Тўйимиз арафасидаги учрашувлардан бири эди. Хиёбонда борарканмиз, сиз келажакдаги режаларингиз ҳақида тўлиб-тошиб гапирардингиз: «Ҳамма каму кўстларни ўзим бутлайман. Уйда эркак киши устун бўлиши керак. Рўзғор менинг зиммамда бўлади. Сизнинг маошингиз билан ишим бўлмайди, топганингиз ўзингизга. Яйраб-яшнаб юрсангиз бўлди».
Нақадар беғубор эди ўша суҳбатларимиз! Лекин ҳаёт биз ўйлаганимиздан кўра анча мураккаб экан. Оиладаги ўрнимиз қачон алмашиб қолганини билмай ҳам қолдик...
...Соат миллари кечки бешдан узоқлашгани сари юрагим така-пука, ҳадеб деразага қарайман. Қиш куни бир тутамгина, қоронғилик лаҳза сайин қуюқлашмоқда. Бугун яна ишимиз чўзилиб кетди, яна уйга қоронғида кириб борарканман... Бунақа кеч қолишлар доим ҳам бўлавермайди, лекин анчага «татийди». Остона ҳатлабоқ тафсилотларни баён қилишга тушаман, қовоғингизга қарайман. Индамайсиз. Гапларим ўзимга ҳам баҳонадек эшитила бошлайди. Ахир, нима қилай, иш — иш-да.
Ўзи аёл учун иш нима? Рўзғордан, оналик ва бекалик юмушларидан ортиб адо этилиши керак бўлган масъулиятли вазифа. Аммо зинҳор кўнгил ёзиш учун бориб-келувчи эрмак эмас! Бунинг ўзига яраша залвори бор. Балки буни мендан яхши тушунарсиз. Фақат... Ишсиз қолганингиздан буён тушунишни истамаяпсиз. Гоҳи ўринсиз ранжитишлардан безор бўламан, «Бўпти, сиз ишланг, мен уйда ўтирай!» деган гап тилимнинг учида туради. Айтмайман, дилингизни оғритишдан қўрқаман. Чунки сиз ғурурлисиз (ҳурматим боиси ҳам шундан).
«Ҳа энди, сиз пул топаяпсиз-да!..», «Сиз ишлаяпсиз-да!..» Бу ҳам камдан-кам айтиладиган таъналар. Лекин ҳар сафар нишонга тегади. Биламан, ўша ғурур туфайли, жаҳл устида шундай дейсиз. Аммо бу сўзлар менга қанчалар оғир ботишини билсангиз эди! Мен — аёлман, оиланинг устуни бўлиш менинг хаёлим кўчасига ҳам йўламаган. Мен фақат сизга суянишни истайман! Ишимни жуда яхши кўраман, касбим ҳаётим мазмунига айланган, бироқ шундай дашномларни эшитмаслик учун уйда ўтиришга ҳам рози эдим. Аёлнинг бахти оилада, уйда тинч-тотувлик бўлмаса, дунёнинг бор қувончлари бефойда!
Сиз ишласангиз жон дердим, дадаси, ишонинг. Кўнглингиздагидек иш топила қолсайди! Сизнинг топганингизда барака бўлади. Начора, ҳозир ўзим истаганим учунгина эмас, рўзғорни тебратиш учун ҳам ишлашим керак бўляпти. Бир кун яна ишлашингизга, омадингиз келишига ишонаман! Фақат унгача...
Дугоналар даврасида битта эркароғимиз мақтаниб қолди:
— Эрни мундай ушлаганман! — қўлини мушт қилиб дўлайтирди у. — Пул менинг қўлимда туради, тамакисигаям сўраб олади. Ҳар куни соат тўртда иш телефонимга «Нима овқат қилай, аяси?» деб қўнғироқ қилади. Ишламаганидан кейин, қилмай кўрсин-чи!
Қаранг, шунақасиям бўларкан. Ўша эркакнинг фарзандлар наздидаги мақомини тасаввур қилиш қийин эмас. Шукр, сиз бундай эркаклар тоифасидан эмассиз. Оиладаги ўрнингиз ўша-ўша. Менинг ўша ўринга даъвогар эмаслигим, шунчаки касбимни севиб ишлаётганимни билсангиз бўлди. Лекин ёнимиздан сувдек оқиб ўтаётган вақт сизни-да ўша саҳармардондан кечгача идорада тер тўккандан кўра иссиққина уйда хотиннинг маош оладиган кунини кутганча ёнбошлаб ётишни маъқул кўрувчи боқибеғамлар оқимига тортиб кетишидан қўрқаман.
Аҳён-аҳён уйда битириладиган қўшимча ишлар олиб тураман. Буни сиз ҳам маъқуллайсизу, дам олиш куни қоғозларга кўмилиб ўтирганимни кўрганда, гоҳи феълингиз айниб қолади. «Зарилмикан-а!» дея зарда қиласиз.
Яқиндагина шу гапни бошқа бировдан эшитгандим. Автобусда ҳамроҳ бўлган бир онахон айтганди. Ҳасрат тугуни бехос очилиб кетган аёл йўл бўйи келинидан ўпкалаб, шундай деганди:
— Ўғлим ўқитувчи, икки боласи бор. Келиним ҳеч қаерда ўқимаган, лекин дунёни оламан дейди. Қишлоқда бир чиройли яшаб юришувди, лекин келинга бунақа одми ҳаёт ёқмади. Балки қайнота-қайнонанинг хизматидан қочдими, қайдам, азза-базза шаҳарга кетамиз деб оёқ тираб туриб олди. Охири кенжатойим ҳайҳотдек ҳовлини акасига ташлаб дўмга кўчиб кетди. Майли, ўзларига шу маъқул бўлса, бахайр дедик. Лекин энди ичим куйиб кетяпти. Борсам, келин тушмагур болаларнинг устидан қулфлаб ишга кетибди. Қайсидир ишхонанинг ошхонасига жойлашганмиш. Набирагиналаримни кўрсангиз эди, одамга зор-а! Эшик жирингласа, кучук боладек остонага келиб «Дадам, аям ишда, эшик қулф!» дейишаркан бараварига! Майли, ишласин, лекин иш ўлгури болаларнинг устидан қамаб кетгудек зарилмикан?! Сал оёққа тургунларича сабр қилса бўлмайдими?
Ҳа, ҳаёт мураккаб, аёлларнинг ҳаммаси ҳам зарурат туфайли ишлайвермайди: кимдир ҳою ҳавас дейди, кимдир яшаш учун курашади. Мен эса яна битта яхшигина таклиф устида иккиланиб турибман. Асосий ишимга халақит бермайдиган яна битта иш топилди, тузуккина ҳақ беришаркан. Вақтим ҳам кўп кетмайди. Нима қилай? Бу ишга ҳам шўнғиб кетайми? Куч-қувватим, вақтим, фикру хаёлларим, диққат-эътиборим, қалб тафтимнинг оилам учун ажратилган қисмидан яна бир парчасини узиб олайми? Мен буни истамайман. Сиз-чи? «Агар фалон пул беришса, ишлайверинг», дейишингиздан қўрқаман. Бундай дея кўрманг! «Онаси, ўзингизни ҳам аянг. Мен борман-ку?! Ҳаммаси яхши бўлади», денг. Таранг асабларим яйраб кетсин, ташвишларим кучли елкангизда тариқдек кўринсин. Ожизлигимдан қувониб кетай!..
Совуқдан қунишганча уй томон шошиб боряпман, қадамларим унмайди.
— Э, қойил-э! Энди келяпсизми? Ишлайверинг, ҳайкал қўйишади сизга!
Нимқоронғи йўлакда дуч келган қўшниларнинг ҳазилларига кулиб жавоб бераману, кўнглимга баттар ғулғула тушади. Менга ҳеч нарса даркор эмас, фақат сиз очиқ юз билан кутиб олсангиз бўлди.
Тез орада ўрнингизни топасиз, кўнглим сезиб турибди, ўша кун яқин. Фақат сиз ҳам бироз шошилсангиз эди...
Гулчиройнинг сўзларини Гулчеҳра АСРОНОВА
оққа кўчирди.
http://od-press.uz/