зўр-базўр хонадон эшикларини қоқади. Кимдир овозини эшитибоқ ичкаридан туриб сўкинади, кимдир дарвозани қия очиб, ижирғанибгина нарса узатади. У мана шундай ҳолларда одамларни кузатади. Аксариятининг чеҳраларида бефарқликни илғайди. 
Бировнинг дарди, бировнинг ташвиши қизиқтирмайди бу тоифаларни. 
Ўз қобиғига ўралиб яшайверади. Кўчада йиқилиб қолганни иложи бўлса, тепиб кетади ёки айланиб ўтади. Камдан-кам ҳолларда “ёрдам керакмикан”, дея эътибор беришлари мумкин. 
 Шаҳар тезоб, шаҳар бешафқат. Чаққон, зийрак, ҳаракатчан бўлсагина бу катта оқимда сузиб кетиши мумкин. Акс ҳолда... 
Айланиб юриб, туғилиб ўсган маҳалласига келиб қолди. Қўшнилари Уни танимади. Ҳеч бир ҳаяжонсиз дарвозасини тақиллатди. Узоқ вақтгача биров очмади. Ўжарлик билан тураверди. Овозини борича тиланди. Анчадан сўнг остонада Онаси кўринди. Сочлари оқарган, ранлари сарғайиган. Унга бир зум қарб турди-да: 
– Уйга кир! – деди. 
 Довдираб қолди. Ортига тисланганида кимнингдир қўли елкасига қўйилди. 
– Болам.... 
Шитоб ўгирилиб дадасини кўрди. Унинг ҳам аҳволи маҳзун эди. 
– Изламаган жойимиз қолмади. Қаёқларда юрибсан, юр уйга, бизни шарманд қилма! 
 Уни мажбурлаб ичкарига олиб киришди. Мажбурлаб ювинтириб, озода кийимларни кийдиришди ва мажбурлаб қорнини тўйғазишди. Кейин эса ўзининг қадрдон хонасига қамаб қўйдилар. 
– Шунча дайдиганинг етар. Чет элга олиб бориб даволатаман, – дадасининг овози қатъият билан янгаради. – Ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг давоси бор. 
Қизиқ, негадир дадаси унга бегонадек туйиляпти. “Ўғлим” деган сари ётсираяпти. 
Шу куни У ўз ётоқхонасига ётди. Аммо далада ётганичалик маза қилолмади. Туни билан босинқираб, бақириб чиқди. Нуқул бир манзара кўз олдида айланаверади. Қоп-қоронғи ўрмон, у ер-бу ерда ёнаётган олов. Аланга атрофида эса ошналари, ўзи, қиз билан бола кулиб ўтиришибди. 
 Эрталаб ўрнидан туролмай лоҳас ётаверди. Нонушта кўтариб Онаси кирди. 
– Турақол, қўл-бетингни ювиб кирсанг, чой ичамиз. 
У индамади. Онаси ёнига ўтирди. Юзларини силади. 
 – Бироз ўзингга келиб олсанг, кейин даволатгани олиб борамиз, хўпми? 
У жимгина кўзларини юмиб олди. Кечаги ҳолат такрорланяпти, гўёки бу аёл унинг онаси эмас. 
 – Майли, ҳали уйқуга тўймабсан, шекилли. Ухлайвер, сени безовта қилмаймиз. 
Онаси шундай дея яна бир бор юз кўзларини силади-да, ўрнидан туриб хонадан чиқиб кетди. У анчагача қимир этмай этаверди. Шу ҳолича ташқарига қулоқ қолди. Дарвоза бир неча бор очилиб-ёпилди, кўча томондан машиналарнинг келиб кетаётганини эшитилди. Кейин эса ҳовли ичида ғўнғир-гўнғир овозлар келди. Орадан оз фурсат ўтиб эса ҳаммаёқ сукунатга чўмди. 
Ана шундай кейингина аста ўрнида турди. Деразадан аста мўралади. Ҳеч ким кўринмади. Сўнг эшикни тортди, қулфлоғлиқ. Демак, уни яна қамаб кетишибди. 
 Хона ичида у ёқ-бу ёққа юрди. Ғазаби қўзиди. Зарб билан эшикни тепди. Орқасидан устма-уст кучининг борича тақиллатди. Биров шарпа бермади. Тушундики, уйда ҳеч ким йўқ. Шитоб билан келиб деразага ўзини урди. Ойна шарақлаб синди, У эса тапиллаб ерга тушди. Ҳеч қаерида оғриқни ҳис қилмади. Шошиб ўрнидан турди. У ёқ-бу ёққа аланглади, ниманидир астойдил қидирди. Ҳатто томларгача чиқиб тушди. Ва ахийри топди – бу қадрдон тўрваси эди. Хайрият, ёқиб ташлашмабди. Уни қўлларида маҳкам тутганча дарвозага қараб югурди. Афсуски, у ҳам ташқаридан қулфлоғлик эди. У ўйлаб ҳам ўтирмасдан кўча деворига тирмашди. Зумда “бандилик”дан озод бўлди. 
 Қадрдон ҳамроҳи – халтасини бўйнига осди, йўлга тушди. Бу жойлардан тезроқ қочиб кетгиси келди. Унга қишлоқ яхши. Қай эшикни тақиллатмасин, бир бурда нонми, қоқи ёки ёнғоқми беришади. Қишлоқ одамларининг юзларида ачиниш, ижирғаниш, мазахлашдек ифода камроқ бўлади. Энг асосийси, уни остоналаридан қувиб солмайди. 
 Девона шуларни хаёлидан ўтказар экан, бир-бирига қарамай манзилларига шошаётган шаҳар одамларига сўнгги бор назар ташлади-да, олдига қараб одимлай кетди. Ҳадемай уни бағрига сингдира оладиган қишлоққа етиб олади.
Добавлено (06-Апр-2013, 17:17)
---------------------------------------------
Ичкуёв!  

 – Ол, болам, ўзи ярим коса шўрва, икки қошиқ ичсанг, тугайди, – Баҳринисо хола ўғлини қистади. Козимбек синиққина жилмайди. 
– Қорним тўқ, ойи, раҳмат. Ўзи келинга сузмай қўя қолинг, дегандим, бекор сузди. 
– Нега унақа дейсан, болам? Таом – меҳмоннинг зийнати. 
Шундай деди-ю, Баҳринисо хола тилини тишлади. Айтмаслик керак бўлган гапни айтиб юборганини сезиб, бутун вужудига оғриқли бир ҳиссиёт тарқалди. Козимбек онасига «ялт» этиб қаради. Яна кўзини ерга олди. Онанинг назарида ўғли бир лаҳзанинг ичида янада кичрайгандек туйилди. 
– Бу бир мақол-да, болам. 
Тилга келиб қолган эди, айтдим-қўйдим, демоқчи эди. Ўғлининг тирналган дилини қайта тирнамаслик учун индамади. Аммо кайфияти ўтиб кетмади. Дарров кўзларида ёш ҳалқаланди. 
– Ойи, анови тераклар жа йўғонлашиб кетибдими? Ҳа демай, кесиш ҳам муаммо бўлиб қолса керак. Кестириб юбориш керакмикин? 
Бу гапни Козимбек шунчаки айтди. Ўзини, онасини ҳозирги ноқулай вазиятдан қутқариш учун. 
– Уканг харидор топибди. Шу ҳафта ичида ўзлари келиб кесиб кетишар экан. 
Баҳринисо хола ҳам бу жавобни шунчаки, ўғли билан гаплашиб ўтириш учун айтди. Лекин одамнинг кўнглида бир камлик бўлса, гап қайси мавзуда кетса ҳам, айланиб келиб ўша кемтикка тегиб кетаверади. Онасининг шунчаки айтган гапи Козимбекка бу ҳовлию бу терак билан нима ишинг бор, ўз эгаси бор-ку буларнинг, дегандек оғир тегди. «Сиз айтмасангиз ҳам, биламан. Менга деса, ҳар битта терак минорадай бўлиб кетиб, сояси офтобни тўсиб қолмайдими? Менинг нима ишим бор?!» деб бақириб бергиси келди. Лекин муштдайгина бўлиб ўтирган онасида нима гуноҳ? Бу аёл унга ёмон тақдирни раво кўрибдими? Ҳаётда қийналмай яшасин, деган, холос. 
* * * 
Бир умр темир йўлда ишлаган, қонун-қоидаларини беш қўлдай биладиган одамни поезд босиб кетди. Фалокатми, тақдирми деганлари шу бўлса керак. Баҳринисо бешта боласи билан тўрт тарафга қараниб қолаверди. «Ҳунар – зар», деган гапнинг қадрини, «Илм – хазина» деган нақлнинг ҳикматини ўша оғир кунларда англади. Эр қилдим, оилали бўлдим, фарзанд кўрдим, ҳаёт – шу, турмуш – шу, деб юраверибди-ю, на бир ҳунарнинг бошини ушлабди, на ўқибди. «Эримнинг топганига қора қозонимиз қайнаб турибди, бола эпласам ҳам…» деб юраверибди. Эрининг маъракалари ўтиб, қариндош-уруғлар уй-уйига тарқалишгач, Баҳринисо бошига қандай фалокат тушганини бирдан ҳис қилди. Бешта боланинг ейиш-ичиши, кийинишини ўйлаб, карахт бир аҳволга тушди. 
Аммо ўша оғир кунлар яна бир ҳақиқатга ишонди: кишининг бошига қандай кўргуликлар тушмасин, нажот Аллоҳдан экан. Тўнғичи Азимбекни раҳматли эрининг ҳамкасби ёнига олди. «Боламни ўша жойга юборишга юрагим йўқ», дегани билан Баҳринисо нима қилсин? «Жонинг худога таваккул, тойчоғим. Бошингга эрта юк тушди, худо тўзим берсин», деб жўнатди. Унда Нозимбек ҳали ёш, қизлар ҳам унча-мунча нарсанинг фарқига бормайдиган ёшда, Козимбек эса… 
«Козимбегим бошқача. Кўзлари тийрак, ақлли. Бошқаларини билмадим-ку, шунимни ўқитаман», дерди дадаси. Дадасининг ишончими ё ўзи зуваласида бор эканми, Козимбек ҳам китобга ёпишгани ёпишган эди. Дадалари бундай бўлгач, Козимбекнинг елкаси қисилиб қолди. Гоҳ шифокор, гоҳ муҳандис бўлиш юрган ўғлининг мунғайганини кўриб Баҳринисо баттар ўксинар эди. 
Козимбек аламини ичига солдими, ётиб қолди. Онаизор дўхтирга чопди. 
– Бу болам соғлом бўлиши керак, ўқитаман буни. Ўзим битта кўйлакни ювиб, қуритиб кийиб ўтсам ҳам, шугинамни ўқитаман. Дадасининг орзуси… 
Баҳринисо негадир дўхтирга тўйиб-тўйиб йиғлади. Ўша пайтда онаизорнинг йиғиси Козимбекнинг қисматини бутунлай ўзгартириб юборади, деб ким ҳам ўйлабди?! Дўхтир – ички касалликлар бўйича йирик мутахассис Борий Назаровичнинг кутилмаганда Козимбекка меҳри тушди. 
– Опа, болангиз, дарҳақиқат, зеҳнли. Агар яхши шароитга тушса, яхши бир инсон бўлади. Истайсизми, ўғлингизни қанотимга оламан, – деди. 
Баҳринисо учун ўша пайтда кунботардан кун чиққандек бўлди. 
– Нега истамас эканман? Аммо менинг дастим қисқа, сизга… 
– Йўқ, йўқ, мен холисанилилло ёрдам бераман. Ахир бу дунёда ҳамма нарса пул билан ўлчанмайди-ку, – деди Борий Назарович. Балки, дўхтир ўша пайтда чиндан ҳам бир ғарибнинг бошини силагиси келгандир. Чиндан ҳам кўнглида ҳеч қандай режа йўқдир… Аммо кунлар ўтиб, қисмат чархпалаги бошқа тарафга эврилиб кетди. Борий Назаровичнинг обрўси, мол-давлати ўзига етарли эди. Лекин бир кам дунё деганларидай, битта қизчалик бўлди-ю, бошқа фарзанд кўрмади. Ниҳоятда гўзал муҳаббат билан оила қуришгани учун шу Ягона исмли ягона фарзанд билан қолаверишди. Баҳринисо тиббиёт йўналишга ихтисослашган мактабларда ўқиётган Козимбекнинг бўй-бастига, кийимларига қараб қувонар эди. Аввалига ҳафтада, сўнг ойда уйига келадиган Козимбек аста-секин уч ой, тўрт ойга ўта бошлади. 
– Болани одам қиламан, деб ундан айрилиб қолманг, кеннойи, – дейишди эрининг қариндошлари. 
– Эт билан тирноқни ажратиб бўлармиди?! Қолаверса, дўхтир инсофли, иймонли одам. У бир бева аёлга ёрдам бермоқчи, холос. 
Баҳринисо хола дўхтирни алқаб-алқаб шундай жавоб қиларди. 
* * * 
Шу фикрда узоқ йиллар яшагани учун, «Козимбегим катта дўхтир бўлиб бағримга қайтиб келади», деб қаттиқ ишонгани учун кунларнинг бирида Борий Назарович тарафидан келган элчининг гапидан бошидан ҳуши учди. 
– Борий Назарович сизга, ўғлингизга катта илтифот кўрсатяптилар. У киши Козимбекни куёв қилмоқчи… 
– Қанақасига? 
– Тушунаман, онахон, шодлигингизни тушунаман. Шундай бообрў одамга қуда бўласиз-у, ўзингизни йўқотмайсизми? Энди сиз Аллоҳу акбар, десангиз бас, биз Борий Назаровичга чопон кийдик, деб бораверамиз. 
Баҳринисо хола ҳали ўзини ўнглаб-ўнгламай ўтирар экан, келган элчи Аллоҳу Акбар, деб юборди. Баҳринисо хола ўнг-чапига қараб, орқа-олдини йиғиштиргунича тўй ҳам бўлиб ўтди. Йиллар ўтди. Борий Назарович ҳам, унинг хотини ҳам шу фурсат оралиғида Баҳринисо холанинг ҳар доим ҳурматини жойига қўйишди. На кўп ичида, на ўзлари яккама-якка қолишганларида бирон марта қуда бўлиб сиздан нима кўрдик, тарзидаги имо-ишорани қилишмади. Келини Ягона келиб хизматини қилмагани билан байрам, ҳайитда қуруқ қўймайди. Тез-тез набираларидан холанинг ёши, тишибоп таомлар, ширинликлар пишириб йўқлаб туради. Лекин Баҳринисо хола пиёда бир қадам ҳам босмайдиган, борадиган жойининг кайфиятига қараб кийинадиган шу бекаму кўст ўғлини кўрганида ўзини ҳар доим айбдор ҳис қилади. Кўрпачада ёйилиб ўтирган бўлса-да, ўзини кичрайиб бораётгандек ҳис қилади. 
Мана, бугун ҳам она-ўғил соғинишиб кўришган. Чунки Козимбек аллақайси хорижий давлатда икки ой малака ошириб қайтди. Ўша тарафларда айланиб юриб, опаси, сингиллари, ака-укаси, жиянларига ҳадялар харид қилар экан, ҳар бирига, айниқса, онасига гапирадиган гаплари кўпга ўхшарди. Онаси рўпарасига келиб ўтирибди ҳамки, гаплари қанот боғлаб учиб кетгандай. Ўзи шунақа бир ҳолат бор. Дейлик, болалик даврида ниҳоятда қадрдон бўлган икки дўст икки тарафга айро кетиб, доим бир-бирини қўмсаб яшайдилар. Ногоҳ тақдир йўлларида дучлашиб қолишса, йиғлаб кўришадилар. Бирмунча муддат болалик хотираларини тўлиб-тошиб сўзлашадилар. Кейин эса… сўзлашгани сўз топа олишмайди. Чунки ўсмирликдан сўнг ораларида умумий хотиралар йўқ. 
Козимбек ҳам шу – киндик қони тўкилган уйга ошиқиб келади-ю… 
Аслида ўзи бугун уйидан дили хира бўлиб чиққан эди. Йўқ, катта хонадон унга ҳеч қачон «ичкуёв» деб нописанд қарамаган. Савлатидан от ҳуркадиган Борий Назаровичдан тортиб, қайнонаси, хотини, ўғил-қизлари – ҳаммаси «ўғил», «ота» салобати билан қарайди. Ҳамма гап Козимбекнинг ўзида. Кеча кечқурун хориждан жўнатган машинаси етиб келди. 
– Ўҳ-ҳў, чироқлари… 
– Салонининг кенглигига қаранг! 
– Ойналари… 
– Вой, бунча тугмачаси кўп… 
Ўғил-қизлари кафтлари билан сийпалашиб роса томоша қилишди. Оилавий қувонч бироз босилиб, эр-хотин хобгоҳларига кирганида Козимбек: 
– Янгини ҳовлида айлантириш ҳам қийин бўляпти, эскисини нимадир қилиш керак, – деди. 
– Албатта-да. Ҳали Беҳзод машина мингунча ўҳҳў, мода неча марта ўзгаради. Адам билан маслаҳатлашмабсиз-да, эртага якшанба-ку, ҳал қилиб қўя қолардингиз, – деди Ягона. Оддийгина гап. 
Ахир ўғил эски машинасини сотмоқчи бўлса, отасидан бемаслаҳат қилмайди-ку бу ишни. Лекин бу Козимбекка «Эски машина адамнинг мулки. Янгисида сизнинг ҳиссангиз кўп, лекин барибир пойдевори отамнинг чўнтагидан», дегандай эшитилди. 
Козимбек ўз кўнглида эски машинасини укасига беришни истарди. Ахир барибир янгиси келгач, у туради. Борий Назаровичнинг ўз ҳайдовчиси, ўз машинаси бор. Лекин ҳозир шунча йил умргузаронлик қилаётган ёстиқдошига қалбидаги истакни айта олмасди. Айтса, хотини «Дадамдан бир оғиз сўранг», дейди, холос. Лекин барибир айта олмайди. Бу фақат бугун ё ҳозир эмас, йиллар давомида кўнглида тўпланган камлик. Ўсмир ёшида Борий Назаровичнинг уйига кириб келган бўлса, улар кийинтиришди, еб-ичиришди, ўқитишди. У ҳам бир куёв сифатида бу хонадонга борини сарфлаб келаётган бўлса-да, ҳануз «ҳаммаси ўзимники» дейишга ботинолмайди. Борий Назаровичнинг ўзи бирор нарсани таклиф қилмагунча ич-этини еб юраверади. «Бўлак чиқиб кетайлик. Ахир ўғилларимнинг олдида ҳам кичрайиб бораётгандекман. Биз ҳамма нарсани, ҳатто болаларни бирон ёққа айлантириб келишни ҳам ота-онангдан сўраганимиз учун болалар ҳам бобо-бувисининг қарорини биринчи ўрнига қўяди. Биз аста-секин ота-оналик мавқеимиздан айриляпмиз», дегиси келарди. Шундай деса, эҳтимол, хотини ўйлаб кўрар. Балки «Сиз ота-онамдан нима ёмонлик кўрдингиз?! Сизни одам қаторига ўшалар қўшди-ку», дер. Унда нима бўлади?! Козимбекнинг кўнгил девори баттар нураб кетмайдими? Шуларни ўйлаб индамайди. Ўсмирлигидан буён «Нимани айтсам тўғри бўларкан? Нимани айтмасам?» деб ўйлайверадиган Козимбек фан номзоди бўлиб ҳам, хусусий клиника бош шифокори даражасига етиб ҳам, ўша руҳий исканжадан чиқа олмади. 
– Онангизникига янги машинада борасизми? – деди Ягона ҳадяларни чиройли қилиб пакетларга жойлаб бераётиб. Козимбек елкасини қисди. Ҳали қайнотаси – хонадон хўжаси бу машинага бир бор ўтирмаган, тўғри бўлармикан онасиникига миниб борса. Эҳтимол, у ерда жиянлари айлангиси келар, онасининг дили кетар… Борий Назарович эса саҳар бир ошнаси билан тоққа жўнаб кетибди. 
– Адангиздан бир оғиз сўраб қолмабсиз-да… кексайиб, кўнгиллари сал нарсага шилинадиган бўлиб қолган… – деди қайнонаси охири куёвига. Козимбек хиппа бўғилди. 
Аслида оддий гап… 
У ўзи истаса ҳам, янги машинани миниб кетолмаётгани, ўзи хоҳласа ҳам, эскисини укасига беролмаётгани учун онаси олдида ҳам сиқилиб ўтирарди. 
– Уканг бу теракларни бекорга асраётгани йўқ. Оз-оздан йиғиниб юрибди. Авваллари билинмас эди. Энди манови қора-қура жиянларингнинг бўйи чўзилиб, ҳаммада машина бор, деб ғингшийдиган бўлиб қолишган, – Баҳринисо хола гап шу жойига етганда «қулт» этиб ютинди. У ич-ичдан Козимбекка «Қўлингда беш-ўн сўм бўлса, укангга қўш», дегиси келди. Лекин қандай қилиб айтсин? Козимбек ҳам «Анча минилган бўлса-да, бут-бутун машина ҳовлимизда турибди. Олиб, укам минаверсин», дея олмади. 
Она-бола ичларида савол-жавоб қилишиб, бир аҳволда ўтиришар экан, кўча эшиги шарақлаб очилиб, кичик укаси Нозимбек кириб келди. 
– Э, ака, зиёратлар қабул! Пахта орттириб келаётгандим. Ҳой, Ҳикой, Ҳидой, сув олиб чиқинглар, бир суҳбатини олай, кейин… Бунча жим-жит ўтирибсизлар?! Хўрозни бўғизламадингларми? Ахир амакиларинг дунёни бир айланиб келди-ку! 
Нозимбекнинг овози ҳовлини тўлдириб юборди. Унинг пахта толалари қўнган уст-боши, терлаган юзи Козимбекка шу қадар қадрдон туюлиб кетдики, маҳкам қучоқлади. Ҳовли жонланиб кетди. Кимдир сувга чопган, кимдир даданинг кийимларига. Дастурхон янгиланган, катакда хўроз қанот қоққан. Козимбек ҳам бир қадар жонлангандай бўлиб жойига келиб ўтирди-ю укасига ҳаваси келди. Тиш-тирноғи билан тупроқ қазиб бўлсаям, катта рўзғорни тебратиб турибди. Анови эгатда ётган икки қарич тешадан тортиб, ранг кирган ўрик дарахтининг остига тўнкариб қўйилган пақиргача ўз меҳнатига келган. Шунинг учун қадамларини гурсиллатиб босади. Шу ёшида ҳам дўпписини тиззасига уриб, онасига дангал-дангал гапиради. Ҳеч ҳадиги йўқ. Агар Козимбекни онаси Борий Назаровичга бермаганида, балки, у ҳам бунақа мавқега етмаса-да, кўнгли баландларга чиқиб кетармиди? 
– Болам, акангга ҳаракатингни айтдим, – деди Баҳринисо хола дуодан сўнг. 
– Э, ойи, бўлади-да. Ота-бобомиз машинада туғилибдими? Мен баъзиларга ўхшаб чатоноғим йиртилгунча оёғимни кермайман! Худо насиб қилган куни оламан! 
Нозимбек қип-қизариб кетди. Унга онаси акаси олдида ерга ураётгандек туюлди. Шунинг учун «баъзи бировлар» ҳақидаги гапни ўйламай айтиб юборди. Козимбекнинг юрагига яна сиғиндилик келди. «Нима, бир умр меҳнат қилади. Машинага арзимайсанми?» деб укасини хурсанд қилгиси, «Ана, мен янгисини олиб келдим, унисини ғилдиратиб тур, янгиям бўлиб қолар», дегиси келди. Лекин қайнотаси… Балки, «Яхши, қилибсиз», дер. Козимбек томоғини қирди. Айтишга тарадудланди. Нимаям дерди қайнотаси, ахир ўн икки ёшидан буён ўша ҳовли-да-ку, хизмати сингиган. Яна томоғини қирди, томоғи қақради. 
– Ака, қўйинг бу бесамар гапларни. Ўзи ойда-йилда бир кўришамиз-у, мол-дунёдан бошқа гап йўқми?! Дунёдан гапиринг, дунё кўриб келдингиз-ку. 
Нозимбекнинг овозида икки дақиқа олдинги жаҳлдан асар йўқ эди, яна жарангдор. Козимбек яна томоғини қирди. Гапи энди ичига қайтиб кетди.

Добавлено (07-Апр-2013, 15:28)
---------------------------------------------
Ёмғир! 

Ёмғир ёғар эди. Баҳор ёмғири... 
  
Осмондан ёғилаётган сон саноқсиз мусаффо томчилар дарахтларни, томларни, соябонларни, кенг кўчалар-у икки томонга ғизиллаб ўтаётган машиналарни шошилмай, ҳафсала билан "ювар", баҳорнинг алдамчи офтобига ишониб уйдан соябонсиз чиққан одамларни ўзининг кутилмаган оби ҳаёти билан аямай сийларди. 
  
Бежирим, ихчамгина ойнаванд кафе ичига югуриб кирган қизнинг узун қизғиш сочларидан, қип-қизил плашидан томчилаётган сувлар бир зумда остонани ҳўл қилди. Кўкламнинг енгил изғиринида совқотган қўлларига тинмай куҳ-куҳлаётган қизнинг ёмғир остида анча вақт қолиб кетганини бошдан оёқ ҳўл бўлиб кетган уст бошидан ҳам билса бўларди. Қиз жонсарак нугоҳлари билан бўш жойни излаб топди-ю, аста ўша томонга йўналди. 
  
Қиз кафега кириб келган вақтданоқ ундан кўзларини узолмай қолган озғингина официант йигит елкасига келиб тушган мушт таъсиридан чўчиб тушди. 
  
– Нима қилиб анқайиб турибсан? Мижозларга қарамайсанми? 
  
Биринчи иш куниданоқ дакки эшитгани алам қилди. Таомномани қўлига олганча югургилаб мижозлар орасига сингиб кетди... 
  
– Менга сутли қаҳва билан... Тинчликми? 
  
Қизнинг оловли нигоҳлари, узун-узун қайрилма киприклари йигитга қадалди. 
  
– Кафега келган ҳар бир қизга шунақа тикилиб қарайсизми? 
  
Қулоқларигача дув қизариб кетган йигит дарҳол кўзларини бошқа ёққа олди. 
  
– Кечирасиз, мен... 
  
Йигитнинг ҳолатидан қизнинг кулгиси келди. Қўлидаги таомномани йигитга узатаётиб қўшиб қўйди. 
  
– Ёмғирда қолганларга мўлжалланган бирор егулик бўлса олиб келарсиз. 
  
Йигит қизнинг буюртмасини англолмай бир муддат каловланиб қараб турди-ю, лабларига табассум инди. 
  
– Хўп бўлади-да! 
  
* * * 
Кун бўйи узун-қисқа, ёшу-қари мижозларнинг кети узилмас, уларга ҳизмат қилавериб оёқларида мадор қолмаган йигитнинг интиқ нигоҳлари тинмай очилиб ёпилаётган эшикларга тикилишдан чарчамасди. 
  
"Яна келармикин? Ақалли бир мартагина..." 
  
Қизнинг телефон рақами тугул исмини ҳам сўролмай қолди ахир ўшанда. Аниқроғи журъат қилолмади. Қандай ҳам сўрасин? Умрида бирор қиз билан юрак ютиб танишганмидики... Қизиқ, унингчалик чиройли қизни ҳеч қачон учратмаганди. Энди учратмаса ҳам керак... 
  
Йигит бўшаган патнисни қучоқлаганча ойна оша осмонга боқди. Ҳеч қурса бир шариллатиб ёмғир қуйса, балки худди ўша кунгидек...           
  
– Ўв! Сен ўзи ишлагани келганмисан ё хаёл сурганими?! 
  
Йигит чуқур хўрсиниб қўйди-ю, яна ясама табассум билан ишга шўнғиди. 
  
* * * 
Гумбурлаган момақалдироқ, бир зумда еру-кўкни тўлдириб қуйиб берган ёмғир йигитнинг қоп-қоронғи кўнглини ёритиб юборди. Интизор нигоҳлари ёмғирдан пана излаб шошилиб кириб келаётган одамлар орасидан таниш чеҳра, таниш табассумни ҳаяжон билан излай бошлади. Ҳамма жойлар банд бўлиб қолишидан, қиз кирмай қайтиб кетишидан қўрқиб югурганча ўша, қадрдон столнинг стулларини олиб қўйди. Бунга ҳам кўнгли тўлмади, тезда ташқарига чиқиб, кафе ёнида ўсган гуллардан оҳиста узиб келиб, стол устидаги идишчага солди. Ўзига ажабланиб қараган ҳамкасбига кўзини қисиб қўйди. Кўнгли сезиб турибди ахир, келади у, келади! 
  
Беғубор туйғуларнинг ёқимли сезгиси алдамади. Ойнаванд эшиклар қия очилиб, аввалига таниш ифор, қип-қизил плашнинг шамолда ўйноқлаган этаклари, ўша гўзал қизғиш сочлар ва оловли нигоҳлар соҳибаси кириб келди. Юраги ҳаприқиб кетган йигит неча кунларки оромини ўғирлаган гўзал қаршисига пешвоз чиқиш учун икки қадам ташлади-ю... 
  
Кўкламнинг изғирин шамолида совқотган нозик бармоқларни ўзга қўллар маҳкам туриб олган, Қизнинг узун сочларидан энди ёмғир сувлари томчиламас, ёнидаги йигитнинг ҳўл бўлиб кетган костюмини икковига соябон вазифасини ўтаганини билиш қийин эмасди. 
  
“Бегона” йигит ёнгинасига жойлашиб олган қизнинг оппоқ бармоқларини лабларига олиб келиб куҳ-куҳлаб иситар, бунга сайин деворга суянганча қолган йигитнинг бутун вужуди музлаб борар, қалби сал нарида бўш қолган қадрдон стол устидаги лолақиғалдоқ япроқлари мисол ғижим-ғижим бўлиб кетаётгандек эди. 
  
Ёмғир ёғар эди. 
  
Баҳор ёмғири… 

Хаётда шунчаки яшаш мухим эмас, кимгадир керакли булиб яшаш мухимрокдир!
     
        

Категория: Турфа тақдирлар | Добавил: albine (30.10.2015)
Просмотров: 938 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2025Конструктор сайтовuCoz